Ҳуқуқий имтиёзларнинг асосий мақсади – шахс, ижтимоий гуруҳлар ва давлат манфаатларини мувофиқлаштириш. Ана шу асосий мақсадга эришишга қаратилган ҳуқуқий имтиёзлар компенсация қилувчи ва рағбатлантирувчи функцияларни бажаради.
Ҳуқуқий имтиёзларнинг компенсация қилувчи функцияси жисмоний ва ижтимоий сабабларга кўра тенг бўлмаган шароитда яшаётган шахслар ривожланиши учун имкон қадар тенг имкониятлар яратишдан иборат. Масалан, кўзи ожизлар ва кўриш қобилияти паст шахсларни меҳнат фаолиятига жалб қилиш улар учун алоҳида меҳнат шароитларини қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйишни тақозо этади. Бундай имтиёзлар компенсация кўринишини касб этиб, кўзи ожиз ва кўриш қобилияти паст шахсларнинг имкониятларини бошқа фуқароларнинг имкониятлари билан тенглаштиради. Уруш ногиронлари ва қатнашчиларига ва бошқа шахсларга берилган имтиёзлар муҳим компенсацион аҳамиятга эга. Шу маънода имтиёз муайян истеъмол даражасини кафолатлаш, ногиронлик, ҳомиладорлик, оналик ва ҳоказолар туфайли анча қийинлашган юридик таъминланган неъматдан фойдаланиш имкониятини енгиллаштириш мақсадида шахсда мавжуд ҳуқуқларни тўлдирувчи алоҳида ҳуқуқдир. Бунда имтиёзларнинг вазифаси фуқароларнинг муайян тоифалари ижтимоий-иқтисодий шароитини, уларнинг моддий-маиший ва молиявий ҳолатини яхшилашга қаратилган бўлади.
Айни вақтда, имтиёзлар компенсация қилиш билан бир қаторда, рағбатлантириш функциясини ҳам бажаради. Хусусан, улар ижтимоий фойдали фаолиятнинг айрим турларига даъват этиш, шахснинг ўз манфаатлари қондирилиши учун қулай шароит яратишга қодир. Рағбатлантирувчи функцияни, энг аввало, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, фермерлик, хайрия, инвестиция фаолияти ва ҳоказоларни рағбатлантириш мақсадида белгиланган солиқ имтиёзлари бажаради.
Ҳуқуқий имтиёзларнинг турлари қуйидагилардан иборат:
ҳуқуқий тартибга солиш преметига кўра: конституциявий, фуқаролик, экологик ва бошқалар;
ҳажмига кўра: асосий, қисман ва қўшимча;
ҳаракат қилиш вақтига кўра: доимий ва вақтинчалик;
мазмунига кўра: моддий ҳуқуқий, маънавий.
Do'stlaringiz bilan baham: |