Microsoft Word anvar obidjon meshpolvonning janglari ziyouz com doc
Download 0.68 Mb. Pdf ko'rish
|
Anvar Obidjon. Meshpolvonning janglari
www.ziyouz.com кутубхонаси
12 Бу дунёда туғилмабди. Ошиқбола нафси ўткир йўлдошининг бидирлашларига бефарқ қулоқ солиб тургач, қовоқ- тумшуғи осилиб сўради: – Буқоқнинг давоси нима, деяпман? Ё хуржуним бўшамагунча айтмайсанми? – Буқоқмас бу, – деб ниҳоят асосий гапга ўтди Мешполвон. – Буни тепки дейишади. Давоси осон: иккита кулчами, тўртта олмами, олтита варақими – ниманики топсанг, ҳисобини жуфт қилиб, эгизак туққан хотиннинг уйига борасан, қўлингдагини бериб, дардингни айтасан. Еган оғиз уялар деган гап бор. Хотин ҳамма ишини ташлаб қўйиб, каллангни пўсахонага 6 мидиб 7 ётқизади, шишган жойингга яланг оёғи билан етти марта тепади. Бир ҳафтадан кейин сен кўрмадинг, мен кўрмадим бўласан. Ошиқбола индамай отига қамчи урди. Мешполвон ҳам хачирини олдинга қистаб, севимли қўшиғини хиргойи қила бошлади: Олма едим бақалоғидан, Гилос едим чақалоғидан, Анжир едим япалоғидан, Боғбон буванинг шапалоғидан... Улар туртиниб-суртиниб, талай йўл босишди. Эгизак болали хотин уёқда турсин, қарғиш теккан бу саҳрода бирон-бир тирик жоннинг ўзини учратиш амримаҳол эди. Шунга қарамай, Ошиқболанинг бўйнидаги шиш бир ҳафтада ўз-ўзидан қайтиб кетди. * * * Хайриятки, саҳронинг нарёғи Мешполвон ўйлаганидек, «ер тугаган жой»га бориб тақалмас экан. Аввалига якка-чекка овуллар учраб, охири каттакон дарёнинг бўйидан чиқиб қолишди. Қирғоқ ёқалаб бориб, кечга яқин Мингпода шаҳрига дуч келишди. Йўлдаги овулларда меҳмон бўлишганда, мингподаликлар Сепкилшоҳга ўз хоҳишлари билан бўйсуниб, дарёдан қуйидаги ерларни талашига йўл очиб беришганини чўпон-чўлиқлардан эшитишган эди. Қўш-омоч аранг сиққулик тор кўчаларида ҳар хил чуқур қазилган, қурумли гумбазларига ўргимчактўр осилган, деворлари нураган, ғижирлоқ дарвозалари мой сўраган бу шаҳарда иккаласи карвонсарой қидириб анча сарсон бўлишди. Биров итмисан, битмисан демади. Ҳамма ўз ишини битириш, ўз нафсига қайғуриш билан банд эди. Бегона-ку – бегона, бу ернинг одамлари ҳатто бир-бирига ҳам оқибатсизлиги шундоққина кўриниб турарди. Агар яқин танишлар учрашиб қолса, бирови бош қимирлатсаям обрўйи тўкиладигандек, шунчаки қош учириб қўяр, униси безрайганича сал қовоқ юмиб алик оларди. Қарама-қарши дарвозалардан кўчага тенг чиқиб келган қўшниларнинг бири ғўдайиб кўз қисса, иккинчиси жийиниб мўйлов учирарди. Душман уларни ҳеч бир қийинчиликсиз тобе этиб, энди осонгина тизгинлаб юрганининг боиси ҳам шу бўлса керак. Фақат болаларгина ғалати қуролланиб, ҳўкизтери ёпинган жангчини алоҳида қизиқув билан томоша қилишиб, кўчама-кўча эргашиб боришди. Йўллар торлиги учун уловлар олдинма-кетин юрар, отнинг туёғи таратган чангдан Мешполвоннинг томоғи қичишиб, хачири ҳам нафаси қайтаётгандек тинимсиз безангларди. «Ғирот бўлсанг ўзингга!– дея тихирланди Мешполвон. – Хумбош эганг иззатини билиб, орқада юраверса ўлармиди?» 6 Пўсахона – остона. 7 Мидиб – ёпиштириб, жипслаб. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling