Эрманов Лазизжон Анварович Ўзбекистон ёшлари онгига салбий таъсир этувчи омиллар


Download 0.56 Mb.
bet13/36
Sana26.02.2023
Hajmi0.56 Mb.
#1233458
TuriДиссертация
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   36
Bog'liq
24.05.2022МД чоп этишга тайёр

Маънавий-ахлоқий муҳит – бола яшайдиган жамиятда маънавий озиқлантирадиган масканлар кутубхоналар, маданият уйлари, ҳунар ўргатадиган ва спорт тўгараклари, шунингдек, тунги клублар, дискотека, интернет клублар, чилимхоналар, кафе, барларнинг мавжудлиги, ОАВ, ижтимоий тармоқларда бесоқолбозлик (гомосексуализм), бир жинсли никоҳ, аморализм (ахлоқсизлик), порнография, цинизм (уятсизлик), маданиятсизлик тарғиб этилиши.
Ташқи омиллар асосан бошқа жамият, бошқа қадриятлар, янги урф-одатлар, ҳодисаларнинг таъсири ҳисобланса, ички омиллар шахс шаклланаётган жамият ичида рўй бераётган ўзгаришлар натижасида пайдо бўлади.
Ҳозирги глобаллашув замони ва технологиялар тараққий топаётган даврда инсоният учун виртуал оламнинг аҳамияти ортиб бораётган бўлиб, виртуал оламнинг таъсири айниқса ёшлар онгига тез сингади. Виртуал олам ўзига хос глобал ахборий-рақамли қонуниятларга бўйсинади. Ҳар бир инсон болалик чоғиданоқ бир маротаба бу оламга қадам қўйса ундан қайтиб чиқмайди ёки қайтиб чиқиши жуда ҳам қийин бўлади. Бугунги кунда “виртуал олам”, “виртуал ҳаёт” терминларини кўп ишлатила бошланган бўлиб, ҳозирда интернетдан фойдаланмайдиган одамлар, хусусан ёшлар деярли кам учрайди. Уларнинг барчаси виртуал, яъни кибер маданиятга аллақачон ошнодирлар. Хаттоки “виртуал ҳаётда бўлмасанг, демак сен ҳаётда ҳам йўқсан” деган иборалар ҳам пайдо бўлди. Албатта инсонга хос қадриятларнинг виртуал оламга сингиши бир қанча муаммоларни келтириб чиқаради.
Умуман олганда виртуал дунё инсонга жуда ҳам кенг имкониятларни очиб беради. Интернетдаги анонимлик, дунёнинг турли нуқталаридан кира олиш, ҳар қандай фойдаланувчи (жинси, ёши, миллати, динидан қатъи назар) билан мулоқотга киришиш, ўзини реализация қила олиш, ҳаётдаги ахлоқий қоидаларнинг интернетда йўқлиги, жавобгарликдан қочиш юқорида қайд этилган хавфларни янада кучайтиради. Виртуал олам ёшлар онгига таъсир этувчи асосий омиллардан биридир.1
2022 йил январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 27,2 млндан ортиқ бўлиб, уларнинг 25,3 млн киши мобил интернетдан унумли фойдаланади. Уларнинг 70 фоизига яқини ёшлар ташкил этади.2
Таъсир кўрсатувчи омиллар эзгу ғояларни амалга оширишга қаратилган, ёшларни комил инсон бўлиб вояга етишига хизмат қиладиган бўлса, бундай таъсирлар ижобий таъсир этувчи омиллардир. Аксинча, уларнинг онгида вайронкор ғояларнинг шаклланишига, уларда қонунга хилоф ёки ғайриодатий ҳаракатларни бажаришга мажбур қиладиган, ёшларнинг онгида тушкунлик кайфияти уйғотувчи, уларнинг ўзлигини синдиришга йўналтирилган таъсир этувчи омиллар салбий омиллар ҳисобланади. Норасмий диний оқимлар, уюшган жиноятчилик, зўравонлик, қонунга хилоф ҳаракатларни тарғиб қилувчи ғоялар, шу мақсадга йўналтирилган фаолият турлари, ёшлар психикасига, руҳиятига салбий таъсир этувчи маълумотлар тарқатадиган турли дастурлар (суицид, жинсий ожизлик, бир жинслилик, одамлар орасидаги сунъий табақаланишни тарғиб қилувчи), шунингдек “оммавий маданият”нинг миллий маданиятга ёд бўлган урф-одатлари ва бошқалар салбий омиллар сирасига киради.
Аҳолининг ёшлар қатлами онги ташқарида бўлаётган ўзгариш ва ҳодисаларни тезроқ қабул қилиши, таъсир натижасини ўзида намоён этиши билан катта ёшдагилардан фарқ қилади. Таъсир этувчи омиллар ёрдамида ёшларни бошқариш осон бўлганлиги сабабли, уларни тўғри йўналтириш ҳар бир давлат сиёсатининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Иқтисодий-ижтимоий вазиятнинг ўзгариши фуқароларнинг турмуш тарзига, уларнинг моддий ва маънавий ҳолатига ҳам ҳам ижобий ҳам салбий таъсир кўрсатади. Давлат иқтисодий ривожланса жамият ҳам бойиб, аҳоли турмуши даражаси, даромадлари, иш билан таъминланганлик кўрсаткичлари ортиб боради. Шу билан бирга моддий имкониятдан келиб чиқиб, одамлар орасида ўз-ўзидан табақаланиш – бой ва камбағалга ажралиш рўй беради.
Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан табақаланиши ҳар қандай мамлакат учун хос бўлган хусусият ҳисобланиб, унинг ўзига яраша ижобий ва салбий оқибатлари мавжуд. Ижтимоий жиҳатдан табақаланишнинг ижобий хусусияти мамлакатда ўрта қатламни рағбатлантиришга қаратилган аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларининг амалга оширилиши, бунда актив ижтимоий ҳимоя дастурларига устуворлик берилиши натижасида жамиятнинг айрим ижтимоий гуруҳлари ўртасида рақобатнинг ортишига эришилади ва мамлакат иқтисодиёти ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш самарадорлиги кўрсаткичлари орта боради. яъни аҳоли даромадлари ортгани сари жамиятнинг ижтимоий қиёфаси такомиллашиб боради. Шу билан бир қаторда, ҳукумат томонидан аҳолининг ижтимоий табақаланишининг олдини олиш ва уни камайтиришга қаратилган дастурларнинг мунтазам равишда амалга оширилмаслиги қуйидаги салбий оқибатларга олиб келиши мумкин:

  • ижтимоий жиҳатдан муҳтож аҳоли сонининг ва норозиликларнинг ортиши;

  • ижтимоий муаммоларнинг кўпайиши ва ижтимоий танглик ҳолатининг кучайиши;

  • давлатнинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, жумладан соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини қўллаб-қувватлашни молиялаштириш харажатларининг ортиши;

  • аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари, иқтисодиётнинг турли тармоқлари, қишлоқ ва шаҳар аҳолиси ўртасидаги ижтимоий қарама-қаршиликнинг ортиши;

  • меҳнат бозорида танглик ҳолатининг вужудга келиши, ташқи миграция кучайиши ва ишсизлик даражасининг ортиши;

  • истеъмол бозоридаги мутаносиблик ва ижтимоий инфратузилманинг бузилиши.1

Бундай вазиятда одатда жамиятда ишсизлик, табақаланиш, иқтисодий қарамлик, ижтимоий танглик сингари ҳолатлар вужудга келиб, инсон онгига салбий таъсир этади.
Сўнгги йилларда Ғарбда кенг тарқалган бир назарияга кўра, одамлар масъулият нуқтаи назаридан икки тоифага бўлинади. Биринчи гуруҳ ўз ҳаётида рўй бераётган воқеа ва ҳодисаларнинг сабабчиси, масъули деб фақат ўзларини тасаввур қилади. («Мен ўзим барча нарсаларга масъулман. Менинг ҳаётим ва ютуқларим фақат ўзимга боғлиқ, шунинг учун ўзим учун ҳам, оилам учун ҳам ўзим жавоб бераман»).
Иккинчи гуруҳ барча воқеа, ҳодисаларнинг сабабчиси ташқи омиллар, бошқа одамлар — ота-она, ўқитувчилар, ҳамкасблар, бошлиқлар, таниш-билишлар, қўни-қўшнилар деб ҳисоблайди.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, иккинчи шаклдаги масъулият кўпроқ ўсмирларга хос экан, уларнинг деярли 84 фоизи масъулиятни фақат бошқаларга юклашга мойил экан. Америкалик олим Дж. Роттер ана шу асосда «назорат локуси» тушунчасини илмий асослаб берган. Унинг фикрича, масъулиятни ўз зиммасига олишга ўрганган болаларда хавотирлик, нейротизм, асабийлашув, жаҳолат каби салбий сифатлар кам учрар экан. Улар ҳар кимнинг фикрига эргашиб кетавермасдан кўп нарсани ўз қарашлари асосида ҳал этар экан. Демак, масъулиятни ҳис қилган болалар ҳаётга тайёр, фаол, эркин ва мустақил фикрловчи бўлади.
Уларда масъулият билан бирга, ўз-ўзини англаш, шахсий ғурур туйғулари ҳам юксак бўлади. Шунинг учун ҳам мафкуравий тарбиянинг муҳим йўналиши сифатида ёшларда она-Ватан олдидаги бурч, ўз тақдири учун масъулият, маҳалла, меҳнат жамоаси, оила ва яқин кишилар ҳаёти учун жавобгарлик ҳиссини тарбиялаш муҳим аҳамиятга эгадир.
Ёшлик, ўспиринлик даври дунёқарашининг шаклланиши, эътиқоднинг мустаҳкамланиши учун ўта сезгир, психология тили билан айтганда, «сензитив» босқич ҳисобланади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу давр нафақат шаклланиш учун, балки, агар маълум бир қарашлар тизими мавжуд бўлса, уларни ўзгартириш учун ҳам қулайдир.1
Ўзбекистон шароитида ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш йўналишда бир қатор ишлар амалга ошириб келинаётганлигига қарамасдан, ҳозирда ёшлар тарбиясига бир қанча салбий таъсир кўрсатувчи омилларнинг кучайиб бораётганлиги кузатилади.
Ёш тадқиқотчи М.Х.Абдуллаевнинг фикрича, Ўзбекистон ёшларининг деструктив ғоялар таъсирига тушиб қолишларига таъсир кўрсатадиган омиллар қуйидагилар этиб белгиланган:
- Оила;
- Таълим даргоҳларидаги муаммолар;
- Интернетнинг зарарли таъсири;
- Миграция;
- Деструктив кучлар;
- Спиртли ичимликлар ва гиёҳвандлик;
- Суицид;
- Порнографик кинолар кўриш;
- “Оммавий маданият”;
- Маҳаллийчилик;
- Диний экстремизм ва терроризм.1
Бугунги дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар ёшлар тарбиясига янада катта эътибор беришни талаб этмоқ­да. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек, “Табиийки, “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди”.2
Маълум бўлишича, ҳо­зир Ғарб давлатлари телевизион дастурлари ва филмлари жа­ҳон медиа бозорининг тўртдан уч қисмини эгаллаган. Уларнинг тушунарсиз мусиқаси, маъносиз ҳамда ғайриинсоний ҳаракатлардан иборат қўшиқлари, қизи­қиши, овқатланиш одати, ҳатто кийинишига бутун дунё тақлид қилаётгани боис, бундай жараёнлар таъсиридан бизнинг ёш авлод ҳам четда қолмаган. Ушбу салбий одатлардан ўз вақтида ёшларни ҳимоя қилмасак, халқимиз маданияти, маънавияти ва миллий хусусиятларига зарар етиши мумкин.
Ҳозирги вақтда, Ғарб маданиятининг айрим вакиллари ахлоқсизликни маданият деб билиши ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити, деб қараши бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила мустаҳкамлиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солаётган бир пайтда фарзанд тарбиясига катта эъти­бор бериш долзарб вазифа бўлиши керак.
Бугун айрим Ғарб давлатларида ёшлар маънавияти таназзулга учраб, ўзининг салбий натижаларини бераётгани маълум. Ғарб турмуш тарзининг бундай салбий жиҳатлари баъзи ғарб оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилинаётгани ачинарли ҳолдир. Гарчи бундай ҳолатлар бошқа кўп мамлакатларда кузатилмаган бўлса-да, бу ҳол ҳотиржамликка берилишга асос бўлмайди. Ўз вақтида ёшлар қалбида бундай хунук ишларга нисбатан нафрат туйғусини шакллантириш лозим.
Одоб-ахлоқ, ҳаё-ибо, ор-номус, диёнат каби фазилат­лар азалдан ўзбек халқининг маънавий оламининг ажралмас қисмига айланган. Глобаллашув шароитида “оммавий маданият” ниқоби остида ёшларимизга турли ёт ғоялар, маънавий тубанликларни тарғиб этишга урина­ётган айрим қабиҳ ниятли кучлар айнан ана шундай қад­риятларимизга чанг солаётгани сир эмас.
Биринчи Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида “Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқа­либ бораётган бундай хуружларга қарши курашиш нақадар муҳим эканини англаб етмоқда”, дея маънавий таҳдидлардан ёш авлодни асрашимиз зарурлигини таъкидлаганлар.
XXI асрда турли ҳаёт тарзлари ва ғоялар рақобатга киришди. Бунда муваффақиятга эришиш учун ҳар бир давлат ўзлигини сақлаган ҳолда диний ва миллий қадриятларини бошқаларга англатишни асос қилган мафкурага эга бўлиши лозим. Акс ҳолда, ўзликни йўқотиш, бебаҳо қадриятлардан воз кечиш кишини тараққиётдан ажратиб, уни тобе, мустақил фикри йўқ манқуртга айлантириб қўяди. Ҳозирги кунда ғаразли мақсадларни амалга ошириш учун зимдан олиб борилаётган фитналар баъзи миллатларнинг ўзлигини йўқотишга қаратилганини сезиш мумкин. Бунда эътибор ҳудудларни эгаллаш эмас, инсон онгини эгаллашга йўналтирилган.
Маънавий даражада глобаллашувнинг салбий томони инсонни фақат истеъмолчига айлантиради. Бунда бахт-саодат моддий фаровонлик билан белгиланади. Яшашдан мақсад ҳаётдан энг юқори даражада лаззатланишдан иборат бўлиб қолади. Руҳий-маънавий қадриятлар, эзгулик, савоб, беғараз ёрдам кўрсатиш каби олий тушунчалар унутилади. Инсонлараро муносабатлар фақат фойда ва зарар қонуни асосида ишлайди. Кўнгилхушликларнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турлари юзага келади.1
Бугун Ёшлар сиёсатини белгилаш жараёнида айнан ёшларнинг фаол иштироки жуда муҳим. Ёшларга оид давлат сиёсати борасидаги халқаро тажрибалар шуни кўрсатадики, ёшлар сиёсати йўналишлариши белгилашда, ижтимоий-сиёсий қарорларни қабул қилишдаги ёшларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва хусусий сектордаги ёшлар вакилларининг иштироки муваффақият гарови сифатида хизмат қилган. Чунки, айнан ёшлар ўз тенгдошларининг эҳтиёж ва қизиқишларини яхши билишади ва англашади. Бугунги замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган асрда кимлардир бу технологияларни бунёдкорлик, илм-фан, тараққиёт йўлида қўлласалар, кимлардир ижтимоий тармоқлар орқали миллионлаб онги мўрт, мустақил фикрлашга, позицияга эга бўлмаган ёшларни тўрга тушириш, ўз қабиҳ мақсадларини амалга ошириш йўлида фойдаланмоқдалар.
Мақсад - ёшлар қалбини эгаллаш, муайян мамлакат ёки минтақадаги бирор миллат ёхуд халқнинг онгига, унинг сезги-туйғуларига таъсир ўтказиш, уни ўз дунёқарашига бўйсундириш, маънавий жиҳатдан заиф ва тобе қилиш. Фикр қарамлиги, тафаккур қуллиги эса ҳар қандай иқтисодий ёки сиёсий қарамликдан кўра даҳшатлидир.
Таъкидлаш жоизки, ХХ аср ўрталаридан бошланиб, ХХI асрда кенг қамровли жараёнга айланган глобаллашув тенденциялари шахслараро ва давлатлараро муносабатларда ички тарқоқлик, бегоналашув ҳолатларини юзага келтирди. Айниқса, одамларнинг бирламчи ва мустаҳкам боғлиқлик бўғини бўлган оила институти, оилада эр-хотин, ака-ука, опа-сингилар, яқин қариндошлар ўртасидаги анъанавий меҳр-муҳаббат, садоқат, ўзаро якдиллик муҳити таназзулга юз тутди. Европа Иттифоқи мамлакатлари ижтимоий тармоқларида одамлараро меҳр-шавқат, бағрикенглик, ўзаро садоқат туйғуларининг сусайиб кетганлиги, янги авлоднинг катта авлод турмуш тарзига, хусусан ўз ота-оналари амал қилиб келган одат ва анъаналарига беписандлиги, улар томонидан қадрланган адабиёт, санъат дурдоналарини ўзлаштирмай қўйганликлари, илм-фанга беэътиборлиги, табиатни эъзозлаш ўрнига уни вайрон қилишга мойилликлари таҳлил этилиб, “де-факто” шаклланиб бўлган ҳолатдан чиқишнинг ягона йўли сифатида ҳар бир соҳада ижтимоий боғликлик, одамлараро ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтиришга йўналтирилган фаолиятларни амалга ошириш вазиятни ўнглашнинг ягона йўли эканлиги қайд этилмоқда. Америкалик тадқиқотчи М.Портер ҳар қандай давлатнинг иқтисодий рақобатбардошлиги ва мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий муҳит барқарорлигининг сифати жамиятдаги турли ижтимоий қатламлар вакилларининг интеллектуал тараққиёт даражаси, касбий фаоллик ҳамда энг муҳими ижтимоий аҳиллик, ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятда адолатлилик ва одамларнинг бир-бирига нечоғли маънавий боғланганлик ҳолатига бевосита боғлиқдир, дейди.1
Бугунги кунда ҳар бир давлатнинг тараққиёти глобаллашув асосида шаклланмоқда. Ушбу даврда жамиятни бошқариш, маънавиятини ва қадриятларини ўзгартириб юбориш осонлашган. Турли мафкуравий марказлар ёшларга таъсир кўрсатиш орқали ўз мақсадини амалга ошириши, ёшлар учун дастурлар қабул қилиши ҳозирда маълум. Шу сабабли, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий қадриятлар, маънавиятимизни уларнинг онгига сингдириб бориш орқали ёшлар онгига ташқи таъсирларни минималлаштиришга эришиш мумкин.



Download 0.56 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   36




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling