Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фарғона давлат университети мамуржон отажонов


Download 0.58 Mb.
bet58/157
Sana05.02.2023
Hajmi0.58 Mb.
#1167266
1   ...   54   55   56   57   58   59   60   61   ...   157
Bog'liq
Психол. тарихи Отажонов М.Ю. (7)

Адлер Альфред (1870 – 1937), австриялик психолог, 1902 йилдан бошлаб Зигмунд Фрейднинг психоаналитик тўгарагида қатнашган, 1910–1911 йилларда Альфред Адлер Вена психоаналитик жамиятининг президенти бўлган. 1911 йили Альфред Адлер Зигмунд Фрейд билан муносабатларини узиб, ўзининг шахсий психологик назарияси устида ишлай бошлайди. Индивидуаль психологиянинг ғоялари дунёда биринчи жаҳон урушидан кейин кенг тарқалди (халқаро конференциялар ўтказилди, “Халқаро индивидуал психология журнали” нашр этилди ва х.к.). бироқ 1934 йилда фашистлар томонидан индивидуаль психология таъқиқлангандан кейин Альфред Адлер АҚШ га кўчиб ўтишга мажбур бўлди.
Классик психоанализдан фарқли равишда, индивидуал психология тарбияга муҳтож бўлган туғма “ижтимоий ҳис”ни характернинг асоси, деб билади. Ушбу назарияга кўра шахс аҳлоқининг динамикаси ва тузилишида онгсизлик эмас, инсон онги, биологик эмас, аксинча, ижтимоий мақомлар асосий роль ўйнайди. Инсонлар шахс сифатида ночор мавжудот эмас, улар жабрланувчи ёки ўтмишдаги тажрибаларининг пассив соҳиби ҳисобланмайдилар. Улар фаолдир ва ўзларининг ҳозирини яратадилар, шунингдек, ўз келажакларини ихтиёрий равишда танлай оладилар. Бу жараёнда инсон интеллекти ва ўзининг шахсий қадриятлари ва идеалларини англаш муҳим аҳамиятга эга. Индивидуал психологияда Фейд либидосидан фарқли равишда шахснинг асосий ижтимоий фаоллигини ҳаракатлантирувчи куч унинг онг остида илдиз отган ҳокимиятга интилиш ва етишмовчилик комплекси ҳисобланади. Ушбу комплексдан келиб чиқадиган асосий инсоний иллатлар – беҳуда умр ва шуҳратпарастлик бўлса, фазилатлар эса жасорат ва ҳамкорликка интилишдир. Индивидуал психология ХХ асрнинг 1920—1940-йилларида АҚШ ва Ғарбий Европа давлатларида машҳур бўлиб, неофрейдизмнинг юзага келишига муҳим таъсир кўрсатган.
Адлер инсон психикасининг янги, ижтимоий-психологик ёндашувига асос солди. Айнан ўз концепциясининг янги ғояларини ривожлантиришда у Фрейддан олдинлаб кетди. Унинг “Тажанг характер ҳақида” (1912), “Индивидуал психология назарияси ва амалиёти” (1920), “Инсоншунослик” (1927), “Ҳаёт мазмуни” (1933) каби китобларида баён қилган назарияси классик психоанализ билан кам боғланган мутлақо янги йўналиш бўлиб, шахс ривожланишининг яхлит тизимидан иборат.
Адлернинг асосий ғояси шундан иборатки, у Фрейд ва Юнгнинг инсон ҳулқ атвори ва унда онгсиз майлларнинг ҳукмронлиги ҳақидаги ҳолатни ва булар инсонни жамиятга қарама қарши қўйишини инкор қилади. Адлер – туғма қизиқишлар, туғма архетиплар эмас, балки бошқа одамлар билан мулоқот қилиш, ижтимоий алоқаларни рағбатлантириш ва бошқаларга йўналтириш, шу одамларнинг хулқ-атвори ва ҳаётини белгилайдиган асосий кучдир, деб ҳисоблайди. Лекин ушбу учта психологларни жамлайдиган бошқа бир умумийлик бор: улар инсон ўзида шахсни шакллантиришга таъсир кўрсатадиган ўзгача ички табиатга эга, деб ҳисоблашган. Бунда Фрейд ҳал қилувчи аҳамиятни сексуал омилларга, Юнг эса – тафаккурнинг бирламчи турларига қаратган бўлса, Адлер ижтимоий қизиқишларнинг ролини қайд этган.
Шу билан бирга Адлер ўзининг индивидуаллигини бутунлигича сақлаб, уни тушуниш ва ривожлантириш истаги инсон шахси ривожланишининг муҳим йўналиши, деб ҳисоблаган. Фрейд принципиал равишда ҳар бир инсон шахсининг ўзига ҳослигини рад этиб, онгсизликка ҳос бўлган умумийликни ўрганган. Юнг етарли даражада кеч бўлсада, 50-60-йилларда шахснинг бутунлик ва мустақил бўлиш ҳақидаги фикрга келган. Шахснинг бутунлиги ва ўзига ҳослиги ҳақидаги фикр Адлернинг психологияга қўшган беқиёс ҳиссаси ҳисобланади.
Унинг ижодий “Мен” ғояси ҳам муҳимдир. Туғма қўзғалиш мақсадларига хизмат қиладиган ва шу сабабли шахснинг маълум бир йўналишда ривожланиш йўлини аниқ белгилайдиган, Фрейд ўрганган "Эго" дан фарқли ўлароқ, Адлер ўрганган "Мен" - бу шахснинг ривожланиш йўналишини ўзгартиради, инсоннинг ҳаётий тажрибасига бошқача маъно беради. Бундан ташқари, “Мен”нинг ўзи инсонга ўзининг шахсий, ўзига ҳос ҳаёт тарзини барпо этишда ёрдам берадиган тажриба турларини танлайди.
Адлернинг шахс назарияси мукаммал тизим бўлиб, у шахс ривожланишининг кўплаб турлари ва йўлларини тушунтирадиган бир қатор асосий низомларга таянади: 1) фиктив (сохта) финализм, 2) устунликка интилиш, 3) етишмовчилик ва компенсация туйғуси, 4) ижтимоий қизиқиш, 5) ҳаёт тарзи, 6) иқтидорли «Мен».
Адлер шахс қурилмасининг шаклланишида унинг оиласи, ҳаётининг илк йилларида уни қуршаб турган одамлар катта аҳамиятга эга, деб ҳисоблаган. Ижтимоий қуршовнинг аҳамияти, айниқса, Адлер томонидан таъкидланган (психоанализда биринчилардан бўлиб), бу, бола тайёр шахс қурилмаси билан дунёга келмаслиги, аксинча бутун ҳаёти давомида шаклланадиган тимсоллари билан туғилишини таъкидлаган. Адлер, энг муҳим шахс қурилмаси, бу ҳаёт тарзи, деб таъкидлайди.
Инсон ҳулқ атворини шакллантирадиган ҳаёт усули ғоясини ривожлантириб, Адлер бу инсон тажрибасини аниқлайдиган ва тизимлаштирадиган детерминант эканлигини асослади. Ҳаёт усули учта туғма онгсиз ҳиссиётнинг бири бўлган жамоачилик билан узвий боғлиқ, у “Мен” қурилмасини ташкил этади. Жамоачилик, ёки ижтимоий қизиқиш ўзига хос ўзак бўлиб, ҳаёт усулининг бутун қурилмасини ушлаб туради, унинг мазмуни ва йўналишини белгилайди. Жамоачилик туғма ҳисоблансада, ривожланмай қолиши мумкин. Жамоачилик ҳиссининг ривожланмаслиги турмушнинг асоциал тарзига, неврозлар ва зиддиятларга сабаб бўлади. жамоачиликнинг ривожланиши болани ёшлигидан қуршаб турган яқинлари билан, асосан, онаси билан боғлиқ. Совуқ табиатли ва чегара сақлайдиган оналар билан ўсган болаларда жамоачилик ривожланмайди. У тантиқ болаларда ҳам ривожланмайди, чунки она билан бўлган туйғу умумийлиги болага бегона бўлган бошқа инсонларга ўтмайди. Жамоачилик ривожланишининг даражаси ҳар бир инсонда шаклланадиган ўзи ва ҳаёт ҳақидаги тушунчалар тизимини белгилайди. Бу тизимнинг ноадекватлиги шахсий ўсишга тўсиқ бўлиб, неврозларнинг ривожланишига олиб келади.
Инсон ўзининг ҳаёт усулини шакллантириш билан бирга ўз шахсининг ижодкори ҳисобланади, уни эса инсон ирсият ва тажрибаларнинг ҳом ашёсидан яратади. Адлер шундай ёзади: Ижодий “Мен” ўзига хос кўринишда бўлиб, атроф борлиқ фактларига таъсир кўрсатади ва бу фактларни “субъектив, ўсиб борувчи, яхлит, индивидуал ва ноёб усулга эга бўлган” ўз шахсига кўчиради. Адлер қарашлари бўйича, иқтидорли “Мен” инсонга ҳаёт мазмунини ўргатади, у ҳаётнинг мақсади билан бирга унга эришиш учун зарур воситаларни ҳам яратади. Шундай қилиб, Адлер ҳаёт мақсадлари ва турмуш тарзи шаклланиши жараёнларини инсон шахсига ноёблик, онглилик ва ўз тақдирини бошқариш имкониятини берувчи ижодкорлик омиллари сифатида ўрганган. Фрейдга қарама-қарши равишдв у, инсонлар – бу ташқи кучлар қўлидаги пиёдалар эмас, улар ўз ҳаётини мустақил ва ижодий туза оладиган онгли яхлитлик, дея таъкидлаган.
Агар жамоачилик ҳаёт йўналиши ва унинг тарзини белгиласа, икки туғма ва онгсиз ҳиссиёт – тўлақонли эмаслик ва устунликка интилиш эса – инсонга унинг ривожланиши учун зарур бўлган энергия манбаси ҳисобланади. Бу икки ҳиссиёт ҳам позитив бўлиб, шахсий ўсишга ва мукаммалликка бўлган стимуллардир. Агар тўлақонли эмаслик ҳисси инсонга ўзининг камчилигини енгишга бўлган ҳоҳишни пайдо қилган ҳолда таъсир кўрсатса, устунликка интилиш эса ҳаммадан яхши бўлиш ҳиссини ўйғотади, фақатгина камчиликарни енгишни эмас, балки энг билимдон ва маҳоратли бўлишга ундайди. Бу туйғулар, Адлернинг қарашлари бўйича, нафақат индивидуал ривожланишни, балки алоҳида инсонлар томонидан қилинган кашфиётлар ва камолотга етиш туфайли бутун жамият ривожини кучайтиради. Ушбу ҳисларни ривожлантириш учун махсус механизм ҳам мавжуд – бу, компенсация (ўрнини қоплаш) механизмидир.
Адлер компенсациянинг тўртта асосий турини ажратган - тўлиқсиз компенсация, тўлиқ компенсация, юқори компенсация ва ҳаёлий компенсация, ёки, гўёки касал бўлиб олиш. Компенсациянинг белгиланган турларини ҳаёт усули ва жамоачилик ҳиссининг ривожланиш даражаси билан боғлаш, Адлерга биринчилардан бўлиб шахс ривожланишининг типологиясини яратишга имкон берди.
Ижтимоий турмуш тарзини белгилаган жамоачилик ҳиссининг ривожланиши болага апперцепциянинг етарли бўлган адекват схемасини тузишга имкон беради. Бунда тўлиқсиз компенсацияга эга болалар ўз заифликларини кам ҳис қилишади, чунки улар бошқа инсонлар, тенгдошлари ёрдамида компенсация қилинишлари мумкин. Бу айниқса, тўлиқ компенсация қилинмайдиган ва боланинг тенгдошларидан яккаланишига сабаб бўладиган, унинг шахсий ўсишини ва камолотга етишини тўхтатадиган жисмоний нуқсонларда муҳимдир.
Юқори компенсация ҳолатларида бундай инсонлар ўз билим ва қобилиятларини инсонларнинг фойдасига қаратадилар, уларнинг устунликка эришиш истаги инсонларга қарши агрессияга айланмайди. Бундай юқори компенсациянинг ҳаётий кўринишлари сифатида Адлерга, ижтимоий турмуш тарзи устунлиги учун дудуқлигини енгган Демосфен, жисмоний заифлигини енгган Франклин Делано Рузвельт, ва, машҳур бўлмасада, атрофдагиларга фойда улашадиган ажойиб инсонлар мисол бўлган.
Шу билан бирга ривожланмаган жамоачилик ҳиссида болада ёш пайтидан бошлаб турли невротик комплекслар шакллана бошлайди, улар унинг шахс сифатида ривожланишидан оғишларга олиб келади. Ҳуллас, тўлиқсиз компенсация тўлақонли эмаслик комплексининг пайдо бўлишига сабаб бўлади, бу эса апперцепция ((лот. ad – га, perceptio — идрок, қабул қилиш) — идрок жараёнининг шахснинг аввалги билим ва тажрибалари, қизиқиши, эҳтиёжи ва одатлари, ёши, жинси, маълумоти, касби, умуман психик ҳаётнинг барча мазмуни билан боғланиши) схемасини ноадекват қилади, боланинг турмуш тарзини ўзгартириб, уни жирраки, ўзига ишонмайдиган, ҳасадгўй ва асабий бўлишига сабаб бўлади. Ўз камчиликларини, асосан жисмонийларини, енгишнинг имконсизлиги кўп ҳолларда ҳаёлий компенсацияга олиб келади, ва бола, кейинчалик катта одам бўлганда ҳам, атрофдагиларнинг диққат ва эътиборидан ўзи учун имтиёз олишга ҳаракат қилади. Бироқ, компенсациянинг бундай тури мукаммал эмас, чунки у шахсий ўсишни тўхтатиб, адекват бўлмаган, ҳасадчи ва эгоист шахсни шакллантиради.
Ривожланмаган жамоачилик ҳисси мавжуд болалардаги юқори компенсация - ўз-ўзини камолотга етказишга интилиш - невротик ҳукмронлик, устунлик, хўжайинлик комплексига айланади. Бундай одамлар ўз билимларидан жамият манфаатларини эмас фақат ўз фойдаларини кўзлаб, одамлар устидан ҳукмронликни қўлга киритиш, уларни эзиш, қулликка солиш учун фойдаланишади. Шунинг билан бирга, бундай одамларда уларнинг ҳаёт усулларини ўзгартирадиган апперцепция (аввалги тасаввурлар асосидаги идрок) нинг ноадекват (айнан ўхшаш бўлмаган) кўриниши шаклланади. Бундай одамлар – шафқатсиз, ёвуз, азоб берувчи ва агрессорлар бўлишиб, улар атрофдагилардан улардан ҳокимиятларини тортиб олишади, деб гумон қилишади ва шунинг учун ўз яқинларини ҳам аямайдиган шубхаланувчан, шафқатсиз ва қасоскор бўлишади. Адлер учун бундай одамларга Нерон, Наполеон, Гитлер каби нафақат мамлакат миқёсида, ўз яқинлари ва оиласи доирасида ҳам шундай хулққа эга бўлган одамлар мисол бўлган. Шунинг билан бирга, Адлернинг фикрича, талтайтирб юборилган болалар кўпроқ авторитар ва шафқатсиз бўлишади, айни пайтда эътиборсиз ўсган болаларда кўпроқ айбдорлик ва тўлақонли эмаслик ҳисси ривожланади.
Шундай қилиб, шахсга ҳаёт синовларига бардош бериш, қийинчиликларни енгиб ўтиш ва камолотга эришишга ёрдам берадиган энг асосий сифат бу, бошқа одамлар билан ҳамкорлик қила олиш қобилиятидир. Фақат ҳамкорликдагина одам ўзидаги тўлақонли эмаслик ҳиссини бартараф қилиб жамият тарақиётига бебахо ҳисса қўша олади. Адлер шундай ёзади, “агар одам бошқалар билан ҳамкорлик қила олса хеч қачон невротик бўлмайди, ҳамкорликнинг етарли эмаслиги эса невротик ҳамда ёмон мослашиш ҳаёт усулининг илдизидир”.
Альфред Адлер инсон тараққиётини ҳаракатга келтирувчи куч, бу туғма тўлақонли эмаслик ҳисси, одамнинг устунликка ва ўз-ўзини тасдиқлашга интилишидан пайдо бўладиган кечинмалар, деб ҳисоблаган. Организмнинг тўлақонли эмаслик ҳиссини бартараф қилиш қобилиятининг асосида компенсация механизми ётади. Бироқ, Альфред Адлернинг фикрича гиперкомпенсация (устунлик комплекси) имконияти мавжуд бўлиб, одам нафақат тўлақонли эмаслик ҳиссини бартараф қилибгина қолмай, ўзининг қобилиятларини намойишкорона кўпайтира ҳам бошлайди.
Альфред Адлернинг фикрича шахс — бу, бир бутун, яхлит қурилмадир. Индивидуаль психологиянинг вазифаси ҳар бир одамда бир бутунликни аниқлашдан иборатдир. Альфред Адлер устунликка интилиш — бу, туғма интилиш, тенденция бўлиб, ҳар бир одам томонидан шахсий, қайтарилмас ҳаёт усули доирасида турлича амалга оширилади, деб ҳисоблаган. Ҳаёт усули — бу, инсон ҳаёт фаолиятининг асосида ётадиган хулқ усуллари ва шахс ҳарактерининг бирлашмасидан иборатдир. Тўрт ёки беш ёшларда шаклланиб, ҳаёт усули шахсда мустаҳкам ўрнашади ва кейинчалик қатъий ўзгаришларга учрамайди. Ҳаёт усули одам психик жараёнларининг ўзига хос кучайтирувчиси ролини ўйнаб, уларни бир бутун, яхлитга бирлаштиради.
А. Адлернинг фикрича, ҳар бир одамнинг ҳаётида дунёга келиш навбати (туғилиш кетма кетлиги) муҳим рол ўйнайди. А. Адлер тўртта позицияни ажратган: 1) биринчи фарзанд, 2) ёлғиз фарзанд, 3) иккинчи фарзанд ва 4) охирги фарзанд.
Биринчи фарзанд лидер, консерватор, ҳокимиятга интилувчи бўлиб ўсади. Бундай сифатлар биринчи фарзандда иккинчи фарзанднинг туғилишига реакция натижасида шаклланади, чунки шу вақтдан бошлаб ота-онаннинг диққат эътибори биринчи фарзанддан ука ёки сингилга кўчади. Ёлғиз фарзанд одатда эгоцентрик ва тобе одам, тенгдошлари билан муносабатда доимий қийинчиликларга дуч келади. Бунинг сабаби унда оилада рақобатли кураш тажрибасининг йўқлигидир. Иккинчи фарзанд ориятли, рақобатли кураш тажрибасининг мавжудлиги уни муваффақиятга эришишга йўналишини шакллантиради. Иккинчи фарзанд катта ака ёки опа билан мусобақалашиб, унинг муваффақият ва ютуқларидан ўзиб кетишга ҳаракат қилади Рақобат унинг тараққиёт тезлигига озуқа берадиган омил ролини ўйнайди. Охирги фарзанд катта ака ва опалардан устунликка эришишнинг юқори мотивациясига эга, чунки у тез-тез кучли тобелик ва тўлақонли эмаслик ҳиссини бошдан кечиради (катта ака ва опаларнинг доимий, ўта назорати, шахсий буюмларининг йўқлиги ва х.к.).
Адлернинг болалар шахси типолпогияси, туғилиш кетма-кетлиги билин боғлиқ қоидалари кейинги экспериментал тадқиқотларда ўз исботини топмаган бўлса ҳам, унинг жамоачилик ҳисси ва индивидуал ҳаёт усулининг бола шахси шклланишидаги роли хақидаги ғоялари, хулқни коррекция қилиш ва психик тараққиётнинг асосий механизми сифатида компенсациянинг роли хақидаги фикрлари психологияга бебахо ҳисса бўлиб қўшилди.
Адлернинг психотерапияга қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлаш лозим, чунки у биринчилардан бўлиб невроз ва комплексларни енгишда ўйиннинг ролини тадқиқ қилган. Унинг фикрича, айнан ўйин болаларда уларни қуршаб турган катталар дунёсида етишмовчилик комплексларини енгишга ёрдам беради. Бунда болаларнинг ўз-ўзидан юзага келадиган ўйинлари яхши психотерапевтик восита ҳисобланади. Айнан шу вазиятларда, жиддийроқ комплексларни енгиш ва махсус муаммоларни ҳал қилиш зарур бўлганда, ўйинни ривожлантириш катталар томонидан амалга оширилиши ва йўналтирилиши керак.
Адлер назарияси Фрейднинг инсон концепциясига ўзгача антитеза бўлди. У гуманистик психология, психотерапия ва шахс психологиясига улкан таъсир кўрсатди.

* * *
Аналитик психология – психологиядаги йўналиш бўлиб, унинг асосчиси Альфред Адлерга ўхшаб психоанализ ғояларидан узоқлашган Карл Густав Юнг ҳисобланади. 1913 йилгача Карл Густав Юнг Зигмунд Фрейднинг қарашларини ёқлаган, бироқ либидо ва онгсизликнинг моҳиятини тушуниш масалалари, белгилар аҳамиятини талқин қилишдаги келишмовчиликлар охир оқибат Карл Густав Юнгни ўз психологик назариясини яратиш зарурати ҳақидаги фикрга олиб келди.





Download 0.58 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   54   55   56   57   58   59   60   61   ...   157




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling