Мулк хуқуқи(Миср)
Сервитутлар Сервитутлар – одатларда ёки қонунда мустақкамланган ва қаттиқ чеклаб қўйилган бегона ашёлардан фойдаланиш ҳуқуқи
Download 130.86 Kb.
|
Мулк хуқуқи
- Bu sahifa navigatsiya:
- Мулк хуқуқи(Классик ва Пост классик даврларда Рим) Ашё ҳуқуқи
- Ашёлар манципацияли ва манципациясиз
- Публицианлар даъвоси (actio in rem Publiciana)
Сервитутлар
Сервитутлар – одатларда ёки қонунда мустақкамланган ва қаттиқ чеклаб қўйилган бегона ашёлардан фойдаланиш ҳуқуқи бўлиб, улар хусусий мулк билан бирга ва қўшни участкалардаги мулк эгаларининг ўзаро муносабатларини аниқ юридик тартибга солиш заруриятидан келиб чиққан. Сервитутлар хўжалик учун муҳим бўлганлиги сабабли манципацияли ашёлар категориясига (туркумига) мансуб бўлган. Уларнинг ичида: қўшни участка орқали ўтиш, чорва ҳайдаб ўтиш, транспортда юк олиб ўтиш, қўшни учаскадан сув олиб чиқиш ҳуқуқлари қадимий ва муҳим бўлган. XII жадвал қонунларида ҳам сервитутлар алоҳида кўриб чиқилган. Масалан, унга биноан 15 футдан баланд бўлган дарахтлар сояси қўшни участкага зарар келтирмасин учун бутунлай кесиб ташланган (VII, 9а), қўшни участкадан тўкилган чўчқаёнғоқлар (дуб дарахтининг меваси)ни қўшни териб олишига рухсат этилган (VII, 10). Мулк хуқуқи(Классик ва Пост классик даврларда Рим) Ашё ҳуқуқи Мулкий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш рим хусусий ҳуқуқида марказий ўрин эгаллайди. Ашё ҳуқуқи тушунчаси ҳали рим юристларига маълум эмас эди. Лекин улар ашёвий даъволарни (actions in rem) мажбурият муносабатлари билан боғлиқ бўлган шахсий даъволардан (actions in personam) аниқ ажратганлар. Классик ва постклассик давр юристлари амалий мақсадлар учун ашёларини қатор классификациясидан фойдаланганлар. Ашёлар манципацияли ва манципациясиз (бундай бўлиниш илгариги аҳамиятини йўқотиб борган), харакатдаги ва кўчмас, бўлинадиган ва бўлинмайдиган, алмаштириладиган ва алмаштирилмайдиган ва бошқаларга бўлинган. Рим давлати иқтисодиёти аграр характерга эга бўлгани учун мулкий муносабатларда ер алоҳида ўрин эгаллайди. Ерлар қадимги даврлардаёқ алоҳида қулдорлар қўлига ўтиб, хусусий эгаликдаги ерлар ҳисобланган. Шунингдек, узоқ вақтгача жамоат ерлари (ager publicus) сифатида кўриладиган давлат ерлари ҳам мавжуд эди. Лициний қонуни қабул қилинганидан кейин бундай ерлар атрофидаги кураш нафақат кучсизланди, балки янги кучлар билан аланга олди. Нобилитет бу ерларни талон-тарож қилди, улардан йирик қулдорлик латифундияларини тузди. Бундай латифундиялар билан майда деҳқон хўжаликлари рақобат қила олмас эди. Ерларни майда мулкдорлар фойдасига қайта тақсимлаш мақсадида ака-ука Гракхлар амалга оширган фавқулодда қонун ҳужжатлари натижа бермагани сабабли милоддан аввалги 111 йилда аграр қонун қабул қилинди. Бунга кўра, жамоат фондини ташкил этган ерлар эндиликда қайта тақсимланмайдиган бўлди. Бу билан ерга нисбатан хусусий мулкчилик батамом мустаҳкамланди, хусусий ер эгалиги ҳукмрон бўлиб қолди. Мулк айланиши зарурияти ва рим давлати ҳудудининг кенгайиши классик даврда мулк ҳуқуқининг янги турлари пайдо бўлишига олиб келди. Модомики, ўтган даврга оид квирит мулкчилиги очиқ кўринишдаги миллий характерга эга бўлганлиги ва уни эгаллашнинг қатор шартлари мавжуд бўлганлиги сабабли борган сари эскириб, архаик бўлиб қолган экан, ҳаётнинг ўзи мулкий манфаатларни мустаҳкамлашнинг янги ва унча мураккаб бўлмаган шаклларини ишлаб чиқишни талаб қилди. Претор ҳуқуқи доирасида махсус юридик воситалар ёрдамида претор ёки бонитар мулкчилик деб аталадиган механизм (тузилиш) ташкил этилди. Претор квирит ҳуқуқи расмиятчиликларига амал қилинмаслиги оқибатида ашё сотиб олувчининг квирит мулк эгаси мақомини ололмагани ҳолларида сотиб олувчининг манфаатини ўз ҳимояси остига олган, яъни сотиб олувчи томонидан сотиб олинган ашёни унинг мулки таркибига киритган (in bonis). Бонитар мулк эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун преторлар квирит ҳуқуқига маълум бўлган эгалик қилиш муддати институтидан ҳам фойдаландилар. Претор охир оқибатда квиритларнинг бонитар мулкчилиги ҳуқуқи, агар эгалик қилиш муддати асосида келиб чиқса, бундай ҳуқуқни ҳам тан олган. Шундай қилиб, ашёга эгалик қилувчи бонитар мулк эгаси квирит мулк эгаси томонидан талаб қилинишидан претор ҳимоясини олган. Вақти-вақти билан преторлар бонитар мулк эгаларини у ёки бу ҳолларда бошқа шахслардан (жумладан, квирит мулк эгаларидан ҳам) ашёларини қайтариб олишга эришишларида юридик қўллаб-қувватлаганлар. Бу мақсадда махсус Публицианлар даъвоси (actio in rem Publiciana) қўлланган. Рим давлати чегараларининг кенгайиши, унга янги-янги провинцияларнинг киритилиши ва чет элликлар сонининг ўсиши муносабати билан, шунингдек, провинциал мулкчилик (рим фуқаролари учун) ва перегринлар мулкчилиги ҳам тан олинган. Рим юристлари мулк ҳуқуқининг айнан конструкциясини махсус ишлаб чиқмаганлар, лекин улар мулк эгасининг ашёга нисбатан турли ваколатларини тан олиш йўли билан мулк ҳуқуқининг мазмунини очганлар. Рим юристлари мулк эгасининг ашёга нисбатан ваколатларига: эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи, тасарруф этиш ҳуқуқи, ашё келтирадиган ҳосилларга ёки даромадларга бўлган ҳуқуқ, ўз ашёсини учинчи шахслардан талаб қилиш ҳуқуқини киритганлар. Мулк ҳуқуқига шахснинг ашё устидан тўла ҳукмронлиги сифатида, мутлақ ва чекланмаган ҳуқуқи сифатида қаралган. Xусусий мулкчиликни бундай тушуниш, оқибатда, янги даврда кўп давлатларнинг ҳуқуқида фойдаланилди ва ривожлантирилди. Классик ва постклассик даврнинг рим ҳуқуқида мулк ҳуқуқига эга бўлиш усулларига катта эътибор берилган, чунки мулкий айланишнинг ривожланиши ҳуқуқий муносабатларда жуда аниқликни ва мулк ҳуқуқига эга бўлишнинг ҳуқуқий асоси ҳақидаги масалада ўта ойдинликни талаб қилган. Tобора кам фойдаланилаётган манципация доминат даврига келиб амалда истеъмолдан чиқиб кетган. Шу билан бирга “анъана” (“tradition”) мулк ҳуқуқидан воз кечишнинг асосий усули сифатида ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Бу усулнинг қулайлиги унинг оддийлиги ва норасмий характерда эканлигида эди. Анъанада мулк ҳуқуқи ашёнинг фақат “адолатли”, яъни қонуний асослар (justa causa) мавжудлиги шароитларида ўтказилиши орқали келиб чиққан. Классик даврда, айниқса, “халқлар ҳуқуқи”да мулк ҳуқуқига эга бўлишнинг бошқа бир қанча усуллари ҳам анча батафсил ишлаб чиқилди. Улардан баъзилари қадимги даврлардаёқ маълум эди. Бунга ташландиқ ашёларни, шунингдек, эгасиз ашёларни (масалан, балиқ овлаш, ов маҳсулотлари ва ҳоказоларни) эгаллаб олиш кабилар кирган. Душмандан тортиб олинган ашёлар ҳам шунга кирган. Адриан рескриптига биноан, топиб олинган хазина уни топиб олган шахс ва хазина кўмилган ер участкасининг эгаси ўртасида тенг бўлинган. Мулк ҳуқуқига эга бўлишнинг махсус усуллари қаторига бегона материалдан янги ашё яратиш ҳам кирган. Бундай ҳолда ашё кимга – уни тайёрлаган шахсгами ёки матерял эгасими тегишли бўлиши лозимлиги хусусида рим ҳуқуқшуносларининг асосий мактаблари (сабинянлар ва прокулянлар) ўртасида тортишувлар кетган. Мулк ҳуқуқи, шунингдек, ашёларнинг қўшилиши йўли билан ҳам вужудга келиши мумкин. Масалан, бирор шахс ўз қурилиш материаллари билан бошқа бировга тегишли ер участкасида уй қурса, ер эгаси мазкур уйга нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлган. Классик даврда эга бўлиб олиш муддати (usucapio) янада ривожлантирилди. Претор ҳуқуқида эгалик қилиш муддати бўйича мулк ҳуқуқига эгалик қилиши мумкин бўлган шахслар доираси кенгайтирилди. Масалан, ашёни ўн йилдан ортиқ ҳалол ва узлуксиз эгаллаб турган ҳатто перегринларга ҳам ашёга нисбатан мулк ҳуқуқи берилган. Постклассик даврда (Юстиниан императорлиги даврида) ашёга 30 йилдан ортиқ вақт давомида узлуксиз эгалик қилиб туришлик натижасида, ҳатто бунга қонуний унвони, яъни “ҳаққоний эгалик асоси” бўлмаса ҳам, мулк ҳуқуқи тан олинган. Классик даврда хусусий мулк эгаси ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг фуқаролик-ҳуқуқий шакллари янада ривожланди. Уларнинг ичида анча муҳими виндикацион даъво бўлган. Бу даъво мулк эгасига қандайдир сабаблар билан йўқолган ва учинчи шахсга ўтиб қолган ашёни тақдим қилган. Виндикацион даъво ўз мазмунига кўра мулк ҳуқуқи ҳақидаги тортишув ҳисобланган. Бунда ҳақиқий мулк эгаси жанжалли мулкка нисбатан ўз ҳуқуқини исботлаши лозим эди. Агар у буни далиллар асосида исботласа, ашё охирги (бегона) эгага қандай тушиб қолганлигидан қатъий назар, ҳақиқий эгасига қайтарилган, Агар бегона ашёга эгалик қилиб турган шахс ҳалол бўлса, яъни буни ноқонуний эканлигини билмаган бўлса, у ҳолда мулк эгасига ашёни қайтарган ва виндикацион даъво чиққандан буёғига ундан олинган ҳосилни ҳам берган. Агар бегона ашёга эгалик қилиб тўрган шахс ноинсоф, яъни буни ғайриқонуний эканлигини билган бўлса, у ҳолда мазкур шахс ушбу ашё билан бирга унга эгалик қилиш давомида олган барча ҳосилни даъвогарга бериши лозим эди. Xусусий мулк эгасининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун классик ва постклассик даврнинг рим ҳуқуқида негатор ва прогибатор даъволардан ҳам фойдаланилган. Негатор даъво бегона ашёга (масалан, қўшнисининг ер участкасига) асоссиз даъвони илгари сурувчи учинчи шахсларга қарши қаратилган. Прогибатор даъво эса мулк эгасига ўз ашёсидан нормал фойдаланишига тўсқинлик қилувчи тўсиқни йўқотиш мақсадини кўзлаган. Претор ҳуқуқининг ривожланиши билан ашё ҳуқуқининг яна бир мустақил тури – эгалик (possessio) институти юридик жиҳатдан батамом расмийлаштирилган. У хусусий мулкчилик муносабатлари тузумидан келиб чиққан ва маълум маънода мулк ҳуқуқини тўлдирган. Ашёга эгалик қилиш деганда унга мулк ҳуқуқи сифатида мустақил эгалик қилиш (animus possessions) мақсадида давом этган ҳақиқатан эгалик қилиб туриш (corpus possession) тушунилган. Animus possessions эгаликни ашёни оддий ушлаб туриш (detento)дан фарқлаган. Detento кўпинча шартнома ва ашёни унинг эгаси томонидан ушлаб турувчига узатилиши асосида келиб чиққан. Ашё эгасининг манфаатларини ҳимоя қилиш мулк эгасининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун хизмат қилувчи даъволар ёрдами билан эмас, балки преторлик интердиктлари (буйруқлари) воситаси билан амалга оширилган. Бундай интердиктлар ашё эгаси ҳуқуқларининг бузилишига хавф туғилган ҳолда эгаликни ушлаб қолиш ҳақида ёки учинчи шахс томонидан аллақачон олиб қўйилган ашёнинг қайтарилиши ҳақида бўлиши мумкин эди. Интердиктлар даъво эга бўлган юридик кучга эга бўлмаса ҳам ўзининг анча соддалиги (осонлиги) билан ажралиб турган, чунки у ашё эгасини ашёга эгалик қилиш ҳуқуқини исботлашнинг мураккаб тартибига мурожаат қилиш заруриятидан халос қилган. Шу сабабли преторлик интердиктига ўзларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг анча тез йўлини афзал кўрган ашё эгалари ҳам мурожаат қилишган. Классик даврда ашё ҳуқуқининг бегона ашёга нисбатан ҳуқуқ (jura in re aliena) деган тури ҳам янада ривожланган. Бир қатор янги ер, айниқса, шаҳар сервитутлари: бегона уйга тақаб иморат солиш ҳуқуқи, ўз деворини қўшнисининг уйи деворига суяб қуриш ҳуқуқи, қўшнининг ўз қурилишлари билан ён қўшнисини ёруғлик ва ташқи кўринишлардан маҳрум қилмаслигига бўлган ён қўшнининг ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқлар пайдо бўлди. Классик даврнинг ҳуқуқ манбаларида бегона ашёга нисбатан ҳуқуқнинг бировнинг ерида уй қуриш билан боғлиқ вужудга келган суперфиция каби тури пайдо бўлганлиги эслаб ўтилади. Дастлаб қурувчининг ҳуқуқи мулкий ижара шартномаси билан тартибга солинган, чунки уйга бўйсундирилган ашё сифатида қаралган, шу сабабли ер участкаси эгасининг мулки бўлиб қолган. Бироқ, кейинчалик претор қурувчининг манфаатларини анча кенг ҳимоя қилинишини амалга ошира бошлаган, уни уйга нисбатан шахсий ҳуқуқини эмас, балки ижара шартномасидан келиб чиқадиган ашё ҳуқуқини тан олган. Бу даврда юнон ҳуқуқидан эмфитевзис – белгиланган тўловни тўлаш билан авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтадиган ер ижараси ўзлаштириб олинган эди. Ерни ушлаб турувчи (эмфитевт)нинг ашё ҳуқуқи претор томонидан тан олинган ва ҳимоя қилинган бўлиб, у бу ер учаскасини ҳатто учинчи шахсга бўшатиб бериши ҳам мумкин эди (уни ер участкасидан ҳайдаб юбориш мумкин бўлмаган). Классик даврда гаров ҳуқуқи ҳам ривожланган. Бу вақтда ишончга асосланган ва гаровга қўйилган ашё кредиторнинг мулки (федуксия) ҳисобланган гаров шакли камдан-кам қўлланиладиган бўлиб қолган эди. Бунда, агар қарздор ўз мажбуриятини бажармаса, бу ашё, агар унинг суммаси қарз суммасидан юқори бўлса ҳам, абадул абад кредиторда қолган. Tовар муомаласининг ривожланиши билан кўпроқ пигнус деган гаровдан фойдаланила бошланган. Бунда гаровга қўйилган ашё кредиторга мулк сифатида эмас, ушлаб туриш сифатида ўтказилган, у қарздорнинг ашёга эгалик ҳуқуқини интердикт ёрдами билан ҳимоя қилиб, аҳволини анча енгиллаштирган. Императорлик даврида юнон ҳуқуқининг таъсири остида ипотека деган гаров шакли ҳам ривожланган. Бунда гаровга қўйилган ашё (одатда ер) қарздорнинг ўзида қолган, кредитор эса чекланган ашё ҳуқуқига – қарздор томонидан гаровга қўйилган ернинг сотилишига йўл қўймаслик ва мажбуриятлар бажарилмаган ҳолда талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга бўлган. Классик даврда шахсий сервитутлар ҳам ишлаб чиқилган ва ривожланган. Булар, одатда, васиятларда назарда тутилган. Бу бегона ашёдан келадиган ҳосилни олиш ҳуқуқи (узуфрукт) билан ёки бундай ҳуқуқсиз (узус) фойдаланишни назарда тутувчи сервитутлар бўлиб, бунда сервитут кимнинг фойдасига ўрнатилган бўлса, ўша шахснинг умрбод мулки ҳисобланган. Download 130.86 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling