Божхона кўриги қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
божхона кўригини ўтказиш ХБАТ томонидан буюрилганда;
божхона органларига бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки давлат бошқаруви органларидан тушган материаллар, шунингдек хорижий давлатларнинг божхона ва бошқа давлат органлари ва халқаро ташкилотлардан олинган маълумотлар мавжуд бўлганида;
божхона органининг мансабдор шахси томонидан Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 188-моддасида кўрсатилган божхона назоратининг бошқа шаклларини қўллаш натижасида божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузилганлик аломатлари мавжудлиги маълум бўлганида;
божхона назорати остидаги товарларни битта транспорт воситасидан бошқа транспорт воситасига ёки ушбу транспорт воситасига қайта юкланаётганда.
ХБАТда божхона кўригини амалга ошириш назарда тутилмаган ҳолларда божхона кўриги ўтказилса, ушбу кўрикни ўтказиш учун божхона пости бошлиғининг ёзма рухсати (асосини кўрсатган ҳолда) ХБАТга киритилиши ҳамда белгиланган йўлак ўзгартирилиши лозим.
Божхона кўриги бошланиш вақти, божхона органининг мансабдор шахси товарлар ўрамини, транспорт воситалари ёки контейнерларни, юк жойлари ва юк сиғимларини, товарлар жойлаштирилган ёки жойлаштириладиган бошқа жойларини кўздан кечириш хатти-ҳаракатларини бошлаган вақтидан ҳисобланади.
Божхона кўриги ўтказаётганида божхона органининг мансабдор шахси қуйидагиларни амалга оширади:
а) божхона кўригидан ўтказилаётган барча номдаги товарлар партияси транспорт воситасидан тўлиқ тушириш назарда тутилган бўлса:
товарларни ўлчаш;
барча юк ўринларини очиб кўриш ва санаб чиқиш;
барча юк ўринларидаги товарлар сонини санаб чиқиш;
б) янги хавф ёки шубҳа ва гумон пайдо бўлган ҳолларда божхона кўригининг ҳажми оширилади;
в) тижорат ҳужжатларида товарлар ягона ўлчовда (дона, жуфт ва бошқа ўлчовда) кўрсатилган ва уларнинг умумий оғирлиги божхона тўлови суммасига таъсир этмаган ҳолларда ҳамда ХБАТда бошқа ҳолатлар кўрсатилмаган бўлса, божхона кўриги давомида товарлар ўлчанмайди;
г) товарларнинг сонини юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар билан таққослайди.
Агар Божхона кўриги давомида товарларнинг амалдаги сони, хусусияти ва товарлар ҳақидаги маълумотлар, божхона юк декларацияси ҳамда юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларга мос келмаса, ушбу маълумотлар божхона кўриги далолатномасида акс эттирилади. Божхона кўриги натижаларига кўра тафовут аниқланган тақдирда, божхона органининг мансабдор шахси томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли чоралар қўлланилади.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2021 йил 20 августдаги “БОЖХОНА НАЗОРАТИ ОСТИДАГИ ТОВАРЛАРГА НИСБАТАН ЮК ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА”ги 531-сонли қарорига хамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 9 апрелдаги “БОЖХОНА ОМБОРИ, ЭРКИН ОМБОР ВА БОЖ ОЛИНМАЙДИГАН САВДО ДЎКОНИ ФАОЛИЯТИНИ ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ЮЗАСИДАН ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИНИ КЎРСАТИШНИНГ МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА”ги 210-сонли қарорига асосан товарлав ва транспорт воситалари божхона омборларида сақланиши назоратини амалга оширади.
Ваколатли шахс ёки декларант томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2018 йил 31 июлдаги “ТОВАРЛАРНИ БОЖХОНАДА ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ ТАРТИБИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА”ги 605-сонли қарорига асосан Божхона юк декларацияси электрон шаклда декларацияланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |