Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фарғона давлат университети мамуржон отажонов
Экзистенциал ва гуманистик психология
Download 0.58 Mb.
|
Психол. тарихи Отажонов М.Ю. (7)
- Bu sahifa navigatsiya:
- Актуализация
Экзистенциал ва гуманистик психология
Психологияда экзистенциаль модел детерминизм ва сабабийликни изчил инкор этиш асосида шаклланди. Экзистенциаль психологияда марказий ўринни инсон турмуш тарзининг бирламчилиги ҳақидаги ғоя эгаллайди, унинг энг муҳим муаммолари эса ҳаёт ва ўлим, эркинлик ва масъулият, ёлғизлик ва мавжудлик моҳиятидир. XX асрда экзистенциал психологиянинг методологик асослари Франц Брентано ва Эдмунд Гуссерлларнинг илмий тадқиқотларида яратилди ва Людвиг Бинсвангер, Виктор Франкл, Ролло Риз Мэй ва бошқаларнинг ишларида янада ривожлантирилди. Экзистенциал психология инсон хулқи ва унга таъсирни тушунишнинг изчил ҳамда яхлит ёндашуви сифатида пайдо бўлди. Одатда экзистенциал психологияни гуманистик анъаналарга тааллуқли, деб ҳисоблашса ҳам, бу йўналиш ўз мустақиллигини эълон қилиши учун яққол кўриниб турадиган фарқ қилувчи қирраларига эга. Гуманистик ёндашув ўсиб борувчи қийматига кўра ижобий бўлиб туюладиган мавжудлик сифатларини ажратиб олади ва улардан онг ва ривожланишни мунтазам чуқурлаштириш воситасида мукаммалликка эришишни тушуниш учун фойдаланади. Экзистенциал психология ҳам ўзида актуаллашиш ва эришиш моделларини таснифлашни тушунса бўладиган ноёб элементларни мужассамлаштирган. Актуализация назарияларининг (Актуализация (лот. actualis - фаол) – индивид (одам, хайвон)даги мавжуд билим, кўникма, малака, эмоционал холат ва хулқнинг турли шакллари, шунингдек, алохида психик жараёнлар (тасаввур, фикр, ҳиссиёт вах.з.)ларни қайта тиклаш, уларни латент, потенциал холатдан хозирги, хақиқий ҳаракатларга ўтказиш. Илгари шаклланган муваққат алоқалар тизими (ассоциациялар) ва уларнинг изларини айни пайтдаги предметли ва нутқий қўзғовчилар таъсири воситасида марказий нерв системасида уйғотиш) мазмуни шундан иборатки, агар одам ўзи учун ахамиятли бўлган бошқалар билан ўзаро ҳамкорликда мунтазам шартсиз ижобий тақдирланишлар олиб турса, ундаги туғма имкониятлар ўз-ўзини намоён қилишга туғма мойиллик таъсири остида хулқида намоён бўлади. Туғма имкониятлар актуализацияси бутун ҳаёт давомида ривожланишга, индивидуаллик ва комилликка эришишнинг шаклланишига етаклайди, атрофдагилар томонидан қўллаб-қувватлаш ва маъқуллаш мавжуд бўлганда ўз-ўзидан, телеологик-якуний, тўлиқ ва нисбатан енгил жараёнга айланади. Экзистенциал психология назариясига кўра, одамнинг тараққиёти у ўзи ҳисоблашадиган одамларнинг мададини беғараз эмас, улар шахсий (эгоистик) манфаатларини кўзлашаяпти, деб тан олганида тўхтайди ёки нотўғри йўлга бурилиб кетади. Комилликка эришиш назариялари (экзистенциал психология ҳам шундай назарияларнинг парадигматик (парадигма – “одамни ўлчаш”, одамнинг маънавий ҳаёти) намунаси ҳисобланади) уларни актуализация назариясидан узоқлаштирадиган хатога йўл қўйишади. Комилликка эришиш назариясига кўра одам атрофдагиларнинг қўллаб-қувватлашидан ёки қўллаб-қувватламаслигидан қатъий назар бутун умри давомида ривожланади. Экзистенциал психология учун тараққиёт табиат томонидан инъом қилинган имконият эмас, ҳар бир одамнинг шахсий қарори, деб бахоланади. Экзистенциалистлар теран ақл, шаклланган индивидуаллилик ҳам муҳим, деб ҳисоблашсада, уларнинг бу иккала сифатга эришиш жараёнлари хақидаги тасаввурлари бу жараёнларни актуализация назарияси тарафдорларининг тушунишидан фарқ қилади. Экзистенциал психология одамнинг ўз ижтимоий, биологик ва жисмоний тажрибасини рамзий фикрлаш, мулохаза қилиш ва бахолашга мойиллиги туғма, соф инсоний қобилият, деб ҳисоблайди. Бу когнитив қобилиятдан фойдаланиш тажрибага индивидуаллашган (субъектив) мазмун беради ва ҳаёт характери ҳамда йўналиши индивид тоомнидан қабул қилинадиган кўплаб қарорлардан ташкил топади, деб англашни чуқурлаштиради. Ҳар бир қарор келажакда ёки янги тажрибага олиб келади, ёки ўтмишда одамда бўлган тажрибани такрорлайди. Экзистенциал психология туғма имкониятлардан ташқари бошқа хеч нарсага шунчалик телеологик (тугал) ўзига хос ва қатъий белгиловчи омил сифатида урғу бермайди. Экзистенциалистлар учун конкрет ҳар бир одамда мавжуд тараққиёт ва ҳаракат қанчалик изчил бўлмасин, бу жараён кундалик асосда, алохида қарорлар билан тўлдирилиб қурилади. Экзистенциал психология нуқтаи назаридан ривожланиш жараёнида ўтмишни эмас, келажакни танлаган маъқулроқ, чунки янги тажрибани ўзлаштириш рамзлаштириш, тасаввур ва бахоларнинг қўзғовчилик таъсирида шундоқ ҳам таниш бўлган нарсани шунчаки қайтаргандан кўра мазмунни янада чуқурроқ англашга олиб келиши мумкин. Бироқ, қарор қабул қилиш нуқтасида келажакни ўйлаш ёки уни реал танлаш бу келажак айнан нимани олиб келади, деган масалада онтологик хавотир (мавхумлик қўқуви)га сабаб бўлади. Бунга муқобил танлов, яъни ўтмиш фойдасига танлов ҳам эмоционал оғриқли ҳисобланади, чунки бу танлов ўзи билан янги тажрибани эгаллаш имконияти бой берилганлиги билан боғлиқ онтологик айбдорлик ҳиссини келтириб чиқаради. Ўтмиш фойдасига танлов қилиб ўрганган одамларга содир бўлаётганларнинг бемаънилиги туфайли пайдо бўлиб, умидсизликка айланадиган онтологик айбдорлик ҳиссининг тўпланиб бориши билан курашишга тўғри келади. Юқорида айтилганлар шуни тасдиқлайдики, экзистенциал психологларнинг ривожланишга қарашлари актуализация назарияси тарафдорларининг қарашларидан фарқ қилади: экзистенциал психологларнинг фикрича, тараққиёт — табиатига кўра — анчагина машаққатли ва оғриқли жараён ҳисобланади. Экзистенциал психология тараққиётнинг илк ва кейинги (бирмунча кечроқ) даврлари ўртасига аниқ чегара қўяди. Бола тараққиёти илк даврининг асосий вазифаси — ўз-ўзини чидамли ва журъатли одам сифатида идрок қилишни ўрганишдан иборат. Болада бундай ўрганишни енгиллатиш учун, ота-оналар ва – идеал вариантда – бола учун ахамиятли бошқа одамлар боланинг ўз-ўзини намоён қилишини қабул қилишлари ва болага турли-туманлик, қўллаб-қувватлаш ҳамда муваффақиятга эришиш учун куч сарфлаш имкониятини яратиб беришлари, шунингдек, айрим чекловларни ўрнатишлари лозим. Шундай вазиятда бола ўзини шахс сифатида идрок қилишни, ваъдасига амал қилишни, ўзини назорат қилишни, дадилликни ривожланишига олиб келадиган қийинчиликни қабул қилишга тайёрликни ўрганади. Кейинги тараққиёт — янада мустақил бўлади, чунки ўсмирлар ота-оналаридан узоқлашиб кўпроқ ўзларининг шахсий қарорларига ишонишни ва унинг оқбатларини талқин қилишни ўрганадилар. Улар ота-она қарамоғидан озод бўлиб ўз шахсий ҳаётларини белгилаб берадиган қадриятларни ҳимоя қиладиган эстетизм ва идеализм босқичларидан ўтадилар. Қийинчиликлардан қўрқмай ўз муваффақиятсизликларидан сабоқ чиқаришга қобил бўладилар, бу эса кейинги тараққиёт идеалининг асосини ташкил қилади. Эстетизм ва идеализм чегараларини англаб бундай одамлар етуклик даврига, ёки аутентик ҳаёт усулига қадам қўядилар. Экзистенциал психологияга мувофиқ аутентик (хақиқий) ҳаёт билан яшайдиган индивидуумлар ўзларининг шахсий, қайтарилмас сифатларини ўз таъбирларида шундай намоён қиладилар: 1. Ўзларини – қарор қабул қилиш ва унинг оқибатларини талқин қилиш орқали – шахсий ижтимоий ва биологик тажрибаларига таъсир кўрсата олишга қобил одам сифатида; 2. Жамиятни айрим одамларнинг ҳатти-ҳаракатлари билан яратиладиган ва демак, шу одамларнинг ҳаракатлари билан ўзгартириш мумкин бўлган институт сифатида. (Аутентик одам – бу шундай одамки, ниқоб ортига беркинмайди. Бундай одам айни вақт билан яшайди, шунинг билан бирга ўтмиш тажрибасига таянади ва ўз келажагини лойихалай олади. Лекин, шунинг билан бирга янги шароитлар, оқимлар, вазиятлар билан бирга ўзгаришга қобил). Аутентик ҳаёт усули уйғунлик ва янгиликка интилиш билан характерланади. Аутентик ҳаёт кечирадиган одамларнинг биологик ва ижтимоий тажрибаси нафислик, дидлилик, интимлилик ва муҳаббат билан йўғрилган. Жасурлик бундай одамларга шубхани ўз шахсий фикрларини шакллантиришда муқаррар “йўлдош” сифатида идрок қилишга ёрдам беради ва улар шубхаларга у ёки бу қарорни қабул қилишларига таъсир кўрсатишига йўл қўйишмайди. Аутентик одамлар ўзлари хақида адашишлари мумкин бўлса ҳам – ўзларига нисбатан синчков диққат ва умумий рефлексивлик (Рефлексия (лот. reflexio – орқага назар) – ўз-ўзини англаш, ўз эмоциялари, ҳиссиётлари, холатлари, қобилиятлари ва хулқларини тахлил қилишга йўналтирилган фикрлаш жараёни.) туфайли – вазиятни тез ўнглашга мойиллик хусусиятига эгалар. Шунинг учун ҳам уларда бой берилган имконият учун, ёки ўзининг юзаки кўриниши хақида онтологик айбдорлик ҳисси йиғилмайди. Аксинча, илк тараққиёти идеалдан узоқ шароитда кечган ёшлар том маънода дадил бўла олмайдилар, умрларининг охиригача тобе ва аморф (аморф – инерт, мўрт, буюрилганидан ортиқ хеч нарса қилмайди, бугунги ишни эртага қолдиради) бўлиб қоладилар. Қарор қабул қила туриб ўзларига ишонмайдилар, шахсий ҳаётий тажрибалари асосида аутентиклиликни шакллантириш учун ўзларининг когнитив қобилиятларидан фойдаланмайдилар. Айтилганлар биринчи навбатда уларнинг хатолардан хулоса чиқара олишни уддалай олмасликларига тааллуқли; бундай одамлар нимани нотўғри қилганликларини тушуниш ўрнига хатоларидан тезроқ қутулишга шошиладилар. Тараққиётнинг хақиқий кечроқ даврига ўтиш ўрнига, улар конформистик-келишувчанлик, етук бўлмаган ҳаёт усулини намоён қилиб атрофдаги одамларнинг хулқидан нусха кўчирадилар. Конформистик-келишувчан ҳаёт усулига эга одамлар ўзларини ижтимоий ролнинг ижрочиси, деб биладилар. Рамзлаш, тасаввур ва бахолаш уларда сустлашган, оқибатда улар стереотип-қотиб қолган, фрагментар-парчаланган холда мавжуд бўладилар. Уларнинг биологик ва ижтимоий тажрибалари дидлиликдан йироқ ва кўпроқ ҳиссиётга асослангандан кўра кўпроқ, шартномавий муносабатларга ўхшайди. Конформистлар ўтмишни улуғлашлари туфайли уларда онтологик айбдорлик ҳисси йиғилиб бораверади, натижада уларда журъатсизлик ва шахсий қадрсизлик ҳисси пайдо бўлади. Уларнинг дунёқарашида материализм ва прагматизм (Прагматизм - инсонга нима кўпроқ фойда берса, ўшанга кўпроқ аҳамият бериш зарур ғояси) устунлик қилади. Download 0.58 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling