Маймандий:- (кулиб)Битта ёмби ўнта ёмби бўлиб қайтиб келади.
Мулозим киради.
Мулозим:- Улуғ султон, Хоразмдан Қоратегин келибди.
Маҳмуд:- Дарҳол кирсин ҳузуримга!
Мулозим:- Хўб бўлади, султоним.
Мулозим чиқиб кетади.
Маҳмуд:-Ўз вақтида етиб келди. Жуда яхши! Жуда соз!
Қоратегин кириб таъзим қилади.
Қоратегин:- Улуғ султон, Хоразмдан сизга салом келтирдим.
Маҳмуд:- Яхши. Гапир Хоразмнинг аҳволидан!
Қоратегин:- Хоразм гуллаб, яшнаб кетган. Сув ичади Жайҳундан.Боғларидан
бол томади, серҳосилдир тупроғи.Касбу ҳунар, деҳқончилик ривож топган жуда
ҳам. Шаҳарлари, бозорлари жуда обод, савдода Хоразмга тенг келурлик
мамлакат оз жаҳонда.Чунки улуғ савдо йўли Хоразмдан ўтади.Бухородан,
Самарқанддан, Ҳиндистондан, Хитойдан Хоразмга савдогарлар келиб турар
пайдарпай. Булғорларнинг юртидан ҳам, Кавказ, Миср, Юнондан Хоразмга
келадиган савдогарлар беҳисоб.
Маҳмуд:- Туганмас бир кон десанг-чи!
Қоратегин:- Худди шундай, султоним! Илму фанга кўп эътибор бермакдадир
Маъмуншоҳ, Саройига етти иқлим олимлари тўпланган.Турли ёқдан келган
шоир, рассом, хаттот ҳисобсиз. Шоҳ Маъмуннинг хизматида созандалар,
машшоқлар. Аммо лекин олимларнинг жуда кўпи даҳрийдир, Алалхусус, Абу
Райҳон, Ибн Сино хавфлидир. Берунийнинг фикрлари мутлақо зид
қуръонга,дини ислом, шариатга хавф солмоқда Беруний.
Маҳмуд:- Қандай қилиб, бундай бадкор, диндан қайтган олимни саройида
сақламоқда Хоразмшоҳ!
Қоратегин:- Чунки у ўшаларга ён босади.
Маҳмуд:- Нима дейди муллалар?
Қоратегин:- Муллаларнинг Берунийни отиш учун ўқи йўқ!Улар шоҳдан
ранжиганлар, сиздан мадад кутади. Сизни дуо қилмоқдалар мачитларда туну
кун.Сизга улар нусрат тилар шому саҳар худодан, муллаларнинг кўзи сизнинг
йулингизда, султоним!
Do'stlaringiz bilan baham: |