Бине Альфред (1857 – 1911), француз психологи, тестологиянинг асосчиларидан бири. Париж юридик лицейида юридик маълумот олиб, кейинчалик неврология ва патопсихология билан шуғулланган. Альфред Бине касбий фаолиятини 1882 йилда Сальпетриер клиникасида Ж. М. Шарко раҳбарлигида гипноз муаммосини ишлашдан бошлаган.
1894 йилда Альфред Бине Сорбондаги психологик лабораторияни бошқарган. 1899 йили Альфред Биненинг ташаббуси билан эксперименталь педагогика лабораторияси очилиб, унда буюк иқтидорли одамларнинг тафаккури муваффақиятли тадқиқ қилинди.
1904 йилдан Альфред Бине таълимда қийинчилиги бор ўқувчилар билан ишлаш комиссиясини бошқара бошлади. Болаларнинг ҳолатини аниқ баҳолаш учун Альфред Бине Теодор Симон билан ҳамкорликда кейинчалик “Бине-Симон тести” номини олган биринчи интеллект шкаласини ишлаб чиқди. Альфред Биненинг фикрича индивидуаль интеллектуал хусусиятларнинг сабаби олий психик жараёнларнинг амалга оширилишида, ҳисобланади.
Биринчи интеллект шкаласи мураккаблик даражаси бўйича ўсиб бориш тартибида жойлашган бир неча ўнлаб вазифалардан иборат бўлган. Ҳар бир вазифа учун текширилувчига яхши, ўрта ва ёмон жавоблар вариантлари таклиф қилинган. Кейинчалик интеллект шкаласи бир неча марта такомиллаштирилди ва самарали диагностик усул сифатида кенг тарқалди.
Холл Стенли (1844 – 1924), америкалик психолог, педалогиянинг асосчиларидан бири. Стенли Холл Вильгельм Вундтнинг қўлида таълим олган. 1883 йилда Дж. Хопкинс университети базасида у АҚШда биринчи психологик лаборатория ташкил қилди. 1887 йили Стенли Холл АҚШда психология соҳасида биринчи даврий нашр бўлган “Америка психология журнали”ни ташкил қилиш ташаббускори бўлди. Педоцентризм ғоясининг тарафдори сифатида Стенли Холл болани илмий билимлар турли соҳаларининг алоҳида сегментлари объекти сифатида эмас балки ягона педология фани доирасида ўрганиш керак, деб ҳисоблаган.
Стенли Холл рекапитуляция назариясининг муаллифи ҳисобланади, унга кўра онтогенетик тараққиёт филогенетик тараққиётни такрорлайди. Бошқача айтганда, бола инсоният тарққиётининг ҳамма босқичларидан ўтиши шарт, у ўз тараққиётининг бирон бир босқичини четлаб ўтиши мумкин эмас. Стенли Холлнинг фикрича боланинг бир босқичдан бошқасига ўтиш механизми ўйин ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |