2-мавзу. Давлат қарзининг назарий асослари. Асосий саволлар Давлат қарзи тўғрисида
-расм. Ричард Масгрейвнинг Фискал ишлари вазирлиги
Download 395.28 Kb.
|
2-мавзу
1-расм. Ричард Масгрейвнинг Фискал ишлари вазирлиги.
ДҚБнинг вазифаси – бюджет сиёсатининг классик функцияси. Бу бўлим жамиятнинг айрим гуруҳларига “моддий ёрдам” кўрсатади. Бу бўлим ҳам РТБ каби солиқлар йиғади, аммо уларни ижтимоий неъматларни ишлаб чиқариш харажатларига эмас, балки ишсизлик бўйича нафақаларга, бизнесменлар учун қарз пулига ва хусусий сектор учун бошқа трансфертларга айлантиради. Тўлиқ бандликда яна бир карра давлат секторини тарк этган ресурслар ҳажми хусусий секторга қайтарилган ресурслар ҳажмига тенг бўлиши, яъни солиқлар трансфертларга тенг бўлиши лозим. ДҚБ бюджет салдоси ҳамиша нолга тенг ва пул қарзларига хожат йўқ. Демак, даромадларни қайта тақсимлашда ҳам қарз пайдо бўлмайди4. ИББ вазифаси юқоридаги бўлимларнинг вазифаларига батамом ўхшамайди. Бозор иқтисодиёти, агар у назорат қилинмаса, бандлик ва нархларда анча-мунча тебранишларни келтириб чиқариши мумкин. ИББ қиёфасида Фискал ишлари вазирлиги ресурсларни максимал юклашга ва барқарор нархларни қарор топтиришга интилади. ИББ компенсацион (қоплама) молияни бошқаради. Компенсацион молиянинг фаолият тартиб-қоидалари анча содда: - Агар ишсизлик (мажбуран) устун бўлган ҳолларда, ИББ харажатларни ва у билан биргаликда жами талабни ҳам шундай оширадики, амалда маҳсулот ишлаб чиқариш шу инфляция шароитида максимал бандликни таъминлайдиган потенциал маҳсулот ишлаб чиқаришга бараварлашади5. - Агар инфляция устунлик қилса, унда ИББ амалда маҳсулот чиқариш ўсиб бораётган нархларда эмас, балки жорий нархларда ҳисобланиши учун жами талабни қисқартиради. - Агар тўлиқ бандлик ва нарх барқарорлиги устун бўлса, унда ИББ бюджет маблағларини ишсизлик ва инфляция ўсишига йўл қўймайдиган тарзда сарфлайди. Компенсацион молия тўғрисидаги масала биринчи марта 1930-йилларда, жаҳон чуқур ва давомли иқтисодий депрессияга учраган пайтларда пайдо бўлди.Ўша даврдан бошлаб бу масала Фискал ишлари вазирлиги кун тартибидан тушгани йўқ. ИББ ўз бюджетини қуйидаги тартибда режалаштиради: - РТБ ва ДҚБнинг режадаги харажатлари жамланади. - Потенциал маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни мувозанатлайдиган жами талаб ҳисоблаб чиқилади. - Жами талаб РТБ ва ДҚБнинг режадаги харажатлари билан қиёсланади, улар ўртасида тафовутлар аниқланган ҳолларда бюджетга солиқларни ёки трансфертларни қоплайдиган (ўрнини тўлдирадиган) қўшимча маблағлар киритилади. Худди шу компенсация ИББ бюджетидир. Агар иқтисодиётни “жонлантириш” зарур бўлса, бюджетда трансфертлар кўпроқ бўлади ва жами талаб потенциал маҳсулот чиқаришга яқинлашади, бандлик кўтарилади. Агар иқтисодиётни “пасайтириш” лозим бўлса, бюджетда солиқ кўпроқ бўлади ва жами талаб қисқаради. Инфляция сусаяди. Барқарорлаштириш жиҳатидан солиқларнинг роли – инфляцияни, трансфертларнинг роли – дефляцияни бартараф этишдан иборат. Барқарорлаштириш функциясининг ўзи ИББ бюджетининг мувозанатланган бўлишини истисно қилади. Бу бюджет исталган пайтда ё солиқларни ёки трансфертларни ишга солади, аммо ҳеч қачон уларнинг ҳар иккаласини биргаликда қўлламайди. У ҳамма вақт ё профитситли (солиқлар йиғилган) ёки дефицитли (трансфертлар тўланган). Масгрейв моделида Фискал ишлари вазирлиги вазифалари бир-биридан “хитой девори” билан ажратилган. ИББнинг қоплама тўлов бўйича қарорлари ресурсларни тақсимлаш ва даромадларни қайта тақсимлаш пропорцияларига таъсир кўрсатмайди. ИББ ўз бюджети профитситли бўлган ҳолда РТБ ва ДҚБга солиқларни қисқартириш ёки харажатларни кўпайтириш ҳақида, дефицитли бўлган ҳолда солиқларни ошириш ёки харажатларни қисқартириш ҳақида буйруқ бера олмайди. Профитсит профитситлигича қолади, дефицит эса қарзлар ҳисобига молиялаштирилади. Масгрейв моделида бюджет сиёсатининг ягона функцияси – бу барқарорлаштириш функциясидир. Худди шу сиёсат дефицитни ва у билан бирга қарзни ҳам юзага келтиради. РТБ, ДҚБ ва ИББ бюджетларини тузиш якунланганидан кейин улар Фискал ишлари вазирлигининг ягона бюджетига бирлаштирилади. Йиғма бюджет салдоси солиқлар билан харажатлар ҳамда трансфертлар суммаси ўртасидаги айирмага тенг. ИББнинг барқарорлаштириш устамаси РТБ ва ДҚБ бюджетларидаги ўзгаришлар билан мувозанатланмагани сабабли йиғма бюджет ё профитситга ёки дефицитга олиб келади. Масгрейв моделидан шундай хулосага келиш мумкинки, олимлар, макроиқтисодчилар ва давлат арбобларининг қарз масаласига катта эътибори бюджетнинг барқарорлаштириш функцияси билан изоҳланади. Бундан уч аср муқаддам Девид Хюм давлат қарзларидан ўз норозилигини шундай ифодалаган эди: “Солиқ солиб халқ аҳволини оғирлаштирмаслик, танқид тиғида қолмаслик ва мансабда бўлган даврида ўзидан яхши эсдалик қолдириш учун вазирнинг бу воситадан фойдаланишга тоқати йўқ. Шу сабабали ҳар қандай ҳукуматда деярли муқаррар қарз билан боғлиқ суиистеъмолликлар юз беради. Натижада ё миллат давлат кредитини тугатади ёки давлат кредити миллатни йўқ қилади” Д.Хюм бу ўринда бир қадар қизишиб кетган, албатта. Давлат қарзи ҳали биронта миллатни йўқотиб юборгани йўқ, аммо қарз айрим мамлакатларга жуда катта зарар келтиргани ҳақиқат. Қарзнинг ўз-ўзидан эмас, балки ундан уқувсиз, пала-партиш фойдаланиш шундай оқибатларга олиб келган. Хюм давлат қарзига эътиборни қаратган биринчи инглиз иқтисодчиси эди. Хюмга ўша даврда кенг тарқалган “халқ қарзлар сабабидан камбағаллашиб қолмайди, чунки қарз ўз йўлига ва у бировлардан қанча олинса, бошқа кишиларга шунча мол-мулк келтиради” деган фикрга қарши чиқади. Д.Хюм бу фикрни қатъий рад этади ва уни “юзаки қиёслашнинг” “тутириқсиз” хулосаси деб атайди. Адам Смитнинг қарз масаласига салбий муносабати ҳам антимеркантилистик философияга ва давлат ҳамда хусусий харажатлар самарадорлигини қиёсий баҳолашга асосланади. Адам Смитнинг давлат бойликларни яратувчи ва шахслар эркинлиги кафолати сифатида самарасиз фаолият олиб боради, деб ҳисоблаган. Давлат саноат ва савдодан жамғармаларни олиб қўяди, бу эса мансабдорларга “айш-ишратли ҳаёт”ни яратиб беради. Миллий даромад инвестициялардан истеъмолга ўтказилади. Агар халқ бойлигини исроф қилувчи давлатнинг бюджет дефицитини саноатчилар ва савдогарлардан оладиган қарзи ҳисобига қоплашга йўл қўйиладиган бўлса, капитали кам бўлган жамоат даромадлардан маҳрум бўлади, чунки бу маблағлар унумли инвестициялардан чиқиб кетади. Давлат уқувсиз менежер. Давлат хусусий қарз олувчилардан фарқ қилган ҳолда “капиталнинг бирон-бир махсус қисмини тўғри бошқаришдан манфаатдор эмас” – бу фикрлар унинг “Халқлар бойлигининг табиати ва сабаблари тўғрисида тадқиқот” (1776 йил) (“An Inquiry into the Nature and Causes of the Wealth of Nations”) асарида ёзилган. Шу сабабли давлатга қарз бермаслик лозим. Қарзга салбий муносабатда бўлган Адам Смит мувозанатланган бюджет талабини илгари суради. А.Смитнинг фикрга кўра, қарз келтирадиган асосий жафо – ўзи пайдо бўлаётган даврда капитални парчалашидир, яъни давлат томонидан миллий ишлаб чиқаришдан олиб қўйиладиган ресурсларнинг бой берилишидир. А.Смитнинг давлат қимматли қоғозлари харидорлари харид пайтида ҳеч нарса йўқотмайдилар деган фикри ҳам ғоят эътиборга молик. “Улар пулни ҳукуматга қарзга бериб, савдо ва ишлаб чиқариш билан шуғулланиш қобилиятларини бир он бўлса ҳам йўқотмайдилар, аксинча ўз машғулотларини кучайтирадилар. Савдогар ёки кредитор ҳукуматга пулни қарзга бериб, пулдан пул чиқаради ва бу билан ўз савдо капиталини камайтирмайди, балки кўпайтиради”2. Бу фикрлар ихтиёрий айирбошлашнинг ўзаро манфаатли эканлигини эътироф этиш билан бирга қарз юки теварагидаги кейинги муноазараларни баҳолашда ғоят муҳим. Агар давлат қимматли қоғозларини сотиб олувчилар қоғозларни харид қилиш пайтида ҳеч нарса йўқотмасалар, унда қарз юки кимнинг элкасига тушади? Бу саволга жавоб беришдан олдин қарз масаласига классик қарашлар эволюциясини кўриб ўтамиз. Балки давлат капитални фақат ҳароб қилмай, қарзга олинган маблағларни жамият равнақи учун сарфлашга ҳам қодирдир? А.Смит Д.Хюм каби ички қарзлар бўйича фоизлар жамият учун йўқотиш ҳисобланмайди деган ғояни рад этади. “Жамиятнинг қарзи бўйича фоизлар тўловида ўнг қўл чап қўлга тўлайди деган гап юради. Пул мамлакатдан четга чиқиб кетмайди... ва миллат камбағаллашиб қолмайди. Бундай қарашлар бутунлай меркантилистик тизимнинг сафсаталарига асосланган”. Аслида, Смит фикрича, нима юз беради? Давлат одатда ўз кредиторларига муқобил инвестициялар даромаддорлигидан юқори бўлган ставкалар бўйича аннуитет тўлайди. Кредиторлар аннуитетни гаровга қўйиб ёки бошқа кишиларга сотиб янги капитал оладилар (давлатга қарзга берилган пул ўрнига). Аммо бу лиги капитал шу мамлакатда қолиши ва бошқа ҳар қандай капитал сингари иқтисодиётда фойдаланилиши лозим эди. Бу капитал мамлакат учун эмас, балки давлат кредиторлари учун янги. Бу капитал гарчи давлатга қарз берилган капитални алмаштирган бўлса-да, мамлакатда ҳеч нарсани ўзгартиргани йўқ, фақат бир қўлдан иккинчи қўлга ўтди, холос. Демак, мамлакат камбағллашди. Агар кредиторлар давлатга пул бермаганларида, мамлакат иқтисодиётида банд бўлган бир капитал ўрнига иккита капитал мавжуд бўлар эдм. Адам Смит сингари фараз қиладиган бўлсак, давлат ўз фуқароларидан қарзга пул олиб, капитални парчалайди. Смит ташқи қарз бўйича фоизларни миллий бойликдан чегирмадир деб ҳисоблаган, чунки улар ташқи қарз эгалари яшайдиган чет эл мамлакатга чиқиб кетади. Шундай қилиб, ташқи қарз ҳам, ички қарз ҳам иқтисодиётга бир хил салбий таъсир кўрсатади. Давид Рикардо умуман олганда А.Смитнинг қарзга бўлган салбий муносабатига қўшилади ва қарзни “энг фожеали офатлардан бири” деб атайди. Аммо, “мамлакатни асло миллий қарз бўйича фоизлар тўлови хароб қилмайди ва бу тўловни бекор қилиш мамлакатга янгилик келтирмайди. Фақат даромадларни жамғариб ва харажатлардан тийилибгина миллий капитални кўпайтириш мумкин. Қарзни йўқотиш билан даромадлар кўпайиб қолмайди ва харажатлар қисқариб қолмайди” деб ёзади у 1817 йилда ёзилган “Сиёсий иқтисод ва солиққа тортиш асослари” асарида3. Рикарда фоиз чиқимлари ички трансфертлар бўлгани сабабли келажак авлодга юк бўлмайди деган меркантилистча ғояга қўшилади. Унинг фикрича, ҳозирги қарзларга боғлиқ келажакдаги солиқлар қарз пайдо бўлган пайтда оқил фуқаролар томонидан бутунлай капиталлаштирилади. Шунда фоиз харажатлари ҳақиқатан ҳам трнасфертларга айланади ва қарз бюджет чиқимлари бўйича реал харажатларни вақт бўйича сурилишига сабаб бўлмайди. Бу маънода иқтисодиётга реал таъсир кўрсатиши жиҳатидан қарзлар солиқларга эквивалентдир. Лекин, Давид Рикардо қарз жамият манфаатларига хизмат қилади деган ғояни ёқламайди, бу ғояга тарафдор бўлганида меркантилистлар томонига ўтиб кетган бўлар эди. Д.Хюм, Смит, Рикардонинг қарз олишнинг оқибатларига муносабати бир хил бўлган, улар самарасиз сарфлар ва давлат харажатларининг унумсизлиги сабабли ҳақиқий офат қарзнинг ўзида эмас, балки унинг таъсирида юзга келадиган капиталнинг парчаланишида деб уқтирганлар. Томас Роберт Малтус бундай қарашларга қўшилмайди. У классик иқтисодиётнинг таклиф таъсирида ўз-ўзидан созланишига ишонмайди ва асосий асари бўлган “Нуфус қонуни тўғрисида тажрибалар” (1798)да ундан бир аср кейин яшаган Жон Мейнард Кейнс каби талаб тақчиллигидан чўчийди. У қарз орқали маблағ билан таъминлашни талабни ошириш усулларидан бири деб қарайди. Фоизлар ҳисобига яшайдиганлар, деб ёзади у “тақсимот ва талабга катта ҳисса қўшадилар... Улар ишлаб чиқаришга зарур рағбат берадиган самарали истеъмолни таъминлайдилар”4. Малтус қарзининг яратувчилик ролини алоҳида таъкидлайди. Жон Стюарт Милл юзага келиши шароитларига қараб қарзни “яхши” ва “ёмон” қарзларга бўлади. У хусусий ишлаб чиқаришда банд бўлган капитални давлат секторига жалб қилинишини ишчиларнинг иш ҳақини пасайтириш билан тенглаштиради. Милл бундай қарзларни энг ёмон деб эълон қилишни таклиф қилади. Аммо у ортиқча жамғарилган чет эл капиталини, давлат талаби бўлмаслиги ёки унумсиз корхоналарда исроф бўлиши мумкинлигидан ёки чет мамлакатларда талаб ахтариши натижасида умуман жамғариш мумкин бўлмаган капитални жалб этишда бирон-бир зиённи кўрмайди. Шундай қилиб, Милл Адам Смитнинг қарзлар капитални парчалайди деган фикрига қўшилмайди. Миллнинг қарз юки ҳақида қарашлари ҳам эътиборга молик. Унинг фикрича, қачонки ресурслар хусусий сектордан давлат секторига ўтса, қарз вужудга келади. Бу ҳозир яшаб турган авлод элкасидаги юк. Кейинчалик бу юк қарзга хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган қўшимча солиқлар кўринишида пайдо бўлади. Бу келажак авлод зиммасига тушадиган юк ҳисобланади. Миллдан кейин яшаб ўтган инглиз иқтисодчилари қарз масалаларига у қадар эътибор бермадилар. 1850–1914 йилларда Буюк Британиянинг қарзи барқарорлашди ва қарз юки, уни қай тариқа ҳисобламасинлар, олимларни хавотирга солмай қўйди. Жон Эллиот Кернс ва Генри Сидгвик бу мавзуни умуман инкор этдир, Алфред Маршалл бўлса бойлик ижтимоий неъматлар кўпайиши билан ўсиб боради, лекин қарз ўсиши билан камаяди сингари умумий фикрлар билан чекланди. Шундай қилиб, Малтусни истисно қилганда, инглиз классиклари, ҳатто ишлаб чиқариш инқирозга юз тутган (ретсессиялар) ва урушлар даврида ҳам мувозанатланган бюджет тарафдорлари бўлганлар. Улар катта давлатнинг катталигидан хавфсираганлар, уни самараси паст, уқувсиз менежер, шахслар эркинлигига хатарли ҳисоблаганлар ҳамда давлат қарзлар орқали хусусий тадбиркорларни иқтисодиётдан сиқиб чиқармаслигини истаганлар. Бундан ташқари классик моделда иқтисодиёт ўзини ўзи тартиблайди, уни талаб эмас, таклиф ҳаракатга келтиради, уни барқарорлаштиришда давлатга иш йўқ. Барқарорлаштириш функциясининг йўқлиги эса мувозанатланган бюджетни талаб этади ва қарзларга хожат йўқ деган маънони билдиради. Агар классик қарз назарияси тўғрисида фикр юритадиган бўлсак, бу назария инглиз классиклари қаламига мансуб эмас. Адам Смит қарашлари “умумий назария” қиёфасини олгани йўқ (гарчи бу қарашларни Жеймс Бюкенен “ҳақиқатга энг яқн” деб ҳисоблаган бўлсада), Давид Рикардо қарзларнинг солиқларга эквивалентлиги тўғрисида ғоят мавҳум ғояларни баён этди, Жон Милл эса қарз юкини айни бир пайтда ҳозир яшаб турган ва келажакдаги авлодлар зиммасига юклаб, муаммони ҳал қилиш йўлида ноилож адашиб қолди. Классик назария фақат ХИХ асрнинг охирги 20 йилида шаклланди. Бу вақтга келиб давлат харажатларига қарашлардаги нуқтаи назарлар ўзгаришларга учради ҳамда холис ва батафсил таҳлил имкониятлари пайдо бўлди. Жаҳондаги иқтисодий вазият шундай ўзгардики, натижада меркантилистик сиёсат ўзининг ижтимоий ва илмий “жозибасини” йўқотди. Биз классик назарияни америкалик Генри Адамс, инглиз Чарлз Бастебл ва франтсуз Пер Пол Леруа-Болеларнинг асарларида кўришимиз мумкин. Таҳлил аниқлиги нуқтаи назаридан Бастебл асарлари Адамс асарларига қараганда, Леруа-Боле қарашлари Бастеблга қараганда анча мукаммалроқ. Шу сабабли биз Бастебл ва Леруа-Боле асарларидан парчалар (иқтибослар) келтириш билан чекланамиз: Бастебл қарз кейинги авлодларга юк бўлиб тушишига қатъий ишонгани сабабли ушбу гипотезани батафсил кўриб чиқиш зарурати йўқ деб ҳисоблайди. “Қарз олиш ихтиёрий ҳаракат ва пулни ҳам хоҳиш бўлганда берадилар. Солиқларни эса хоҳлаган одам ҳам, хоҳламаган одам ҳам бараварига тўлайди. Ҳозирни келажак ҳисобига яхшилаш – ақлли ва узоқни кўра биладиган давлат арбобининг иши эмас”. У давом этади: “Барча энг муҳим пайтларда давлат қарзи билан хусусий қарз ўртасида ўхшашлик сақланиб қолади ва уни ҳеч қачон назардан қочирмаслик лозим. Давлат иқтисодиётининг алоҳида мавқеи ва давлат қарзларининг муҳимлиги бир ҳақиқатни – давлат кредити кредитнинг бир тури эканлиги ва уни ҳам худди шу асосий тамойилларни ҳисобга олиб тартибга солиш лозимлиги масалалаларини пардалаб қўяди. Ва ниҳоят, Бестебл ташқи қарз билан ички қарз фарқлари ўз чегараларига эгалигини кўрсатиб ўтади. Хориждан кўп пулни қарзга олиш ҳодисаси қарз олиш сиёсатини баҳолашда аҳамиятга эга. Соф молиявий маънода ташқи қарзнинг ички қарздан фарқ қилиш муҳим эмас, бошқа мамлакатлар капиталидан фойдаланиш имкониятлари харажатларни ички манбалардан молиялаштиришда солиқларнинг ўрни ҳақидаги далилларни йўққа чиқариши муҳимдир... Соф молиявий нуқтаи назардан қарз олиш манбаи ҳақиқатан ҳам номоддий. Ҳар қандай ҳолда ҳам ташқи қарз – бу солиқ тўловчи учун келажакдаги мажбурият билан мувозанатланган ва дарҳол бериладиган энгилликдир”5. Қарзни энг тўлиқ ва энг батафсил тадқиқ этганлардан бири франтсуз иқтисодчиси Леруа-Боле ҳисобланади. Тадқиқотларининг асосий қисми XVIII асрда яшаб ўтган машҳур франтсуз олимларининг ғояларини танқид қилишга бағишланган. Леруа-Боле бу ғояларни хато дебгина қолмай, уларни зарарли ва хавфли ғоялар деб атайди. Уларни софистика (сафсатабозлик) дейиш мумкин – бу ғоялар фақат бир қарашда, сиртдан тўғри бўлиб кўринади, иқтисодиётдан хабари бўлмаган баъзи кимсалар уларни рад қила олмайди. “Давлат қарзларига нисбатан сафсаталар жуда хилма-хил, аммо уларни асосан иккига бўлиш мумкин: Вольтер қарашларида давлат ўзига ўзи қарз бериб, камбағал бўлиб қолмайди; Мелон назарида давлат қарзи – бу ўнг қўл чап қўлга берадиган қарз: ўнг қўл – солиқ тўловчилар, чап қўл – ранте (қарзга бериладиган капиталдан фоизлар ёки қимматли қоғозлардан даромад ҳисобига яшайдиган шахс, судхўр), аммо давлатнинг гуллаб-яшнаши учун жами пулнинг кимга тегишли бўлиши – солиқ тўловчигами ёки рантегами муҳим аҳамиятга эга эмас; иккала ҳолда ҳам миллат бир хилда бойдир”6. Леруа-Боле софизмларнинг хатолигини қуйидагича исботлаб берди: “Тўғри, қарзнинг оқибатларидан бири фуқароларга солиқ солишда кўринади. Бу солиқ кейин ранте (судхўр)лар ўртасида фоизлар кўринишида баҳам кўрилади. Агар иш шу жойда якун топса, ижтимоий бойлик ўзгармайди: ранте деб номланадиган фуқаролар солиқ тўловчилар деб аталадиган бошқа фуқаролардан фоизлар оладилар”. Солиқ тўловчиларга ачиниш мумкин, аммо миллат қарзлардан қашшоқлашиб қолмайди. Энди фараз қилайликки, қарзлардан воз кечилди. Солиқ тўловчилар рантелар ўртасида тақсимлаш учун мўлжалланган солиқларни тўламайдилар, ранте эса ўз капиталини бошқача инвестициялайди ва муқобил инвестициялари учун фоизлар олади. Бу фоизлар қарзлардан воз кечилган пайтда давлат қимматли қоғозлари берадиган суммага тахминан тенг бўлади. Бундай ҳолда миллат янада бойроқ бўлади: солиқ тўловчилар рантелар фоизларини олишлари учун зарур бўлган солиқларни тўлашлари шарт эмас; қарз ҳолатида фақат бир томонга тегишли бўлиши мумкин бўлган пул ҳар бир томоннинг ўзида қолади. Бундай фикрлар Адам Смитда ҳам учрайди, аммо Леруа-Боле масалага янада чуқурроқ кириб боради. Ўтмишда олий ҳукмронларнинг ўзбошимчалиги (кўнглига келганини қилиши) ва ижроия ҳокимиятнинг хатолари туфайли қарзга олинган маблағлардан исрофона ва бесамара фойдаланилган. Агар рантедан олинган капитал “сарой кўнгилхушликлари, серҳашам иморатларга ёки бемаъни ташаббусларга” сарфланадиган бўлса, унда жамият қашшоқлашиб боради. Шу сабабли Д.Хюм ва Смит қарзларни мутлақо қоралаганлар. Агар рантедан олинган капитал ижтимоий ишларни молиялаш учун фойдаланиладиган бўлса қарзлар зарарсиз бўлиши мумкин. Давлат фақат шу йўл билан капитални парчаланишдан асраб қолиши мумкин. Бундан ташқари агар ижтимоий ишлар пухта режалаштирилган ва тежамкорона бажарилганда қарзлар фойда келтириши мумкин! Ранте капиталини жамият эмас, давлат олади, лекин давлат бу капитални жамоа фаровонлигига айлантиради, масалан, темир йўл, каналлар, портлар қуради. Давлат харажатлари мазмуни ва қарзларнинг роли масаласида “сўнги” классик Леруа-Боле “илк” классиклардан шу тарзда ажралиб туради. Леруа-Боленинг қарашларида классик назариянинг барча муҳим унсурлари борлигини кўриш мумкин, француз олими бошқа тадқиқотчилар пайқамаган икки хатоликка йўл қўймади. Биринчида, у қарзнинг пайдо бўлиши ҳодисасини қарзлар орқали молиялаштирилган харажатлар ҳодисасидан ажратиб олди. Инглиз классик иқтисодчилари шу нарсага эътибор қилмаганлари сабабли қарзни мутлақо қоралашга “маҳкум” бўлдилар. Кейинги меркантилистлар ва “янги” кейнсчилар ҳам худди шундай йўл тутдилар ва қарзни ҳаддан ташқари мақтов йўлига ўтиб кетдилар. Иккинчидан, Леруа-Боле муқобил йўлларни ҳам тадқиқ этди. У бошқа ҳамма шароитлар ўзгармас бўлганда қарз бўлган ҳолат билан қарз бўлмаган ҳолатни қиёслашдан воз кечди ва муқобиллар бўлганда бошланғич даврга қайтди, сўнгра қарз бўлган ҳолат билан қарз бўлмаган ҳолатни қиёслади. Энди биз давлат капитални фақат эмирмай, балки ўз қарзлари билан жамиятга наф келтириши мумкинлигини билиб олганимиздан кейин қарз юки қандай пайдо бўлади ва у кимнинг зиммасида туради? деган саволни ойдинлаштиришга киришамиз. Бунинг учун қарзларни молиялаштиришнинг бошқа муқобил манбалари – солиқлар ва пул эмиссияси билан солиштириш лозим. Биз ҳозирча пул эмиссияси масаласини четга суриб қўямиз, чунки “кейнсча революция” пул эмиссияси оқибатларига қарашлардаги анъанавий нуқтаи назарларга эмас, балки классик қарз назариясига зарба берди. Фараз қилайлик, харажатлар ўзгармас. Давлат бу харажатларни қарз ёрдамда қоплаган ҳолларда қарзлар солиқлар орқали қопланган ҳолларда учрамайдиган қандай ҳодисалар юз беради? Давлат қимматли қоғозларини сотиб олган харидорлар ресурсларни давлат тасарруфига ихтиёрий берадилар. Қимматли қоғозлар харидорлари давлат харажатларидан кутиладиган нафни сотиб олмайдилар ва, демак, унинг пулини ҳам тўламайдилар. Улар давлатнинг муайян даврийликда фоиз билан пулнинг харид қобилиятини қайтариш ваъдаси учун пул тўлайдилар. Бундай оддий ҳолат классик қарз назариясининг негизини ташкил этади. Давлат қимматли қоғозлари харидорлари қоғозларни сотиб олиш пайтида ҳеч нарсани бой бермасалар, унда ким ҳақиқатан ҳам сотиб олади ва давлатнинг харажатларидан наф ҳақини ким тўлайди, бу нафлар билан қиёслаш мумкин бўлган чиқимлар кимнинг зиммасига тушади? Солиқлар мавжуд ҳолларда жорий солиқ тўловчилар жорий солиққа тортиш ва харажатларни тақсимлаш қоидалари бўйича сотиб оладилар, ҳақини тўлайдилар, зиммасига оладилар, қиёслайдилар. Қарз олинган ҳолларда қарз юки келажак авлодга тушади. Келажак авлод – бу қарз пайдо бўлган вақтдан кейин яшайдиган ҳар қандай одам. Уларнинг яшаш муддати, умри аҳамиятга эга эмас. Бу ўринда гап қарз юкининг конкрет авлодлар ўртасида тақсимланиши эмас, балки қарзнинг вақтга нисбатан кўчиши тўғрисида бормоқда. Қарзлар ҳолатида чиқимлар жорий бюджет даврида пайдо бўлмайди (давлат қарзга олинган маблағларни харжлайди). Чиқимлар келгуси даврга ўтказилади ва ҳар бир қарзга илова қилинадиган тўлов графигига мувофиқ қарзга хизмат кўрсатиш учун сарфланадиган солиқлардан иборат бўлади. Келгусида тўланиши лозим бўлган бу солиқлар ҳозир пайдо бўладиган худди шу солиқ юкидир. Бу ўринда давлат қарзлари хусусий қарзларга ўхшаб кетиши изоҳ талаб этмайди. Ҳақиқатан ҳам ҳар қандай қарздан мақсад харажатлар ўсишини тўловлар муддатини чўзиш билан энгиллаштиришдан иборат. Принцип жиҳатидан солиқларни қарзлардан устун қўйиш мумкин эмас, айниқса харажатлар капитал қўйилмалар бўлганда ва Адамс, Бастебл ва Леруа-Боле талқинидаги классик қарз назариясида “илк” классикларга ўхшаб ҳар жойда ва ҳамиша қарзларни қоралашга асос бўладиган ҳеч нарса йўқ. Download 395.28 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling