Ўзбекистон республикаси ички ишлар вазирлиги академияси
-§. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар
Download 2.15 Mb.
|
Ҳуқуқшунослик
8-§. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар.
Ҳар бир шахс шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, унинг мазкур ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиш мумкин эмас, яъни ушбу ҳуқуқлар унга шахсан тегишли ҳуқуқлар ҳисобланади. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга қуйидагилар киради: яшаш ҳуқуқи – яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи ҳисобланади. Ҳеч ким бу ҳуқуқдан маҳрум этилиши мумкин эмас. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир; эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи – ҳар бир шахс эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлиб, унинг мазкур ҳуқуқи фақат қонунларда назарда тутилган ҳоллардагина чекланиши мумкин. Шахсни ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки бошқача тарзда унинг озодлигини чеклаш асослари ва тартиби қонун билан белгиланади. Шахснинг эркинлиги ва озодлигини қонунга асосланмаган ҳолда чеклаганлик учун жавобгарлик белгиланган; айбсизлик презумпцияси – жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг айби суд томонидан ошкора исботланмагунча унинг айбдор деб ҳисобланмаслиги ҳисобланади. Жиноят содир этишда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади. Шу билан бирга ҳеч бир асосга кўра ҳар қандай шахс қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас ва бунинг учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас; шахснинг ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқи – шахснинг қадр-қиммати, шаъни ва обрў эътиборини, шахсий ҳаётдаги мустақиллигини ифодалайди. Шахснинг шахсий ва оилавий ҳаёти билан боғлиқ маълумотлар унинг розилигисиз ошкор этилиши мумкин эмас, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш, била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш учун жавобгарлик назарда тутилган. Шунингдек, шахснинг ўзаро ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирлари ошкор этилиши ман этилади. Фақат қонунда назарда тутилган ҳоллардагина телефонда сўзлашувлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан эшитилиши мумкин; турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқи – шахснинг турар жойига унинг розилигисиз кириш, суднинг санкциясиз турар жойда тинтув ўтказиш ман этилади. Шахснинг турар жойига мансабдор шахслар фақат қонунларда назарда тутилган ҳоллардигина киришлари мумкин; бир жойдан иккинчи жойга кўчиш – Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг республикага келиши ва ундан чиқиб кетиши ҳамда республика ҳудуди бўйлаб истилган жойга бориш ва у ерда истиқомат қилиш ҳуқуқи ҳисобланади. Қонунда назарда тутилган айрим ҳоллардигина бу борада чеклашлар жорий этилиши мумкин; фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги – ҳар ким ўз фикрини эркин баён этиш, ўз муносабатини билдириш ҳуқуқига эга ҳисобланади. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин. ахборот эркинлиги – ҳар кимнинг ахборотни эркин ва монеликсиз излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ҳамда тарқатиш ҳуқуқига эга. Бироқ, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа ахборотларга нисбатан чеклашлар ўрнатилиши мумкин; Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган қонун ҳужжатлари билан, шунингдек ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб беришга мажбурдир. Ахборот олиш имконияти қонун ҳужжатларини ва тегишли материалларни эълон қилиш ва тарқатиш йўли билан таъминланади. виждон эркинлиги – фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган ҳуқуқидир. Фуқаро ўзининг динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди. Download 2.15 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling