Тошкент молия институти эгамов Э.,Аллаберганов З. Г.,Джуманов Д


Download 0.78 Mb.
bet3/61
Sana04.05.2023
Hajmi0.78 Mb.
#1425540
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   61
Bog'liq
ИҚТИСОДИЙ ТАЪЛИМОТЛАР ТАРИХИ

«Артхашастра» таълимоти. Қадимги Ҳиндистон хўжалиги, ижтимоий тузуми ва иқтисодий фикрларини ўрганишнинг асосий манбаи «Артхашастра» асари ҳисобланади (м.о. IV аср охири). Уни подшо Чандрагуптианинг маслахатчиси Каутилья ёзган деб тахмин қилинади. Бу машҳур асар 15 китобдан иборат бўлиб, «артха» сўзи – фойда, моддий манфаат, «шастра» – илм, илмий асар маъносини билдиради.
Биринчи китобда подшонинг турмуш тарзи тўғрисида кўрсат-малар берилган, иккинчиси турли давлат идораларининг раҳбар-лари фаолиятига бағишланган, учинчи ва тўртинчисида суд ва жиноятчиларни жазолаш саволлари кўриб чиқилган, сўнгра ташқи сиёсат усуллари тўғрисида, махфий хизмат тўғрисида, армияни ташкил қилиш ва шу кабилар тўғрисида сўз юритилади.
«Артхашастра»нинг энг бошидаёқ подшо тўртта «илмни» билиши зарурлиги тўғрисида фикр юритилади. Улардан бири иқтисодиёт ҳисобланади. «Иқтисодиёт» (экономика) деҳқончилик, чорвачилик ва савдо сифатида кўрилади. Мамлакатда қишлоқ хўжалиги, энг аввало деҳқончилик асосий соҳа ҳисобланган. «Артхашастра»да айтилишича, давлат янги минтақаларни ташкил этиш ва одамларни у ерларга ўрнаштириш ишларини амалга ошириши керак. Янги кўчиб келганларга ер солиқ тўлаш шарти билан шахсий фойдаланишга берилган. Деҳқон, ҳунарманд меҳна-ти ва савдо фаолияти давлат учун бойлик яратади. Шунинг учун давлатнинг сиёсати ерни эмас, балки одамларни ҳимоя қилиши керак. «Давлатнинг кучи, – дейилади асарда, – одамлардан ташкил топган. Одам яшамайдиган ер эса, наслсиз сигирга ўхшайди – ундан на сут соғиб олиб бўлади».
«Артхашастра»да давлатнинг манфаатини кўзлаган ҳолда, хўжаликни яхши ташкил қилишга алоҳида эътибор берилади. Ким ўз ерини ишлатмаса ёки ёмон ишласа, унинг ерини тортиб олиш ва яхши ишлайдиган хўжайинларга бериш тавсия этилади.
Давлат бозор баҳосини тартибга солиб туришнинг чора-тадбирларини кўриб чиқиши лозим. Баҳонинг мавсумга қараб тебраниб туришини бартараф этиш учун, давлатнинг керак пайтда муомалага чиқарадиган товар захираси бўлиши керак. Бу билан товарлар баҳоси барқарорлигини таъминлашга эришилади.
«Артхашастра»да ирригация ишларини яхшилаш ҳам назарда тутилган. «Суғориш системаларини қуриш,дейилади унда, – ҳосилнинг манбаи ҳисобланади...» Суғориш системасига етказилган ҳар қандай зарар учун оғир жазо, ҳатто ўлимга маҳкум этиш тавсия этилади.
«Артхашастра»да давлатнинг молия муаммоларини ечишга катта аҳамият берилади. Давлатнинг даромадлари давлат хўжалик-лари фойдасидан, ҳар турли солиқ ва бож тўловларидан ташкил топган. Харажатлар қисмига келсак, давлат саноатни, савдони ривожлантиришга, жамоа ишларига маблағ ажратиб келган. Давлат хўжалиги ва солиқ тизими билан боғлиқ бўлган молия идоралари-нинг тўғри ишлаши учун, «Артхашастра»да айтилишича, даромад ва харажатларнинг қатъий ҳисоб-китоб ҳужжатлари олиб бори-лиши зарур. Подшо хазинани ўғирловчи амалдорларни бартараф этиши керак. Аммо бу ердаги ўғирликни аниқлаш жуда қийин бўлган. «Артхашастра» хазина мулкини ўғирлашнинг 40 хил усулини кўрсатиб беради ва айёр амалдорнинг ҳийласини билишдан кўра, осмондаги қушнинг йўлини аниқлаш осонлигини қайд қилиб ўтади. «Сувда сузиб юрган балиқ, ўша сувдан ичаяптими, йўқми билиб бўлмаганидек, ишга бириктирилган амалдор мулкни ўзлаштираяптими, йўқми аниқлаб бўлмайди», – дейилади асарда. Шу боис суиистеъмол қилишнинг ҳар хил усул-ларини ўрганиб олмасдан аввал, амалдорларни тез-тез ўзгартириб туриш тавсия этилади.
Иқтисодий сиёсат соҳасида «Артхашастра», подшони ишлаб чиқариш кучларини ривожлантиришга, нарх-навони тартиблашга, давлат бюджети актив балансини сақлашга – «даромадларни кўпайтириш ва харажатларни камайтиришга» даъват этади. Қадим-ги Ҳиндистоннинг бу атоқли асари нафақат ижтимоий ривож-ланишнинг анча юқори даражасини, балки Қадимги Ҳиндистон иқтисодий фикрларининг характерли белгиларини ҳам кўрсатиб берди.
Қадимги Хитой иқтисодий ғоялари. Қадимги Хитой мутафак-кирлари ичида Конфуций (м.ав. 551 – 479 й.) алоҳида ўрин тутади. Конфуцийнинг фикрлари унинг шогирдлари ёзиб қолдирган «Лунь Юй» («Суҳбат ва мулоҳаза») тўпламида акс эттирилган. Унинг фикрича, меҳнат ҳам кишиларнинг, ҳам давлатнинг бойлигини кўпайтиради. Конфуций «буюк жамоа мулки» (деҳқон-лар жамоаси мулки) ва хусусий эгалик (қулдорлар мулки)ни фарқ-лайди, иккинчисини кўпроқ қўллайди. Бу ерда у хусусий мулкни хўжалик юритишда устун қўяди. Конфуций ақлий меҳнат билан жисмоний меҳнат фарқини кўрсатиб, ақлий меҳнат билан «юқори» табақали кишилар, жисмоний меҳнат билан эса, асосий қисми қуллардан иборат бўлган «оддий» кишилар шуғулланади, деб қайд қилиб ўтади.
Конфуций таълимотига кўра, билимдон ҳукмдор – у «халқнинг отаси», «тўғри амал қилишнинг» ва бойликни анча текис тақсим-лашнинг кафолати. Унинг тасдиқлашича, Аллоҳ ва табиат томо-нидан жамият тоифаларга ажратилган, шу билан бирга у ҳар бир одамни маънавий юксалишга даъват этган, катталарга бўлган ҳурмат қоидалари тўғрисида, фарзандлик бурчи тўғрисида, ака-укалар ўртасидаги дўстлик тўғрисида қимматли фикрларни илгари сурган. Конфуций таълимотидан шу нарсани кўриш мумкинки, агар регламентлаштирилган патриархал муносабатларда усталик билан хўжалик юритилса, «халқда ҳамма нарса муҳайё бўлади».
Хитойда милоддан олдинги IV–III асрларда хитойлик муал-лифлар биргаликда ёзган асар «Гуань-цзи» ғоялари кенг тарқалган. Бу асарда илгари сурилган баъзи масалалар, гарчи улар зиддиятли бўлса-да, бугунги кунда ҳам диққатга сазовор. Масалан, асарда олтин марварид алоҳида бойлик сифатида кўрилмайди; бундай бойлик деб, энг аввало, моддий неъматлар (товар) эътироф этилади. Асарда кўрсатилишича, бир томондан, «олтин давлат ресурсларини ҳисоблаш ўлчови ҳисобланади», иккинчи томондан, у «халқ оммаси учун муомала воситаси бўлиб хизмат қилади». Асарда барқарор иқтисодий ривожланишнинг зарурлиги тўғрисида аниқ фикр юритилади ва қаерда ноннинг нархи тартибланиб турилса, ўша ерда тинчлик, осойишталик бўлади, деб қайд этилади. Иқтисодиётни тартибга солиб туриш учун, асар муаллифлари давлатнинг дон захираларини ташкил этишни, ер эгаларига имтиёз-ли кредит беришни, темир ва тузга бўлган тўғри солиқларни эгри солиқлар билан алмаштириш, яъни улардан фойдаланиб ишлаб чиқариладиган товарларга бўлган солиқни кенгайтиришни тавсия этадилар. «Гуянь-цзи» муаллифлари «давлатни бой, халқни мам-нун» ҳолда кўришни хоҳлаганлар. Асарда ер ва сувларни давлат ихтиёрига ўтказиш, улардан даромад олиш йўлида фойдаланиш, баҳоларни тартибга солиш ва бошқа ҳозирги кунда ҳам эътиборга молик иқтисодий ғоялар илгари сурилган.



Download 0.78 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   61




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling