Тошкент молия институти эгамов Э.,Аллаберганов З. Г.,Джуманов Д


Download 0.78 Mb.
bet11/61
Sana04.05.2023
Hajmi0.78 Mb.
#1425540
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   ...   61
Bog'liq
ИҚТИСОДИЙ ТАЪЛИМОТЛАР ТАРИХИ

А.Навоий


А.Навоийнинг иқтисодий ғоялари. Буюк мутафаккир Алишер Навоий ижодида иқтисодий ғоялар муҳим ўрин эгаллайди. Унда асосан тижорат, савдо муаммолари анча мукаммал ёритилган. Навоий асарларида савдо фаолияти маъқулланади, аммо товламачи ва чайқовчилик қаттиқ танқид қилинади. У меҳнатнинг инсон ва жамиятдаги ўрнига, дўстликка юксак баҳо берган.
Алишер Навоий (1441–1501) буюк шоир ва давлат арбоби. У ўз даврининг сиёсий ва иқтисодий аҳволини яхшилаш, мамлакат-нинг иқтисодий қудратини барқарорлаштириш учун кишиларда ватанпарварлик ҳис-туйғусини уйғотиш зарурлигини яхши тушун-ган.
Навоийнинг дастлабки ижтимоий-иқтисодий фикрлари шаклланган асари «Ҳилолия» ҳисобланади. У шахснинг тарихдаги ўрнига катта эътибор бериб, мамлакатнинг иқтисодий аҳволи мамлакат хукмдорининг ақл-идроки ва қобилиятига боғлиқлигини айтади. “Агар мамлакат ҳукмдори фанларни, айниқса иқтисодиёт, тарих, фалсафа ва сиёсий фанларни мукаммал билса, ўзи бошқараётган мамлакат обод ва бадавлат бўлади, агар акси бўлса, мамлакат қашшоқ ва хароб бўлади”, – дейди Навоий. Кейинчалик жамиятнинг ривожланишида иқтисодчиларнинг ва давлат арбоб-ларининг аҳамияти катта эканлигини инглиз олими Ж.М.Кейнс ҳам қайд қилиб ўтади.
Навоий мамлакат иқтисодиётини юксалтиришда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига алоҳида эътибор берди. Унинг фик-рича, Марказий Осиё шароитида ирригация иншоотларини кенгай-тириш – деҳқончиликни ривожлантиришга олиб келувчи муҳим омиллардан ҳисобланади. Шу боис, жуда кўп канал ва ариқлар қазилди. Асосий ишлаб чиқариш воситаси бўлган ерни кен-гайтиришга, унинг унумдорлигини оширишга катта эътибор берилди.
Навоий бойликни икки йўл билан топиш мумкинлигини таъкидлайди. Биринчи йўл бу – ўз меҳнати билан бойлик тўплаш, йиғиш ва ўзига тўқ яшаш. Бундай бойликни у қўллаб-қувватлаган. Навоий олинган бойликни уч қисмга бўлиб, яъни биринчи қисмини кетган харажатларга, иккинчи қисмини ўзининг ва оиласининг эҳтиёжларига, учинчи қисмини эса аҳолининг ижтимоий манфаат-ларига сарфлашни тавсия этган. Навоий кўпгина мадраса, шифо-хона, ҳаммом, кўприк ва бошқаларни ўз ҳисобидан қурдирган. Бойлик топишнинг иккинчи йўли бу – ўғирлик, таъмагирлик ва зўрлик ҳисобига бойлик орттиришдир. Навоий бундай бойлик орттириш номақбул усуллигини қайд қилади.
Навоий ўзининг «Маҳбуб-ул-қулуб» (1500 й.) асарида мамла-катдаги ижтимоий гуруҳларнинг жамиятда тутган ўрнини кўрсатиб беришга ҳаракат қилади. Унинг фикрича, деҳқонлар, ҳунармандлар ва чет эл билан алоқаси бор савдогарлар жамиятда моддий бойлик етиштиришда, яратишда ва мамлакатнинг бойлигини кўпайтириш-да муҳим ўрин тутади. Навоий деҳқон ва унинг ишлаб чиқаришдаги аҳамияти тўғрисида қуйидаги фикрларни билдиради: «Дон сочувчи деҳқон ерни ёриш билан ризқ йўлини очувчидир». Шу билан бирга, у деҳқон меҳнатини улуғлаб, унинг моддий бойлик яратишдаги хатти-ҳаракатини қуйидагича тасвирлаб берди:
Ҳар не қилсалар ҳаракат,
Халққа ҳам етар овқат ҳам баракат.
Навоий ижтимоий ҳаётга одамларнинг биргаликдаги фаолияти сифатида қарайди. Унинг фикрига кўра, киши якка ҳолда ҳеч нарса ишлаб чиқара олмайди. У бирон нарсани ишлаб чиқариш учун бош-қа ишлаб чиқарувчилар билан муносабатда бўлиши керак. Масалан, деҳқонга меҳнат қуроллари зарур бўлса, ҳунармандларга нон керак; деҳқонга ҳам, чорвадорга ҳам ҳунармандчилик ва атторлик маҳсу-лотлари зарур. Деҳқон меҳнатининг маҳсулини новвой, унфуруш, қўшчи ва ўроқчи, машоқчи ва бошқалар орзиқиб кутади. Шу билан бирга, деҳқон ҳам ҳунарманднинг, чорвадорнинг ва бошқаларнинг меҳнат маҳсулотига муҳтож. Уларсиз у ҳеч нарса ишлаб чиқара олмайди. Навоий фикрича, деҳқон ўз меҳнати билан ўз эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулот миқдоридан кўра кўпроқ ишлаб чиқариб, жамият ва унинг ишлаб чиқаришда иштирок этмайдиган бошқа қисмларини ҳам моддий неъматлар билан таъминлайди. Унинг мана шу фикри физиократларнинг “қўшимча маҳсулот фақат қишлоқ хўжалигида яратилади” деган фикрига мос тушади. Навоий “қишлоқ хўжалигининг ривожланиши мамлакат қудратини оши-ришда катта аҳамият касб этади” деган илғор фикрни илгари суради. Бу фикр ўша давр, яъни феодализм ривожланган, унинг негизини деҳқончилик ташкил қилган бир даврда тўғри фикр бўлиб қолмайгина, балки тарихий ҳақиқат ҳамдир.
Навоий халқаро савдо соҳасида фаолият юритувчиларга нисбатан ижобий муносабатда бўлса-да, мамлакат ичкарисида иш юритаётган савдогарлар, яъни олибсотарларга нисбатан салбий муносабатда бўлган. Унинг фикрича, олибсотарлар «ўзига фойда ва бошқаларга қахат истовчи ... арзон олиб қиммат сотиш», яъни халқни зарари ҳисобига фойда кўрувчилардир.
Навоий интеллектуал меҳнатни, яъни олимлар ва бошқа шу кабиларнинг меҳнатини жамият учун зарур деб кўрсатиб берди ва уларни ўз масъулият ва бурчларини сезишга чақирди.



Download 0.78 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   ...   61




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling