«турли қўл» ишлаган қисмларни бир мутахассиснинг – дизайнернинг яхлитлаштириши натижасида ўзини бутунисича намоён қилади. Шу сабабли, ҳунарманднинг маҳсулоти – санъат, дизайнернинг иши носанъат эстетик фаолият ҳисобланади. Шунга қарамай, дизайн ва дизайнернинг ижодий меҳнати Эр юзида тобора кўпайиб бораётган инсон зотининг замонавий иқтисодий-маиший ҳамда эстетик эҳтиёжини, маънавий талабларини қондириши билан муҳим ҳамда эътиборга лойиқ. Техника эстетикаси эса, дизайн назарияси сифатида эстетиканинг ўзига хос тури, усиз бугунги эстетика фанини тўлиқ тасаввур қилиб бўлмайди. Кейинги икки асрдан ортиқ вақт мобайнида эстетикани фақат санъат фалсафаси сифатида талқин қилиш ҳақиқатга зид экани маълум бўлиб қолди. Чунки аста-секин «санъат эстетикаси» ёнида яна бошқа «эстетикалар» пайдо бўла бошлади. Уларнинг баъзиларини эстетик фаолият, эстетик соҳа каби атамалар билан номлашга уриниб кўрдик. Бироқ бундай ёндашув доимо назарий чалкашликларга олиб келди, ҳозир ҳам ўшандай манзарани кўриш мумкин. Масалан, эстетик фаолият деганимизда санъатни тушунамиз, борингки, унга дизайнни ҳам қўшиш мумкин. Лекин табиатни ёки спортни эстетик фаолият деб айтолмаймиз, уларга тааллуқли назарияларни эстетика соҳаси дейиш ҳам қийин. Чунки моҳиятан улар эстетик фаолият эмас, балки эстетик хусусиятлар намоён бўладиган воқелик ва улар борасидаги назарияларни эстетиканинг қисмлари деб аташ ҳам уларга нисбатан тўғри эмас; бундай атама билан биз эстетика тарихи, эстетика назарияси, эстетик маданият сингари фаннинг «катта-кичик» бўлимларини назарда тутамиз. Ана шундай ҳар хилликлар кўпгина адабиётларда, ҳатто эстетика луғатида ҳам тез-тез учраб туради56. Улардан қутулиш мақсадида биз эстетиканинг икки қатордан иборат турларга бўлган ҳолда таснифлаштиришни мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз. Биринчи қаторни эстетиканинг энг миқёсли тури санъат эстетикаси, иккинчи қаторни эса, қолган барча, носанъат эстетик объэктга асосланган эстетик назариялар ташкил этади. Улар – табиат эстетикаси, турмуш эстетикаси, меҳнат эстетикаси, техника эстетикаси ва спорт эстетикаси. Санъат эстетикасини алоҳида, кейинги бобларда кўриб чиқишимизни назарда тутиб, ҳозир носанъат объэктлар эстетикаси қаторидаги эстетик назариялар турларини қисқача назардан ўтказамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |