1 – мавзу: Топонимика фанига кириш, мақсад ва вазифалар, унинг тарихи ҳамда уларнинг пайдо бўлиши. (6 соат) Режа
Download 146.08 Kb.
|
ma\'ruza
Қисқача сиёсий тарихи.
Ромитан қадимий тарихга эга бўлиб, у ҳақидаги дастлабки маълумотлар тарихчи Абу Бакр Муҳаммад Жаъфар ибн Наршахийнинг “Бухоро тарихи” (943-944 йй) асарида келтирилади. Араб тарихчиси Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Таборийнинг “Ат-Таборий тарихи” асарида Ромитаннинг араблар босқини даври тарихига оид, ўрта аср араб географи Истахрий асарларида эса Ромитан ва унинг атрофидаги қишлоқлар тўғрисида маълумот берилган. Шунингдек, Ромитан тарихи бўйича Ҳ. Вамберининг “Бухоро ёҳуд Мовароуннаҳр тарихи” асарида, В. Бартольднинг “Туркистоннинг суғорилиш тарихидан” ва “Мовароуннаҳрнинг географик очерки” асарларида ҳам ёзилган. И. Мўминовнинг таҳрири остида чиққан “Бухоро тарихи” номли китобда қадимги Ромитан ҳақидаги маълумотлар мавжуд. 1937 йилда археолог В. Шишкин Бухоро воҳасининг ғарбий қисмида олиб борилган археологик текширишлар натижаларига кўра Ромитан ҳақида дастлабки умумий археолого-топографик тавсифнома берган. У топографик суратлар асосида бу қўҳна шаҳар – антик даврнинг йирик шаҳарларидан бири бўлган, деган фикрга келган. 1972 йилда Зарафшон археологик отряди аъзоси Р. Равшанов томонидан қўҳна шаҳарда қисман ўлчов ва қазиш ишлари олиб борилган. Илмий ва тарихий адабиётларда Ромитаннинг XVI-XIX асрлардаги тарихи бўйича маълумотлар жуда кам. А. Муҳаммаджонов XIX асрдаги Бухоро воҳасида мавжуд бўлган туманлар ва бекликлар ҳақида маълумот бериб, Ромитан (Сомжан) туманини ҳам рўйхатга киритган43. XIX асрнинг 70-йилларига келиб, Ромитан туманида 11718 десятина суғорма деҳқончилик ер майдонлари мавжуд бўлган. Ромитан туманини ташкил этишда давлат арбоби Файзулла Хўжаевнинг роли катта бўлган. Унинг онаси Фотима Саидмуродова Ромитаннинг Қалайчарбоғ қишлоғида туғилиб ўсган, ўз даврининг илғор хотин-қизларидан бири эди. Ф. Хўжаев Ўзбекистон ҳукумати раҳбари бўлиб ишлаб юрган пайтда туманга 3 марта ташриф буюриб, унинг юксалишига оид кўрсатмалар беради. 1926 йил 29 сентябрда Ромитан тумани ташкил этилади. Ўша пайтда туман аҳолиси 47 минг 754 нафарни ташкил этган. Туман ташкил этилган пайтда 18 та қишлоқ Кенгашлари ҳам тузилади. 1926 йилда туманда ер-сув ислоҳоти ўтказилиб, деҳқонлар қишлоқ хўжалик артелларига бирлаштирилади. 1928 йилда Шўрча, Хўжалар ва Тайлоқон қишлоқларида 3 та, 1930 йилда Лағлақа қишлоқ Кенгашида 4 та, Челонғу қишлоқ Кенгашида 9 та жамоа хўжалиги тузилади. 1030-1934 йилларда туман тўлиқ жамоалаштирилиб, жами 101 та жамоа хўжалиги ташкил қилинади. 1935 йил 17 январда ҳозирги Жондор тумани Файзулла Хўжаев номи билан Ромитан тумани таркибидан ажратилиб, ташкил қилинади. 1924 йилда Ромитанда биринчи фельдшерлик пункти ташкил қилинади ва унга шифокор И. Черминов раҳбар этиб тайинланади. Фельдшерлик пункти 1934 йилда туман касалхонасига айлантирилади. 1925 йилда Ромитанда биринчи милиция отлиқ полки тузилиб, унга Мулло Асо Раҳимов раҳбарлик қилади. Милиция отлиқ полки 1940 йилда тугатилиб, милиция бўлимига айлантирилган. 1926 йилда Халқ суди ва прокуратура органи ташкил қилинади. Суднинг раиси этиб Азимжон Саиджонов, туманнинг биринчи прокурори этиб Эшқобил Бойқобилов тайинланади. 1926 йилда Ромитан туманида халқ маорифи ташкил қилинади. 1931-1932 йилларда Ромитан туманида 17 мактабда фаолият юритган. 1937-1938 ўқув йилида туманда биринчи ўрта мактаб ташкил этилади. 1951-1952 ўқув йилида иккинчи ўрта мактаб Челонғуда очилади. 1927 йилда туман марказида “Даф-эҳтиёж” ҳамда “Ўзбексавдо” магазинлари очилади. 1929 йилда Ромитанда биринчи марта пахта қабул қилиш пункти очилади. 1932 йилда туманда иккита МТС (машина трактор станцияси) ишга тушади. 1-МТС туман марказида ташкил қилиниб, унга Аҳмаджон Иброҳимов директор этиб тайинланади. 2-МТС Мирзоён қишлоғида ташкил қилиниб, унга Тўхтамишов директор қилиб тайинланади. МТСларнинг ташкил қилиниши қишлоқ хўжалик ишларини техника асосида олиб боришда дастлабки қадам бўлди. Иккинчи жаҳон уруши арафасида Ромитан тумани Бухоро вилоятидаги йирик туманлардан бири ҳисобланган. Бу даврда туманда 10 та қишлоқ Кенгаши ва 56 та жамоа хўжалиги бўлган. Экин майдонларида асосан пахта, буғдой ва жўхори етиштирилган. 1942 йилда кексалар, ўсмирлар ва қиз-жувонлар меҳнати билан Авгир канали қазиб ишга туширилади. Уруш йилларида туман бўйича бирта ўрта мактаб бўлиб, у туман марказида фаолият олиб борган. Челонғуда тўлиқсиз ўрта мактаб мавжуд бўлган. Туман марказида 25 ўринли 1 та касалхона ромитанликларга тиббий хизмат кўрсатган. Иккинчи жаҳон урушида Ромитаннинг 3000 га яқин фарзанди ҳалок бўлади ва юзлаб йигитлари ногирон бўлиб қайтади. 1950 йилда Ромитан туманидаги 60 та жамоа хўжалиги 24 тага қисқартирилади. 1957 йилда Шўрча, Ўба, Қалайчарбоғ, Боғитуркон қишлоқ Кенгашларидаги 9 та жамоа хўжалиги “Ромитан” давлат хўжалиги таркибига киритилиб, алоҳида хўжаликка айлантирилади. 1967 йил “Ромитан” давлат хўжалиги таркибидан 5 та бўлим ажратиб олиниб, янги давлат хўжалиги тузилди. Ҳазорбоғ массивидаги минглаб гектар қум барханлари бузилиб, ўзлаштирилади ва Ҳазорбоғ посёлкаси ташкил этилади. 1970 йилда туманда урушда ҳалок бўлган ромитанликлар хотирасини абадийлаштириш мақсадида Боғитуркон қишлоғида Хотира хиёбони ташкил этилади. 1977 йилда мева-узумчиликка ихтисослашган давлат хўжалиги ташкил қилинади ва 350 гектарли узумзор барпо қилинади. 1990 йилга келиб, узум шарбати ишлаб чиқаришга асосланган винзавод қурилиши тугалланди ва ишга туширилди. Download 146.08 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling