9-маъруза. Қисқичбақасимонлар (Crustacea) кенжа типи


Download 53.1 Kb.
bet11/14
Sana17.06.2023
Hajmi53.1 Kb.
#1535486
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   14
Bog'liq
9-мавзу. Маъруза матни

Дарё қисқичбақаси чучук сувларда яшайдиган қисқичбақасимонларнинг йирик турларидан бири. Қисқичбақа ифлосланмаган сув ҳавзалари, дарё ва кўлларда ҳаёт кечиради. У тунги ҳайвон бўлиб, кундузи сув остидаги дарахтларнинг илдизлари ва тошлар остида яшириниб ётади. Тунда эса озиқ қидиришга чиқади. Қисқичбақа ҳаммахўр ҳайвон бўлиб, сувўтлар, чувалчанглар, ҳашаротларнинг личинкалари билан озиқланади. У кўпроқ касалланган ҳайвонлар ва уларнинг мурдасини топиб ейди. Қисқичбақа ҳидни яхши сезади. Шунинг учун қисқичбақа овловчилар тўрга ҳидланган балиқ ёки бақа гўшти солиб қўядилар. Қисқичбақалар сув ҳавзаларининг санитарлари ҳисобланади.
Ташқи тузилиши. Дарё қисқичбақасининг танаси икки қисмдан: бош-кўкрак ва қориндан иборат. Бош қисмида озиқни майдалайдиган жағлари ва икки жуфт мўйловлари жойлашган. Улардан бир жуфти узун, иккинчиси эса қисқароқ ва айри бўлади. Бошининг олдинги қисмида бош-кўкрак қоплагичи узун ўсимта ҳосил қилади. Ўсимтанинг икки ёнида ҳаракатчан поячада иккита мураккаб кўзлари жойлашган. Ҳар бир кўзи кўп сонли майда кўзчалар тўпламидан иборат. Кўзлар поячанинг ҳаракатланиши ва унинг учида жойлашганлиги туфайли орқасидаги нарсаларни ҳам кўра олади. Қисқичбақанинг кўкрак қисми, одатда, 8 та бўғимдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бирида бир жуфт бўғимли оёқлари бор. Кўкрак қисмининг олдинги 3 та бўғимидаги оёқлари ёрдамчи жағ вазифасини бажаради. Шунинг учун улар жағоёқлар дейилади. Улар озиқни тутиш вазифасини ҳам бажаради. Кейинги 5 та бўғимининг ҳар бирида бир жуфтдан ҳақиқий юриш оёқлари бор. Бу оёқларнинг биринчи жуфти кучли ривожланган ва учи қисқич ҳосил қилади. Қисқичлари ёрдамида ўлжасини ушлайди ва оғзига олиб боради: бирон хавф туғилса, ўзини ҳимоя қилади.
Қисқичбақанинг қорин бўлими 6 та бўғимдан иборат бўлиб, дум сузгичлари билан тугайди. Бу сузгичлар эшкак вазифасини бажаради. Қисқичбақа дум сузгичларини олдинги томонга тез-тез силтаб орқага қараб сузиб кетади. Қорин қисмидаги икки айрили оёқлари ёрдамида эса улар олдинга қараб секин ҳаракатланади. Қисқичбақаларнинг урғочилари тухумларини қорин оёқларига илаштириб олиб юради.
Дарё қисқичбақасининг жинсини аниқлашда эркаклари кўкрак қисмининг ингичка бўлишига, танаси урғочилариникига нисбатан кичиклигига ва қорин қисмидаги 1 ва 2 жуфт оёқларининг тузилишига эътибор берилади. Эркакларида бу оёқлар анча ривожланган бўлиб, қўшилиш органларига айланган. Урғочиларида эса улар яхши ривожланмаган, жуда калта бўлади.

Download 53.1 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   14




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling