АНТИГЕНЛАР (гр. anti ↑, genes — ҳосил қилиш) — организмга ёт бўлган ирсий ахборотга эга ва унга тушганда махсус оқсиллар (антителолар) ёки бошқа иммунологик жараёнлар (иммунологик хотира, толерантлик) ҳосил қиладиган оқсил табиатли, юқори молекулали органик моддалар (вирус, микроблар ва уларнинг маҳсули). А. жуда мураккаб бўлиб, бир қанча фаол қисмлардан ташкил бўлиши мумкин. А. организмда ёки пробиркада, ҳар қандай идишда антителолар билан бирикиш қобилиятига эга.
АНТИГЕНЛАР ТУРЛАРИ:
Гетероген антигенлар — ҳар хил турларга хос антиген детерминантлари бўлган умумий антигенлар.
Метаболит антигенлар — бактерияларнинг яшаш жараёнида ҳосил бўлувчи оқсил моддалар (метаболитлар).
Мукаммал антигенлар — организмда антителолар (иммун таначалар) ҳосил бўлиш жараёнини юзага келтирувчи. Лимфоцитлар сезувчанлигини оширувчи (сенсибилизация), организмга бегоналик хусусиятлари мужассамлашган оқсилли моддалар.
Номукаммал антигенлар, гаптенлар — таркибида оқсил бўлмаган моддалар. Антителолар билан бирикувчи, аммо организмда мустақил равишда антителолар ҳосил қила олмайдиган, кичик молекулали моддалар, липидлар, рибонуклеаза, инсулин ва шунга ўхшаш моддалар мисол бўлади. Бундай моддаларга катта молекулали моддалар қўшилса, улар антигенга айланади ва антитело ҳосил қилиш хусусиятига эга бўлади. Гаптенларга қаранг.
Протектив антигенлар (лот. protectivus — ҳимояловчи) — организмда, айнан бир касалликка қарши антителолар ҳосил қилувчи вирус ёки бактериялар антигени. Бу хусусият пневмострептококкларнинг капсула антигенида мавжуд. Стрептококкларнинг мукопротеин, стафилококкларнинг альфапротеинлари ҳам протектив хусусиятга эга.
Трансплантат антигенлар - икки организм ҳужайра ва тўқималарининг бир-бири билан ирсий ўхшашлигини ёки бегоналигини билдирувчи антигенлар.
АНТИГЕНЛАР ГУРУҲИ — бир гуруҳ ёки турдаги индивидларга хос бўлган антиген тури. Масалан, бу кўрсаткичга асосан одамлар қон гуруҳларига, бактериялар серологик типларга ажратилади.
АНТИГЕНЛИК — организмга ёт модда (антиген) тушганда, ўзига қарши антителолар ҳосил қилиш ва у билан бирикиш қобилиятини ифодаловчи кўрсаткич. А. молекула вазни 10000 Д дан юқори бўлган оқсилларга ва тарқоқ полипептид занжирли биополимерларга ҳамда Л-аминокислотали кўплаб дисульфид боғлам мавжуд учламчи тузилишга эга сунъий полипептидларга хос. Таркибида тирозин ва лизин аминокислоталари бор полипептидларнинг антигенлиги юқори.
Do'stlaringiz bilan baham: |