Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қарши давлат университети табиий фанлар факультети
Download 0.52 Mb.
|
Валеол-Маър-Матн-2019
Тўғри овқатланиш қоидалари.
Ҳозирги пайтда овқатланиш борасида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳар қачонгидан анча кўп бўлиб, улар инсон саломатлигига путур етказувчи асосий омиллардан бўлиб қолмоқда. Уни бартараф қилиш учун биринчидан, давлат миқёсида олиб бориладиган чора-тадбирлар, масалан, керакли озиқ-овқат маҳсулотларини (дон ва дон маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, ёғ ва ёғ маҳсулотлари, ҳар хил чорва молларидан олинадиган гўшт ва гўшт маҳсулотлари, мева-чевалар, сабзавот ва полиз маҳсулотлари ва бошқалар) ҳамда истеъмол таомлари билан қўшиб бериладиган биологик қўшимчалар (витаминлар, биологик фаол моддалар, денгиз маҳсулотлари, дори-дармонлар ва бошқалар) етказиб бериш ва заҳира қилиш иккинчидан, ҳар кимнинг зарур озиқ-овқат маҳсулотларини қанча, қандай ва қачон истеъмол қилиш билан боғлиқ умумий физиологик ва биокимёвий қонун-қоидаларни билиши зарур. Иккинчи гуруҳга кирадиган чора-тадбирлар кенг халқ оммаси орасида ахборот воситалари (радио, телевидение, газета ва журналлар) ёрдамида доимий равишда тарғибот қилиб борилиши лозим. Яна мактабгача тарбия муассасалари, умумтаълим ўрта мактаблари, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида тўғри овқатланиш ҳақида тегишли назарий ва амалий маълумотлар берадиган суҳбатлар, савол-жавоб кечалари, семинарлар, курслар, факультатив дасрлар ўтказиб туриш бу соҳада анчагина ижобий натижалар беради. Фикрмизнинг далили сифатида шу нарсани таъкидламоқчимизки, Америка Қўшма Штатларида юрак-қон томирлари касалликларини юзага келтирувчи сабаблар ва шу жумладан, бу борада тўғри овқатланиш тарзи ҳақида тарғибот ишлари олиб бориш натижасида қайд қилинган хасталиклар туфайли ўлим 15-20% га камайган. Маълумки, ҳозир саломатликни сақлаш, уни муҳофаза қилиш борасида асосий эътибор соғлом турмуш тарзи масалаларига қаратилмоқда. Чунки Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг эътироф этишича, инсон саломатлиги фақат 10-15% ҳолатлардагина тиббиёт хизмати билан таъминланади, тахминан яна шунчаси насл-насабга ва қолган 70% эса кишиларнинг турмуш тарзи билан боғлиқ. Турмуш тарзининг бевосита зарур воситалардан бири бу тўғри яъни рационал ёхуд оқилона овқатланиш омилидир. Озиқ-овқат маҳсулотлари кераклигидан ошиқча истеъмол қилинганида ёки уларга тақчиллик ҳам бир-биридан кам бўлмаган хасталиклар, иқтисодий-ижтимоий ва бошқа қатор салбий ҳолатларга олиб келади. Агар озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл-кўллиги, уларни зиёда истеъмол қилиш билан боғлиқ муаммолар аниқ кўриниб турадиган ўзгаришларни юзага келтирса (семириб кетиш, қон босимининг кўтарилиб кетиши, қонда ёғ кислоталари ва холестериннинг кўпайиб кетиши ва бошқалар), уларнинг кам истеъмол қилиниши (айниқса витаминлар ҳамда минерал моддалар тақчиллиги) билан пайдо бўладиган ўзгаришлар кунлар ўтиши билан руёбга чиқади ва шунинг учун ҳам кўпчилик бундай ҳолатларнинг қандай пайдо бўлганлигини тўғри тасаввур қила олмайди. Россия Тиббиёт Фанлари Академияси Овқатланиш Институти томонидан олиб борилган кенг кўламли тадқиқот ишлари бу юртда кейинги йилларда аҳоли орасида ҳайвон ёғларини меъёридан кўп истеъмол қилиш туфайли ортиқча тана вазнига эга ва семиз кишиларнинг кўпайиб кетаёганлиги ва шу боис артериал гипертензия, юрак ишемик касаллиги, атеросклероз, асаб таранглашуви билан боғлиқ ва бошқа касалликларнинг авж олаётганлигини қайд қилади. Бир вақтнинг ўзида истеъмол таомлари таркибида тўла қийматли оқсиллар, тўйинмаган ёғ кислоталари, айрим витаминлар (А, С, Е, бета-каротин), микро- ва макроэлементлар (Са, Ғе, J, Ғ, Zn ва бошқалар), озиқ толалари тақчиллиги туфайли иммун тизими ночорлиги, қандли диабет, депрессия, ёш болаларнинг меъёрий ўсиб ривожланмаслиги, юқумли касалликларга тез берилувчанлик, хотиранинг пасайиб кетиши, стресс ҳолатларга чидамсизлик каби хасталикларнинг кўпайиб кетаётганлиги эътироф этилади. Аниқ маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, юқорида келтирилган ҳисоботда Россия Федерацияси аҳолисининг кўпчилигида С витамин етишмаслиги, В гуруҳ витаминларига нисбатан 40-90% гача, фолат кислотасига нисбатан 40-60% гача етишмовчилик ва ҳатто баланслаштирилган овқат рациони билан таъминланаётган аҳоли гуруҳларида ҳам аксарият витаминларга 20-30% тақчиллик мавжудли айтиб ўтилган. Ушбу ҳолат айниқса болалар, ўсмирлар, кексалар, фаол жисмоний ва руҳий юклама бажарадиганлар, сут эмизадиган ва ҳомиладор оналар орасида айниқса кўп. Айтиб ўтилган тақчиллик мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларда С витаминга нисбатан 80-90%, В гуруҳ витаминларига 40-80%, А ҳамда Е витаминларга 40% дан ошиқроқ етишмовчилик кузатилган. Қарши давлат университети физиология кафедрасида ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики С витаминига бой маҳсулотлар ўлкамизда сероб бўлишига қарамасдан ушбу дармондорининг етишмаслиги мактаб ўқувчиларида 49% ташкил қилар экан. Ушбу ҳолат анча ташвишли ҳисобланади, чунки ўсувчи организмдаги бундай тақчиллик интеллуктуал салоҳиятнинг етарли даражада шаклланишига салбий таъсир этади. Энг ёмони шундаки, ушбу контингент вакиллари ўзларидаги қайд қилинган дефицитни жисмонан сезишмайди, сезилиб қолган пайтда эса анча кеч бўлади. Чунки бу вақтга келиб организм кўп жиҳатлардан шаклланиб бўлади. Шунинг учун уларни кейинчалик қанчалик ҳамма керакли моддаларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари билан озиқлантирманг, фойдаси ўзига яраша бўлади. Москвадаги Гигиена илмий-тадқиқот институтининг маълум қилишича, танасида С витамини меъёрдан кам ўқувчиларнинг ўзлаштириши бундай тақчиллик учрамайдиган тенгқурларига қараганда анча паст экан. Истеъмол таомлари юқори калорияли бўлиши билан бир қаторда (айниқса ёғли, углеводли ва оқсилли) уларни тайёрлаш жараёнида йўл қўйиладиган камчиликлар (юқори ҳароратда, очиқ ҳаво ва ёруғликда узоқ сақлаш ва бошқалар) витаминлар танқислигига олиб келади. Витаминлар етишмаслигига олиб келадиган омиллар қайд қилинганидек, ташқи (экзоген) ҳамда ички ошқозон-ичак тизимида уларнинг ёмон сўрилишига олиб келувчи сабаблар (эндоген) бўлиши мумкин. А витамини тақчил бўлганида тери касалликлари юзага келиб, сочлар қуруқ, тез синувчи бўлади, юқумли касалликларга бардошлилик пасаяди, суякларнинг ўсиши сусаяди, кўриш ёмонлашади. В1 витамини кам бўлганида моддалар алмашинуви (углеводлар, оқсиллар, ёғлар ва минерал моддалар) издан чиқади. В2 витамини етарли бўлмаса сочлар тушиб кетади. В6 витаминининг гипо- ва авитаминозида уйқу бузилади, асабийлашиш ва депрессия ҳолатлари келиб чиқади. РР витаминнинг етишмаслиги ҳам асаб бузилиши, депрессия ҳолатларига олиб келади. В9 витамини, яъни фолат кислота етишмаса тирноқлар уқаланиб туша бошлайди, сочлар тўкилади. Ушбу витамин ҳомиладорликнинг меъёрида боришини таъминлайди, чунки у янги ҳужайра ва тўқималар ривожланишини, шаклланишини таъминлайди. В12 витамин дефицити эса камқонликка олиб келади. С витамин етишмаганида юрак-қон томирлари ҳамда онкологик касалликларни авж олиши аниқланган. Кейинги йилларда аҳоли гуруҳлари ўртасида С витаминига тақчиллик қайд қилиб ўтганимиздек тез-тез учраб турибди. Шу сабабли ҳам кишилар орасида юрак қон томирлари ва онкологик касалликлар кўпайиб кетаётган бўлиши мумкин. Е витамин ҳам юрак-қон томирларини мустаҳкамлайди, яллиғланиш ва бод касалликларининг олдини олади. Д витамин суяклар шаклланиши, ўсиши учун керак. Кишиларда, айниқса болаларда, тез-тез бурун қонашининг олдини олишда К витамин асқотади. Иқтисодий жиҳатдан анча-мунча ривожланган Россия Федерацияси шароитида ҳукм сураётган ушбу ҳолатнинг Ўрта Осиё давлатларида, жумладан, Ўзбекистонда мавжуд эмаслигини ҳеч ким кафолатлай олмайди. Шуни ҳам инобатга олиш зарурки, ўлкамизда етиштириладиган озиқ-овқат маҳсулотлари (мева-чевалар, сабзавот ва полиз маҳсулотлари, кўкатлар ва бошқалар) витаминлар ҳамда минерал моддаларга шунча бойки, улардан оқилона фойдаланилса, қўшимча воситаларсиз барча аҳоли гуруҳларини айтилган микронутриенлар билан етарлича таъминлаш мумкин. Бунинг учун айтилган моддаларнинг қайсилари қаерда учрашини, улардан қандай фойдаланиш лозимлигини билиш аҳоли орасида тегишли овқатланиш маданиятига эришиш керак. Шунинг учун нотўғри овқатланиш бўйича хавф солиб турган бундай камчиликларни ўз вақтида аниқлаш, уларни бартараф қилиш борасида лозим чора-тадбирларни кўриш кечиктириб бўлмайдиган устивор вазифалардан биридир. Юқорида баён қилинган фикрлардан келиб чиқиб, нотўғри овқатланиш билан боғлиқ бўлган айрим нуқсонларга йўл қўймаслик, мавжудларини бартараф қилиш мақсадида қуйидаги назарий-амалий тавсиялар ҳамда уларга қисқача шарҳ келтирмоқчимиз. Ушбу тавсияларни тузиб чиқишда овқатланиш гигенаси, нутрициология, ҳазм физиологияси бўйича кейинги йилларда эришилган илмий ва амалий ютуқлар ҳамда халқ тиббиёти дурдоналарида овқатланиш масалаларига бағишланган ҳикматлардан кенг кўламда фойдаланилди. Download 0.52 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling