Ўзбекистон республикаси фанлар академияси ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти қўлёзма ҳуқуқида


Тадқиқот натижаларининг апробацияси


Download 282.99 Kb.
bet6/30
Sana18.06.2023
Hajmi282.99 Kb.
#1554886
TuriДиссертация
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   30
Bog'liq
Dissertatsiya Guljahon Namazova (4)

Тадқиқот натижаларининг апробацияси: Тадқиқот натижалари 7 та илмий-амалий анжуманда, шу жумладан, 3та халқаро ва 4 та республика илмий конференциясидаги маърузаларда илмий жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилиниши. Диссертация мавзуси бўйича жами 12 та илмий иш чоп этилган. Шулардан Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг докторлик диссертациялари асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган хорижий нашрларда 1 та, шу мақомдаги республика журналларида 4 та, шунингдек, бошқа хорижий ва маҳаллий нашрларда 7 та мақола эълон қилинган.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми: Диссертация кириш, учта боб, хулоса ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан таркиб топган. Тадқиқотнинг умумий ҳажми 132 саҳифадан иборат.


I боб. Навоий романи таржималари лисоний-эстетик ҳодиса
1.2. Бадиий таржима кўп босқичли жараён
Инсоният тарихида санъат ва адабиётнинг пайдо бўлиши ноёб ҳодиса сифатида эътироф этилиши бежиз эмас. Адабиёт инсон бадиий тафаккурининг ҳосиласи ва миллат ўзлигини кўрсатувчи ижтимоий-маданий воқеликдир. Шундай экан, адабиётнинг энг муҳим хусусияти унинг миллийлик билан боғлиқлигидир. Бугунги глобаллашув жараёнида адабиётнинг ўрни, унинг аҳамияти ва бадиий-эстетик қиймати каби масалалар дунё адабиётшунослигида долзарб муаммо сифатида эътироф этилмоқда. Ўзбек адабиётини жаҳон адабиёти контекстида ўрганиш, миллий дурдоналарни ўзга тилларга таржима қилиш, адабий анъаналарни ўрганиш адабиётшунослик олдидаги муҳим муаммолардан биридир. Азалдан халқлар орасида иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий алоқалар узлуксиз равишда давом этиб келмоқда. Давомийлик ўз-ўзидан ворисийлик билан боғланади. Халқларни бир-бирига боғлашда, улар орасида муносабатларни тиклашда адабиёт беминнат кўприк вазифасини бажаради. Адабий алоқалар ва таъсир масаласи адабиётшуносликда алоҳида тармоқ сифатида ўрганилиб келинмоқда. Бунда таржиманинг алоҳида ўрни бор.
Адабий таржима кўп босқичли ҳодиса саналиб, бунда бир вақтнинг ўзида бир неча жараён юз беради. Таржима янги олам ва ўзга эл маданият оламига кириш учун калит вазифасини бажаради. Бадиий асар тарихий, ижтимоий, маданий ва индивидуал ҳодиса саналади. Таржима мана шу ижодий индивидуаллик устига қуриладиган адабий ҳодисадир. Таржима диалогик қурилма – муаллиф ва таржимон иккилигига асосланади. Ва бу асосда ёзувчи, унинг миллати, тили, дини ва урф-одатлари, “мен”и, ижодкор шахси, дунёқараши, тафаккур тарзи, мақсад ва поэтик имкониятлари каби жиҳатлар бирлашган бўлади. Ва, айни жиҳатлар, иккинчи томон – таржимон шахсига ҳам бирдай тегишлидир. Таржима жараёнида мутаржим лисоний тафаккури воситасида ўзга тил, унинг стурктураси ва тузилиши, матн тўқималарига “сочиб” юборилган моҳият, семантик маъно қатламларини тўғри англамоғи лозим. Бунда таржимон лингвокультурология, этномаданият ва этнопсихология, психоэстетика каби соҳаларга мурожаат қилади. Таржима матни воситасида лисоний қурилманинг ўзига хослиги ва асарнинг поэтик қонуниятлари параллел равишда ўрганилади. Таржима мураккаб механизмдан ташкил топган нутқий қурилма саналиб, асосан бадиий матнга таянилиб иш кўрилиши билан лисоний тафаккурнинг ўзига хос намунаси – модели саналади. Таржима кўп босқичли жараёндир, бир вақтнинг ўзида бир неча поэтик аҳамиятга эга амалиёт бажарилади. Муаллиф ва таржимоннинг ижодий индивидуаллиги асар матнида ўз аксини топиб, бу жараён лисоний-бадиий қонуниятлар доирасида намоён бўлади.
Турли миллат вакилларининг ўзаро яқинлашуви, яқинлашув доирасида ўзга юрт ҳақида билимларни оширишда бадиий таржиманинг ўрни беқиёсдир, чунки ўзга миллат вакили бадиий адабиёт орқали бири иккинчисининг тарихи, этнографияси, дини, тили, қадриятлари каби қатор масалалар билан яқиндан танишадилар. Академик Бахтиёр Назаров «Бадиий таржима ҳар бир халқнинг адабий муҳитда муҳим ўрин эгаллайдиган ижод типларидан бири. У миллатлараро дўстликнинг, адабий алоқаларнинг аҳамиятли ҳалқаси ҳамдир”3 деб таъкидлаганида нақадар ҳақ эди.
К.Жўраев эса таржимачилик иши ва таржимонга зарур бўлган фазилатларни ажратиб кўрсатади: “Таржимачилик иши – миллий адабиётларни ўзаро айирбошлаш, бирида учрайдиган миллий биқиқлик ва камчиликни иккинчисида бартараф қилишга имкон берувчи энг ишончли воситалардан бири. Таржимон эса шу ижодий жараённи амалга оширувчи адиб. Унинг фаолияти фақат тил билиш ёки истеъдод билан, ёинки таржимачилик ишига зўр иштиёқи билангина белгиланмайди. Шоирона дид, нафосат, зеҳн, зийраклик, уқувга эга бўлмаса, ундай таржимондан ҳақиқий санъат асари кутиш амримаҳол”4. Зеро “Таржима, бир қарашда, оддий иш жараёнига ўхшасада, асар бошқа тилде қайта яратилар экан, таржимон ижодий вазифа билан банд бўлиб, муаллиф сингари ҳар бир сўз, бирикма, жумланинг ишончли бўлиши учун бутун масъулиятни ўз зиммасига олади. Демак, таржимон аслиятни ёзувчи ёки шоир сифатида ўқиб, идрок эта олсагина, уни муваффақият кутади. Агар у сўз замиридаги муаллиф кўрган нарсани кўрмас, у ҳис қилган нарсани туймас экан, таржимада қанчалик сўз мақбул танланган бўлмасин, маъно англашилмай қолаверади. Чунки таржимадаги сўз ҳар жиҳатдан аслият сўзига монанд бўлиши билан бирга воқеликка зид бўлмаслиги керак”.5
Таржимада лисоний, тарихий, диний, бадиий тафаккур ўзаро уйғун тарзда намоён бўлади. Бадиий таржима матнга асосланар экан, кўп ҳолларда лингвистика нуқтаи назаридан эътибор қаратилади. Таржимон бадиий матн орқали муаллиф шахсиятини, унинг поэтик тафаккурини, дунёқарашини тушунишга ҳаракат қилади. Бадиий матн ҳам ўзида муаллиф лисоний тафаккуридаги қурилмани ўзида акс эттиради. Шуларни ҳисобга олган ҳолда бадиий таржима тилшунослик ва адабиётшунослик ўртасидаги оралиқ соҳадир, деб таъкидлаймиз. Муаммога ёндашувда ҳам мана шу оралиқни сақлаган ҳолда мулоҳаза юритишга ҳаракат қилдик.
Таржимани кўп босқичли мураккаб жараён деб аташнинг ҳам сабаблари бор. Бунда биринчидан, миллатлар орасида адабий алоқаларнинг тикланишга йўл очмоғи, иккинчидан, ҳар бир ижодкор ўзи мансуб миллати қадриятлар тизими доирасида иш юритар экан таржимон буни яхши англамоғи, учинчидан лисоний қурилмадаги ўзига хослик ва тартибланишни билмоғи, таржимон ўзга тил қурилмасини она тили структурасига мосланган ҳолда шакллантирмоғи керак. Тўртинчидан, тил мураккаб лисоний бирлик саналиб, таржимада мана шу қонуниятларни ҳисобга олиш зарур. Бешинчидан ҳар бир халқнинг бадиий-эстетик тафаккур тарзи, мифопоэтик кўлами, савияси, диди мавжуд бўлиб, таржимада муҳим аҳамият касб этади.
Бадиий асар матни ўзида муайян бир миллатнинг дунёқараши, ўзини ўраб турган борлиқ, воқеликни қандай идрок қилишини ўзида акс эттирадиган нутқий қурилмадир. Таржимон муаллиф тасвирлаган миллий манзарани ўз тилида қайта жонлантиради. “Қайта жонлантириш” таржимондан жуда катта маҳорат ва кенг қамровли билимни талаб этади. Боиси, ҳар бир миллат вакилининг олам ва одам ҳақидаги тасаввурлари шу мамлакатнинг географик жойлашуви, этник келиб чиқиши, маданияти билан узвий боғлиқ. Таржимон аввало халқнинг тарихи, эътиқоди, қадриятлари, урф-одатларидан тўлиқ хабардор бўлмоғи даркор.
Ёзувчи яратган ҳар бир бадиий асар миллийлик хусусиятига эга бўлади. Тарихий асарларда эса тарихийлик ва миллийлик бўёқлари бир-бири билан узвий боғланади. Ижод маҳсули бир тилдан бошқа тилга ўгирилар экан, ҳар иккала хусусият ҳам таржимада сақланиб қолиши керак. Таржимон учун тарихий мавзудаги асарларни таржима қилиш, ундаги тарихийлик ва миллийликни сақлаган ҳолда таржимани қайта яратиш бирмунча мураккаб жараёндир.
Адабиётшуносликда бадиий матндаги миллийлик ва тарихийлик тушунчаларига турли таърифлар берилган. Тарихийлик – ҳақиқий ҳаётда содир бўлган тарихий воқеа билан боғлиқ мавзу, адабиётнинг тарихий мавжудлиги6 тушунилади. Миллийлик, миллий характер эса тарих маҳсулотидир. У халқнинг урф-одатлари, темпераменти, санъати ва умуман барча қатламларида бўй кўрсатади”.7
Адабиётда тарихийлик – бу маълум бир даврнинг аниқ тарихий мазмунини, унинг бетакрор қиёфаси ва рангини бадиий ўзлаштириш, уни китобхонга етказишдир. Ёзувчи тарихий жанрда асар ёзишга киришар экан, у тарихийлик талабларига дуч келади ва ушбу талабларни бажаришга онгли равишда интилади. Тарихийлик талаблари эса, энг аввало, миллий воқеалар ва индиавидуал тақдирларда намоён бўлувчи ижтимоий ривожланишнинг етакчи тенденцияларини англаш қобилиятидир. “Бадиий тарихийлик – маълум бир идеал нуқтаи назаридан турли даврлар ўртасидаги ўзига хос боғлиқликни образли такрорлашдир. У асарнинг бутун ғоявий-мажозий тузилишига – мазмуни ва баён қилиш даражаларига, мавзу ва нутқ тафсилотига сингиб кетган.”8
Аслиятдаги ҳам миллий, ҳам тарихий ўзига хосликни сақлаш ва уни қайта яратиш таржимашунослик фанининг долзарб масалаларидан ҳисобланади. Ушбу масала бир қанча ўзбек ва хориж таржимашунос олимларининг ишларида ўз аксини топган9.
Жумладан, хитой таржимашунослиги фанида миллийликни сақлаш, уни қайта яратиш масалалари 林语堂 (Línyǔtáng)10, 周作人 (Zhōuzuò rén)11, 沈蘇儒 (Shen Suru)12, 劳陇 (Láo lǒng)13, 金堤 (Jīn Dī)14, 常谢枫 (Cháng Xièfēng)15, 陈康(Chén Kāng)16 сингари олимлар томонидан ўрганилган. Ушбу олимлар тадқиқотларида соҳанинг энг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилган. 林语堂 (Línyǔtáng) фикрига кўра, таржимада миллийликни сақлаш учун энг аввало, Ян Фу фанга киритга уч меъзон (бу ҳақда қуйироқда маълумот берилган – Г.Н.) нинг биринчиси “содиқлик” принципига амал қилиш керак. Яъни “бу матннинг сўзма-сўз таржимасини ўз ичига олмайди. Таржимон асл нусха “руҳ”ини етказа олиши керак”. 常谢枫 (Cháng Xièfēng) кўра, "содиқлик" анъанавий таржима мактаби тарафдорларининг асосий ғояси ҳисобланиб, Хитойда классик анъанавий таржима назариясининг асосий таянч нуқтаси саналади.
Бадиий таржимада миллий ўзига хосликни сақлаш масалалари Я.Эгамова, Ғ.Хўжаев, Р.Файзуллаева (немис тилидан ва немис тилига таржималар бўйича),17 Н.Отажонов, Ҳ.Кароматов, К.Кароматова, Д.Ғуломова, К.Рафиқов, Ё.Ҳамраев, Ҳ. Ҳамраев, Ч.Анварова, С. Акобирова (инглиз-ўзбек таржималари мисолида),18 Г. Гафурова, А. Арибджанов, Л. Хусаинова, А. Турсунов, Д. Нугманова, К. Ташанов19 ва 2000 йиллардан кейин Ш. Исоқова, Н.Исамуҳаммедова, Р.Ширинова, Н.Ўрмонова, М.Холбеков20 каби олимларнинг диссертацияларида тадқиқ қилинган. Ушбу тадқиқот ишларидан бевосита бизнинг ишимизга алоқадори, таржимашунос олима Л.Ҳусаинова ўзининг “Миллий ўзига хослик ва таржима. Ўзбек тарихий романларининг русча таржималари асосида” деб номланувчи тадқиқотида Ойбекнинг “Навоий” романи ва Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” тарихий романлари таржималари устида иш олиб борди. У мазкур ишда таржималарда давр руҳини беришнинг ўзига хос хусусиятлари, мазмун ва услуб тарихийлиги, миллий ўзига хослик каби мавзуларни ўрганиб, илмий таҳлил қилган. Тадқиқотчи Ҳ.Ҳамраев эса “Навоий” романининг французча ва русча таржималарини ўзаро қиёсий тадқиқ қилди. Ҳамраев диссертациясида миллий ва тарихий реалияларнинг француз тилида берилиши, уларнинг транскрипция, транслитерация усулида ёки аналогини бериш ё бўлмаса тасвирий усул орқали ўгириш йўлларини кўрсатиб берди. Олим реалиялар таржимасида унинг фақат маъносинигина эмас, руҳини ҳам акс эттириш зарурлигини таъкидлайди. Шоҳида Исоқова ҳам ўзининг “Бадиий таржимада миллийлик ва тарихийликнинг акс эттирилиши (Ойбекнинг “Навоий” романининг французча таржимаси мисолида)” номли диссертация ишида романнинг таржимон Алис Оран таржима қилган француз тилидаги ўгирмаси асосида иш кўради. Тадқиқотчи роман таржимасида аслиятдаги тарихий ва миллийликнинг акс этиши масалаларига тўхталади. Унда миллий атвор ва тарихий давр, таржима ва аслият ҳамоҳанглиги ўрганилади.
Филология фанлари доктори Хайрулла Ҳамидов 2022 йили чоп этилган “Ўзбек қисса ва романлари турк тилида” деб номланувчи монографиясида Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён”, Ойбекнинг “Навоий”, Одил Ёқубовнинг “Адолат манзили”, Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асарлари таржималари тадқиқ қилинган. Мазкур тадқиқотда таржималардаги ютуқ ва камчиликлар, таржимонлар маҳорати турли мисоллар ёрдамида очиб берилган.
Ҳар бир асар яралар экан, у қай юртда вужудга келса, ўша замин миллий булоқларидан сув ичади. А.В.Федоровнинг фикрича: “Миллий колорит миллат яшаётган ижтимоий турмуш билан боғлиқ бўлган персонаж образида, хатти-ҳаракатларида ўз аксини топади”.21 Ҳар бир миллат оламни ўзича кўради, қабул қилади. Ва уларнинг дунёқараши ҳам бир-бириникидан тамоман фарқ қилади. Миллийлик фақат бир менталитетдаги одамларга хос. Унда ҳар бир миллатнинг атроф-муҳит, маълум воқеа-ҳодиса, маълум бир предметларга бўлган миллий қарашлари ҳам жамланади. Масалан, мусулмонларда аза куни қабр бошига гул кўтариб борилмайди. Бошқа диндагилар албатта гул олиб боради. Масалан, хитойликлар кимдир оламдан ўтса, қабр бошига оқ нилуфарлардан олиб боради... Ҳиндларда сигир муқаддас жонзот саналса, мусулмонлар чўчқа гўштини ҳаром ҳисоблайди, аммо мол гўштини истеъмол қилади. Бошқа дин вакиллари эса чўчқа гўштидан кундалик истеъмолда фойдаланади. Бу ерда Ғайбулла Саломовнинг фикрлари ўринли: “... ҳинд шоирларининг асарларида, лирикасида сигир образи нафосат, меҳрибонлик, битмас-туганмас оналик меҳр-муҳаббати тимсоли сифатида талқин қилинади. Ҳинд поэзияси учун хотинни сигирга ўхшатишдан кўра афзалроқ, нафисроқ, баландпарвоз ўхшатиш объекти йўқ. Шунингдек, қадимги мисрликлар ҳам сигирни муқаддас ҳайвон деб ўйлаган бўлсалар керак. Гомер асарларида сигир маъшуқа гўзаллигининг машъали сифатида талқин қилинади” 22. Ўзга халқларнинг ана шундай урф-одатларию маданияти билан биз таржима орқали танишамиз. “Ҳар бир янги таржима, – янги санъат асаридир, деб ёзади, С. Шермуҳаммедов. – Ундан кузатиладиган мақсад – бошқа халқларнинг энг яхши бадиий ёдгорликларини “импорт” қилиш, у билан халқимизни таништириш, қардош халқлар маданиятининг энг яхши фазилатларини ижодий ўзлаштириш, ўз адабиётимизда яратилган диққатга лойиқ асарларни бошқа халқларга “экспорт” қилиш, уларга тақдим этиш воситаси демакдир” 23.
Тарихий асарларда эса тарихийлик ва миллийлик бир-бирига узвий боғланади. Бири иккинчисини тўлдиради. Ушбу тушунчалардан қай биринингда таржимада нотўғри талқин қилиниши, иккинчисига ҳам путур етказиши мумкин. Бундан ташқари, тарихий романлар таржимасида асарни сўзма-сўз ўгириш ўзини оқламайди, ўша давр руҳи ва қаҳрамонлар ҳаётини, ҳолатини аниқ бериш учун таржимон имкон қадар аслиятга яқинлашмоғи даркор. Зеро, таржиманинг асосий вазифаси ҳам аслият ўқувчиси олган таассуротни бошқа тил муҳитида қайта яратишдан иборатдир.
Муаллиф учун тарихий мавзуда қалам тебратиш замонавий мавзуни ёритишдан кўра мушкулроқ. Ушбу вазифа муаллиф елкасига катта масъулият юклайди. Тарихий мавзудаги асарни таржима қилиш ҳам таржимон учун худди шундай машаққатли. Боиси тарихий асар таржимони олдида:

  • тарихий давр руҳини сақлай олиш,

  • миллий бўёқдорликни бера олиш,

  • халқона оҳангни асраб қолиш,

  • таржима жараёнида лисоний-услубий ечимлар топа олиш каби масалалар кўндаланг бўлади.

Бу эса мутаржимдан алоҳида катта тайёргарлик, тинимсиз меҳнатни талаб қилади. У аслият тили ва ёзувчининг услубини билибгина қолмай, асарда битилган тарихий даврни ҳам чуқур ўрганмоғи керак. “Воқеалар тасвири биздан қанчалик узоқроқ вақтга бориб тақалса, таржимонга ўша давр халқ тили, услуби ва урф-одатларини қайта яратиш билан боғлиқ шунчалик кўп қийинчилик туғилади”.24 Демак, Н.Комилов таъкидлаганидек, “Таржима бошқа тилдаги бадиий гўзалликни ўз халқи учун ижодий ўзлаштириш, янги тилнинг қуввати ва қудратини намойиш этиб, асарни шу тилнинг санъат ҳодисасига айлантириш”25дир.
Таржима кўп босқичли бадиий воқелик сифатида таржимашуносликда турли даражада ўрганилиб келинмоқда. Рус таржимашунос олимаси А. Лилова ўзининг “Введение в обшую теорию перевода”26 номли китобида ўзга миллат адабиётини ўз миллати учун “импорт” қилаётган мутаржим олдида турувчи қуйидаги беш вазифани белгилаб беради:

  1. Ҳар бир таржимон асар образларининг ягона эканини англамоғи даркор. Ҳар бир бадиий образ қай миллатда юзага келишидан қатъий назар, моҳиятан ягона ва бетакрордир.

  2. Таржимон образлар ва асар ғоясининг ижтимоий моҳиятини билиши зарур.

  3. Асарда акс этган миллий ўзига хослик (мазмун, шакл, образлар, услубий ўзгачалик)ни англаши ва шунга кўра иш тутиши керак.

  4. Таржимон асардаги ўша халққа хос бўлган миллийликни белгилаб олмоғи даркор.

  5. Асардаги қай бир замон ва макон қаламга олинишидан қатъий назар, инсоният учун муштарак бўлган умумбашарий масалаларни эътиборга олиши керак.

Ушбу вазифаларга асосланган ҳолда айтадиган бўлсак, таржимон асар таржимасига киришишдан олдин ишни, аввало, асар яратилган миллат тарихи, урф-одати, маданияти, тили ва асар яратилган ва унда қаламга олинган давр шарт-шароитларини ўрганишдан бошлайди. Ўша халқнинг миллий-маданий кодлари – миллий концептосфераси (этномаданий тушунчаларни ифодаловчи элементлар, экотизм, лакуналар, таом номлари) ни аниқлаб, белгилаб чиқиши керак. Бадиий асарлар ўгирмасида миллий-маданий кодлар ва маданий ахборотларнинг нотўғри берилиши таржима ҳаққонийлигига, “содиқлик” принципига путур етказади.
Хитой таржимашунос олимлари ҳам таржимада “содиқлик” принципини энг олд ўринга қўйишади. Уларда “содиқлик” принципига жавоб бермайдиган таржималар танқид қилиниб, бундай таржималарга “тартибсиз таржималар”27 ёки “умуман таржима қилинмаган”,28 деган ёрлиқ ёпиштирилади.



Download 282.99 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   30




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling