Adabiyotshunoslik kafedrasi


-мавзу: Аҳмад Югнакий ва унинг асарлари тўплами


Download 1.4 Mb.
bet13/24
Sana30.03.2023
Hajmi1.4 Mb.
#1309193
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   24
Bog'liq
Ўзбек адабиёти тарихи ва янги ўзбек адабиёти (2)

7-мавзу: Аҳмад Югнакий ва унинг асарлари тўплами
Режа:

  1. Аҳмад Югнакий ижоди ҳақида маълумот.

  2. “Ҳибатул-ҳақойиқ” достони ва унинг тузилиши.

  3. Достонда илм-маърифат, одоб-ахлоқ масалалари.

  4. Достоннинг бадиий хусусиятлари.

Адабиётлар:

  1. Н.Маллаев. Ўзбек адабиёти тарихи. – Тошкент: Ўқитувчи, 1977.

  2. Ўзбек адабиёти тарихи. - Тошкент: Фан, 1977.

  3. Қадимий ҳикматлар. – Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1987.

Назорат саволлари:

  1. Аҳмад Югнакий ҳаётий фаолияти ҳақида нималар биласиз?

  2. “Ҳибатул-ҳақойиқ” достонида илм-маърифат масаласи қандай ёритилган.

  3. “Ҳибатул-ҳақойиқ” достонида қандай иллатлар фош этилган?

  4. “Ҳибатул-ҳақойиқ” достонида қандай фазилатлар улуғланган?

  5. “Ҳибатул-ҳақойиқ” достони тузилиши ҳақида маълумот беринг.

  6. “Ҳибатул-ҳақойиқ” достонида дин ва шариат масалалари қандай ёритилган?

  7. “Ҳибатул-ҳақойиқ” достонида амалдор ва зодагонларга қандай мурожаатлар мавжуд?

  8. “Ҳибатул-ҳақойиқ” достони кимга бағишланган?

  9. “Ҳибатул-ҳақойиқ”нинг қандай нусхалари мавжуд?

  10. “Ҳибатул-ҳақойиқ” достонининг мумтоз адабиётимиз ривожидаги ўрни ҳақида маълумот беринг.

Аҳмад Югнакий истеъдодли шоир ва донишманд мураббийдир. Ундан сақланиб қолган ягона адабий мерос “Ҳибатул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар армуғони”) достони бадиий сўз санъати ва адабий тилининг жуда қимматли ҳамда нодир ёдгорлигидир.
Аҳмад Югнакийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ниҳоятда оз маълумот сақланиб қолган. Унинг ҳаёт йўллари, ижтимоий турмуши ва бошқалар мавжуд эмас. Асарнинг айрим мисралари, унинг нусхаларига бошқалар томонидан ёзилган қайдлар шоирнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида, бир оз бўлса ҳам тасаввур ҳосил қилишга имкон беради.
Адиб Аҳмад айттим адаб, панд сўзим,
Сўзим мунда қолур, борур бу ўзим.
Юқорида таъкидланган “Адиб Аҳмад” сўзлари адиблик-шоирлик Аҳмад Югнакийнинг асосий машғулоти, касб-кори бўлганидан далолат беради. Достоннинг бир нусхасидаги Арслонхўжа Тархон (XV аср темурий амалдорларидан) қайдларида қуйидаги маълумотлар бор :
Адибнинг ери оти Югнак эрур,
Сафолик оний ер, кўнгуллар ёрур.
Отасининг оти – Маҳмуд Югнакий,
Адиб Аҳмад ўғли, йўқ ул ҳеч шаки.
Адибнинг ери оти Югнак эрур,
Сафолик ажаб ер, кўнгуллар ёрур.
Китобининг оти эрур Ҳибатул –
Ҳақойиқ – ибрат арабдин ўшул.
Тамоми эрур қошғарий тил била,
Айитмиш Адиб риққати дил била.
Бу қайдлардан шоирнинг оти Аҳмад, отасининг исми Маҳмуд, ватани Югнак, китобининг номи “Ҳибатул - ҳақойиқ” экани маълум бўлади. Югнак (ёки Юғноқ) номли жой Фарғона водийсида ҳам, Туркистон ва Самарқанд атрофида ҳам бўлган. Лекин Аҳмад Югнакийнинг булардан қайси бири таваллуд топгани аниқ эмас. Е.Э.Бертельс Югнак шаҳрини Фарғона водийсида жойлашган деб кўрсатса, В.В.Бартольд бу шаҳар Самарқанд вилоятида жойлашганини таъкидлайди. Тарихий манбалардан Ибн Ҳавқал асарида Югнак шаҳри “Ағноқ” шаклида ёзилиб, Самарқанд теварагига ўрнашганлигини айтиб ўтади. Туркистон шаҳри атрофида жойлашган “Югнак” тепа харобаси ўрнида ҳам бўлиши мумкин.
Қуйидаги номаълум шахс томонидан ёзилган қайдда шоирнинг кўзи ожиз бўлгани ва китобининг 14 бобдан иборат эканлиги айтилади:
Туға кўрмас эди адибнинг кўзи
Тузатти бу ўн тўрт боб ичра сўзи.
Алишер Навоий ҳам Аҳмад Югнакий ҳақиқатдан кўр бўлганлигини, лекин унинг дили, кўзи очиқ, соғ кишиларга нисбатан равшанлигини “Насойимул-муҳаббат” асарида эслаб ўтади.
“Ҳибатул - ҳақойиқ” асарининг дастлабки нусхалари фанга асримизнинг бошларидан эътиборан маълум бўлди. Ҳозир унинг бош қўлёзма нусхаси маълум.
Биринчи жаҳон уруши бошларида турк олими Нажиб Осим Истамбулдаги Аё-Сафия масжидининг кутубхонасида мўғул тилидаги рисола (рисолалар) тўпламига киритилган бир қўлёзмани топди. Топилган қўлёзма ҳали илм оламига маълум бўлмаган Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул-ҳақойиқ” достони бўлиб чиқди. Қўлёзма 1480 йилнинг 30 январида, ҳижрий 884 йилнинг 7-зулқаъда ойида Истамбулда Абдураззоқ Бахший томонидан кўчирилган бўлиб, котиб XV асрда уйғур ёзуви билан кўчирилган текстга мисралардан кейин арабча транскрипцияда ва форс-тожик тилида айрим изоҳлар ҳам берилди.
“Ҳибатул - ҳақойиқ” 254 байтдан иборат. Аслида улар ўн тўрт бобга жойлаштирилган. Бу ҳақда Адиб Аҳмад “Тузатдим бу ўн тўрт боб ичра сўзим” деб ёзган эди. Аммо араб алифбосига кўчирилган нусхасида айрим бобларни кўрсатувчи сарлавҳалар тушириб қолдирилган. Шунинг учун ҳам асар бобларининг сони камайиб кетди.
Аҳмад Югнакийнинг ўз асарини ёзишда Шарқ адабиёти анъанасини давом эттириб, аввалги бобда ҳамд (1-10 байтлар), II бобда (11-19 байтлар) наът келтиради. Булардан сўнг III бобда (20-33 байтлар) шоир ўз асарини бағишланган шахс – Дод Сипоҳсолорбек номини тилга олиб, унга мақтовлар айтади ва уни бир неча ўринда меценат сифатида тилга олади. Жумладан, Аҳмад Югнакий ўқимишли кишилар севинсин деб китоб ёзганлигини, уни шоҳга совға қилганлигини, китобнинг ҳиммати юксак, саҳовати биланд, кишиларнинг дардига дармон эканлигини қайд этиб ўтади. Тўртинчи бобда “Ҳибатул - ҳақойиқ”нинг ёзилиш тарихи ҳақида сўз боради:
Бешинчи боб (40-62-байтлар) билим мақтови ва жоҳилликнинг зарари, олтинчи боб (62-86-байтлар) тил одоби ва уни тийиш, еттинчи боб (87-110-байтлар) дунёнинг фонийлиги ёки айланиб туриши, саккизинчи бобда сахийлик ва баҳиллик ҳақида сўзланади. Тўққизинчи ва ўнинчи боблар (176-226-байтлар) турли масалалар ҳақида гапирилади, ўн биринчи боб (227-235-байтлар) китобнинг хотимасидир.
Битидим китоби мавоиз масал,
Ўқуса тотир тил емиштан асал...
Адиб Аҳмад айттим адаб-панд сўзим,
Сўзим мунда қолур, борур бу ўзим.
Калур куз, кечар ёз, борур бу умур,
Тугатти умурни бу ёзим, кузум.
Онни уш чиқартим бу туркча китоб,
Керак қил теб, эй дўст, керак қил итоб.
Битдим бу тангсуқ туроф сўзларин,
Қали борса ўзум отим қолсу теб.
“Ҳибатул - ҳақойиқ”ни XII асрнинг охирлари - XIII асрнинг бошларида ёзилган деб ҳисоблаш мумкин. Асарни лексик, фонетик, грамматик хусусияти, бир томондан, “Қутадғу билиг”га яқинлашса, иккинчи томондан “Қиссаи Рабғузий”га жуда монанддир. Шунга кўра, Е.Э.Бертельс қадимги ўзбек адабий тилида классик ўзбек адабий тилига ўтишда “Ҳибатул - ҳақойиқ” “кўприк” бўлиб хизмат этган деб кўрсатади. Ҳақиқатдан ҳам, бу асарда эски ёки мумтоз ўзбек адабий тили ўтишда “кўприк” вазифасини бажарувчи лексик, фонетик ва грамматик хусусиятлар учрайди.
Аҳмад Югнакий ўзидан илгари ўтган мутафаккирлар каби ижтимоий-сиёсий ҳаётда илм-маърифат зарур эканлигини таъкидлайди. Шунингдек, жаҳолат кишилик жамиятини тушкунликка солади деб қарайди. Шунинг учун шоир ўз асарларида илм-маърифатнинг аҳамияти ва жаҳолатнинг зарари ҳақидаги фикрларини талқин қилиш учун кўп ўрин берган. Аҳмад Югнакий инсон ҳаётида бахт-саодатга эришиш учун илмли бўлиши керак деб билади.
Аҳмад Югнакий Ўрта Осиё илм-фаннинг йирик ўчоқларидан бири бўлиб, оламшумул фан арбобларини етиштирган бир даврда яшади. У Юсуф Хос Ҳожиб каби илм-фанни ёқлайди, олимлар ва фозилларни улуғлайди, маърифатпарварликни тарғиб қилади, кишиларни илмли, маърифатли бўлишига чақиради, жаҳолатга қарши курашади.
Аҳмад Югнакий илм-маърифатни “Ҳибатул - ҳақойиқ”нинг марказий масалаларидан бири қилиб қўйди, достоннинг асосий қисмини (5-боб-1-нав) худи шу масала билан бошлади, бошқа боблардаги ахлоқ-одоб масалаларини ҳам илм-маърифат ва олимлар донишмандлиги билан боғлади. Достон Аҳмад Югнакийнинг XII асрнинг донишманд маърифатпарвари ва илмнинг жарчиси сифатида гавдалантиради. Шоир олим билан жоҳилнинг бир-бирига қарама-қарши қўяди, олим илм билан бахт-саодат йўлини топса, жоҳил нодонлиги туфайли кўргуликларга гирифтор бўлади, илм ва олимни қадрлаш, илм ўрганишга тиришиш лозим деб ҳисоблайди.
Биликтин оюрман сўзимга ула,
Биликликка, ё дўст, ўзингни ула.
Биликли бирла билинур саодат йўли,
Билимли бил саодат йўлини бўла,
Баҳолиқ динор ул билимли киши,
Бу жоҳил биликсиз – баҳосиз биши.
Биликлик биликсиз қачон тенг бўлур?
Биликлик тиши – так эранга билик.
Эрон кўрки – ақл, ўз сунгакнинг – йилик
Биликсиз – йиликсиз сўнгаксиз холи.
Биликлик эр ўлти, оти ўлматур,
Биликсиз эсон эркан, оти ўлук...
“Ҳибатул - ҳақойиқ” дидактик достон бўлиб, ахлоқ-одоб масалалари унда кўпчилик бобларнинг мавзу асосини ташкил этади. Шоир тил одоби, сахийлик, бахиллик, камтарлик, эзгулик ва бошқалар ҳақида худди Юсуф Хос Ҳожиб каби замонасининг пешқадам мураббийси сифатида фикр юритиб, кишилар ўгит берди. Рост, соғлом ва мазмунли сўзлашни, керак бўлганда сир сақлай олишни мақтаб, лақмалик, ёлғон сўзлаш ва сергакликни қоралаган шоир тилни тийиш одобнинг боши дейди. Шоир кишиларни бировни аччиқ ва ёмон сўзлар билан ранжимасликка чақириб, тилнинг яраси битмас ярадир дейди.
Шоир кишиларни бировнинг аччиқ ва ёмон сўзлар билан ранжитмасликка чақириб, тилнинг яраси битмас ярадир дейди.
Ўчуқтурма эрни тилин, бил, бу тил
Башактурса, бутмас, бутар ўқ боши.
(Тилинг билан ўч ҳиссини қўзғама, бил, ўқ яраси битиб кетади-ю, лекин тил яраси битмайди).
Муаллиф асар бобларида ижтимоий ҳодисаларни, турли объектларни, тушунчаларни турлича ташбеҳ ва метафоралар орқали ифодалайди, ҳаётдаги ижобий ва салбий воқеаларга ўз нуқтаи назарини аён эта беради. Асарда ифодаланган қатор зиддиятлардан бири маърифат билан жоҳилликдир.
Аҳмад Югнакий яшаган даврда бой табақа билан муҳтожлар ўртасидаги зиддиятлар анча кучли тус олганлиги сезилади. Шунга кўра, шоир ижтимоий маҳсулот улушидан кўп ҳисса олган бой табақалар саховат йўли билан қашшоқ кишиларга кўмак беришни тавсия қилади. Йўқсулларга моддий ёрдам бермаган иқтисодий томондан устун гуруҳларни бахил, ҳасис деб атайди. Бу иқтисодий зиддиятларни саховат билан баҳиллик, хасислик атамаларини қаршилантириш орқали ойдинлаштиради.
Шоир достоннинг тўртинчи навида сахийлик ва бахиллик ҳақида сўзлаб, ҳиммат ва сахийликни бахиллик ва зиқналикка қарама-қарши қўяди, бу масалаларга доир пандомуз мулоҳазаларни, қисман бўлса-да, бошқа бобларга ҳам сингдиради, бадиий тил воситаларидан, хусусан, ўхшатишлардан ва халқ мақоллари ҳамда таъбирларидан фойдаланади.
Ахи арни ўггил ўгар эрса сан,
Бахилга қатиғ ё ўқун кизлагил.
(Мақтанмоқчи бўлсанг, сахийликни мақта, бахилларга ўй-ёйни тўғрила).
Ҳиммат ва саҳоватни инсоннинг энг яхши фазилати, сифатида таърифланади. Шоир турли йўллар билан мол-дунё орттирган, бойлигидан на ўзи ва на бошқалар файз топмаган бахил ва зиқна кишиларни аччиқ танқид қилади.
Ҳарис тўймас очун ненгини теран,
Ҳарислик қаримас, идиси қарин.
Ҳарисликни қўюр ҳарис эр қачон?
Ўлуб йитса тупроқ ичига кирип.
(Ҳарис киши дунё молини йиғиб олса ҳам тўймайди, ҳарис киши киши қариса ҳам унинг ҳарислик одати қаримайди. Ҳарис киши ўлиб, тупроққа кўмилса ҳам ҳарисликдан воз кечмайди).
Бахил йиғди зар-сим ҳаромтин ўкули,
Вобал кўтру борди, узала сўкуш.
Улуш бўлди моли кишилар аро.
Бахил олди андин сўкунчтин улуш...
Камуғ қозғонли очун мелини
Еюмади, борди, кўринг ҳолини.
(Бахил ҳаромдан (ҳазар қилмай) кўп олтин-кумуш йиғади, ўзи ўлиб кетади, бироқ ҳақоратларга қолади. Ўзи ўлгандан сўнг молини бошқалар улашиб олади, бахилга ҳақоратларгина улуш бўлиб қолади... Дунёнинг талай молини қўлга киритиб, елгай-ичмай кетган кишининг ҳолини кўринг).
Бахиллик ва зиқналикни қаттиқ танқид қилган шоир, бу иллатни таг-томири билан қирқиб ташлаш керак , деган хулосага келади.
Йимишсиз йиғоч – так карамсиз киши,
Йимишсиз йиғочни кесип ўртагил.
Шоир амалдорларни, зодагонларни марҳаматли ва шафқатли бўлишга чақиради, арзимас сабаб ёки бирор баҳона билан кишиларни ўлимга маҳкум қилиш ва жазолашга қарши исён қилади.
Бу бир айбдан ўтру бошин кесгучи
Очунда тирилгу кишисиз қолур
(Агар бир айб билан бош кесилса, дунёда бир тирик одам қолмайди).
Асарда камтарлик билан кибрлик қарама-қарши қўйилиб, камтарлик инсонга безак, яхши хислат, бахт-саодатга етакловчи бир белги деб кўрсатилади. Кибр инсонга хос белги эмас, у кишини тубанлаштиради, одамгарчиликдан чиқаради дейди.
Аҳмад Югнакий ислом динини эътироф қилади ва уни идеаллаштиради. Достоннинг дастлабки мисраларини худо, Муҳаммад пайғамбар ва тўрт ҳалифага бағишлаб қуръон оятларини келтириш билан бошланади. Йўқсил ва қашшоқ кишиларнинг турмушига ачиниб, ҳимматсиз давлатмандларни қоралаб, уларни мурувватли ва марҳаматли бўлишга ундаган шоир бойлик ва қашшоқликни худонинг “амр-ифодаси”, тақдири – азал билан боғлайди.У кишиларни художўйликка, тоат-ибодат қилишга, бандалик қоидаларига тўла содиқ бўлишга чақиради, ислом ғариб бўлди, худога тобелик мажозий нарсага айланиб қолди деб шикоят қилади.
Ғариб эрди ислом, ғариб бўлди боз,
Ибодат риё бўлди, обид-мажоз.
Харобот ўрами бўлуб ободон,
Хароб бўлди масжид, бутун бенамоз.
“Бир кун бор ёрин йўқ бу дунё нанги” – “Дунёнинг буюмлари бугун бор-у, эртага йўқ” деган шоир дунёни бир работга, ҳаётни карвонга ўхшатади.
Аҳмад Югнакий фикрича, “фоний дунё” заҳарли илонга ўхшайди, у роҳат кўриш учун эмас, балки азоб чекиш учун яратилган, унинг турли-туман аччиқ томонларига кўникиш, уларга сабр-чидам билан бардош бериш керак; бахт-роҳат эса тушдир, хаёл ёки қушнинг бир зумда учиб ўтишидир.
Шоир ўз асарларида ғоявий ниятнинг равшанлиги, таъсирчанлигига эришиш учун тасвир воситаларидан ижодий фойдаланган. Тил воситаларидан ташбеҳ бадиий хусусиятини оширган.
Асарда инсонларга хос хусусиятларни табиат ҳодисаларга нисбат қўллаш ёки метафора усулини ишлатиш мавжуд. Булут ўлтанур (уялур), очун кулчизар (кулиб боқар), ниқоб кўтрур (кўтарур) очун каби мисраларни учратиш мумкин.
Шоир бадиий восита сифатида қўллаган тазод усули асарда анча учрайди: ёлғон – кўни; йин – шифо; кунилик – эгрилик; бойлик – чиғойлик; ободлик – хароблик, сугин – аччиқ; роҳат-ранж; бахиллик – аҳиллик; тавозу – кибрлик; эсиз – адгу; бало – фараҳ; атлас – бўз; минг – бир; ўнг-сўнг; хайр-кузоф; ҳалол – ҳаром; маза – аза; асал – ари; ранж – ганж каби сўзлар мавжуд.
Асарнинг бадиий хусусиятини ошириш учун муаллиф томонидан айрим ўринларда ула-қулоқ сол, ула-боғлан, эртагил-излагил, эр тегил – эр дегин каби сўз ўйинлари қўлланган:
Биликтин аюрмен сўзумга ула,
Биликка ё дўст узунгим ула.
Бутун қилғи феълин ўта эртагил,
Карам кимда бўлса ани эр тегил.
Бу бадиий тил воситаларидан ташқари асарда такрир ёки аллитерация усулини ҳам учратиш мумкин. Асарда учрайдиган тил воситалари достоннинг бадиий хусусиятларини бойитишга хизмат қилган.
Алишер Навоий туркий тилда айтилувчи қўшиқлар ёки туюқлар аруз вазнининг рамали мусаддаси мақсур баҳрига тушишини таъкидлайди. Шунингдек, туркий тилда баъзи қўшиқлар аруз вазнининг мадади муаммони солим, рамали мусаммани маҳзуф мунсариҳи матвийи мавҳуф, ҳазажи мусаддаси мақсур баҳрларига тушишини, бошқа халқ қўшиқлари эса аруз вазнига мос келмаслигини уқтиради.
“Девону луғотит турк”да келтирилган қадимги халқ қўшиқлари, мақомлари кўп ўринда етти, саккиз, тўққиз, ўн, ўн бир, ўн икки, ўн тўрт ва ўн беш ҳижолидир. Иккилик ва тўртлик шаклида берилган халқ қўшиқлари, мақолалардаги ҳикоялар сони ва сифати аруз вазнига мосдир. Шунингдек, бу халқ қўшиқларида сабаб, ватад ва фосила тузилиши ҳам бундан далолат беради. Ўн бир бўғинли халқ қўшиқларидан баъзилари аруз вазнининг мутақариб баҳрига тушади.
Ўн беш бўғинли айрим халқ қўшиқлари аруз вазнининг рамали муаммони мақсур баҳрига мос келади. Ўн икки бўғинли баъзи халқ қўшиқлари мутадорики мусаммани солимга мосланган. Аҳмад Югнакий “Ҳибатул-ҳақойиқ”ни ёзишда халқ қўшиқларидаги ютуқлардан фойдаланган. Шунингдек, асар қадим халқ қўшиқларида қўлланган вазн шакллари билан бирлашиб кетган туркий арузнинг мутақариб баҳрида ёзилган. Достондаги ҳамма шеърлар мутақариби мусаммани мақсур ёки мутақариби муаммони маҳзуф шаклига мос келади.
“Ҳибатул-ҳақойиқ”нинг кўп қисми тўртликлардан ташкил топган. Бу тўртликлар вазн тузилиши жиҳатидан рубоийлардан фарқланади. Асардаги тўртликлар аруз вазнининг мутақариб баҳрида ёзилган. Мумтоз адабиётимизда учрайдиган рубойилар одатда аруз вазнининг ҳазаж баҳрида битиб келинган. Шунга кўра, асардаги мавжуд тўртликларни шартли равишда рубоий дейиш мумкин.
Аҳмад Югнакийнинг ўз асарини ёзишда халқ оғзаки адабиётидан фойдаланиш, шунингдек, “Қутадғу билиг”даги каби аруз вазнини қўллаш унинг ўзидан илгари ёзилган асарлардаги анъаналарни давом эттирганлигини кўрсатади. Шунингдек, асарда шеърларнинг ғазал, маснавий шаклларида берилиши, аруз вазнининг қўлланилиши араб, форс, ва туркий халқларнинг ўзаро адабий алоқалари жуда қадимдан бошланганлигини кўрсатади.
“Ҳибатул-ҳақойиқ” Ўрта Осиёда яшовчи туркий халқлар адабиётининг кейинги давридаги тараққиётига катта ҳисса қўшган асардир. Шу боис Алишер Навоий “Насоимул - муҳаббат” асарида ҳамда Султон Ҳусайн Бойқаро ўз ўғли Бадиуззамонга ёзган мактубида “Ҳибатул-ҳақойиқ”дан парчалар келтиради ва шоир ҳақида маълумотлар бериб ўтади.
“Ҳибатул-ҳақойиқ” ҳам “Қутадғу билиг” сингари арузнинг мутақариб баҳрида (фаилун фаилун фаилун фаилун) яратилган. Аҳмад Югнакий асосан, бу баҳрнинг ҳижо тузилиши қоидасига риоя қилса, бироқ вазннинг равонлигини таъминлаш мақсадида баъзан ҳижоларнинг чўзиқлиги ва қисқалиги қоидаси доирасидан четга чиқиб, ҳижонинг шаклигагина эмас, балки ўқиш ва талаффузига ҳам кўпроқ эътибор беради. Шунга кўра у унли товуш билан тугалланган ҳижоларнинг баъзан аруз қоидасига қарама-қарши равишда чўзиқ ҳижолар ўрнида қўллайди, бошқа сўз билан айганда, “имола” деб номланган усулни қўллайди.
“Ҳибатул-ҳақойиқ”нинг муқаддима боблари ғазал йўлида қофияланган бўлиб, боблар халқ қўшиқларига хос “а-а-б-а” тўртлик тарзда қофияланган. Бироқ айрим ўринларда тўртлик қофияси бузилади. Бу ҳолат китобдан нусха кўчиришда котибларнинг эътиборсизлиги билан содир бўлгани ёки асли шундайми номаълум.
“Ҳибатул-ҳақойиқ” қадимги туркий адабий тилнинг қимматли ёдгорлигидир. Асарда “Қутадғу билиг”дагидек қадим (кийим), келинни (кейинги), адоқ (оёқ), қўд (қўй-“қўймоқ” феъли) каби сўзлардаги “д” археик элемент, адиз (баланд), очун-ажун (дунё), акши (карвон), чиғай (қашшоқ, гадо) каби археик сўзлар сезиларли даражада учраса ҳам, лекин бу достоннинг тили “Қутадғу билиг”нинг тилига нисбатан кейинги адабий ёдгорликларнинг тилиги хийла яқинроқдир. Бу ҳол эски туркий адабий тилнинг турли шевалар ҳисобига ва маълум даражада форс-тожик ва арабча сўзларни ўзлаштириш йўли билан тараққий этиб борганини кўрсатади.
Халқ мақоллари ва таъбирлари достоннинг тилини ҳам, мазмунини ҳам бирмунча бойитади. Халқ мақолларига алоҳида эътибор берган шоир бундай деган эди:
Безодим китоби мавоиз, масал,
Боқиғил, ўқуғли осиғ олсу теп.
(Ўқиган ва эшитганлар фойдалансин деб китобимни насиҳат ва мақоллар билан безадим).
Ўчуктурма эрни тилин, бил, бу тил
Башоқ турса, бутмас, бутар ўқ боши.
(Тилинг билан ўч ҳиссини қўзғама, бил: ўқ яраси битиб кетади-ю, тил яраси битмайди).
Оримас неча юса қон била қон.
(Қонни қон билан ювиб (тозалаб) бўлмайди).
Аҳмад Югнакий “Ҳибатул-ҳақойиқ” достони билан қадимий туркий тили ҳамда адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшди.

Download 1.4 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   24




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling