Adabiyotshunoslik kafedrasi


-мавзу: Аҳмад Яссавий ҳаёти ва ижоди


Download 1.4 Mb.
bet15/24
Sana30.03.2023
Hajmi1.4 Mb.
#1309193
1   ...   11   12   13   14   15   16   17   18   ...   24
Bog'liq
Ўзбек адабиёти тарихи ва янги ўзбек адабиёти (2)

9-мавзу: Аҳмад Яссавий ҳаёти ва ижоди
Режа:

  1. Аҳмад Яссавий ҳақида маълумот.

  2. “Девони ҳикмат”нинг яратилиши.

  3. “Девони ҳикмат”да тасаввуфий қарашлари.

  4. “Девони ҳикмат” бадиияти.

Адабиётлар:

  1. Маллаев Н. Ўзбек адабиёти тарихи. –Тошкент: Ўқитувчи, 1977.

  2. Ўзбек адабиёти тарихи. 5 томлик. 1-том. –Тошкент: Фан, 1977.

  3. Аҳмад Яссавий. Хикматлар. –Тошкент: Ғафур Ғулом номадаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1990.

Назорат саволлари:

  1. Аҳмад Яссавий қаерда таваллуд топди?

  2. Аҳмад Яссавий аждоди ва авлодлари ҳақида нима биласиз?

  3. Аҳмад Яссавий ҳақида қандай ривоятлар бор?

  4. “Девони ҳикмат” нусхалари ва улар ўртасида қандай фарқ бор?

  5. Аҳмад Яссавий ҳикматларида қандай унинг номлари тилга олинган?

  6. “Девони ҳикмат” шўро даврида қандай ўрганилган?

  7. “Девони ҳикмат”да дин ва тасаввуф масаласи ҳақида ёритинг.

  8. “Девони ҳикмат” тили ҳақида нималар биласиз?

  9. “Девони ҳикмат”нинг поэтик образлари тўғрисида маълумот беринг.

  10. “Девони ҳикмат” ва Яссавий ижоди мустақиллик йиллари қандай ўрганилди?

Аҳмад Яссавий тасаввуфнинг ва тасаввуф адабиётининг йирик вакили, яссавия (ёки жаҳрия) тариқатнинг асосчисидир. Халқ орасида Аҳмад Яссавий шахси ҳақида турли афсона ва ривоятлар тарқалган. Ўрта Осиё, Қозоғистон, Татаристон, Туркия ва бошқа ўлкаларда кенг шуҳрат топган бу шайхнинг шахсига доир тарихий ҳақиқатни аниқлаб олиш мушкуллик туғдиради.
Аҳмад Яссавий (Туркистон)да руҳоний – шайх оиласида туғилади. Отаси Иброҳим Ясси ва Сайрамда узоқ йил шайхлик қилган ва кўплаб муридлари бўлган. Ривоятлар Шайх Иброҳимни унинг отаси Маҳмуд, бобоси Ифтихор ва бошқалар орқали Муҳаммад пайғамбарнинг қизи – Фотима наслига боғлайди. Аҳмад Яссавийнинг болалик йиллари Сайрамда ўтди. Гўдаклик чоғида отаси вафот этиб, Арслонбоб деган эшоннинг қўлида қолади. Арслонбоб ҳам вафот этгандан кейин Бухорога бориб машҳур мутасаввуф Юсуф Ҳамадонийдан тасаввуф бўйича таълим олади. Юсуф Ҳамадонийнинг вафотидан кейин унинг ўрнига ҳалифалик қилади, сўнг йирик бир мутасаввуф сифатида Туркистон музофотига қайтиб келади. Аҳмад Яссавий шайх сифатида танилди, муридлар кўпайиб, авлиё сифатида танилди. Аҳмад Яссавийнинг шуҳрати ортди, унинг тўғрисида афсона ва ривоятлар юзага келди. “Мадинада Муҳаммад, Туркистонда Хожа Аҳмад” деган овозалар тарқалади, турли жойлардан “пирга қўл бериш учун” кўплаб кишилар келади.
Ривоятларга кўра Аҳмад Яссавий пайғамбардан ортиқ умр кўришни (Муҳаммад С.А.В 63 ёшда вафот этган) гуноҳ деб билиб 63 ёшида ертўлага – чиллахонага кирган эмиш. 60 кеча-кундуз рўза тутган эмиш, умрининг охирги йилларини ўша чиллахонада нуқул тоат-ибодат билан ўтказган эмиш. Айрим манбаларда, жумладан Мавлоно Хусомиддин Соғноқийнинг рисоласида Аҳмад Яссавий 130 йил умр кўрган деб маълумот берилади. Бироқ кўпчилик манбаларнинг кўрсатилишича, Аҳмад Яссавий 1166 (562) йилда вафот этган.
Аҳмад Яссавий халқ бошига кўп қийинчиликлар ва мусибатлар ёғдирилган даврларда яшаб ижод қилди. У турк ҳукмронлари – қорахонийлар билан қорахитойлар ўртасидаги урушлар ва уларнинг даҳшатли оқибатларини кўрган, шеърларида бу фожиаларга муносабатларини билдирган.
Сайрам, Туркистон шаҳарларидаги ва уларнинг атрофидаги “муқаддас” мозор, қадамжой ва зиёратгоҳларнинг бир қанчаси Аҳмад Яссавий ва унинг аждодлари номига қўйилган. Сайрамнинг турли жойларида Аҳмад Яссавийнинг отаси Шайх Иброҳимнинг, онаси Қорасоч момонинг, ака-укалари Латиф ота ва Мустафақули оталарнинг қабри бор. Аҳмад Яссавийнинг ўзи ҳам Яссида дафн қилинган. Буюк Амир Темур 1395-1397 йилларда Аҳмад Яссавийнинг эски қабри ўрнига катта ва муҳташам мақбара қурдирган. Ривоятларга кўра Олтин Ўрда хони Тўхтамиш Яссавий авлодининг мол-мулкини талаган экан, Тўхтамишни енгган Амир Темур бу мол-мулкни ундириб олибди ва унинг эвазига бир катта мадраса қуришга рухсат берибди, бироқ унинг вафотидан кейин бу иш амалга ошмай қолибди. Бошқа феодал ҳукмдорлар ҳам Аҳмад Яссавий ва унинг мозорига эътиқод ва ихлос билан қараганлар. Қўқон хони Амир Умархон 1819 йилда Туркистонга юриш қилганида 70 қўй сўйдиради, шайхларга инъом беради. Чор қўшинлари Туркистонни босиб олган вақтда Яссавий мақбарасини қайта тиклаш учун 1884 йилда 15000 сўм пул ажратган.
Туркистонда Аҳмад Яссавийнинг мақбараси яқинида 1896 йилга қадар бир қабр бўлган ва у қабр Аҳмад Яссавийнинг қизи Жамолхоним қабри деб юритилган. Аҳмад Яссавийнинг бошқа қизи Гавҳар – Ҳуштори номига нисбат берилган иккинчи қабр эса ҳозир ҳам бор. Айрим айрим маълумотларга кўра Тошкентда (Госпительная районида, бу ер эски Тошкентнинг марказий бир қисми бўлган) Аҳмад Яссавий ўғилларидан бирининг қабри бўлган экан.
Аҳмад Яссавий шахсига доир айрим маълумотлар бирмунча ишончли бўлса ҳам, бироқ уларнинг кўпи, бошқа шайх ва авлиёларга доир маълумотлар сингари, афсона ва ривоятлар билан қўшиб кетган.
Аҳмад Яссавий бошқа мусаввифлар каби сўз санъатидан фойдаланиб, ислом ақидаларини, жаҳрия тадқиқотини тарғиб қилувчи шеърлар битди. Унинг шеърлари “Ҳикмат” шеърлари тўплами эса “Девони ҳикмат” номи билан юритилган.
“Девони ҳикмат”нинг яратилиш тарихи, унинг ким томонидан ва қачон тузилгани маълум эмас. Девоннинг энг эски нусхалари ҳам сақланиб қолмаган. Бизга маълум бўлган XIV асрда кўчирилган тўртта ҳикматни ҳисобга олмаганда, қўлёзмаларнинг энг қадимгилари XVII асрга мансубдир. ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб “Девони ҳикмат”нинг босма нусхалари ҳам пайдо бўла бошлади. У Тошкент, Қозон ва Истамбулда бир неча бор нашр этилди.
“Девони ҳикмат”нинг қўлёзма нусхаларидаги ҳикматлар миқдори турлича, уларда зикр этилган ном (ёки тахаллус) ҳам бир хил эмас. Аҳмад Яссавий номи “Қул Ҳожа Аҳмад”, “Ҳожа Аҳмад Яссавий”, “Аҳмад ибн Иброҳим”, “Султон Хожа Аҳмад Яссавий”, “Яссавий мискин Аҳмад”, “Мискин Яссавий” ва “Ҳожа Аҳмад” тарзда берилган, айрим ҳикматларда эса қисқагина “Аҳмад” ёки “Аҳмадий”, “Қул Аҳмад” ёки “Мискин Аҳмад” номлари ишлатилган.
Тил ва услуб жиҳатидан ҳам “Девони ҳикмат” нусхалари бир-биридан катта фарқ қилади. “Девони ҳикмат”нинг бирорта нусхаси ҳам Яссавий тилининг, ХII аср ўзбек тилининг айнан асл ёдгорлиги бўла олмайди. Чунки Яссавий ҳикматлари оғиздан оғизга кўчиб, китобдан китобга ўтиб, ўз асл тилини аллақачонлар ўзгартириб юборган эди, унда қадимги тилнинг айрим архаик жиҳатларгина сақланиб қолган.
Дин ва тасаввуф “Девони ҳикмат”нинг етакчи ғоявий негизидир. Биз илк тасаввуфнинг ислом динига нисбатан маълум оппазицияда бўлгани, бироқ Муҳаммад Ғаззолийдан бошлаб унинг деярли тамомила ислом динига мослашиб, унга тобе бўлиб кетганини биламиз. Тасаввуфнинг яссавия-жаҳрия тариқати ҳам ҳудди шундай эди. “Девони ҳикмат”да дин ва тасаввуф чатишиб кетганлигини кўрамиз.
Аҳмад Яссавий ислом динининг қонун-қоидалари ва урф-одатларининг йиғиндиси бўлган “шариат”ни, тасаввуф масаласига бўлган “тариқат”ни, ишқи илоҳийни – “маърифат”ни, худо ва унга эришмоқни – “ҳақиқат”ни тарғиб этади. Шунга кўра ҳам “Девони ҳикмат”га ёзган дебочасида “Эй дарвеш, билгил ва огоҳ бўлғилким, аввало калимаи шариат, иккинчи калимаи тариқат, учинчи калимаи маърифат, тўртинчи калимаи ҳақиқатни билмак керак. Сўфи бўлиб бу калималарни билмаса “Сўфи эмас”, - дейилади ва тўрт “калима” (сўз)га “Қуръон”даги бевосита Муҳаммад пайғамбарга бағишланган оятлар орқали изоҳ берилади.
Аҳмад Яссавийнинг фикрича, “шариатсиз” “тариқат”, “тариқатсиз” “маърифат”, “маърифатсиз” “ҳақиқат” бўла олмайди; булардан ҳар бири иккинчи бири учун бир босқич бўлиб, уни тўлдиради, такомиллаштиради.
Яссавий ҳикматлари бизга қадар айнан етиб келган эмас. “Девони ҳикмат”даги айрим шеърлар (масалан, Яссавий “саргузашт”лари, Муҳаммад пайғамбарга бағишланган шеърлар ва бошқалар) лиро-эпик характерга эга бўлса-да, аммо кўпчилик шеърлар лирик шеърлардир.
“Девони ҳикмат”даги бир неча ғазални мустасно қилганда, девон мураббаъ шаклидаги шеърлардан ташкил топган. Аҳмад Яссавий ва унинг издошлари, ўз диний ва тасаввуфий маслакларини халқ оммаси ўртасида кенгроқ тарқатиш мақсадида, атайин тўртлик-қўшиқ формасидан фойдаланганлар. Бандлари тўрт мисрадан иборат бўлган ҳикмат, асосан “а-а-а-б”, “в-в-в-б” тарзида қофияланади ва кўпинча биринчи банддаги тўртинчи мисра кейинги бандларда нақорат бўлиб келади. Арузда яратилган айрим шеърларни ҳисобдан олмаганда, “Девони ҳикмат”даги барча шеърлар бармоқ вазнида ёзилган. “Девони ҳикмат”нинг кўпчилик шеърлари 7 ва 12 ҳижоли шеърлардир. Бу шеърлар маълум бир куйга мувофиқ яратилган. Улар шайхлар ва муридлар ҳамда саёқ қаландарлар томонидан куйланган ваъзларда айтилган.
Аҳмад Яссавийнинг дунёга назари, бизнинг давр кишиларидан бошқача шаклланган. У ўз даври фарзанди сифатида ислом дини кўрсатмалари ва исломий ақидаларга таянган. Шоир қуйидагиларни ёзади:
Хушламайдур олимлар бизни ойғон туркини,
Орифлардин эшитсанг, очар кўнгил мулкини.
Оят, ҳадис, маъноси турки бўлса мувофиқ,
Маъносига етганлар, ерга қўяр буркини.
Аҳмад Яссавий албатта “оят, ҳадис” мазмунларини арабчадан шундоққина ўзлаштира қолмаган. Ғоявий, ахлоқий, фалсафий мақсадлар юзасидан ўрни-ўрни билан уларга мурожаат этган ва улардан фойдаланган. Бундан ташқари араб тили - ҳукмрон ва нуфузли тил деб ҳисобланган замонларда миллий тилда ижод қилишнинг ўзи ҳам илғор қараш эди. “Девони ҳикмат”нинг қачон ва ким томонидан тузилгани аниқ эмас.
Аҳмад Яссавий ижодиётининг мағзини исёнкорона мистик мазмунлар ташкил қилади. У беҳудага “Ғарқоб бўлиб исён ичра қолдим мано”, демаган. Унинг исёни – Инсон ботинидаги исён. Бертрон Расселнинг “Мистицизм ва мантиқ” мақоласида ёзилишича, дунёни мистик тарзда идрок этишда донишмандликнинг шундай бир унсурга мавжудки, унга бошқа восита билан унга бошқа восита билан эришиб бўлмайди. Мана шу “донишмандлик унсури”. “Худо олий ҳақиқат. Унда ҳамма-ҳаммаси мукаммал, мусаффо ва гўзал. Унинг адолати парчаланмас. Қарашлари зиддиятсиз” дегандай мантиқларни акс эттирган. Мистик шоирларнинг ғоявий йўлларини, шартли равишда, вужуди мутлоқ билан “суҳбат” йўли деб аташ мумкин. Чунки уларнинг бутун диққат-эътиборлари муқаддас Руҳга қаратилган. Улар фақат худо ишини тан оладилар. Бундай муҳаббат одамдан фавқулодда кўнгли поклик ва нафс эҳтиёжларидан озод бўлишни талаб қилади. Мистик ошиқнинг битта ибратли хусусияти – ўз-ўзига муросасизлиги. Аҳмад Яссавий ошиққа шундай талаб қўяди:
Жафо чекмай ошиқ бўлмас, тингла ғофил,
Жафо чекиб собир бўлғон бўлмас жоҳил.
Демак, жафо чекиб ошиқликка етишиш, биринчидан, ғофилликни ҳайдайди. Иккинчидан, жоҳилликка йўл қўймайди. Ғофилликдан қочиш – фаол тасаввурларга кенг йўл очади. Аҳмад Яссавий “худо йўли”ни – “нафс илги”дан қутулмоқ, атрофда тўлиб-тошган фисқу-фужурларга барҳам бермоқнинг йўлларини излайди.
Худовандо, мени солғил ўз йўлингга,
Нафс илгида хароб, адо бўлдур мано.
Фисқу фужур тўлиб-тошиб, ҳаддин ошти,
Ғирқоб бўлиб исён ичра қолдим мано.
Агар диққат билан мушоҳада юритилса, Яссавийнинг диний-ахлоқий фалсафасида дунёдан юз бурилмайди. Ёмонлик, нодонлик, жаҳолат, молпарастлик иллатларига ривож берган тубан дунёни юракдан қувишга даъват этилади. Шу маъноларда шоир сўзлари инсон қалбида ғалаён қўзғайди. “Ноҳақ даъво қилғон” қози, имомлар, “харом еган хакамлар”, “дунё менинг” деб “жаҳон молин” йиққан гушна амалдорлар, “Оқни қаро қилғон” муллаю мударрислар, эл устига миниб елиб “тотлиғ - тотлиғ” еб, “турлук-турлук кийгон”ларга қарши кўнгулда нафрат уйғотади. У гарчи, “Етимлар бу жаҳонда хор экандур, Ғарибларни иши душвор экандур” ёки:
Ғарибларни кўрган ерда оғритмангиз,
Ғарибларга очиғланиб сўз қотмангиз.
Заиф кўруб ғарибларга тош отмангиз,
Бу дунёда ғарибликдек бало бўлмас, -
сингари мисраларида “кўнгли қаттиқ халойиқ”ни шафқатга, ғариб, етим мазлумларга озор етказмасликка чақирган бўлса-да, эзилган меҳнаткашларни ҳақ-ҳуқуқлари учун курашмоқни ўз олдига ғоявий мақсад қилиб қўймайди. Аҳмад Яссавий ўзи билан ўзи беомон курашадиган, одамларга ўзи-ўзини кечирмаслик сирларини ўргатадиган ижодкор сифатида қадрлидир. Шоир ўз қалбининг энг чуқур жойларига назар ташлашни тарғиб этади. Аҳмад Яссавийдаги самимият – ошкораликда. Баъзан ундаги ошкоралик талабларига чидаш мушкул. Буни бадбинлик деб англаш нотўғри. Яссавий ҳикматларида бадбинликмас, ғамгинлик, маърифатли руҳни суяйдиган Дард ва фарёд борки, улар инсоннинг ҳиссиёт фожиаларини эрта англашга хизмат қилади. Яссавий ҳикматларидаги марказий образ-оллоҳ. У худо ишқи, яъни ишқий илоҳийни тан олади. Навоий “Маҳбуб ул-қулуб”да ишқни уч қисмга ажратиб, учинчисини “ҳақгўйлар ишқи бўлиб, улар ҳақнинг жамолини очиқ кўриш умиди билан яшайдиганлар ва шунинг билан матлубдирлар” – дейди. Яссавий:
“Ишқ йўлида кеча-кундуз йиғлағонлар,
Жондин кечиб белин маҳкам боғлаганлар.
Хизмат қилиб хақ сирини англағонлар
Тун уйқуни ҳаром қилиб нолон бўлур.
Яссавий фикрича “Тан сўзламас, жон сўзламас, имон сўзлар” Яссавийни имони сўзлатган, имон тили билан муҳаббатини улуғлаган ижодкор. Оллоҳ қаҳру ғазабларидан қўрқмай одамларга ранж етказиб, бечораларнинг кўзларидан ёшлар оқизувчи бағритошларга у имонсизлар деб қараган ва ўша зулмкорларни ўзига бир фаоллик билан айблаган. Унинг нуқтаи назари бўйича на мусулмон, на кофир ҳеч бировга озор бермаслик шартдир:
Суннат эмиш, кофир бўлса, берма озор,
Кўнгли қаттиқ дилозордан худо безор.
Яссавий мистикасида ёруғлик манбаи – руҳ ёлғизлигида у худога жуда яқин ҳисоблайди ўзини. Шу боис у “Жондан кечиб, молдан кечиб ғариб бўлсам, биёбонда ёлғиз кезиб нолон қилсам” деган орзуларни баён қилган. Л.Н.Толстой “Ҳамма ишимни ёлғизликда худо билан ҳал қилишим шарт” дея кундаликларида қайд этган экан.
Аҳмад Яссавий инсон ҳаётидаги катта кураш – нафсни таслим этишга хизмат қиладиган кураш деб ҳисобланган. Нафсга мағлуб шоҳ-қул, нафсдан устунликка эришган ғариб-шоҳдир. Мана Яссавий дунёқарашидаги таянч нуқталардан биттаси. Аҳмад Яссавий талқинича, нафс “ябон қушдек қўлга қўнмас” бир нарса. Бу “қуш” ўз хоҳишига “парвоз” этаверса, одамни кундан-кун тўғриликдан озаверади. Оқибатда эса:
Нафс йўлиға киргон киши расво бўлур,
Йўлдан озиб, тойиб гумроҳ бўлур.
Ётса-турса шайтон билан хамроҳ бўлур...
Аҳмад Яссавий
“Нафсим мени йўлдин уриб хор айлади,
Термултириб халойиққа мени зор айлади”, -
дея нафс учун “итдек кезиб” юрганларини ҳам сир сақламайди. Хуллас, Яссавийнинг хулосалари шуки, нафс-ички, лекин жуда катта душман. У инсондаги бутунликни синдиради. Унинг амрларидан маънавий осойишталиклар барҳам топади. Шунингдек, Яссавийда “Оллоҳ дарди сотқу эрмас, сотиб олсанг” деган мисра бор.
Аҳмад Яссавий ҳикматларининг вазни халқ шеъриятидан ўзлаштириб, поэтик образларининг кўпчилиги оғзаки адабиётдан олинган. Бироқ Яссавий ижодиётини мистицизм тарихи, тасаввуф фалсафаси, энг асосийси, Шарқ тасаввуф шеъриятининг поэтик образлар тизими билан қизиқмасдан тўғри англаш мумкин эмас.
О.Шарафиддинов таъкидлаганидек, “Аҳмад Яссавий масаласидаги илмий хулосалар унинг ижодига қўл урмасдан олдин” бошлангани учун у асосан “ўта реакцион шоир” деб баҳоланди. Айниқса, шўро даври барча дарслик, қўлланмаларни (ҳатто Н.Маллаев дарслигида ҳам), мақолаларида Аҳмад Яссавий ижодига салбий баҳо берилди. Натан Маллаев, Эргаш Рустамов, Содир Эркинов, Иброҳим Мўминов, Воҳид Зоҳидов дарслик , мақола ва китобларида Аҳмад Яссавий ўта реакцион қарашга эга шахс, таркидунёчи сифатида қораланган.
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов 1968 йилда ёзган Аҳмад Яссавийга бағишланган шеърида қуйидаги сатрлар бор:
Бул ажаб хор кимсадин имдод сўрайди хорлар,
Сиз бемор кўксига бош урмангиз, эй беморлар.


Гар фалак буржида шамс уйқуга солса ўзни,
Етти навбат бизга деб чақнар эмиш сайёралар.


Саждага бошинг уриб фарёд чекма, эй рафиқ,
Энди сен топгаймидинг, топмабди-ку ағёрлар.


Фозилу дониш эли қўл ювса бу дунёга гар,
Во ажаб, оққан сувин нўш этар шайх хунхорлар.


Нафс ила дунёга дил берган фосиқлар, сиз букун
Яссавий хок-пойидин айлаб олинг тумморлар.


Ким берар дунёга зар, абгор ўлиб қолгай ўзи,
Кимки дорни бузса гар, анга қурилгай дорлар.


Кимсалар, бадбин дея боқманг бу кун Абдуллага,
Тингласа гоҳи юриб мозий элидин зорлар.
Аҳмад Яссавий учун “Қуръон” дунёнинг бош китоби ҳисобланган. Унинг эътиқодида бу китоб ҳолиқнинг “арқони”дай гап. Шу арқонга осилиб юксакка талпинмаган киши золимнинг арқонига осилмоғига шак келтирмаганлиги учун ҳам у “Золим агар жафо қилса Олло дегил” дея кўрсатма берган. Ғаддор золим мазлум бошида қиличини ростлаб турса-да, у “Олло” демоғдан нари ўтмаса? Курашдан чекиниш эмасми бу? Яссавий ва ундан кейинги мумтоз адабиётимиз намояндаларининг ҳам, дунёқараши ҳамда эътиқодларидан келиб чиқилса, у чекиниш ҳам, пассивлик ҳам эмас. Ривоят қилинишича, Мусо пайғамбар Фиръавн қавмидан қочиб ёлғиз, бечора ва оч-наҳор қолганида “Парвардигор, ёлғизман, хастаман, бечораман”, - дея зорланибди. Ўшанда унга ғойибдан шундай овоз келган эмиш: “Эй, Мусо, мендек дўсти бўлмаган ёлғиздир, мендек табиби бўлмаган одам хастадир, мен билан алоқаси бўлмаган банда ожиз ва чорасиздир”. Яссавий замондошлари худони энг содиқ дўст, барча чорасизликлардан қутқарувчи деб билганлар.
Ўзбек адабиётида полифоник тафаккур Аҳмад Яссавийдан бошланиб, Навоий поэзиясида юксак чўққига кўтарилган. Яссавий “Олло дедим, шайтон мендан йироқ қочди, ҳаю ҳавас моуманлик турмай кўчди” деса Алишер Навоий “То нафсу ҳаво қасри барбод ўлмас, Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас” дейди.
Аҳмад Яссавий ҳикматлари учун кўповозлилик ҳам хос хусусиятлардандир. Унинг ҳикматларида орифнинг овози ҳоким. Улардан шайхнинг овози эшитилади. Баъзи бир ҳикматда ҳам ошиқ, ҳам дарвеш, ҳам донишманднинг овози янграйди. Лекин булар орасида изчиллиги ва фаоллиги билан яна икки овоз алоҳида ажралиб туради. Улардан бири – гуноҳ “фалсафаси”ни тасдиқлайди. Бу гуноҳкорлигини теран англаган кишининг овози. У – шафқатсиз. Иккинчи овоз илоҳий овоз.
IX асрда тасаввуфда маломатиййа мазҳаби юзага келган. Бу мазҳобнинг маркази Нишопурда бўлган. Маломатиййа – бу, инсонни ўзини ўзи таҳлилдан ўтказиш, таҳлил этгани сайин қусури нуқсонлари учун ўзини аямаслик ва уларни маломат тилида фаол қалам йўлидир. Бу йўлда одам барча ёмон ҳислатларини сира яширмасдан ошкор қилаверган. Аммо бунинг акси ўлароқ, у яхши фазилатларини қатъият билан пинҳон сақлаган. Аҳмад Яссавий ҳам мазкур маҳзабнинг намояндаларидан эди. Шунинг учун у ҳикматларида маломатиййа қонун-қоидалари асосида фикр юритиб, одамни ўз-ўзига танқидий назар билан қарашга даъво қилгандир.
Сочи соқол хўб оқарди кўнглим қаро,
Рўзи маҳшар раҳм этмасанг ҳолим тобоқ.
Сенга аён амалсизман, кўнглим гуноҳ,
Жумла малак ёзуқларим билди, дўстлар.
Албатта, Яссавийдаги муаллифлик масаласи мунозарали. “Девони ҳикмат”нинг кейинги асарларидаги нусхаларида шоир издошлари томонидан тўқилган нарсалар ҳам киритилган. М.Шайхзода шундай дейди: “Шубҳасизки, Хўжа Аҳмад Яссавийнинг ёзиб қолдирган “Хикмат” китоби кейинги тил жиҳатидан ва маъно томонидан қанчалик ўзгаришларга дучор бўлмасин, унинг асл вазни аввалги ҳолича қолган. Чунки бировлар илгариги вазнни шунга илдизидан ўзгартириб, қайтадан иллатлари амри маҳол бўлар эди. Бу асарнинг вазни эса автори аввалида ўзи ўйлаб ишлаган ҳолида сақланиб қолган”.
Аҳмад Яссавийнинг донолик тўғрисидаги тушунчаси – идеал тушунча. Шунинг учун доно одамлардан унинг талаби ниҳоятда ката бўлган. Масалан, у “Охир замон олимлари золим бўлди. Хушомад этгувчилар олим бўлди”, деганида замоннинг охирлашганидан каромат қилишни ўйламаган. У олимнинг хушомади – золимлик, хушомад орқали олимликка эришмоқ – илм аҳлининг ихтиёрий равишда зулмкор сафига қўшилувидир, деб билган. Шоирнинг бошқа тўртлигидаги ҳукмига, “Доно туфроқ, нодонларни кўкси баланд”.
Бешак билинг, бу дунё барча халқдан ўтаро,
Ишонмагил молингга, бир кун қўлдан кетаро.
Ота-оно, қариндош қаён кетди – фикр қил,
Тўрт оёғлиғ чўбин от бир кун сенга етаро...
Яссавий “Туфроғ бўлғил...” деганида катта мақсадни эътиборда тутган. Маълумки, диний тасаввурлар бўйича худо дастлаб тўрт унсурни бунёд этган. Булар: ўт, сув, ер, шамол. Сўнг одам яралган. Бу ҳақда Абулғозихоннинг “Шажараи тарокима” сида ёзади:
“... Худойи таоло фаришталарга айтадиким, туфроқдан киши ясаб жон бериб ер юзинда ўз ўрнимға ҳалифа қилиб қўятурман...”. Бу ҳукмга фаришталар инсонлар ўз нафсларини забт қила олмайдилар, деб эътироз қиладилар. Шунда худо айтганимиш: “Мен билганларни сизлар билмассизлар. Боринглар, туфроқдин бир кишининг сувратини ясанг... Азройил алайхуссалом худонинг амри билан бориб барча ер юзиндаги ҳар турлик туфроқдин олиб Маккаи муаззама бирла Тоифнинг орасинда туфроқни балчиқ қилиб одамнинг суратини ясаб ётқуздилар”. Одам шамол ёрдамида ҳаракатга солиниб, олов билан жасади иситилганда қалби ҳароратга тўлибди. Ва яратганнинг шафқату саҳовати туфайли вужуди ичида инсон ўз эркини топибди. Тасаввуф фалсафасига биноан ушбу тўрт унсурнинг ҳар биридан тўрт хусусият, тўрт ҳолат, тўрт майл ва тўрт сифат юзага келтирилганмиш. 1. Тупроқдан сабр, умид (худонинг марҳаматига), эзгу хулқ ва мурувват. 2. Сувдан – қувонч, саҳоват, назокат, бирлик. 3. Шамолдан – ёлғон, иккиюзламачилик, сабрсизлик, тантиқлик. 4. Оловдан – нафс, кибр, таъма, ҳасад. Бундан ташқари, тасаввуфда тупроқ оллоҳнинг мунаввар нури, сув – унинг ёруғ ҳаёти, ҳаво – буюклиги, олов – унинг ғазаби тимсоли. Тупроқ ва сув жаннат мулки, шамол ва олов – дўзах ичидаги нарсалар.
Аҳмад Яссавий ёзади: “Туфроқ бўлғил, олам сени босиб ўтсин”. Туфроқ – бадиий образ. У буюклик замини хокисорлик пояси, кибр, манманликдан покланиш. Туфроқ – Ватан.
Аҳмад Яссавий ҳикматларидаги кўпгина поэтик образларнинг маъно таркиблари теран ва мураккаб. Шунинг учун уларни талқин этиш ҳам жўн ишмас.
“Девони ҳикмат”нинг 1896 йилда босилган Қозон нашрида шундай тўртлик бор:
Қул Хожа Аҳмад ҳар бир сўзинг дардга дармон,
Толибларга баён қилсам қолмас армон.
Тўрт минг тўрт юз ҳикмат айдим ҳақдин фармон,
Фармон бўлса ўлғунча сўзласам мен.
Турк олими Камол Эраслон тўғри қайд этганидек, ушбу фикр ҳақиқатдан кўра ривоятга яқин. Уни Яссавий эмас, унинг издошларидан бирови тўқиган.

Download 1.4 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   11   12   13   14   15   16   17   18   ...   24




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling