Овқат ҳазм қилиш системаси. Қисқичбақанинг оғиз органлари 5 жуфт жағлардан иборат. Улар ёрдамида озиқ майдаланади. Ичак найчаси олдинги, ўрта ва кейинги қисмларга бўлинади. Олдинги қисми анча кенгайиб, ошқозонни ҳосил қилади. Ошқозон деворининг ички юзасида хитиндан иборат тишчали бўртмалари бўлади. Ошқозон девори мускуллари қисқарганда бу бўртмалар озиқни худди "тегирмон" тошдек майдалайди. Шунинг учун ҳам у ошқозон "тегирмони" деб айтилади. Ошқозон ўрта ичакка очилади. Ўрта ичакка ҳазм қилиш ширалари ишлаб чиқарадиган ва "жигар" деб аталадиган иккита йирик безларнинг найлари очилади. Безлар шира ажратиш билан бирга ҳазм бўлаётган озиқни сўриб олиб, уни қонга ўтказишда ҳам катта аҳамиятга эга. Кейинги ичак тананинг энг охирги бўғимида жойлашган анал тешиги орқали ташқарига очилади.*
Қон айланиш системаси. Дарё қисқичбақасининг қон айланиш системаси очиқ бўлади. Агар қисқичбақанинг бош-кўкрак қисмини орқа томонидан қоплаб турадиган қалқони қайчи билан кесиб олиб ташланса, унинг остида жойлашган беш қиррали сарғиш рангли юрагини кўриш мумкин. Юракдан чиққан қон томирлари учи тана бўшлиғига очилади. Қон органларга кислород, озиқ моддалар етказиб беради ва карбонат ангидридни, шунингдек, суюқ айириш маҳсулотларини йиғиб олади. Бу ердан қон қисқичбақалар кўкрак оёқларининг асосида жойлашган жабраларга боради. Сувда эриган кислород жабралар орқали қонга, карбонат ангидрид эса ташқи муҳитга чиқарилади ва натижада газлар алмашинуви юз беради. Кислородга тўйинган қон юрак тешикчалари орқали юраколди бўшлиғидан юракка ўтади ва юрак қисқариши натижасида у ердан томирлар орқали яна органлар орасига оқиб боради.
Нафас олиш органлари. Барча сув муҳитида яшайдиган ҳайвонлар сингари қисқичбақа ҳам жабралари ёрдамида нафас олади. Бу жабралар дарё қисқичбақасининг кўкрак оёқлари асосида жойлашган. Улар бир неча қават бўлиб жойлашган оқиш рангли жуда юпқа патсимон ўсимталардан ташкил топган. Жабраларда жуда кўп майда қон томирлари бўлади ва ана шу томирларнинг девори орқали қонга кислород ўтади, карбонат ангидрид гази эса сувга ажралиб чиқади.
Do'stlaringiz bilan baham: |