51-БОБ. СУДМАЖЛИСИНИНГ ТАЙЁРЛОВ ҚИСМИ
428-модда. Суд мажлисини очиш
Раислик қилувчи тайинланган вақтда суд мажлисини очади ва қандай жиноят иши кўрилишини эълон қилади.
1. ЖПКнинг 51-боби суд мажлисининг тайёрлов қисмига бағишланган бўлиб, у одил судловни муваффақиятли амалга оширишга мустаҳкам замин ҳозирлайди.Суд мажлисининг тайёрлов қисми қонунга қатьий амал қилган ҳолда жиноят ишлари бўйича одил судловни амалга оширишни таъминлаш учун шарт-шароитларни яратиш ва уларни текширишга йўналтирилган. ЖПКда ташкилий-бошқарув ваколатлари фақат раислик қилувчининг зиммасига юклатилган.
2. Раислик қилувчи томонидан суд мажлисининг очилиши ва қандай жиноят иши кўрилиши эълон қилиниши жиноят процессида суд муҳокамаси босқичининг бошланганлигини билдиради. Бунинг учун судья ҳеч кимдан рухсат ёки розилик сўрамайди
3. Суд мажлисининг белгиланган вақтда очилиши нафақат суд таркибининг, балки суд муҳокамаси бошқа иштирокчиларининг ҳам интизомига боғлиқ.
4. Суд мажлисида қандай жиноят иши кўрилиши эълон қилинганда, фақат ЖКнинг моддаларинигина айтиб ўтиш билан кифояланмасдан, балки уларнинг мазмуни билан суд мажлисида ҳозир бўлганларни таништириш керак.
429-модда. Процесс иштирокчиларининг судга келган-
келмаганлигини текшириш
Суд мажлисининг котиби давлат айбловчиси, жамоат айбловчиси, судланувчи, ҳимоячи, жамоат ҳимоячиси, шунингдек, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ёки уларнинг вакиллари судга келган-келмаганлиги тўғрисида ахборот беради. Шундан кейин судга таржимон, гувоҳлар, экспертлар ва мутахассислар келган-келмаганлиги текширилади. Котиб ҳозир бўлмаганларнинг нима сабабдан келмаганлигини маълум қилади.
Ишда иштирок этаётган шахсларнинг кимлиги паспорт ёки уларнинг шахсини гувоҳлантирувчи бошқа ҳужжатлар бўйича аниқланади.
1. Шарҳланаётган модда талабига кўра, процесс иштирокчиларининг судга келган-келмаганлигини текшириш суд мажлиси котибининг зиммасига юклатилади. Судда ҳозир бўлмаганларнинг нима сабабдан келмаганлигини суд мажлиси котиби маълум қилади ва бу натижалар баённомада қайд этилади. Суд муҳокамасини давом эттириш ёки уни бошқа кунга қолдириш масаласи суд мажлисида ҳозир бўлган тарафларнинг фикрларини ҳисобга олиб ҳал қилинади.
2. Ишда иштирок этаётганларнинг шахси паспорт ёки уларнинг шахсини гувоҳлантирувчи бошқа ҳужжатлар бўйича аниқланадива турли тушунмовчиликларнинг олди олинади.
3. Судга келишни истисно қилувчи ҳолатларга, шахснинг вафоти, оғир хасталик, йироқда ва узоқ муддатли хизмат сафарида бўлиш, яшаш жойидан рўйхатдан чиқиб кетган ва янги турар жойини аниқлашнинг имконияти бўлмаган ҳолатлар киритилиши мумкин. Ҳар доим шахснинг судга келишини истисно қилувчи ҳолатни узрли деб топиш тўғрисида суд қарор қабул қилиши керак ( ЎзР Олий суди Пленумининг 1997 йил 22-августдаги «Судлар томонидан жиноят ишларини биринчи босқич судида муҳокама этиш жараёнида процессуал қонунчиликка риоя қилиниши тўғрисида»ги қарорининг 4-банди).
Do'stlaringiz bilan baham: |