Мулк хуқуқи(Миср)


Мулк хуқуқи(Ўрта аср Франсия)


Download 130.86 Kb.
bet10/18
Sana28.12.2022
Hajmi130.86 Kb.
#1014345
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   18
Bog'liq
Мулк хуқуқи

Мулк хуқуқи(Ўрта аср Франсия)



Феодалларнинг ерга эгалик ҳуқуқи
Францияда ҳуқуқнинг феодал асоси шунда яққол кўринадики, ҳуқуқ дворянлар ва руҳонийларнинг ерга нисбатан қатъий имтиёзларини мустаҳкамлайди. XII асрга келиб эркин деҳқонлар ер эгалиги ва бошқа шакллардаги аллод эгаликлар тўлиқ йўқолиб кетганди. Феод асосий ва ягона ер мулкчилиги сифатида ўрнатилганди.
XIII асрда бутун Францияда “сеньорсиз ерлар бўлмайди” деган тамойил қарор топган эди. Қирол ҳокимиятининг кучайиши билан легистлар ва қирол судялари мамлакатдаги бутун ерлар қирол номидан ушлаб турилади деган тамойилдан келиб чиқдилар.
Францияда ерга эгалик ҳуқуқининг бошқа соф феодал белгиси унинг бўлиниб кетганлигида эди. Қоида бўйича, ер бир шахснинг чекланмаган мулки бўлмай, балки турли даражаларда турувчи икки ёки ундан ортиқ феодаллар мулки сифатида майдонга чиққан.
Мулк ҳуқуқининг бўлиниб кетганлигини айниқса глоссаторлар юридик жиҳатдан асослаб берганлар. Дастлаб улар вассалларнинг ерга эгалик ҳуқуқини ер участкасидан фойдаланиш ва ҳосил олиш ҳуқуқи сифатида классик рим қоидаси (jus utendi ac fruendi) ёрдамида белгилаганлар. Лекин кейинроқ улар рим ҳуқуқининг классик тамойилларидан воз кечиб, бир ашёнинг ўзига бир вақтда бир неча мулк ҳуқуқининг мавжудлиги ҳақидаги янги қоидани тузадилар. Сеньорнинг “тўғридан-тўғри мулк ҳуқуқи” тан олинган (dominium directum), вассалнинг эса “фойдали мулк ҳуқуқи” (dominium utile) тан олинган.
Бу шуни англатардики, вассалнинг деҳқонларни турли йиғимлар олиш йўли билан эксплуатаwия қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланади. Сеньор ернинг олий эгаси сифатида чиқиб, маълум маъмурий-суд ҳуқуқларини ва ўтказилган ер участкасидан фойдаланиш устидан назорат қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Сеньордан ер олган вассал бу ерни арер вассалга ўтказиш учун XII асргача сеньорнинг розилиги олиниши лозимлиги талаб қилинар эди. Кейинчалик у мустақил амалга оширилиши мумкин бўлди, лекин бунда одат ҳуқуқида назарда тутилган тақиқларга риоя этиш лозим эди. Қоида бўйича, кутюмлар арер-вассалларга сеньордан олинган феоднинг 1/3 қисмидан 1/2 қисмигача миқдорини ўтказишга рухсат беради. Бироқ XIII асрдан сеньорнинг, сўнгра эса қиролнинг розилигисиз черковларнинг ер эгалигини ўтказиш тақиқланган, зеро, бунда “леннинг30 жонсизлантирилиши” содир бўлган эди. Шу тариқа мулкнинг олий эгаси бундай ерларини йўқотиб борган. Черков ҳарбий хизмат ўташ мажбуриятига эга бўлмай, ерни тобора ўз қўлида мустаҳкамлаб олган.
Ер эгасининг кўчмас мулкка оид ҳуқуқлари хусусий эмас, балки оила-уруғ ҳуқуқи сифатида кўрилган. Шунинг учун уруғ ерларига эгалик қилиш қариндош-уруғлар томонидан назоратга олинарди. XIII асрга қадар ер эгасининг ерни сотиши учун қариндош-уруғларининг розилиги талаб қилинарди. Кейинчалик бу талаб бироз юмшатилган, лекин қариндошлар оила мулкини бир йил-у бир кун ичида қайта сотиб олиш ҳуқуқини сақлаб қолганлар. Агар оила бошлиғи вафот этса ва унинг болалари бўлмаса, оила мулки оилага қайси шажара бўйича келиб тушган бўлса, ўша шажарага қайтарилган.
Одат ҳуқуқи мамлакатида ерга эгалик ҳуқуқининг ўзига хос кўриниши (конструкцияси) ишлаб чиқилган. Бу ердаги кутюмлар бошқача, махсус эгалик ҳуқуқи (сезина)ни тан олган. Сезина – сеньорга қарашли ерга эгалик қилишни билдиради. Бироқ сезина анъанавий ҳуқуқ деб тан олинар ва мулк сифатида суд орқали муҳофаза қилинарди. Амалда сезина феод шаклини олиши ва вассалга инвеститура йўли билан ўтказилиши мумкин эди. Ерга эгалик қилиш ҳуқуқи ер участкасига эгалик муддатининг ўрнатилиши муносабати билан турғун характер касб этган. Дастлаб одат ҳуқуқи бунинг учун қисқа муддат (бир йил ва бир кун) назарда тутган. Кейинчалик эса бу муддат 10 йилдан 30 йилгача узайтирилди. Феодал ер эгалиги ҳуқуқининг ўзига хослиги, шунингдек, деҳқонларнинг эгалик қилиш ҳуқуқлари билан чамбарчас боғлиқлиги билан ҳам характерланади. Бу ҳуқуқлар чекланган, лекин доимий эди. Даставвал деҳқон ўз чек ерини сеньорнинг розилигисиз бегоналаштира олмасди. Бироқ сеньор ҳам, ҳатто, шахсий қарам сервни ўзбошимчалик билан ердан ҳайдаб юбора олмасди.
XIII асрдан бошлаб цензива деҳқонларнинг ерга эгалик қилишининг асосий шакли бўлиб қолди. Цензива эгаси шахсий мажбуриятлардан озод этилиб, ерни тасарруф этишда катта эркинлик олди. Бироқ деҳқонларнинг ерга нисбатан ҳуқуқи илгаригидек сеньорнинг ер эгалиги ҳуқуқининг ҳосиласи сифатида кўриларди. Шунинг учун ҳам деҳқон хўжалиги турли феодал йиғимларни елкасида оғир юк сифатида кўтариб туришга мажбур этилган эди.
Ўз деҳқонларидан кун сайин ўсиб бораётган рентани олишга интилаётган сеньорлар ҳам, шунингдек, деҳқон хўжаликларидан солиқлар ундириб турган қирол ҳокимияти ҳам цензитарийларнинг эгалик ҳуқуқлари кенгайтирилишидан манфаатдор эдилар. Шу сабабли деҳқон (айниқса, мутлақ якка ҳокимлик даврида) ўз цензивасини сотиш, ҳадя қилиш, гаровга қўйиш ёки бошқа йўл билан бировга ўтказиш ҳуқуқларини олган. Бироқ, бунда деҳқон ер эгаси билан тегишлича ҳисоб-китоб қилиши ва ўрнатилган цензни ўз вақтида тўлаши лозим эди. Қироллик юристлари, хазина манфаатларидан келиб чиқиб, цензивани деярли тўлиқ мулк деб ҳисобланиши лозимлиги ҳақидаги тезисни асослаб чиқдилар. Зеро, уларнинг тасдиқлашларича, расман фақат мулкдан қироллик солиқлари – талялар олиниши мумкин эди. Бунда улар сеньор мулки билан цензива ўртасидаги фарқни, хусусан, сеньорнинг ценз ва бошқа йиғимлар, яъни феодал рента олишдан иборат азалий ва абадий ҳуқуқини таъкидлашни ҳам унутмадилар. 1789 йилги инқилобга қадар ерга нисбатан феодал мулкчилик ҳуқуқи деҳқонларнинг жамоа ерларидан фойдаланиш ҳуқуқлари билан ҳам уйғунлашиб (қўшилиб) кетган эди. Чунончи, чорва боқиш, ўтин тайёрлаш учун жамоа мулки (ўрмонлар, ўтлоқлар ва бошқалар)дан фойдаланиш, шунингдек, жамоа аъзоларининг бировнинг ер участкасидан ҳосил йиғиштириб олингандан сўнг қолган бошоқ, сомон ва ҳоказоларни йиғиштириб олиш ҳуқуқлари назарда тутилган.
XVI асрдан бошлаб дастлабки капитал жамғариш жараёни жамоа ерлари тақдирига сезиларли равишда таъсир қила бошлади. Француз дворянлари товар-пул муносабатларига муқаррар тарзда тортилдилар, лекин Англияда бўлганидек цензитарийларни ер мулкларидан ҳайдаб юбора олмадилар. Шу туфайли француз дворянлари фаоллик билан жамоа ерларини талон-тарож қилиш сиёсатини юритдилар. Қирол ҳокимияти хазина манфаатларидан келиб чиқиб, даставвал жамоа ерларининг эгаллаб олинишига тўсқинлик қилди. Бироқ Людовик XIV даврида махсус фармон чиқарилиб, унга кўра, дворянлар хазинага маълум миқдорда ҳақ тўлаш шарти билан деҳқонлар жамоасига қарашли ерларнинг учдан бир қисмини олиб қўйишлари мумкин эди. Ҳақиқатда эса жамоа ерларининг учдан икки қисми, баъзан ундан ҳам кўпроғи олиб қўйиларди. Фақат шаҳарларда ер мулкчилиги асосан патриций-бюргерларнинг юқори қисми қўлида тўпланиб, рим ҳуқуқи таъсирида ўз ҳуқуқий режими бўйича баъзи муносабатларда чекланмаган хусусий мулкчиликка яқинлашди.




Download 130.86 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   18




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling