1. Цивилизациянинг муҳим белгилари сифатида нималарни айта оласиз? Жавоб
Шарқ цивилизациясида исломнинг ўрни ва роли хусусида гапиринг
Download 55.5 Kb.
|
TAVSIFNOMA Talaba
12. Шарқ цивилизациясида исломнинг ўрни ва роли хусусида гапиринг.
Жавоб: Ўзбекистон кўп конфессияли, кўп миллатли мамлакат эканлигини инобатга олсак, цивилизацияли тараққиётда бошқа дин ва эътиқодларнинг ҳам ўрни ва роли жуда катта эканлигини алоҳида таъкидлаш зарурдир. Шу боисдан ҳам миллий мафкурамиз диний бағрикенглик ғоясининг мазмун ва моҳиятини тўлароқ ва чуқурроқ англаш муҳим методологик аҳамиятга моликдир. Толерантлик (диний бағрикенглик) шунчаки ҳаётий тамойил (принцип)гина эмас, балки илғор ғоя ва диний-фалсафий таълимот сифатида улуғ мутафаккирларнинг асарларида муҳим ўрин эгаллаган. Шу ўринда буюк ҳинд мутафаккири, Ҳиндистон миллий озодлик ҳаракатининг буюк раҳнамоси Махатма Гандининг қуйидаги мулоҳазалари эътиборга лойиқдир: «Мен узоқ йиллик фикр-мулоҳаза ва тажриба асосида шундай хулосага келдим: 1) ҳар қандай дин ҳақиқийдир; 2) ҳар қандай динда қандайдир янглишиш (хато)лар мавжуддир; 3) Барча динлар худди менинг ҳинду диним сингари қадрлидир. Мен барча динларга худди ўзимнинг динимга бўлагани сингари эҳтиром билан муносабатда бўламан» . Ганди дунёдаги барча динлар одамзодни маънавий поклик, тўғрилик ва биродарликка чақиришини алоҳида уқтиради. Диний бағрикенглик ғоя ва принцип сифатида ҳар қандай диннинг цивилизация яратувчилик функциясининг амал қилишида муҳим рол ўйнайди. Ана шу инсонпарвар ғоянинг амал қилиши натижасида дунё халқлари ва мамлакатларининг ноёб цивилизация яратганлигига кўплаб мисоллар келтириш ва бунинг тасдиғи сифатида Заҳриддин Муҳаммад Бобур ва унинг набираси Акбаршоҳ даврида Ҳиндистоннинг катта ютуқларга эришганлигини ва бу ҳақиқат Жавоҳарлаъл Неру сингари буюк давлат арбоби томонидан эътироф этилганлигини эслаш кифоядир . Биз миллий мустақиллик йилларидагина диннинг ҳақиқий инсонпарварлик, сулҳпарварлик моҳиятини, ижтимоий ҳаёт ва шахс тақдиридаги аҳамиятини теран англаш имконига эга бўлдик ва ниҳоят, динга умумбашарий қадрият, инсоният маънавиятининг муҳим таркибий қисми, цивилизациянинг фундаментал асоси сифатида қарай бошладик. Мустабид совет тузумининг аянчли ижтимоий тажрибаси (атеистик ташвиқот ва худосизлик, эътиқодсизликни зўр бериб тарғиб этиш) охир-оқибатда маънавий қашшоқлик, жаҳолат, ёвузлик ва шафқатсизликни келтириб чиқарганлигига, дин ижтимоий барқарорлик, тинч-тотувлик, инсоф, ҳалоллик, диёнатни тарғиб этишнинг муҳим омили, ғоявий қурол, маънавий-руҳий покланиш манбаи эканлигига амин бўлдик. Тарихнинг аччиқ сабоқларидан келиб чиқиб, республикамиз раҳбарияти миллий мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ диний қадриятларимизни тиклаш, мусулмон цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган буюк дин арбоблари: Имом Исмоил Бухорий, Имом ат-Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Мотурудий, Абулқосим Замахшарий сингари дунё тан олган улуғ аждодларимизнинг илғор ғоялари ва бой меросини халқимиз ўртасида кенг тарғиб этиш, мусулмонларнинг диний бурчлари (ҳаж сафари)ни адо этишлари учун қулай шароит яратиш, диний мактаб ва мадрасалар фаолиятини жонлантириш, фуқароларнинг диний ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга қаратилган диний сиёсатни амалга оширишга алоҳида эътибор бера бошлади. “Биз Самарқанд шаҳрида ислом дунёси олимлари ва донишмандлари меросини ўрганиш бўйича Ислом ҳамкорлиги ташкилоти ёрдамида Ислом илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифини билдирамиз”, деб айтган эди Президент Шавкат Мирзиёев . Халқимиз азалдан ислом дини ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшиб келди. Буни жаҳон жамиятчилиги, мусулмон дунёси аллақачон эътироф этган. Маълумки, Ўзбекистон Ислом Ҳамкорлик ташкилотининг 2017 йилдаги навбатдаги мажлисига раислик қилган. (Ислом Ҳамкорлик ташкилоти 1969 йили ташкил этилган ва бугунги кунда ташкилотга 57 мамлакат аъзо бўлиб кирган. Ўзбекистон ИҲТнинг 1996 йилдан аъзоси ҳисобланади). Жамиятни демократиялаштириш шароитида диний қадриятлар аҳамияти ортиб боришининг объектив шарт-шароитларини қуйидагича изоҳлаш мумкин: биринчидан, диний ғоя ва таълимотлар кишиларнинг ёши, жинси, ижтимоий келиб чиқиши, маънавий-интеллектуал салоҳиятидан қатъи назар ғоят таъсирчан кучга эга. Кишилар оламнинг моҳияти, инсон ҳаётининг маъноси ва ҳоказо фалсафий масалаларга ҳам, кундалик ҳаётида дуч келган муаммоларга ҳам диний таълимотлардан жавоб топиш имконига эгадирлар. Ҳар қандай динга хос характерли хусусият унинг ҳамма учун яқин ва тушунарлилиги, оммабоплигидир. Дин инсоният маънавиятининг шундай муаззам манбаидирки, ундан кишилар ўзларининг интеллектуал салоҳиятларига мос равишда истаганча баҳраманд бўлиш ва комилликка эришиш имконига эгадирлар. Иккинчидан, муқаддас диний таълимотларни конкрет тарихий вазият талабларига мос равишда исталган йўналиш бўйича шарҳлаш, тавсифлаш мумкин. Эҳтимол, шу боисдан ҳам буюк тарихий бурилишлар даврида ислом динининг муқаддас манбаи бўлган Қуръони Каримниннг бир неча тафсирлари вужудга келгандир. Бу, бир томондан, диннинг яшовчанлигини, ҳозиржавоблигини, таъсирчанлигини таъминласа, иккинчи томондан, шу динга эътиқод қилувчи диндорларнинг имони мустаҳкамланишига имкон берган. Диний ғоя ва оқимлар хилма-хиллиги, улар ўртасидаги ғоявий кураш диннинг инқирозидан эмас, балки унинг яшовчанлигидан далолат беради. Диннинг аҳамиятини билишга цивилизацияли ёндашув диний оқим ва ғояларнинг инсонпарварлик, сафарбар этувчилик функциясининг амал қилиши учун ёрдам берадиган социал механизмларни аниқлаш ва улардан фойдаланишни талаб этади. Учинчидан, ҳар қандай диний таълимотнинг кучи ишонтириш усули билан белгиланади. Виждон эркинлиги, икки йўлдан бирини танлаш тамойили ҳар қандай динда, жумладан, ислом динида жуда муҳим ўрин тутади. Диндорларга танлаш имкониятининг берилиши диний ғоянинг таъсирчанлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Демократик давлат фуқароларнинг виждон эркинлигини ўз Конституциясида ҳуқуқий кафолатлаш билан жамият тараққиётининг муҳим омили бўлган ғоя ва қарашлар хилма-хиллигининг қарор топиши учун пухта замин яратади. Виждон эркинлиги, бир томондан, диннинг ижтимоий ҳаётдаги танҳо ҳукмронлигига чек қўйса, иккинчи томондан, диний таълимот атрофида ҳақиқий эътиқодли, пок ниятли диндорларнинг жипслашувини таъминлайди. Дин ўзининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини демократик жамиятдагина тўла намоён эта олади. Зулм ва зўравонликка асосланувчи мустабид тузум шароитида диний қадриятлар поймол этилади ёки ундан сиёсий элитанинг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланилади. Бунга яқин ва узоқ тарихимиздан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Тўртинчидан, ҳар қандай дин аҳлоқий қадриятларни тарғиб этишга, ахлоқий норма ва талабларнинг бажарилишини назорат қилишга, хатто ахлоқнинг муқаддаслигини таъкидлашга алоҳида эътибор беради. Ҳар қандай динда кишилар савобли амалларни бажаришга даъват этилади, ахлоқсизлик буюк гуноҳ сифатида қораланади. Гуноҳлардан тавба қилиш, тийилиш, гўзал, фойдали амаллар билан шуғулланиш инсон маънавий камолотининг зарур шарти ҳисобланади. Бешинчидан, ҳар қандай дин ёмонлик, ёвузлик, ваҳшийликка қаршидир. У айни шу жиҳати билан цивилизацияли тараққиётнинг таянчи, асоси, фундаменти ҳисобланади. Диний таълимотлар қачон ва қаерда пайдо бўлишидан, одамларни миллати, ирқи, жинсидан, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар умумий ва муштарак ғоя атрофида жипслаштириш, турли халқлар ва мамлакатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун хизмат қилади. Олтинчидан, диний дунёқараш илмий ва фалсафий дунёқарашни истисно этмайди, балки илмий ва фалсафий дунёқарашнинг шаклланиши учун замин яратади. Илмий ва фалсафий дунёқараш нисбатан тор доирадаги ақлий меҳнат кишиларининг дунёқараши бўлиб, илм-фан ва техниканинг, замонавий ишлаб чиқариш ва технологиянинг ривожланиши учун кенг йўл очади. Ғарб мамлакатларида ривожланаётган неотомизм (диний фалсафа) ҳозирги замон фан ва техника ютуқларини муқаддас диний манбаларда башорат қилинган илоҳий каромат сифатида талқин этишга, диний таълимотлар муқаддаслигини исботлашга ҳаракат қиляпти. Фан ва техникани ривожлантириш билан жамиятнинг нисбатан жуда оз қисми шуғлланади, бироқ ўзининг буюк ўзгартирувчанлик салоҳиятига кўра илм-фан кишилари жамиятнинг маънавий тараққиётига жуда кучли таъсир кўрсатади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг таъкидлашича, ҳозирги замон табиётшунослик фанларининг, хусусан, астрономия фанининг сўнгги ютуқларини билиш имон-эътиқоднинг мустаҳкам бўлиши учун ёрдам беради .Функционал нуқтаи назардан дин жамият барқарорлигини, ижтимоий тотувлик, тинчликни таъминласа, фан моҳиятан сукунат ва турғунликни бузади, ўзини оқламаган ўлик догмаларга қарши илмий тафаккурнинг яратувчан, бунёдкор, ўзгартирувчан салоҳиятини рўёбга чиқаради. Илмий тафаккур ва дунёқарашнинг жадал ривожланиши билан жамиятнинг маънавий ҳаётида илмий қадриятлар (илм-фан муассасалари, олимлар, зиёлилар, илмий манбалар ва ҳоказо) етакчи ўрин эгаллай бошлайди, бу эса ўз навбатида жамиятда диний мутаассиблик (фанатизм), диний экстремизм сингари зарарли оқимларнинг барҳам топиши учун пухта замин яратади.. Давлатимиз раҳбариШавкат Мирзиёев Америкадаги ватандошларимиз билан суҳбатда юртимиздаги ўзгаришлар, ислоҳотлар ҳақида тўхталар экан, Ислом дини, уни асраш, ёшларга ўргатиш, ёт ғоялар таъсиридан ёшларни огоҳ этиш масаласига ҳам эътиборни жалб этди: “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Биз ҳеч қачон Исломимизни, нурли Исломни, Қуръондан кейин иккинчи китобни, қаерда ёзилган, ким ёзган, дейилганда бобомиз Имом ал-Бухорийни айтганим бежиз эмас. Имом Бухорий илмий тадқиқот маркази ва Ислом цивилизация марказини қуришимиз ҳам бежиз эмас. Шунинг учун биз Ислом тўғрисида гапирганимизда, ҳадисшуносларни Самарқандда ўқитсак деймиз” . Еттинчидан, ҳар қандай дин ижтимоий муаммоларни ҳал этишда, ижтимоий зулм ва адолатсизликларни бартараф қилишда, ижтимоий зиддиятларни умумий консенсус асосида ҳал этишда муҳим роль ўйнайди. Айниқса, жамият бойлар ва камбағаллар, имтиёзлилар ва имтиёзсизларга бўлинган, ижтимоий табақаланиш оқибатида ижтимоий зиддиятлар кучайган шароитда ижтимоий барқарорликни қарор топтириш, қарама-қарши социал гуруҳ, синф ва табақаларни муросага келтиришда алоҳида ўрин тутади. Вужудга келган мураккаб муаммоларни оқилона ҳал этиш учун, биринчидан, халқимиз ўртасида диний қадриятларни кенг тарғиб этиш, диндорларнинг билим ва маърифатини ошириш, иккинчидан, жамиятнинг иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаётини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган сиёсатни собитқадамлик билан амалга ошириш, учинчидан, миллий ғояни халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш орқали халқимизга муносиб фаровон ҳаёт барпо этиш, келажаги буюк давлат барпо этиш учун зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва ҳаётга татбиқ этилди. “Айнан таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан ҳисобланади, инсонларни эзгуликка даъват этади, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди. Муқаддас ислом динимиз бизга айнан шуни ўргатади. Бундай ёндашув - давр талабидир” . Диний ғоя, эътиқод ва таълимотлар Шарқ цивилизациясининг туб асосини, мазмунива барқарорлигини таъминлаган муҳим омил ва айни вақтда унинг жаҳон тараққиётидан орқада қолишига олиб келган социал ғов ҳам эди. Машҳур инглиз олими Арнольд Тойнби ўзининг локал цивилизациялар тўғрисидаги таълимотида дин ҳар қандай цивилизациянинг ядроси, асоси эканлигини алоҳида таъкидлайди. Бироқ диннинг цивилизацияли онгнинг асоси эканлиги унинг бутун мазмун ва моҳиятини белгиловчи ягона омил дегани эмасдир. Диний онг ва дунёқараш ёши, жинси, савияси, ирқидан, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар жамиятнинг барча аъзоларини умумий ғоя асосида бирлаштирувчи, ижтимоий тотувлик ва барқарорликни таъминловчи социал институт сифатида ҳеч қачон кишиларнинг муттасил равишда ўсиб борувчи моддий эҳтиёжларини тўлароқ қондиришни, ижтимоий тараққиётни тезлаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўя олмайди. Инсоннинг элементар ҳаётий эҳтиёжларини қондирмай туриб, маънавий баркамоллик ҳақида фикр юритиб бўлмайди. Download 55.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling