Савол - 1) ўқувчи ёки талабадан жавоб талаб қиладиган, жумла, ибора, сўроқ; 2) ечилиши лозим бўлган масала.
Салоҳият (араб.) - қ.Қобилият
Саккиз йиллик мактаб – тўлиқсиз ўрта маълумот берган умумий таълим мактаби. Таянч мактаб деб юритилган бу ўқув муассасалари 1958 йилдан етти йиллик мактаб ўрнида ташкил этилган.
Самимийлик – атрофдаги кишилар билан муносабатда софдиллик, виждонлилик тарзида ифодаланадиган шахсий сифат.
Сангвиник – серҳаракат, тез таъсирланувчан, бирор фаолиятга ғайрат билан киришиб, тез совуб кетадиган характер эгаси.
Сезгирлик – нарса ва ҳодисаларнинг ўзаро муносабатларини тез фаҳмлаб, пайқаб олишдан иборат ақлий сифат.
Семинар – 1) олий ёки ўрта махсус мактаб талаба (ўқувчи) ларининг муайян назарий курсни қанчалик ўзлаштирганликларини аниқлаш усули, мутахассислар тайёрлашга йўналтирилган ўқув амалиётининг муҳим турларидан бири. 2) муайян таълим тадбири бўйича ўтказиладиган маслаҳат йиғилиши. 3) Ўзбекистонда номзодлик ёки докторлик илмий даражасига даъвогарнинг тайёргарлигини синаб кўриш учун илмий тадқиқот муассасаси ва олий ўқув юртларидаги олимларни ўз ичига олувчи илмий тузилма
Семестр (лот. Semestrius – ярим йиллик) – ўрта махсус касб –ҳунар ва олий таълимда ярим йиллик ўқув муддати.
Семинария – ўрта махсус ўқув юртларининг бир тури. XVI асрнинг иккинчи ярмидан Ғарбий Европанинг қатор мамлакатларида диний ўқув юртларини семинария деб аташган.
Семиотик-педагогик негиз – ўз ифода тили, луғавий тушунчаларига эга бўлган педагогик назария.
“Сендан угина, мендан бугина” ўйини – гуруҳлар томонидан тузилган содда гапларни уйғунлаштириб, қўшма гап ҳосил қилишга асосланган дидактик ўйин тури.
Сенсуализм – сезгилар билишнинг ягона манбаи эканлигини эътироф этувчи оқим.
Сентименталлик — ҳиссиётга ҳаддан ташқари берилувчанлик.
Сервер – тармоқ ишини таъминловчи махсус компьютер.
Сигматизм – «с», «з», «п», «ш», «пе», «ч» товушларини нотўғри талаффуз қилишдан иборат нутқий камчилик.
Do'stlaringiz bilan baham: |