Билет №14
Қайси ҳолатларда ходимнинг меҳнат муҳофазаси бўйича билимини навбатдан ташқари текшириш ўтказилади?
Қуйидаги ҳолатларда ходимнинг меҳнат муҳофазаси бўйича билимини навбатдан ташқари текшириш ўтказилади:
меҳнат муҳофазаси янги ва қайта ишланган норматив хужжатлар амалга киритилганда;
янги ускуна фойдаланишга киритилганида ёки янги технологик жараёнлар жорий этилганида;
ходимни муҳофазаси бўйича қўшимча билимлар талаб этиладиган бошқа ишга ўтказилганида ёки бошқа лавозимга тайинланганида;
гуруҳий, ўлим билан ёки оғир бўлиб якунланган бахтсиз ҳодисалар ҳамда авария, портлаш, ёнғин ёки заҳарланишлар содир бўлганда;
Давлат назорати ва текшируви органлари талаблари билан;
ишда уч ойдан ортиқ узилишларда;
меҳнат муҳофазаси бўйича 1 ва 2-сонли огоҳлантириш талонлари олинганда;
меҳнат муҳофазаси бўйича алоҳида иш режими киритилганда.
Иш вақтидан ташқари ишларнинг энг кўп муддати?
Ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.
Иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланиши мумкин.
Иш сменасининг муддати ўн икки соатдан иборат бўлганда, шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди.
Иш вақтидан ташқари ишга жалб этиш Меҳнат Кодексида белгиланган чеклашларга риоя этган ҳолда амалга оширилади.
Иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун компенсация ва ҳақ тўлаш Меҳнат Кодексига мувофиқ амалга оширилади.
Иш вақтидан ташқари ишнинг муддати ҳар бир ходим учун сурункасига икки кун давомида тўрт соатдан (меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда — бир кунда икки соатдан) ва йилига бир юз йигирма соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим.
Иш берувчи ҳар бир ходимнинг ҳақиқатда ишлаган иш вақтини, шу жумладан иш вақтидан ташқари ишлаган вақтини ўз вақтида аниқ ҳисобга олиб бориши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |