Муаммонинг ишлаб чиқилганлик даражаси ҳамда тадқиқотнинг назарий асоси. Ишда 10 ёшдан бошлаб ёш атлетларнинг машғулот жараёнида қўлланиладиган оғир атлетика спорти воситалари ва услубларини шуғулланувчилар ёшига қараб табақалаштиришга оид истиқболли муаммо ҳал этилган. 10-15 ёшдаги атлетларнинг спорт билан шуғулланишлари бошланғич босқичида уларнинг ёшларини ҳисобга олган ҳолда оғир атлетика тайёргарлиги усулиятининг илмий асослаб берилиши ўсмирлар спорти назарияси ва усулиятини кенгайтириш ҳамда чукурлаштиришга маълум бир улуш қўшади.
Тадқиқотнинг объекти ва предмети: 10-15 ёшдаги ёш спортчиларнинг бошланғич оғир атлетика тайёргарлиги усулияти.
Тадқиқотнинг мақсади: 10-15 ёшдаги оғир атлетикачиларнинг бошланғич тайёргарлик босқичида ўқув-машғулот жараёни самарадорлиги оширишни таъминловчи машғулот усулиятини ишлаб чиқиш ва тажрибада асослаш.
Тадқиқотнинг методологик ва назарий асослари жамиятимиз учун етук инсонларни камол топтириш ва соғлом авлодни тарбиялаш борасида Хукуматимиз томонидан чиқарилган қарор ва қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти нутқлари ва асарларида кўрсатиб ўтилган тавсия ва йўриқлардан иборат.
Илмий янгилиги:
Оғир атлетикачи болалар ва ўсмирларнинг бошланғич тайёргарлиги усулияти ёш гуруҳларига табақалаштирилган ҳолда (10-11, 12, 13, 14 ва 15 ёш) ишлаб чиқилди ва тажрибада асослаб берилди.
Оғир атлетика тайёргарлигининг 10 дан 15 ёшгача бўлган даврида 13 ёш махсус жисмоний сифатларни такомиллаштиришда сенситив давр эканлиги аниқланди. Бу ёшда, бир томондан, куч ва тезкор-куч имкониятлари, иккинчи томондан, тезкорлик, чидамлилик ва чаққонликни ривожлантиришда ишончли ижобий корреляция мавжудлиги аниқланди.
10-15 ёшда оғир атлетика билан шуғулланиш асосий жисмоний сифатларнинг ёшга хос динамикасининг табиий хусусиятига муҳим даражада таъсир кўрсатмайди. Бу шу орқали тасдиқланадики, ёш оғир атлетикачилардаги бундай ўзгаришларнинг тўлқинсимон хусусияти ёш ўтган сари уларнинг спорт билан шуғулланмаган тенгдошларида кузатилган ўзгаришлардан ишончли равишда фарқланмади. Спорт билан шуғулланиш кўпроқ ёш атлетлар жисмоний имкониятларининг сон параметрлари ўсишига олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |