19-мавзу: Ходимлар меҳнатини рағбатлантириш.
1.Ходимлар меҳнатини рағбатлантиришнинг моҳияти ва мазмуни.
2. Моддий ва маънавий рағбатлантириш услубларини қўшиб олиб бориш.
3.Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш тизими.
4.Ходимлар меҳнатини рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш йўналишлари.
Ходимлар меҳнатини рағбатлантиришнинг моҳияти ва мазмуни.
Корхона мақсадига эришишида ишлаб чиқаришда юқори самарадорликни таъминлаш, персонал ўз хизмат вазифасини сидқидилдан, ташаббускорлик кўрсатиб бажариши ўта муҳим ҳисобланади. Бунинг учун барча ходимлар ўз ишларига чинакамига қизиқишлари керак. Қизиқиш (мотив) - бу инсонни муайян фаолиятга ундовчи ички ва ташқи ҳаракатлантирувчи кучлар деб эътироф этилади. Қизиқиш инсонга унинг эҳтиёжларини қондириш учун нима қилиш ва буни қандай қилиш кераклигини белгилайди.
Қизиқтириш (мотивация) тушунчаси инсонни ташкилотда бошқаришнинг, унинг хулқий меъёрларини шакллантиришнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Янги иқтисодий муносабатлар, ўтиш даврининг ўзига хос талаблари ташкилотда ҳам персоналга нисбатан янги талабларни қўяди. Бу нафақат кадрни танлаш, ўқитиш, жойлаштириш, балки янги онгни, менталитетни шу билан бирга мотивациянинг янги моделларини шакллантиришдир.
Қизиқтириш (мотивация) тушунчаси бошқарув назариясида бу ўзини ва бошқаларни корхона мақсадига эришишга қаратилган муайян фаолиятга қизиқтириш жараёнидир. Психологик нуқтаи назардан эса қизиқиш ходим субъектив фаолияти жараёни, деб тушунилади.
Қизиқтиришнинг бошқарувдаги ҳамда шахсий-психологик мазмуни ўзаро боғлиқлиги персонални бошқаришда техника тизимларини бошқаришдан фарқ қилган холда, бошқарув объекти ва субъекти мақсадларининг мувофиқлаштирилиши билан белгиланади. Бундай мувофиқлаштириш турлича амалга оширилиши мумкин. Лекин бу жараёнда ҳам объект, ҳам субъект иштирок этади. Бунинг натижасида эса бошқарув объектининг муайян меҳнат фаолияти, пировард натижада бу фаолиятнинг муайян натижаси бўлади. Қизиқтириш жараёни негизида қизиқишнинг моддий, ижтимоий-психологик, маънавий, ижодий ва бошқа омиллари ётади.
Қизиқтириш (мотивация)дан асосий мақсад:
Ташкилотда самарадорлик ва рақобатбардошликка эришиш;
Меҳнат унумдорлигини ошириш;
Персонал иш ўрнини ўзгартиришини пасайтириш;
Персонални билим, кўникмаларини ошириш;
Меҳнат ҳаёти сифатини яхшилашдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |