Таълим вазирлиги Андижон Давлат Университети Тарих ва ижтимоий фанлар факультети


Download 0.98 Mb.
bet297/359
Sana17.02.2023
Hajmi0.98 Mb.
#1204737
1   ...   293   294   295   296   297   298   299   300   ...   359
Bog'liq
jahon tarihi seminar (1)

Шимолдаги қўзғолон (1572 йил). Майда дворян Люмэ бошчилигидаги денгиз гёзлари отряди 1572 йил 1 апрелда Зеландиядаги Бриль деган кичик бир шаҳарни босиб олди. Маҳаллий аҳоли — шаҳарликлар, теваракатрофдаги деҳқонлар, балиқчилар, майда дворянлар гёзларга келиб қўшилди. Брилдан кейин ҳаракат бутун Зеландияга, Грлландияга ва шимолдаги бошқа вилоятларга тезда ёйилди. Ҳамма жойда испан гарнизонлари қуролсизлантирилди ва асир қилиб олинди. Католикларга қарши ҳаракат яна бошланиб кетди. Саноат шаҳри бўлган Утрехт испанларга қарши курашнинг асосий марказларидан бирйга айланди, бу ерда ҳаракат ҳатто бирмунча илгарироқ бошланган эди. Қўзғолончи аҳоли Альба тазйиқларидан қўрқиб, Вильгельм Оранскийдан ёрдам талаб қилди. Вильгельм Нидерландия тупроғига, дастлаб Гильдерн вилоятига, сўнгра эса Брабантга кирди. Бу ерда у Брюсселга яқинлашиб қолган эди(1572 йил август). Аммо у ўзининг Париждаги иттифоқчилари бўлгап гугенотларнинг қирғин қилинганини (Варфоломей кечаси) шу ерда эшитиб қолиб, Альбага қарши операциялар ўтказишга ўз кучлари етарли эмаслигини пайқади ва орқага чекинди. Вильгельм Голландияга чекинди, тез орада у дастлаб Голландиянинг, кейин эса бошқа вилоятларнинг — Зеландия, Фрисландия ва Утрехтнинг ноиби (штатгельтери) деб эълон қилинди. Шу зайлда Нидерландиянинг шимолида аслида янги давлат ташкил топди, у Филипп II ни фақат номигагина ўзининг қироли деб ҳисоблаб келмоқда эди.
Қўзғолон кўтарган шимолий вилоятлар томонига ўтган шаҳарларга Альба қаттиқ қаҳр-ғазаб билан ҳужум қилди. Булар орасида Монс шаҳрини (Геннегау вилоятининг бош шаҳрини) ва Нидерландиянинг диний пойтахти бўлган Мехельн шаҳарини жуда ҳам ваҳшиёна суратда талаттирди. Альба бу ердан шимолий вилоятларга жўнади, у ерда Цютфен, Наарден ва Хаарлем шаҳарларини ҳам худди юқоридаги шаҳарларга ўхшаш қўлга киритиб, талаттирди. Испан қўшинлари Голландиянинг Алькмаар деган шаҳрини қамал қилди. Лекин шаҳар халқи қаттиқ қаршилик кўрсатганлиги туфайли қамал бузилди (1573 йил октябрь). Пировардида Альбанинг тутган сиёсатидан Мадриддагиларнинг ҳафсаласи пир бўлди. 1573 йил декабрида у Испанияга чақириб олинди. Унинг ўрнига анча эпчил дипломатлик билан иш кўрувчи генерал Рекезенс тайинланди ва унга «исёнчиларга» қарши уруш ҳаракатларини тўхтатмай, давом эттирган ҳолда Испанияга қарши кўтарнлган ҳаракатни бўлиб юбориш ва иккиланиб турган ижтимоий элементларни Испания томонида сақлаб қолиш тўғрисида йўл-йўриқ берилган эди.
Қўзғолон кўтарган вилоятларнинг аҳволи жуда оғир эди. 1574 йил баҳорида Вильгельм Оранскийнинг укаси — Людовик Нассауский кўп сонли, аммо таълим кўрмаган ва интизомсиз ёлланма қўшинлар билан Рекезенсга қарши ҳаракат бошлади. 1574 йил 14 апрелда Моок ёнида бўлган жангда Людовик енгилди. Шундан кейин испанлар Лейден шаҳрини қамал қилишга киришдилар. Шаҳар бир неча ой (1574 йил май — октябрь) давомида қамал ичида қолди, аммо даҳшатли очарчиликка ва душман кучларининг кўп бўлишига қарамай, шаҳар қаҳрамонлик билан бардош берди. Голландия штатлари охирги чорани қўлланишга, яъни қамалдагиларга ёрдам бериш учун тўғонни очиб юборишга қарор қилди. Бу тадбир муваффақиятли бўлиб чиқди. Голландия флотининг кемалари Лейден яқинига кела олдилар. Испанлар чекинишга мажбур бўлдилар. Қаҳрамон Лейден шаҳри қутқазиб қолинди.
Лоақал жанубий вилоятларни король қўл остида сақлаб қолиш учун Рекезенс ён беришга мажбур бўлди. Альба жорий қилган ўн фоизли солиқ, гарчи расмий суратда бекор қилинмаган бўлса ҳам, лекин аслида, у ҳокимлик қилган даврда бу солиқ тўпланмади. «Ғалаёнларни текширувчи кенгаш» ўлим жазоси бериш тўғрисида ҳукмлар чиқармай қўйди, фақат штрафлар солиш билан чекланди. Оранский партиясидан чиқиб кетган кишиларнинг ҳаммасига афв умумий берилди деб эълон қилинди. Бироқ оранскийчиларнинг ёки «ватанпарварларнинг» «улар ўзларини шундай деб атардилар) сони фақат шимолдагина эмас (улар бу ерда ҳоким партия бўлиб олган эдилар), балки жанубда. Фландрия ва Брабантнинг энг йирик шаҳарларида ҳам тобора кўпайиб борди.

Download 0.98 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   293   294   295   296   297   298   299   300   ...   359




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling