Мундарижа кириш I боб. Спорт назарияси ва амалиётида муаммонинг


Куч тайёргарлигининг ёшга хос ва услубий жиҳатлари


Download 69.56 Kb.
bet5/9
Sana30.04.2023
Hajmi69.56 Kb.
#1403486
1   2   3   4   5   6   7   8   9
Bog'liq
43.Yuldashev Boburjon. - Текширилди.

1.2. Куч тайёргарлигининг ёшга хос ва услубий жиҳатлари.
Ҳозирги замон ўсмирлар спортининг илғор назарияси ва амалиёти спортчилар тайёргарлигида ёш ҳамда жинс, жисмоний тайёргарлик хусусиятлари, эмоционал ҳолат, шунингдек, моддий базани ҳисобга олиш зарур эканлигини ишончли исботлаб беради (6, 7).
Ҳар қандай янги таклиф этилаётган спорт тайёргарлиги усулиятининг илмийлиги ва оддий тўғрилиги нафақат малака талабларининг бажарилиш тезлиги билан, балки ушбу шуғулланувчилар контингентининг ёшига мослиги билан белгиланади.
Маълумки, асосий жисмоний сифатлар орасида оғир атлетика учун куч энг муҳим амалий аҳамиятга эга (16).
Бунда куч мушакларни зўриқтириш йўли орқали ташқи қаршиликни енгиб ўтиш ёки унга қаршилик кўрсатиш қобилияти сифатида белгиланади.
Бундан ташқари, ушбу жисмоний сифатнинг ривожланиши ёшга муҳим даражада боғлиқ.
Шу сабабли куч спорт фаолиятининг етакчи элементи ҳисобланган спорт турларида спортчининг объектив имкониятлари асосида, яъни уларнинг биологик етилиш даражаси ва тайёргарлик даражасини ҳисобга олган ҳолда машғулот жараёнини ташкил этишга жуда катта аҳамият қаратилади.
Ёш спортчилар тайёргарлигидаги асосий йўналишларни аниқлаётиб, муаллифлар иккита йўналишни ажратадилар. Биринчиси ёшликда, иккинчиси спортчининг морфофункционал етуклик даврида юқори спорт натижаларига эришиш мақсадини кўзлайди. Биринчи йўналиш вакиллари бўлган мураббийлар ёш спортчиларни жадал тайёрлаш усулиятидан фойдаланадилар. Улар машғулот жараёни йўналишини кўпроқ “етакчи тизим” ни ёки сифатни
такомиллаштиришга қаратадилар.
Иккинчи ёндашув шундай тасаввурларга асосланадики, бунда юқори спорт натижаларига эришиш ҳамма жисмоний ва психик куч-кудратни зўриқтиришни тақозо этади ҳамда морфофункционал етукликка эришишдан олдин у режалаштирилиши мумкин эмас.
Замонавий спорт машғулоти кўп йиллик жараён сифатида қаралади. Амалда эса у шундай бўлиши мумкин, қачонки унинг биринчи босқичлари максимал даражада мумкин бўлган функционал, ҳаракат, техник имкониятларни яратишга, қолганлари эса уларни юқори спорт натижаси кўринишида амалга оширишга бағишланса, ушбу ҳолда, табиийки, тайёргарликни жадаллаштириш истиқбол учун ишлашга, яъни спорт машғулотининг кўрсатиб ўтилган иккинчи йўналишига ўрин бўшатади.
Махсус куч тайёргарлиги воситалари ҳар доим мутахассислар диққат марказида бўлиб келган. Улар турли-туман бўлишига қарамасдан, Ю.В.Верхошанский (7) махсус куч тайёргарлиги воситалари доираси анча чегараланган, деб ҳисоблайди. Унингча, аслида янги бошловчи ва малакали спортчилар бир хил воситаларни қўллайдилар, фарқи фақат ҳажмда ва уларни бажариш шиддатида. Муаллифнинг фикрича, бу, биринчидан, машғулотларнинг бир хилда ўтишига. олиб келади, иккинчидан, организм одатий бўлиб қолган қўзғатувчига мослашиб қолади ва спортчи кўзлаган қайта ўзгаришлар билан жавоб бера олмайди.
Илмий-услубий адабиётларда кўрсатилган услубий қийинчиликларга диққат тортилади ва спорт маҳоратининг ҳар бир босқичи учун махсус куч тайёргарлиги воситаларининг мослашувчан яхлит тизимини ишлаб чиқиш зарурати таъкидланади.
Воситаларнинг кетма-кетлик тизими машғулот жараёнига янги, янада самарали воситаларни фақат аввалгисининг машқ қилдириш имконияти тугагандан кейингина киритишни назарда тутиши сабабли, куч машқларини машғулотга тезкор-куч машқларидан сўнг, портловчи кучни ривожлантиришнинг кучли таъсир кўрсатувчи махсус воситаларини фақат куч машқларидан кейин киритиш мақсадига мувофиқ (6).
Динамик куч қобилиятларини ривожлантириш шакллари ва услублари эволюцияси жараёнида анъанавий тарзда иккита асосий услубий йўналиш юзага келган: “экстенсив таъсир кўрсатиш услублари” ва “интенсив (жадал) таъсир кўрсатиш услублари’’(Ю.В.Верхошанский, 1991; А.С.Медведев, 1983; В.М.Платонов, 1995 ва бошқалар).
Экстенсив машқлар услубларига келганда шу нарса таъкидланадики, оғирликларни меъёрлашда улар кўпроқ индивидуал максималнинг 50-60% дан 75-80% гача бўлган чегарасида берилади. Бу битта уринишда такрорлашлар сонини 6-8 ва 15-20 атрофида ушлашга ёрдам беради. Агар мушак массаси ҳажмининг ошишига туртки бериш вазифаси кўзда тутилса, оғирлик шундай ҳисоб-китоб билан меъёрланадики, такрорлаш максимуми (ТМ), одатда, уринишда 8-12 тадан ошмаслиги лозим, айнан шундай меъёрлаш тикланиш даврида тузилмавий элементларнинг кучли синтези билан кечадиган мушаклардаги алмашинув-трофик жараёнларни фаоллаштириш учун айниқса кулайдир.
Агарда мушаклар ҳажми ва гавда оғирлигини жадал оширмасдан туриб куч қобилиятлари ривожланишига туртки бериш кўзда тутилса, ТМ уринишда 4-6 гача камайтирилади, мувофиқ равишда оғирлик оширилади.
ТМ ни уринишда 15-20 гача ошириб ва мувофиқ равишда оғирликни камайтириб, куч чидамлилигини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилади.
Шахсий куч қобилиятларини тарбиялаш усулиятида интенсив (жадал) машқлар услублари асосини индивидуал максималга яқин ва унга тенг келадиган оғирликларни мунтазам равишда енгиб ўтиш ташкил этади.
Чегарага яқин оғирликлар билан битта уринишда такрорлашлар сони кўпи билан 2-3 ни, машқда уринишлар сони 6-8 ни ташкил этади. Машғулотдаги ҳафталик циклда ушбу услубдан фойдаланиб ўтказиладиган машғулотларнинг сони ҳам кўп эмас (масалан, янги шуғулланувчиларда 2-3 турдаги машқлар билан ҳафтасига 2 та машғулот). Ушбу услубий йўналиш доирасида 80-90 фоизли оғирликлар асосий оғирликлар ҳисобланади. 95-100 фоизли оғирликлар нисбатан кам қўлланилади, чунки бу асабий-психик ресурсларнинг ўта сафарбар этилишини тақозо қилади.
Бироқ шахсий куч қобилиятларини тарбиялашда асосий услубий йўналишлар хусусиятларини таъкидлаш учун юқорида кўрсатилган усулиятлар анча мураккаб берилган. Аслида эса бу йўналишлар бир-бири билан уйғунлашади, юкламалар ва дам олиш меъёрларининг муайян параметрлари шуғулланувчилар тайёргарлигининг дастлабки даражаси, ёш хусусиятларига ҳамда бошқа омилларга қараб алмашлаб турилади.
Куч қобилиятларини тарбиялаш жараёнида умумий таъсирга эга куч машқларига қўшимча мушак гуруҳларига танлаб йўналтирилган локал ва регионал куч машқларидан фойдаланиш тавсия этилади.
Муаллифларнинг фикрича, бундай куч машқлари жисмоний тарбиянинг бошланғич даврларида, мушак тизимининг асосий бўғимлари ва суяк-боғлам аппаратининг юқори даражадаги ялпи зўриқишларга бўлган ҳар томонлама табақалашган тайёргарлиги пайтида катта ўрин эгаллаши лозим. Алоҳида мушак гуруҳларига танлаб таъсир кўрсатувчи машқлар ушбу ҳолда вегетатив тизимларга юқори талаблар қўймаган ҳолда уларнинг ривожланишини самарали рағбатлантиришга ёрдам беради. Бу қандайдир сабабларга кўра ривожланишда орқада қолган ёки жароҳатлар туфайли шикастланган ҳаракат аппаратининг бўш бўғинларини мустаҳкамлаш зарур бўлган пайтда, шубҳасиз, муҳимдир.
Бир қатор муаллифлар ( Ю.Л.Верхошанский, 1989; Л.С. Дворкин, 1994) 11-13 ёшдаги ўғил болаларнинг тезкор-куч тайёргарлигини ривожлантириш учун чукурликка сакраб, кетидан узунликка ёки баландликка сакраш машқини қўллашни тавсия этадилар. Ўтказилган тажрибалар асосида ҳар бир кўрсатилган ёш гуруҳи учун чукурликка сакраш баландлигининг оптимал катталиклари берилади: 11 ёшдаги ўғил болалар учун-30+5см; 12 ёш - 35+5см; 13 ёш - 45+5см.
14-15 ёшдаги оғир атлетикачиларнинг тезкор-куч сифатларини жадал ривожлантириш имкониятларини тадқиқ қилиш асосида шундай фикр билдириладики, тезкор типдаги мушак толалари кўп бўлган спортчиларда тезкор-куч сифатларини ривожлантириш учун 80-89% шиддатли, суст типдаги мушак толалари кўп бўлган оғир атлетикачилар учун эса юклама ҳажмининг тескари нисбати билан 70-79% шиддатли машғулот юкламаси энг оқилона ҳисобланади.
Ю.В.Верхошанский (7) кўпгина тадқиқотчиларнинг маълумотларига таянган ҳолда янги шуғулланувчи атлетлар куч машғулотларининг баъзи методологик хусусиятлари устида тўхталади. Жумладан, шу нарса таъкидланадики, машғулотнинг бошланғич босқичларида, унда қўлланиладиган юклар катта ёки кичик бўлишидан қатъий назар, куч нисбатан бир хил ўсади. Максимумдан 20,40,60 ва 80% га тенг оғирликлар билан ишлаганда, кучнинг тахминан бир хил ўсганлиги аниқланган. Кўпдан маълумки, шуғулланувчи қанчалик кам тайёргарлик кўрган бўлса, кучнинг ўсиши шунча шиддатли бўлади. Бу ерда ҳамма воситалар яхши. Лекин маҳорат ортиб боргани сари кучнинг ўсиш суръати камаяди ва фақат тегишли махсус воситалар ёрдамида таъминланиши мумкин.
Шу билан бирга, муаллифнинг таъкидлашича, ҳеч бир восита ва ҳеч бир махсус тайёргарлик услуби универсал ёки жуда самарали бўла олмайди. Уларнинг ҳар бири спорт турининг ҳаракат хусусиятлари, спортчининг тайёргарлик даражаси, аввалги машғулот юкламаси хусусияти, машғулотнинг жорий босқичдаги муайян вазифаларига боғлиқ ҳолда машғулотнинг у ёки бу босқичида устувор аҳамиятга эга бўлиши лозим.
Машғулот юкламаси ва унинг параметрлари ҳар доим мутахассисларнинг диққат марказида бўлиб келган. Кўп сонли тадқиқотлар ўтказилган, уларнинг натижалари асосида ҳар хил усулиятлар, алоҳида тавсиялар ишлаб чиқилган.
X-XI синф ўқувчилари иштирокида ўтказилган тажриба асосида юкламаларнинг қуйидаги меъёрларини оптимал ҳисоблайди: уринишлар сони - 3; дам олиш оралиғининг давомийлиги биринчи уринишдан кейин ётиб қўлларни букиб - ёзишда - 1 минут 50 секунд, иккинчи уринишдан кейин - 1 минут 45 секунд. Иккинчисидан кейин - 2 минут 10 секунд; қоринда ётиб гавдани букишда биринчи уринишдан кейин - 2 минут 10 секунд; орқа билан ётиб гавдани кўтаришда биринчи уринишдан кейин - 1 минут 50 секунд, иккинчисидан сўнг - 2 минут 20 секунд; турникда тортилишда биринчи уринишдан кейин - 1 минут 20 секунд, иккинчисидан сўнг - 1минут 50 секунд.
Муаллифнинг фикрича, суст шиддатли турли-туман умумий ривожлантирувчи машқлар катта ҳажмда қўлланилган пайтда организмнинг куч юкламаларига мослашиши, одатда, 1,5-2 ойдан сўнг содир бўлади. Шунинг учун машқларни бажариш шартларини вақти-вақти билан мураккаблаштириб туриш тавсия этилади. Бизнингча, ушбу усулият янада ёшроқ даврда ҳам куч тайёргарлигининг бошланғич босқичида қўллаш учун яроқлидир.
Куч машғулотининг устувор мақсадига қараб юкламанинг асосий параметрлари нисбий шиддати ва ШКС (куч иши ҳажми) ўзгаради. Агар мушаклар ҳажмини ўстириш вазифаси қўйилса, тегишли оғирликлардаги оптимал ШКСга афзаллик берилади. Бунинг учун максималдан 60-75% гача бўлган оғирликлар билан битта уринишда ШКС 6-10 марта тавсия этилади.
Шахсий куч имкониятларини ривожлантириш учун битта уринишда ШКС 1-4 марта бўлган максимумнинг 80-100% га тенг оғирликни қўллаш зарур ҳамда 2 ҳафтадан кўпроқ вақт мобайнида қандайдир бир хил услубдан фойдаланиб бўлмайди, чунки бу организмнинг мазкур юкламага мослашишига олиб келади.
Шундай қилиб, машғулот юкламаларини алмашлаб туриш, шунингдек, ҳар бир атлетнинг физиологик ва психологик имкониятларини ҳисобга оладиган оптимал усулиятни излаш қатъий тавсия этилади.
Болалар ва ўсмирларда, айниқса, ўрганишнинг бошланғич даврида мушаклар бир хил ривожланмаган бўлади. Шунинг учун ривожланишда ортда қоладиган мушаклар гуруҳига: қорин, гавданинг қийшиқ мушаклари, бел мушаклари, қўлларнинг ёзувчи мушаклари, соннинг орқа юзаси мушаклари, оёқларнинг бирлаштирувчи мушакларига катта эътибор қаратиш даркор. Янги шуғулланувчилар учун: машқда 3-4 марта уринишни бажариб, нафас олиш бир маромга келгунча 2-3 минут дам олиш; уринишда 8-10 марта кўтариш (оғирлик вазни уни 8-10 марта кетма-кет кўтариш имкониятини ҳисобга олган ҳолда танланади); битта машғулотда 4 та машқ тавсия этилади.
Маълумки, ҳар қандай спорт турида кучни ривожлантириш ўз йўналишига эга. Шунга қарамасдан, сўнгги йиллардаги тадқиқотларнинг кўрсатишича (Б.В.Райский 1991; С.Ф.Евтушенко, 1999), 12-15 ёшда оғир атлетика билан шуғулланиш мушак кучининг бир текисда ривожланишига олиб келади ва демак, бир неча йиллик машғулотлар давомида орқада қолаётган жисмоний сифатларни нисбатан ўртача даражага етказиб олишга имкон яратилади.
Б.Е.Подскоцкий (17) оғирликлар билан бажариладиган куч хусусиятига эга машғулотнинг 15-16 ёшдаги оғир атлетикачилар юрак-қон томир тизими функционал ҳолатига ижобий таъсир этишини таъкидлаб, ўсмирлар билан ўтказиладиган машғулотларни ҳар томонлама жисмоний ривожланишга йўналтириш жуда муҳим эканлигини кўрсатади. Муаллифнинг ёш штангачилар учун машғулотдаги оптимал оғирликни аниқлаш бўйича тавсиялари мутахассислар ва мураббийлар эътиборига сазовор бўлди. Б.Е.Подскоцкийнинг фикрича (132), бу шундай оғирликки, спортчи уни битта уринишда 5-6 марта кетма-кет енгил кўтара олади ёки у классик машқларда энг юқори натижадан 60-70% га тенг оғирликдир.
Кўплаб муаллифлар (19, 20, 21) нисбий шиддатга қараб қуйидаги штанга кўтариш сонини тавсия этадилар: 70% - уринишда 3-6 марта такрорлаш; 80%- 2-4 ва 90% - 1-2 марта.
Улар яна шуни аниқлаганларки, натижаларнинг энг юқори ўсиши машғулотларнинг биринчи 5 ҳафтаси ичида максималдан 90% оғирликдаги штангани кўтаришда, кейинги 5 ҳафтада эса максималдан 80% оғирликдаги штангани кўтаришда кузатилган.
Муаллиф кучга оид тезкор-куч иши таркибининг салбий таъсирини бартараф этиш учун кросс, тезланишлар, жойидан туриб, югуриб келиб узунликка ва баландликка сакрашлар, спорт ўйинлари, эгилувчанлик машқларига алоҳида эътибор қаратишни тавсия этади.
А.В.Паков, В.С.Аванесов, В.А.Нижегородов (22) Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Бутунитифоқ ёшлар ўйинларига тайёргарлик давридаги машғулотларида ўтказилган педагогик кузатишлар ва спортчилар кундалик дафтарининг таҳлили бўйича шу даврда амалга оширилган юкламалар ҳажми ҳамда шиддатини аниқлаганлар. Спортчилар ўқув-машқ йиғинига келмасдан олдин ўз спорт клубларида ШКС ўртача 2169 ҳажмдаги юкламаларни бажарганлар. Терма жамоанинг ўкув-машқ йиғинида эса юкламалар ҳажми: ШКС ўртача 2840 ни ташкил қилган. ЎНШ даст кўтариш машқида 76% , силтаб кўтариш машқида 65% ни ташкил этган.
Р.Маткаримов (14) оммавий разрядли оғир атлетикачиларнинг ярим йиллик машғулот цикли учун машғулот юкламаси ҳажми ва шиддатининг оптимал нисбатларини тажрибада аниқлаган, яъни тайёргарлик ойи учун ҳажм - ШКС 900, мусобақа ойи учун - ШКС 800, ШБК машқида ЎНШ - 85%, бошқа гуруҳ машқларида - 74%. Машғулот юкламаси шиддатининг ДК, СК ва ўтириб- туриш машқлари гуруҳларида 72,2% га, ШБК машқларида 83,2% камайтирилганда машғулот самарадорлигининг пасайишини аниқлаган.
Бир гуруҳ муаллифлар (22) Ўзбекистон терма жамоаси ўқув- машғулот йиғинларида педагогик кузатишлар олиб бориб, мусобақа ойида ҳар бир спортчининг машғулот юкламаси ойлик ҳажмини якка тартибда аниқлаганлар. Масалан ХТСУ А.Н. Шмиговда ШКС ўртача-1820, И. Содиқовда -884, спорт устаси В.Янскийда - 1252, В.Нюда - 2245 тани ташкил қилган.
Ф. Б. Казарян (23) спортчи мактаб ўқувчиларида кучни ривожлантириш учун оғирликларнинг оптимал вазни тўғрисидаги баҳсларга қарши туриб, 15-16 ёшда максимал оғирликлардан фойдаланиш мумкин эмас, деб ҳисоблайди.
Бу ёшдаги спортчилар учун оғирликларнинг оптимал вазни шахсий вазндан 70-80% деб ҳисоблаш тавсия этилади, бунда такрорлашлар сони 2-3 ни, серияси эса - 10 мартагачани ташкил этиши лозимлиги кўрсатилган.
Бироқ кейинчалик мутахассислар янада жадал таъсир этиш мумкинлиги тўғрисида фикр билдирадилар – Ёш спортчиларда мушак кучини ривожлантиришнинг асосий услублари қаторида қуйидагиларни айтиб ўтадилар: чегарага яқин ва чегарадаги вазнли оғирликлар билан куч машқларини такрорий бажариш (максимал кучланишлар услуби); статик куч машқларини такрорий бажариш; тезкор-куч машқларини такрорий бажариш (динамик кучланиш услуби).
Л.С.Дворкин (9,10) 12-14 ёшдан оғир атлетика воситалари ёрдамида куч тайёргарлигини бошлаш мумкин эканлигини исботлаб берган. Муаллиф томонидан тавсия қилинган бошланғич тайёргарлик схемаси иккита босқичга бўлинади:
1-босқич (12-13 ёш) - давомийлиги - 1 йил (дастлабки оғир атлетика тайёргарлиги).
Ҳафтада икки марталик машғулотларнинг 80% УЖТ дан иборат бўлди. Машғулотнинг махсус қисми таёқ билан машқ бажаришни ўз ичига олган: 4-5 уринишда ШКС -10-15. Юклама шиддати аста-секин ошиб боради ва ҳажми камаяди.
2-босқич (13-16 ёш ) - давомийлиги - БЎСМ гуруҳларида 1 йил. Асосий мақсад - жисмоний ва функционал имкониятларни ошириш ҳамда техник такомиллаштириш.
Иккинчи босқичнинг биринчи 6 ойи ичида ўсмирлар 70% ли оғирликлар билан 30-60 тадан ШКС бажардилар. Машғулотларнинг давомийлиги 120-150 минутни ташкил этди. Кейинги 12 ойда ШКС 80% ли оғирликлар билан (нисбий шиддатда) 45-75 гача ошди.
Бошланғич тайёргарликнинг охирги 6 ойида ШКС - 45, нисбий шиддат - 70-80% га тенг бўлди. Ҳафтада бир марта 90% ли кўтаришлар амалга оширилди. Бунда ШКС ни ҳисобга олиш фақат 70%ли кўтаришларда бошланди. Ҳамма машқларда 5-6 мартадан уриниш бажарилди, дам олиш - 3 минутгача. Битта уринишда такрорлашлар сони - 4-6 та.
Муаллиф юрак-қон томир тизимининг у ёки бу юклама вариантига реакциясини ва спорт натижаларининг ўсиш суръатларини таҳлил қилиш асосида классик даст кўтаришда 13-14 ёшдаги атлетлар учун максимумдан 50-70%, 15-16 ёш учун - 60-90%, 17-20 ёш учун - 80-90% оғирлик вазнини асосий машғулот юкламаси деб ҳисоблашни тавсия этади. Штангани бош орқасига олиб ўтириб - туришда 13-14 ёшдаги атлетлар учун максимумдан 70% ли штанга вазни асосий машғулот оғирлиги ҳисобланади (бир уринишда 3-4 такрорлаш ва машғулот давомида штангани 18 марта кўтариш). 15-16 ва 17-20 ёшдаги атлетлар учун - 60-90% (нисбатан устунлик 80% бўлганда).
Шу сабабли кўп йиллик ўқув-машғулот жараёни давомида Л. С. Дворкин (51) бир уринишда штангани 3-4 марта кўтариш билан максимумдан 70-80% вазндаги оғирликни асосий машғулот юкламаси сифатида тавсия этади. Бироқ бундай оғирликлар катта ва кичик юкламалар билан оптимал уйғунликда қўлланилиши лозим.
Бир қатор (Л.С.Дворкин, 1994; Р.М.Маткаримов, 1998 ва бошқалар) тадқиқотчиларнинг кўп йиллик меҳнати жараёнида ёш атлетларни тайёрлаш бўйича тўпланган услубий материалларининг ҳаммаси умумлаштирилди, тизимлаштирилди ва тўлдирилди.
Оғир атлетика дарслигида “Бошланғич тайёргарлик гуруҳлари учун машғулот усулияти хусусиятлари” бўлимида оғир атлетика машқлари техникасига бошланғич ўргатиш босқичида ишонч билан 5-6 мартагача кўтариш мумкин бўлган оғирлик оптимал ҳисобланади. Ҳар бир машқда 3-4 марта такрорлашлар билан 6 тагача уринишлар режалаштирилган ва услубий кўрсатмалар берилган.
Бироқ ёш гуруҳларининг аниқ чегаралари тўғрисидаги масала кўп вақт баҳсларга сабаб бўлди, бунинг учун қўшимча тадқиқотлар ўтказиш зарурати туғилди.
Л.С.Дворкин (10) кўп йиллик кузатишлари асосида ёш оғир атлетикачиларнинг босқичма-босқич тайёргарлигини режалаштиришда ҳам паспорт, ҳам биологик ёшни ҳисобга олувчи ёш даврланишининг энг аниқ вариантини таклиф этди. Жумладан, 13 ёшгача бўлган шуғулланувчилар болалар ва ёш ўсмирлар ёшига таълуқли, бу I босқич - дастлабки тайёргарлик босқичи. 14-15 ёшдагилар гуруҳи катта ўсмирлар ёшига таълуқли ва П босқичга тегишли - бошланғич спорт ихтисослашуви босқичи.
В.Г.Алабин ва ҳаммуаллифларининг (24) фикрича, дастлабки тайёргарлик босқичида (7-10 ёш) машғулотнинг асосий мақсади умуман болаларни машғулотларга саралаб олиш ва жалб қилишдан иборат. Муаллифлар ушбу босқичда юкламаларни меъёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратадилар. Оғирликлар билан ишлашда 7-10 ёшдаги болалар ўз вазнларининг 20% га яқин вазн билан машқлар бажара оладилар.
Тезкор-куч хусусиятига эга машқларни оралиқларда фаол дам олиш билан алмашлаб кичик меъёрларда (5-8 минутдан) бериш тавсия этилади.
Демак, илмий-услубий адабиётлар таҳлили шуни кўрсатадики, машғулот юкламалари, уни қўллашнинг услубий томонлари ўсмирлар спорти назариясида ҳар томонлама чуқур ўрганилган.
Бироқ ёшга таълуқли жиҳатлар анча тарқоқ ҳолда кўрсатиб ўтилган. Умуман, бошланғич куч тайёргарлигини ва жумладан, бошланғич оғир атлетика тайёргарлигини ташкил қилиш бўйича услубий тавсиялар ёки шуғулланувчилар ёшига қараб табақалаштирилмаган, ёки муҳим физиологик фарқларга эга бўлган узоқ ёш даврлари бўйича (минимум 2 йил) табақалаштирилган.
Бунда кўпгина тавсиялар 14-16 ёшдаги ўсмирларга бағишланган, айни пайтда оғир атлетика билан фаол шуғулланиш учун болаларни 10 ёшдан жалб қилишга рухсат берилди. Бундан ташқари, биз фақат оғир атлетикачиларнинг махсус жисмоний тайёргарлигига тааллуқли бўлган тавсияларнигина топа олдик, холос. Гарчи МЖТ ва УЖТ бирлиги тамойили ёш спортчилар тайёргарлигида асосий ҳисоблансада, янги шуғулланувчи оғир атлетикачилар тайёргарлиги масаласида УЖТ да юкламанинг ёшга хос хусусиятларига оид маълумотларни учратмадик.
Шу сабабли, бизнингча, 10-15 ёшдаги болалар ва ўсмирларнинг ҳар бир ёш даври хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда бошланғич оғир атлетика тайёргарлиги муаммоси очиқлигича қолмоқда.


Download 69.56 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling