Юридик коллизиялар келиб чиқишига қуйидаги омилларни сабаб сифатида кўрсатиш мумкин:
Биринчидан, объектив, яъни ижтимоий муносабатларнинг доимий тарзда ривожланиб ва ўзгариб бориши натижасида юзага келади. Бунда ҳуқуқ ижодкори доим ҳам тегишли ўзгаришларга мос равишда ҳуқуқ нормаларини шакллантириб боришга улгурмаслиги мумкин.
Иккинчидан, субъектив: етарли тарзда ҳуқуқий маданият, демократик анъаналар ва тажрибанинг мавжуд эмаслигида; қонун ва бошқа норматив ҳужжатларнинг сифат даражасининг пастлигида; ҳуқуқдаги бўшлиқларнинг мавжудлигида; ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнининг лозим даражада мувофиқлашмаганлигида; норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қатъий ва тўлиқ тизимлаштирилмаганлигида; тегишли давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятидаги камчиликлар; бюрократизм ва бошқа омилларда юзага келиши мумкин.
Юридик коллизияларнинг қуйидаги: Конституция ва бошқа ҳужжатлар; қонунлар ва қонуности ҳужжатлари; бир орган томонидан қабул қилинган турли ҳужжатлар; турли хил органлар томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ҳамда умумий ва махсус ҳужжатлар ўртасида юзага келадиган турларини кўрсатиб ўтиш мумкин.
Тегишли адабиётлар ва мавжуд амалиётни таҳлил қилиш орқали юридик коллизияларни бартараф этишнинг қуйидаги услубларини кўрсатиб ўтиш жоиз:
зиддиятли ҳужжатлар ўрнига янги норматив актни қабул қилиш;
зиддиятли ҳужжатлардан биттасини бекор қилиш;
жорий ҳужжатга ўзгартириш ва аниқлик киритиш;
коллизион норма ва тамойилларни ишлаб чиқиш;
коллизион ҳолатларда юзага келадиган баҳсларни кўриб чиқишнинг суд тартибини ўрнатиш (Конституциявий, ҳакамлик, хўжалик ва бошқа судлар);
ҳуқуқ нормалари ўртасидаги зиддиятларни бартараф этиш мақсадида мазкур нормаларни суд томонидан шарҳланиши;
ҳуқуқ нормаларини уйғунлаштириш ва қонунчиликни тизимлаштириш;
тегишли зиддиятли ҳужжат юзасидан суд ёки маъмурий тартибда шикоят қилиш;
келишув ва муросага келтирувчи тартибларни жорий этиш;
тегишли ҳуқуқ субъектларининг қатъий конституциявий-қонуний ҳамда белгилаб қўйилган ваколатлар доирасида фаолият юритишини таъминлаш;
қабул қилинаётган ҳужжатларни олдиндан манфаатдор томонлар билан келишиш ва юридик экспертизадан ўтказиш;
ҳуқуқ ижодкорлиги субъектлари томонидан ўзлари қабул қилган ҳужжатларни вақти-вақти билан инвентаризация қилиб бориш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг самарадорлигини таҳлил қилиб бориш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиши натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган конфликтли ҳолатларни олдиндан кўра олиш кўникмаларини шакллантириш ва бошқалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |