Германия ва австрия янги даврда. Режа: Иқтисодий тузум


Download 109.38 Kb.
bet18/24
Sana24.02.2023
Hajmi109.38 Kb.
#1227341
1   ...   14   15   16   17   18   19   20   21   ...   24
Bog'liq
2 тема Германия ва Австрия Янги даврда

Австрия тахти учун уруш. 1740 йили Карл VI нинг вафотидан сўнг Габсбурглар сулоласида эркак киши қолмади. Буни олдиндан ҳисобга олган Габсбурглар 1723 йили Прагматик санкция деб аталувчи ҳужжат қабул қилади. Унга биноан тахт ворислиги жинсидан қатъи назар сулоланинг ёши катта вакилига ўтар эди. Бу ҳужжат шунингдек, Габсбурглар давлати чегараларининг дахлсизлиги ва биринчи навбатда Австрия, Чехия ва Венгриядан иборат ҳудуднинг бўлинмаслигини ҳам эълон қилди. Аммо бу ҳужжатни қўшни давлатлар, айниқса Габсбургларнинг асосий рақиблари бўлган Пруссия ва Франциянинг дипломатик тан олиши оғир кечди.
1740 йили 23 ёшли Мария Тереза тахтга келганда Австрияга қарши Франция, Испания, Бавария, Савой ва Пруссиядан иборат коалиция ташкил қилиниб, улар Австрия тахтига Бавария курфюрстини ўтқазиш ва империянинг асосий ерларини бўлиб олиш ҳақида келишиб олган эдилар. Шу тариқа Европада Австрия тахти учун уруш бошланди. Австриянинг иттифоқчилари бўлган Россия ва Буюк Британия деярли ёрдам кўрсата олмадилар (Россия Швеция билан урушаётган эди). Фақат 40 минг кишилик венгерлар армиясигина Мария Терезани ва бутун империяни ҳалокатдан сақлаб қолди.
1748 йилги Аахен сулҳига кўра Мария Тереза тахтни ўзида сақлаб қолди, Бельгияни қайтариб олди, аммо Парма ва Италиянинг бошқа бир қатор ҳудудларини Испанияга, энг оғири эса Силезияни Пруссияга беришга мажбур бўлди.
«Маърифатли абсолютизм». Мария Тереза ислоҳотлари. Мария Тереза (1740 –1780) ва Иосиф II (1780 –1790) ҳукмронлик йиллари Австрия тарихида «Маърифатли абсолютизм» деб аталади. Бу даврда бир қатор ислоҳотлар ўтказилиб, улардан асосий мақсад
абсолют монархияни ривожланиб бораётган бозор муносабатлари манфаатларига мослаштириш ва янги ижтимоий муносабатларга кенг йўл очиш, айни пайтда зодагонларнинг етакчилик ролини сақлаб қолиш эди. Ислоҳотларни ўтказишда француз маърифатпарварлари, айниқса Вольтернинг ғоявий меросидан унумли фойдаланилди.
Ўтказилган ҳарбий ислоҳотлар натижасида марказлаштирилган рекрут йўли билан доимий тўлдирилиб борувчи мунтазам армия шаклланди. Молия ислоҳотидаги асосий йўналиш солиқ соҳасидаги эски феодал имтиёзларни бекор қилиш ва умуман солиқ ҳуқуқини шаклланиб келаётган бозор муносабатларига мослаштиришдан иборат бўлди. Зодагон ва руҳонийларнинг солиқ соҳасидаги имтиёзлари бекор қилинди, янги меросдан олинадиган солиқ ва жон бош солиғи жорий қилинди. Меросдан олинадиган солиқдан тушган маблағ мактаблар қурилишига сарфланадиган бўлди.
Капиталистикмуносабатларнингривожланишида1775йилиички божхона чегараларининг, турли-туман божларнинг бекор қилиниши катта аҳамиятга эга бўлди. Янги қонунга биноан мамлакатга киритиладиган хом-ашёга жуда паст, зеб-зийнат маҳсулотларига эса анча юқори бож тўлови ўрнатилди. Ароқ ва винонинг зеб-зийнат
қаторига киритилиши Мария Терезанинг халқ орасидаги обрўсига путур етказди.
Ҳарбий ва молиявий ислоҳотларнинг амалга оширилиши давлат аппаратида ҳам ўзгаришлар бўлишига, бюрократик марказлашувнинг кучайишига, ҳисоб ва назорат тизимининг такомиллашувига олиб келди. Мария Тереза даврида Австрия тарихида биринчи марта ерларнинг тўлиқ рўйхатга олиниши ўтказилиб, бу аҳоли сони
ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш имконини берди. Унга кўра Габсбурглар империясида 25 миллион киши, шундан 13 миллиони Австрияда ва Чехияда яшар эди.
Қишлоқ хўжалигида ўтказилган ислоҳотлар натижасида қишлоқда ҳам капиталистик муносабатлар шакллана бошлади. Айниқса ернинг товар сифатида сотилишига рухсат берадиган фармоннинг эълон қилиниши бу жараённи тезлаштирди. Абсолют давлат фақат саноат ва савдони рағбатлантириш билан чекланиб қолмади. Мария Тереза даврида маориф ва таълим соҳасида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Унинг ислоҳотлари натижасида Австрия Европада биринчилардан бўлиб давлат субсидияси ҳисобига бутун бошли мактаблар тизимини қуришга киришди, савдо ва саноат учун мутахассислар тайёрлайдиган махсус техник билим юртлари пайдо бўлди. Табиий фанлар, айниқса тиббиёт соҳасида катта муваффақиятларга эришилди. Бу даврда Австрия жаҳон маданиятига фақат йирик олимлари билангина эмас, Вольфганг Амадей Моцарт ва Йозеф Гайдн сингари буюк композиторлари билан ҳам ҳисса қўшди.

Download 109.38 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   14   15   16   17   18   19   20   21   ...   24




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling