Табиат ва инсонга қизиқишнинг пайдо бўлиши. Янги маданият арбоблари аввало инсон ва унинг ишлари билан қизиқа бошлади. Шу сабабдан уларни инсонпарвар, яъни гуманист деб атадилар. Расмий черков одамлардан ҳаёт лаззатларидан воз кечишни талаб қилган бир пайтда, дунёга, табиат оламига қизиқиш орта борди. Олимлар Европадаги дастлабки музейларни, ботаника ва зоология боғларини, минераллар ва ўсимликлар мажмуаларини барпо қилдилар. Гуманист ёзувчилар инсон фазилатларини ва табиат гўзалликларини мадҳ эта бошладилар. Рассомлар бу мавзулардаги буюк суратларини чиздилар.
Янги давр ёзувчилари афсоналар, эртаклар эмас, балки жонли кишилар, уларнинг қувончи ва ташвишлари билан қизиқа бошладилар. Гуманист ёзувчи ва шоирлар ўз даврининг қизғин ҳаётини, одамларнинг ҳис-туйғуларини тараннум этдилар.
Рассомларнинг асарлари аўанавий, диний мазмунда бўлса ҳам эндиликда суратдаги одамларни ўз даврлари кийимида чизишарди. қолаверса ҳукмдорлари билан бир қаторда энди оддий фуқаролар суратлари ҳам пайдо бўлди. Гуманистлар меҳнат қилишни, яшашни энг катта бахт деб ҳисоблар эдилар. Ҳар томонлама баркамол, фикри ва ҳис-туйғулари гўзал инсон гуманистлар диққат марказида бўлган.
Қадимги маданиятга қизиқиш. Гуманистлар қадимги Юнон ва Рим маданиятини ўрганиш, уни илмий тадқиқ қилишга алоҳида эътибор бердилар. Антик давр асарлари инсоннинг гўзаллигини тараннум этиши билан черков санъати ва адабиётидан тубдан фарқ қиларди. Гуманистлар саъй-ҳаракатлари билан антик, яъни христианликка қадар бўлган, лекин қисман унутилган ва черков тақиқлаган маданият қайта тикланиб, гўё уйғонаётгандек эди. Шу сабабдан янги маданият вужудга келган давр Европада Уйғониш даври деб аталади. Уйғониш атамаси французча – “Ренессанс” маънавий жиҳатдан янгиланиш маъносини англатади. Гуманистлар қадимги замон билан Уйғониш даври орасида ўтган вақтни нодонлик ва жаҳолат асри деб атадилар. Гуманистлар яшаган давр эса «янги замон» номини олди.
Европа маданияти учун деярли унутилган қадимги юнон ва рим муаллифлари асарлари гуманистларнинг меҳнатлари туфайли оммалаштирилди. Гуманистлар қадимги юнон ва лотин тилларини ўрганиб, улар орқали тўплаган билимларини ёзилажак асарларига асос қилдилар. Улар ўз асарларида инсопни ўз тақдирини ўзи белгилаши, кўзлаган мақсадига эришуви, унинг қобилияти ва ғайрат-шижоатига боғлиқ бўлган, янги бир сиймо сифатида тасвирладилар.
Олимлар орасида Уйғониш даврига кенг миқёсда қараш, яъни уни жаҳон тарихий ҳодисаси сифатида баҳолаш ҳоллари мавжуд. Хусусан, бир гуруҳ тадқиқотчилар Шарқда, жумладан ўрта Осиёда Европадаги даврдан олдин — IX—XII ва XIV—XV асрларда Уйғониш даври бўлганлиги ва бу Европанинг уйғонишига таъсир кўрсатганини асослаб бердилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |