Таълим вазирлиги тошкент давлат техника университети


Минерал хом ашёга бўлган талабни максимал даражада қондириш


Download 0.51 Mb.
bet35/55
Sana17.06.2023
Hajmi0.51 Mb.
#1534008
1   ...   31   32   33   34   35   36   37   38   ...   55
Минерал хом ашёга бўлган талабни максимал даражада қондириш. Айрим корхоналар ва саноат тармоқларининг минерал хом ашёга бўлган эҳтиёжи баланс методи билан, товар маҳсулотни ишлаб чиқариш ва ишлатиш ҳажмидан келиб чиқиб аниқланади. Керакли даражада самарадорликни таъминлай олмайдиган конлар, уларни ишлатиш учун мувофиқ техник ва иқтисодий шарт-шароитлар яратилгунга қадар резервда ҳисобланади.
Конкрет хом ашёга бўлган эҳтиёжнинг оптимал даражаси. Ушбу принцип фақат ушбу хом ашёдан фойдаланиш кўпроқ фойда келтирадиган соҳалар учун аниқланади. Барча бошқа ҳолатларда хом ашёга бўлган эҳтиёжни қондириш табиий ресурсларни алмаштириш ва ўзаро алмаштиришни ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Товар қийматига эга бўлган, сўнгги маҳсулотларни олишда минимал сарф-харажатлар қилиб, табиий ресурслардан максимал даражада фойдаланиш. Конларни баҳолаш уларнинг захираларидан тўлиқ ва комплекс фойдаланишни ҳисобга олган холда олиб борилиши лозим. Бунинг учун биринчи навбатда, геология-қидирув ишларини юқори сифат билан бажариш, айниқса разведка қилинган захиралар миқдори ва сифати ҳақидаги маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш зарур. Иккинчидан, разведка қилинган минерал хом ашёдан оптимал даражада фойдаланиш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш зарур. Бу шартлар баҳолаш ишларини, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлашнинг энг мукаммал техника ва технологияси базасида ва сарф-харажатларнинг мувофиқ даражасини ҳисобга олган ҳолда олиб боришни тақозо қилади.
2. Конларнинг саноат қийматини аниқловчи омиллар.
Коннинг саноат қиймати кўп омиллар билан аниқланади. Уларни шартли равишда уч гуруҳга: ижтимоий-иқтисодий, тоғ-геологик ва иқтисодий-географик омилларга бўлиш мумкин:
И ж т и м о и й -и қ т и с о д и й омилларга қуйидагилар киради:
-фойдали қазилманинг ва ундан олинадиган маҳсулотларнинг халқ хўжалигидаги ва мамлакатнинг иқтисодий мустақиллигини ҳамда мудофаа қобилиятини таъминлашдаги аҳамияти;
-мамлакатнинг ушбу фойдали қазилма тури билан таъминланганлик даражаси.
Т о ғ- г е о л о г и к омиллар тоғ-кон корхонасининг миқёсини, конни ишлатишнинг тоғ-техник шарт-шароитларини, шунингдек фойдали қазилмани қайта ишлаш технологик схемаси ва ундан тайёр махсулот олишни аниқловчи маълумотлар мажмуидан иборат. Бу гуруҳ ўз ичига кон хақидаги энг муҳим маълумотларни олади: фойдали қазилмаларнинг сифати; фойдали ва зарарли компонентларнинг миқдори ва уларнинг захиралари; фойдали қазилма уюмларининг морфологияси, тузилиши ва жойлашиш шароитлари; минерал хом ашёнинг технологик ҳусусиятлари ва конлардан фойдаланишнинг тоғ-геологик шарт-шароитлари.
И қ т и с о д и й - г е о г р а ф и к омиллар кон ҳудудининг табиий ва иқтисодий шарт-шароитларини тавсифловчи маълумотлар мажмуидан иборат: коннинг истеъмолчи-заводлардан узоқлиги; ҳудуднинг ўзлаштирилганлиги; транспорт ва энергетик шарт-шароитлар; сув режими; бошқа фойдали қазилмалар ва материаллар базаларининг борлиги; ҳудуднинг рельефи, иқлими ва бошқалар.
Конларнинг саноат қиймати кўп жиҳатдан халқ хўжалигининг хом ашёга бўлган шу кундаги ва истиқболдаги талаблари билан аниқланади. Минерал хом ашё ушбу турининг баланси танг ҳолатда бўлмаганда, иқтисодий-географик омиллар конни баҳолашда етакчи аҳамиятга эга бўлади. Агар хом ашёга талаб катта бўлиб, бошқа конлардан фойдаланиш бу талабни қондира олмаса, конларни ўзлаштиришдаги иқтисодий-географик омиллар роли сезиларли даражада камаяди.
Конларни баҳолашда алоҳида омилларнинг аҳамияти хар бир конкрет ҳолда бир хил бўлмайди. Шунинг учун бирон бир конни геологик-иқтисодий баҳолашда омилларнинг асосийлари ажратилиб, уларни коннинг саноат қийматига таъсири мувофиқ кўрсаткичлар воситасида акс эттирилади.
Разведка ишлари натижасида олинган, коннинг геологик тузилиш ҳусусиятлари, фойдали қазилмаларнинг моддий таркиби ва технологик хоссалари, шунингдек конларни ишлатиш шарт-шароитлари ҳақидаги тасаввурлар геологик ахборотнинг чегараланганлиги туфайли мукаммал бўлмайди. Шунинг учун конни ўзлаштириш бўйича тузилган ҳар бир лойиҳа ечими ушбу ахборотларнинг тўлиқ бўлмаганлиги учун йўл қўйиладиган ҳатолар натижасида таваккалчилик билан бўлади. Разведканинг мақсади ушбу таваккалчилик таъсирини иқтисодий рационал ўлчамларгача камайтиришдан иборат. Шу муносабат билан геология-қидирув ишларининг иқтисодий моҳиятини акс эттирувчи асосий тамойили қуйидагичадир – геология-қидирув ишлари бажарилаётган вақтда ахборот етишмаслиги сабабли қўшимча ахборот олиш зарурати пайдо бўлганда уларни тўлдиришга кетган сарф-харажатлар навбатдаги босқич ишларини лойиҳалашда етишмаган ахборот туфайли йўл қўйилиши мумкин бўлган иқтисодий йўқотувлар кўрсаткичидан кўп бўлмаслиги керак. Ушбу иқтисодий принципга риоя қилиш коннинг геологик тузилишини ва ишлатилиш шарт-шароитларини, маъданларнинг моддий таркибини ва технологик хоссаларини ўрганишнинг рационал даражасини олдиндан белгилайди.
Конларнинг узоқ йиллар, баъзида бир неча ўн йиллар давомида қазиб олиниши ва шу даврда уларни қўшимча ўрганишларнинг давом этиши сабабли коннинг ҳар хил қисмларини бир хил даражада ўрганишга эришиш иқтисодий жихатдан мақсадга мувофиқ эмас. Биринчи навбатда қазиб олишга мўлжалланган участка ва горизонтлар юқори даражада муфассаллик билан ўрганилиб, қазиб олиниш муддатлари кетма-кет узоқлашиб борувчи участка ва горизонтларнинг ўрганилиш даражасини шу кетма-кетликка мос равишда камайтириб бориш энг рационал йўлдир.
Геологик тузилишининг мураккаблиги турлича бўлган конлардаги бир хил миқдордаги фойдали қазилмани (маъданларни) разведка қилиш учун геология-қидирув ишларини ўтказишга ҳар хил миқдордаги маблағ ва вақт сарф қилиш керак бўлади. Бу нарса битта кондаги морфологияси, ётишининг мураккаблик даражаси, ички тузилишининг ўзгарувчанлиги, маъдан сифати ва улардаги қимматли компонентларнинг тақсимланиши ҳар хил бўлган айрим маъдан таналарини ўрганишга ҳам тааллуқлидир.
Юқорида қайд этилган, разведка қилишнинг иқтисодий моҳиятини ифода этувчи тамойил геологик тузилишининг мураккаблиги бўйича фарқланувчи конларни, шунингдек битта коннинг айрим бўлакларини, разведка қилинганлигининг иқтисодий рационал даражасига бўлган талабларни тартибга солиш имконини берадиган специфик тушунча яратишни тақозо этади. Бу тушунча «захиралар тоифаси» ва «геологик тузилишининг мураккаблиги бўйича кон гуруҳи» кўринишидаги меъёрий ҳужжатлар кўринишида ифодаланади.
Конларни геологик тузилишининг мураккаблиги бўйича гуруҳларга ажратиш уларни ўрганишнинг иқтисодий рационал даражасини регламентга солиш учун ҳизмат қилади.
Ўзининг асосланганлик даражаси билан фарқ қилувчи «башорат қилинган ресурслар тоифалари», шунингдек разведка қилинган маъдан захираларини уларнинг халқ хўжалигидаги аҳамиятига қараб ажратиш учун керак бўладиган («балансдаги захиралари» ва «балансдан ташқари» захиралар) бошқача тушунчалардир.
Заминдан оқилона фойдаланиш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилган ҳолда, хозирда саноатда мавжуд ёки ўзлаштирилаётган маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлашнинг прогрессив техника ва технологиясини қўллаш шароитида ишлатиш иқтисодий самара берадиган маъдан захиралари ва улар таркибидаги фойдали компонентлар – балансдаги захираларга киритилади. Маъдан захиралари ва улар таркибидаги фойдали компонентлардан фойдаланиш ҳозирги кунда иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаса ёки бунинг техник ва технологик имкони бўлмаса, бироқ қазиб олиш ва қайта ишлаш техника ва технологиясини такомиллаштириш, халқ хўжалигидаги ёки тоғ-кон корхонасидаги иқтисодий ахволнинг ўзгариши натижасида келажакда ўзлаштириш учун яроқли бўлиши мумкин бўлса, бундай захиралар балансдан ташқари захиралар ҳисобланади.
Тоғ-кон корхонасини лойиҳалашда асосий қазиб олиш ва қайта ишлаш объекти бўлиб маъданларнинг балансдаги захиралари ҳисобланади. Шунинг учун конларнинг муайян гурухлари учун турли тоифадаги баланс захиралари учун меъёрий нисбатлар белгиланади. Балансдаги ва балансдан ташқари захиралар, тоғ-геологик, технологик ва иқтисодий тадқиқотлар натижалари асосида ишлаб чиқилган кондицияларга мувофиқ ажратилади ва чегараланади.
Кондицияларни асослаш учун захираларни олдиндан ҳисоблаб чиқиш керак. Бироқ, кондицияларнинг параметрларисиз захираларни ҳисоблаб бўлмайди, чунки қазиб олинувчи маъдан таналари, баъзи бир холларни мустасно қилганда, табиий геологик ҳосила эмас, балки чегаралари иқтисодий мулоҳазалар билан аниқланувчи унинг бир бўлагидир.
Шуларга кўра, конларни разведка қилиш, кондицияларни асослаш ва захираларни ҳисоблаш муайян конни ўрганишнинг ҳар бир босқичида, ўзаро боғлиқ ва ажралмас бўлиб, улар биргаликда геологик-иқтисодий баҳолаш жараёнини ташкил қилади. Кон бўйича геология-қидирув маълумотларининг йиғилиб бориши билан авваламбор баҳолашнинг тўлалиги, ишончлилиги ва аниқлиги ўзгариб боради ва шу жараёнда кетма- кет, ортиб борувчи ишончлилик билан, бундан кейинги олиб бориладиган геология-қидирув ишларининг йўналиши ва методикаси ҳақида қарор қабул қилинади.

Download 0.51 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   31   32   33   34   35   36   37   38   ...   55




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling