Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Наманган муҳандислик-технология институти Ғаниев Муҳаматжон Халилович
Камбағалликни қисқартиришнинг хориж тажрибаси
Download 0.8 Mb.
|
nodir
1.4. Камбағалликни қисқартиришнинг хориж тажрибаси
Халқаро миқёсда ривожланган мамлакатларнинг камбағалликни қисқартириш тажрибаси асосан уларни ижтимоий ҳимоя қилиш кўринишида намоён бўлмоқда. Бу жараённи амалга оширишда давлатнинг тегишли тегишли органларига қараганда нодавлат тузилмаларни ўрни ортиб бораётганлиги яққол кўзга ташланади. Бу борада АҚШ моделининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, унда давлат органларининг иштироки минимал даражага туширилган бўлиб, нодавлат секторининг фаолияти биринчи ўринга кўтарилган. Давлат нодавлат секторини ижтимоий хизматлар соҳасидаги фаолиятини фақат молиялаштиришда ёрдам беради. Шунингдек, бу борада тадбиркорлик субъектларининг нодавлат секторига йўналтирган маблағлари ҳам муҳим ўрин тутади. Америка иқтисодий тараққиёт йўлида ижтимоий сиёсатни янги даври 1935 йилда «Ижтимоий суғурта тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши билан бошланади. Мазкур қонун АҚШ президенти Ф. Рузвельтнинг 1929-1932 йиллардаги «Буюк депрессия» га қарши «янги сиёсати» эди. Бу эса давлатнинг ижтимоий соҳасини тўлиқ ўз қўлига олиш сиёсати билан тавсифланади. Давлатнинг мазкур масалага оид концепциясига кўра, давлат бозор иқтисодиёти шароитида жамиятдаги ижтимоий тенгсизликка барҳам бера олмайди. Давлатнинг олдида турган вазифалардан бири аҳолини минимал даражадаги ижтимоий кўмак билан таъминлашга эришиш эди. Аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш профессионал касб сифатида ўн тўққизинчи аср охирларида вужудга келди. Бунда Мэри Элен Ричмонд ғояларини таъсири ривожланган давлатларда катта бўлдики81, натижада камбағаллар сонини қисқартириш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилишда муайян тажрибалар тўплана бошланади. Камбағалликни қисқартиришда Америка Қўшма Штатларида ўзига хос тажриба тўпланган. Иқтисодий имкониятлар юқори бўлсада, бироқ ҳанузгача сақланиб қолаётган камбағаллик муаммоси Америкада энг долзарб масалалардан ҳисобланади. АҚШ федерал хукумати маълумотларига мамлакатда 26 миллион нафар камбағал мавжуд бўлиб, бу аҳолининг 12 фоиздан ортиғини ташкил этади. Дунёдаги энг катта ижтимоий айниқса камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурлар мамлакатда 500 млрд. доллардан ортиқ маблағ билан амалга оширилмоқда. Айни вақтда мамлакатда 51 та штат бўлса камбағалларнинг умумий сони Калифорния ва Флорида штатларидаги аҳоли сонидан ҳам ортиб кетди. 2008 йилда иқтисодий инқироз бошланганидан кейин 39,8 миллион америкалик камбағал эди бу аҳолининг 13,2 фоизини ташкил этади82. Камбағалликка қарши курашиш узоқ вақт ва харажатларининг кўлами катта бўлганлиги сабабли мамлакатда катта тажриба ҳам тўпланган. Аввало, камбағалларни фаол, ўртаҳол даромадга эга фуқароларга айлантириш механизми ва воситалари яратилган. Камбағалларга ёрдам бериш бўйича 1935 йилдан бери миллий дастурлар амалиётга тадбиқ этилмоқда. Айниқса, «Обод турмуш» деб номланган либерал модель шулар жумласига кириб, ижтимоий суғурта активлари ва уни бериш учун қатьий шартларга эга83 бўлиб, кўпроқ «Камбағаллар ўзларининг бахтсизликларига айбдорлар» деган қарашлар мавжуд. Бу америкаликларда европаликларга қараганда ишлашга унчалик қизиқиши йўқ ёки касбий тайёргарлиги паст дегани эмас. Аксинча Европа давлатларига нисбатан иқтисодий имкониятлар ва бутун аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг етишмаслиги билан изоҳланади84. Америка Қўшма Штатларида 1996 йилда (PRWORA қонуни) шахсий маъсулият ва ишлаш имкониятини яратиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун мамлакат тарихидаги кенг қамровли, хукуматнинг йирик камбағалликка қарши ижтимоий ислоҳотларидан саналади. Унда нақд пул ёрдамининг ўрнига PRWORA олувчиларни жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлишга имкон беради. Кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш тизими яратилди. Масалан, бола парваришлаш, соғлиқни сақлаш хизматлари, траспорт таъминоти, касбга тайёрлаш учун имтиёзли кредитлар тақдим этилади. Шунингдек, кам таъминланган ночор оилалар фарзандлари учун болалар боғчалари, кундузги мактаб дастурлари ва бошқа хизматлар учун мақсадли маблағлар беради85. Шундай бўлсада, Скандинавия давлатлари каби Америка бепул тиббий ёрдам, камбағалликни қисқартириш, таълим дастурлари, оилаларни мустаҳкамлаш каби кенг қамровли ислоҳотлар тўғрисида ўйлаши керак86. Камбағалликни камайтиришда АҚШ моделига хос жиҳатлар қуйидагилардан иборат: Мамлакатда иш ўринларини яратиш орқали оилаларни камбағаллик даражасидан олиб чиқиш. Янги иш жойлари яратилишини рағбатлантириш. Сифатли ижтимоий хизматларни ривожлантириш ва ижтимоий товарлар имкониятларини кенгайтириш. Арзон уй-жойлар ҳажмини кўпайтириш. Уйсизлар кўплигини инобатга олиб якка тартибда уй-жой қурувчилар уй қуриш ва таъмирлашга имтиёзлар берилиш. Кам таъминланган оилалар, ота-оналарга ёрдам беришда уларнинг фарзандларига арзон хизматлар кўрсатиш, махсус субсидиялар бериш87 йўлга қўйилган. Мамлакатда камбағалларга озиқ-овқат учун ойига 200 доллардан маблағ берилади. Бундан ташқари камбағаллар, кундалик эҳтиёжлар учун нафақа олишлари мумкин. АҚШ да ишсизлик нафақаси 710 долларни ташкил этади. Хайрия ташкилотларининг ўрни юқори даражада. Мамлакатда 50 фоиз камбағаллар федерал ёки маҳаллий тиббий суғуртага эга88. Аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришда Германияда катта тажриба тўпланган. 2019 йил маълумотларига кўра мамлакат аҳолиси 83,1 млн. нафар бўлиб, аҳоли сони бўйича дунёда 18 – ўринни эгаллайди. Ҳудудининг майдони 357,408,74 км² ташкил қилади89. Аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлиги юқори бўлган мамлакат ҳисобланади. Мамлакатдаги мавжуд бўлган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ижтимоий ҳимоя модели «Корпоратив», «Континентал» ёки «Бисмарк» деб ҳам аталади ҳамда Европа мамлакатлари орасида энг самарали модел сифатида эътироф этилади. Бунинг сабаби нисбатан мукаммал бўлган ижтимоий таъминот тизимини Европада биринчи жорий этган мамлакат - Германия бўлди. Мамлакатда 1890 йилларда Бисмарк даврида камбағалларни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя тизимининг асосини ташкил қилувчи «Саноат ишларида касалликларни суғурталаш тўғрисида»ги, «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан суғурта қилиш тўғрисида»ги ва 1891 йилда «Ногиронлик ва қариликни суғурталаш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинган. Германияда аҳоли камбағаллигини олдини олиш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг замонавий йўналишлари 1960 йилларда ҳокимиятга янги партиялар келиши билан бошланди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, ижтимоий бозор иқтисодиёти концепцияси ишлаб чиқилди. Унинг асосчилари Л. Эрхард ва А. Мюллер – Армак ҳисобланади. Бу концепциянинг муҳим жиҳати шундаки, унда давлатнинг асосий эътибори камбағаллар, ногиронлар, етимлар, кўп болали оилалар ва пенционерларни ижтимоий ҳимоя қилиш, инсоннинг хавфсиз меҳнат фаолиятини таъминлаш, меҳнатни рағбатлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилганлигидир. Ушбу тадбирларни амалга ошириш эса “Немис иқтисодий мўьжизаси” эди90. Бугунги кунда Германияда камбағаллик муаммоси ва уни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши саналади. Мамлакатда камбағаллар тоифасига солиқлар ва турли ажратмалар ушлаб қолингандан сўнг, ойига ўртача иш ҳақининг 60 фоиздан кам миқдорда оладиган ёки ҳаёт фаолияти ижтимоий нафақаларга боғлиқ бўлган фуқаролар киради. Мамлакат Федерал статистика идорасининг маълумотларига кўра, 2021 йилда ўртача иш ҳақи 3703 еврони ташкил қилади. Шуниси эътиборга моликки, немислар иш ҳақига нисбатан гендер тақсимотни қўллайдилар. Эркаклар 3898 евро, аёллар эса 3258 евро бўлиб, маблағлар бир-биридан фарқ қилади. Чунки ҳисоблашда ҳудудий омил, фаолият соҳаси ва таълим ҳисобга олинади91. Мамлакатда камбағаллик чегараси бир киши учун ойига 1064 евро ва икки нафар фарзандли оилаларга 2234 еврони ташкил қилади. Бугунги кунда Германияда камбағаллар жами аҳолининг19,7 фоизини ёки 16 млн киши бўлиб, пандемия шароитида бу кўрсаткич ортиб бормоқда92. 2013 йилда бу кўрсаткич 12 млн. нафарни ташкил этган эди. Германия Федератив Республикаси 16 та мустақил Федератив ерлар (вилоятлар)дан иборат бўлиб, бу ҳудудларда камбағаллик кўрсаткичлари бир-биридан фарқ қилади. Аҳоли таркибида камбағалларнинг кўп қисми Бременда — 24,6 фоизни, Мекленбург — Ғарбий Померанияда 23,6 фоизни ва Берлинда 21,4 фоизни ташкил этади. Айниқса, мамлакатнинг шарқий қисмида ҳолат қониқарсиз ҳолатда бўлиб, камбағал тоифа сони ортмоқда. Мамлакатда аҳоли ижтимоий ҳимоя қилишда катта тажриба тўпланган. Аҳолининг камбағал қисмини ижтимоий ҳимоя қилишда, уларни камайтиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг аҳамияти кун сайин ортиб бормоқда. Камбағалларни ижтимоий ҳимоя қилишда, улар сонини қисқартиришда «Hartz-4 ёки АLG II» тизими алоҳида ўрин тутади. Аввало бу тизим орқали немис камбағалларига ёрдам сифатида: камбағал оила ва ишсизларни қўллаб-қувватлаш ҳуқуқи, нафақа бериш, уй-жой учун тўловларни ўз ичига олади. Мамлакатда 4 млн. дан ортиқ киши «Hartz-4» ни қабул қилади. Айниқса, ишсизлар бу тизимдан унумли фойдаланадилар. Бу тизим 2000 йилларда шаклланган бўлиб, мамлакатдаги Volkswagen компанияси менежери Питер Хартз ижтимоий қонунларни ислоҳ этишга қаратилган концепцияни ишлаб чиқишда раҳбарлик қилди Унда таклиф этилган таклифларнинг тўртинчи қисми узоқ вақт ишсиз ҳолатда ночор бўлиб камбағаллик гирдобига тушганларга ёрдамни тўлашга қаратилган. Бу эса ҳолат халқ орасида «Hartz-4» номини олган. Германияда камбағалликни қисқартиришга қаратилган сиёсатнинг муҳим йўналиши сифатида ишлаш имкониятининг кафолатланганлиги, яъни иқтисодий ўсишни таъминлаш орқали ҳар йили минглаб янги иш ўринларини яратиш, камбағалликни олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этиш, ногиронларни бирлаштириш, уларни ижтимоий ва касбий яккаланишини олдини олиш, арзон тиббий ёрдамни ривожлантириш, оилани қўллаб-қувватлаш, қарияларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг пенсиялари миқдорини ошириб бориш асосий ўрин эгаллайди. Мамлакатда «Ўзаро ёрдам тамойили»га кўра ижтимоий ёрдамни унга муҳтож бўлган ҳар бир киши, агар унинг молиявий аҳволини мустақил равишда яхшилаш имконияти бўлмаса олиши мумкин бўлади93. Германияда турли ижтимоий хизматлар камбағалларни қисқартиришда муҳим ўрин тутади. ижтимоий хизматлар ва ижтимоий педагогика бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Улар орасидаги чегарани аниқлаш жуда мушкулдир чунки, уларнинг вужудга келиш тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади ва бунда нодавлат тошкилотларининг роли катта бўлган. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Германияда XVIII асрда илк кўнгиллилар фаолияти бошланган. 1788 йилда Гамбург шаҳрида кўнгиллилар томонидан «фуқаровий ҳамширалар» фаолият юрита бошлади. Ўз навбатида, бу ҳол Германияда ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимига асос солади. Уларнинг самарали фаолияти кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳал қилинишига олиб келди94. Бу хизматнинг муҳимлиги шундаки, ёлғиз яшайдиган ногирон ва қариялар эътиборсиз қолмайдилар ҳамда уларни оғир ҳолатга тушиб қолишлари олди олинади. Уларга беминнат хизмат кўрсатилади. Қолаверса, мамлакатда бойлар учун алоҳида, камбағаллар учун алоҳида дўконлар бўлиб, баъзи маҳсулотлар ҳар икки дўконда бир хил сифатли бўлса-да, камбағаллар дўконида нархи арзонроқ белгиланган. Шуниси қизиқки, ўзини бой деб ҳисобланган киши ҳеч қачон камбағаллар дўконидан нарса олмас экан. Бу уларда уят ҳисобланар экан. Бундай миллий номус ва миллий нафс тўқлиги умуминсоний қадриятлар бизнинг бой мулкдорларимиз учун ҳозирда ва келажакда ҳам ҳаёт тарзи, ибрат намунаси бўлиб қолиши лозим. Зотан умуминсоний ва миллий қадриятлар омухталашган, бир-биридан андоза ва қувват олган жойда тараққиёт бўлади95. Финляндия узоқ вақт давомида камбағал ва ажралиб қолган мамлакат эди. Аҳолининг турмуш даражасини илк ўрганиб чиқиш, яъни 1830 йилларда Фин иқтисодиёт жамияти томонидан тайёрланган ҳисобот, мамлакатнинг қитъа қисмидаги барча қишлоқ аҳолисининг дарахт пўстлоғи билан аралаштирилган нонни истеъмол қилаётганини кўрсатди. Камбағалларга ғамхўрлик қилиш илк даврларда черковнинг зиммасида эди. Черков қавмлари қашшоқларга кўмаклашишни таъминлаш учун, шу жумладан черков деворлари ёки миноралари ўрнатилган, одатда уруш ногиронларини тимсол қилувчи 243 та ёғоч ҳайкалчалар ёрдамида пул йиғишар эди. Камбағалларга ғамхўрлик қилиш муниципалитетлар зиммасига 1879 йилда ўтди. Пул йиғиш учун ясалган ёғоч ҳайкалчалар, вақт ўтган сайин йўқ бўлиб кетди ёки яроқсиз ҳолга келишди ва улардан фойдаланиш тўхтатилди. Кейинчалик фақатгина битта ҳайкалчанинг топилгани, ўша вақтдаги жамиятда бўлган муносабатларга яхши таъриф беради. Муниципалитетлар ўз камбағаллик билан курашиш сиёсатларида ўртача камбағалликка, яъни кам таъминланган одамлар ва даромадга эга бўлмаган кишилар, ўз ҳаёт тарзларини маҳаллий аҳолининг қолган тоифалари билан бир қаторда қандай олиб боришларига ҳам эътибор беришарди. Муниципалитетлар XIX аср мобайнида ва XX асрнинг бошларида, камбағал оилалар учун сигирларни олиб бериш ёки ижарага бериш орқали ёрдам беришар эди. Камбағал оилалар жамоатга тегишли сигирлар ёрдамида, кишлоқ ҳудудидаги одатий ҳаёт тарзини давом этиш, фермерлик бўйича кўникма ва билимларни олиш, ҳаттоки сариёғ ва пишлоқ сотиш орқали озгина бўлса ҳам даромад олиш имкониятига эга бўлардилар. Кейинчалик, қашшоқлик билан курашиш сиёсатининг воситалари бўлиб, кичик фермерчилик ва ёлланма ишчилар бозорининг ривожланиши хизмат қилди. 1970 йилларда ва айниқса 1980 йилларда, Финляндия аҳолисининг камбағал қатламлари учун умумий фаровонлик давлати моделини қуриш, бу тозаликка риоя қилиш ва сил касаллиги билан курашиш учун антибиотиклардан фойдаланиш сингари бир хил маънога эга эди. Яшаш даражаси бутун жамиятда кўтарилди, лекин кам таъминланганлар яхши таъминланганлардан кўра кўпроқ нарсага эга бўлдилар: даромадлар ўртасидаги фарқ анча камайди. Даромадларнинг умумий тақсимланиши ва хизматларнинг ҳаммага тегишлилиги, 1990 йилларнинг бошига келиб камбағаллик муаммосини бутунлай бартараф этди. Камбағаллик фақатгина аҳолининг маргинал қатламларининг муаммоси бўлиб қолди. Камбағаллик билан курашишда ишсизлик, касаллик ва кексалик каби турли хилдаги ижтимоий хавф-хатарлардан ижтимоий суғурта қилишни кенг кўламда ривожлантиришнинг бошланиши, камбағалликни бартараф этишдаги ижтимоий инновация бўлиб хизмат қилди. Иккинчи ечим сифатида, Американинг инглиз тилида сўзлашувчи мамлакатларида йўлга қўйилгани сингари, қайта тақсимланган даромадларнинг бир қисмини фақатгина аҳолининг камбағал қатламларига йўналтириш бўлар эди. Финляндиянинг камбағалликка қарши курашидаги иккинчи муҳим омил, бу гендер тенглигига кўмаклашувчи оилавий сиёсат ва меҳнат сиёсатидир. Ота-оналар учун имтиёзлар ва айниқса, давлат мактабгача таълим муассасаларининг ривожланиши, меҳнат фаолиятига аёлларнинг қатнашишига кўмаклашишни таъминлади. Оналарда ҳам тўлиқ иш куни давомида меҳнат қилиш имкониятининг пайдо бўлиши, Финляндиянинг ўзига хос хусусияти бўлиб қолди. Кам таъминланган ва болалари бор оилалар ҳам, оилада битта боқувчи ўрнига иккитаси пайдо бўлганда камбағалликдан қутулишга муваффақ бўлдилар. Камбағалликни қисқартиришда Финляндия аввалгидек умумий ижтимоий ҳимоя тамойилига таянади. Фин умумий фаровонлик давлати қашшоқликнинг ўсишига қарши тура олди. Қийин ҳаётий аҳволларда ёрдам беришдаги фин ижтимоий кўмаклашиш тизими, бошқа мамлакатлар билан таққослаганда яхши ўринда турмоқда. 1990 йиллардаги иқтисодий тушкунликдан кейин, бепул озиқ-овқат тўпламлари олиш учун навбатлар одатий ҳаётнинг бир қисми бўлиб қолди. Халқаро иқтисодий инқироз туфайли ушбу навбатлар яна кўпайди. Ушбу навбатлар ижтимоий ҳимоя тизимидаги бўшлиқлар, лекин айни вақтда учинчи секторнинг қашшоқлик муаммоси билан курашишдаги фаоллиги тўғрисида баён қилади. Финляндияда камбағалликни қисқартириш учун, иқтисодий тушкунлик йилларидаги қийинчиликларга ҳам дош бера олган кучли қонунчилик асоси ташкил қилинган. 1990 йилларда, инсоннинг асосий эркинликларининг конституциявий ислоҳотларидан кейин, Финляндия Конституциясининг 19 параграфида бундай дейилган эди: «Инсонга муносиб ҳаёт кечириш учун етарли маблағ топишга муваффақ бўлолмаганларнинг барчаси, мажбурий ижтимоий таъминот ва ғамхўрлик олиш ҳуқуқига эга». Финляндияда ҳатто ўртача камбағаллик даражаси ЕИ мамлакатларидаги ўртача кўрсаткичлардан пастроқдир. Шунга қарамай, мамлакатнинг барча фуқаролари учун тенг имкониятлар яратиш Фин умумий фаровонлик давлатининг вазифаси бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича дунёда етакчи бўлган, бир миллиард 400 миллиондан зиёд аҳолини моддий жиҳатдан таъминлаб, жаҳон бозорини турли-туман маҳсулотлар билан тўлдириб ташлаган Хитой давлатини камбағаллик камайтириш бўйича ўз тажрибасига эга. Хитой социализми ҳеч қачон соф коммунистик ақидалардан иборат бўлмагани сингари, бозор иқтисодиётининг Хитой шакли ҳам унинг ғарбона моделларидан фарқ қилади. Хитойда камбағалликни қисқартириш бўйича ишлар 40 йил давомида олиб борилди. Бунинг учун биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги ислоҳ қилинди. Мамлакатда олиб борилган ислоҳотлар натижасида 1992 йилга келиб барча корхоналар хўжалик ҳисобига ўтказилди. Натижада атиги 5 йил ичида хусусий саноат корхоналари сони 100 мингдан 5,8 миллионга етди. Хорижий капитал иштирокида қўшма корхоналар ташкил қилиш мумкин бўлди. Хитой қишлоқларида 2004 йил 22 миллиондан ошиқ корхоналар юзага келди, 138 млн одам бу корхоналарда иш билан банд бўлди. Мамлакатда камбағал аҳоли сони кескин қисқарди. Буларнинг ҳаммасига қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, озод деҳқонлар синфини яратиш сабаб бўлди96. Хитойда қирқ йилдан ортиқ ислоҳот ва очиқлик даврида 800 миллиондан ортиқ қишлоқ аҳолиси камбағалликдан халос бўлди ва камбағаллик даражаси 1978 йилдаги 97,5 фоиздан 2019 йил охирида 0,6 фоизга тушди. Мамлакатда 128 минг қишлоқ камбағал ҳудудлардан чиқарилди, ўтган саккиз йил ичида камбағалликка қарши курашдаги муваффақияти асосан камбағалларни ижтимоий қўллаб-қувватланди ва улар иш билан таъминланди. Бу мақсадлар учун қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар, инфратузилма қурилиши, хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, таълим ва тиббий хизматлар яхшилаш тадбирлари амалга оширилди97. Хитойда камбағалликка қарши курашиш чора-тадбирлари қуйидаги жиҳатлари билан ажралиб туради: Кўрсатилаётган ижтимоий ҳимоя чора-тадбирларининг аниқ манзилга йўналтирилганлиги; Камбағалликка қарши курашишда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиқиб ёндашиш; Хитойда амалга оширилувчи ижтимоий сиёсат аҳоли турли қатламларининг манфаатларини қамраб олишга қаратилган. Хусусан кекса ёшдаги аҳоли учун тегишли ижтимоий хизматларнинг сифатини ошириш мақсад қилиб олинган бўлса, меҳнатга лаёқатли ва, айниқса, ёшларнинг меҳнат салоҳиятларини рўёбга чиқариш Хитойда камбағалликка қарши курашиш сиёсатининг асосини ташкил этади. Бунда асосий эътибор ёшларни касб-ҳунарга ўргатишга қаратилади, яъни “инсонларга балиқ эмас, қармоқ бериб, уларни балиқ тутишга ўргатиш” мазмунидаги Конфуций таълимотига қатьий амал қилинади; Қишлоқ ҳудудларида камбағалликни қисқартириш мақсадида қишлоқ ҳудудларига саноат ишлаб чиқаришини олиб кириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ўртасида кооперация алоқаларини кучайтириш; Ҳудудларни ажтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш мақсадида махсус иқтисодий зоналарни ташкил этиш амалиётидан кенг фойдаланиш; Ижтимоий дастурларга йўналтирилган ҳар қандай маблағнинг сарфланиши устидан қатьий назорат ўрнатиш98. Бугунги кунда жаҳон социологлари томонидан иқтисодий ривожланиш жараёни, ресурсларнинг ҳолати ва тақсимланиши, технологик тараққиёт даражаси ва ижтимоий тартиб билан боғлиқ ҳолда Хитойдаги камбағалликни учта турини алоҳида кўрсатиб ўтадилар. 1. Саноатгача бўлган даврда кенг тарқалган камбағаллик; 2. Саноатлаштириш даврининг қисман камбағаллиги; 3. Одамнинг алоҳида табиий фазилатлари ёки тақдирнинг тақдири билан боғлиқ бўлган камбағаллик (уларни «тизимли номутаносибликдаги камбағаллик тури» деб ҳам аталади)99. Хитойда 2015 йилдан бошлаб давлат раҳбари Си Цзиньпин томонидан камбағалликни камайтириш бўйича янги стратегия ишлаб чиқилди. Стратегия 6 та асосий йўналишга эга: Партия етакчилиги, ташкилот кафолатини кучайтириш; Камбағалликка қарши курашнинг мақсадли стратегияси; Инвестицияларни жалб этиш, маблағлар ҳисобидан камбағалликка қарши курашишни кучайтириш; Жамиятни сафарбар қилиш, барча партиялар кучларини жамлаш; Талабларни қатьийлигига асосланиб, ҳозирги ишни тарғиб қилиш; Ички потенциал кучларни рағбатлантириш100. Ушбу йўналишлар олтита қоида доирасида амал қилинади. 1) ёрдам объекти манзилли бўлиши керак; 2) дастурларни манзилли амалга ошириш; 3) пулни манзилли ишлатиш; 4) чора-тадбирларни манзилли амалга ошириш; 5) одамларни қишлоқларга манзилли ва мақсадли юбориш; 6) камбағалликни бартараф этишда мақсадли самарадорликка эришиш101. Бу қоидалар фақатгина камбағаллик қарши курашишни манзилли ва аниқ мақсадли бўлишини таъминламоқда. Аҳолига бозор иқтисодиёти шароитида ишлаш ва молиявий саводхонлик асослари ўргатилади. Бундан ташқари, жойларда маҳаллий чорвачилик, деҳқончилик ва бошқа йўналишлар бўйича курслар олиб борилади. Ҳар бир оила аъзоси камида битта касбни эгаллаши шарт. Муҳтож оилаларга яшаш шароитларини яхшилаш учун 100 минг юань (14 минг АҚШ доллари) миқдорида маблағ ажратилади. Маҳаллий хокимият кўмаги билан кам таъминланган оилаларда таъмирлаш устахонаси, фермер хўжалиги ёки кичик ишлаб чиқариш цеҳи ташкил этилади. Аҳолининг кам таъминланган қисмига ижтимоий кафолатлар-таълим, тиббий хизмат ва уй-жой берилади. Шундай қилиб, ҳукумат халқ билан ўзаро ишончли муносабат ўрнатди ва бу йўналишда маълум ютуқларга эришди102. Камбағалларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларни қисқартириш борасида қўшни давлат бўлган Қозоғистонда ҳам катта тажриба тўплаган. Бугунги кунда Қозоғистон индустриал-аграр давлат бўлиб, ялпи ички маҳсулотининг 23 фоизи саноат, 18 фоизи савдо ва умумий овқатланиш, 12,7 фоизи қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги, 11,8 фоизи транспорт ва алоқа ташкил этади. Ялпи ички маҳсулоти 167 миллиард доллар (2018 йил) га тенг бўлиб, Марказий Осиёдаги мутлоқ етакчи давлат ҳисобланади. Қозоғистон аҳолиси сони 2018 йил 1 февраль ҳолатига кўра 18 миллион 177,7 минг кишини ташкил этиб, шаҳарларда 10 миллион 439,6 минг киши (57,4 фоиз), қишлоқ жойларда 7 миллион 738,1 минг киши (42,6 фоиз) истиқомат қилади. 2017 йилга нисбатан аҳоли сони 240,6 минг кишига ёки 1,3 фоизга ошди. Қозоғистон Республикасида 1999 йилдан бошлаб камбағалларни даромадлари мунтазам ўлчаниб, камбағалликни расмий баҳолаш учун қашшоқликнинг мутлоқ чизиғидан фойдаланилмоқда. 2005 йилда қайта кўриб чиқилган камбағаллик чегараси кунига 2137 калория таъминлайдиган озиқ-овқат саватчасининг нарҳига асосланади. Озиқ-овқат маҳсулотлари кам таъминланган уй хўжаликлари истеъмолининг 60 фоизини ташкил этиши керак. 2010 йилги маълумотларга кўра, мамлакатда аҳолининг 6,5 фоизи ёки бир миллиондан ортиқ киши кам таъминланганлик чегарасидан пастроқда яшайди. Камбағалликни баҳолашнинг яна бир ёндашуви - нисбий бўлиб, мамлакатдаги ўртача даромадга нисбатан яшаш минимумини белгилайди. Бу усулда одатда мамлакатдаги ўртача истеъмолнинг 60 фоизи олинади. Бу нисбий тавсифга кўра 2009 йилда Қозоғистон аҳолисининг 10,8 фоизи камбағаллик чегарасидан паст бўлган. Мамлакат ҳудудлари бўйича камбағаллик кўрсаткичи тавофут мавжуд бўлсада, 2006 йилдан 2010 йиллар оралиғида кескин камаймоқда. Хусусан, Қизилўрда шаҳрида камбағаллик 37,5 фоиздан 6,7 фоизга, Мангистау вилоятида 26 фоиздан 11,6 фоизга, Ақмола вилоятида 25,4 фоиздан 4,4 фоизга қисқарди. Аммо, Жанубий Қозоғистон 11,6 фоиз ва Шарқий Қозоғистонда 8,4 фоизни ташкил қилиб юқори кўрсаткич сақланиб қолмоқда. Камбағаллик 2005 — 2010 йилларда кескин қисқариб, шу даврда шаҳарларда 13,6 фоиздан 4,0 фоизгача, қишлоқларда 24,4 фоиздан 10 фоизгача қисқарди. Айниқса, пенсия ёшидаги аҳоли ўртасида камбағаллик кам учрайди, пенсия ставкалари яшаш даражасидан юқори103. Мамлакатда камбағаллик муаммосини бартараф этилишида қуйидаги чора-тадбирлар муҳим ўрин эгаллайди: Аҳолини, хусусан, камбағалларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг манзилли ва мақсадли тизими йўлга қўйилган бўлиб, ижтимоий хавфсизлик тармоқлари камбағалларни аниқлаб, уларни маълум пул маблағлари билан таъминлайди. Ижтимоий ҳимоя қилиш тизими ижтимоий суғурта тўловлари, ижтимоий ёрдам тўловлари ва ижтимоий хизматлардан иборат. Мамлакатда пенсионерлар яхши ижтимоий ҳимояланган бўлиб, пенсия уларни ойлик харажатларии деярли қоплайди, ногиронлик нафақа миқдори эса етарли эмас. Қозоғистонда камбағалликни қисқартириш ва иқтисодий ўсиш бўйича давлат Дастурлари қабул қилинган. 2000-2005 йилларга камбағалликни камайтиришга қаратилган самарали ишлаш имкониятларини яратиш орқали аҳолининг юқори ва қуйи қатламлари ўртасидаги даромадлар тавофутларини камайтиришда сезиларли ютуқларга эришилди. Мамлакатда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни қисқартириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашнинг 2030 йилгача бўлган стратегик дастурлари ишлаб чиқилган. Қозоғистон хукумати томонидан «Йўл ҳаритаси-2020» ишлаб чиқилган бўлиб, унда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш, ишсизлар ва ўзини иш билан таъминлаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш йўналишлари белгиланган. Дунёнинг турли мамлакатларида қўлланилаётган камбағалликни қисқартириш моделлари қуйидагилардир: Континентал модель. Германия, Бельгия, Нидерландия, Австралия, Швейцария, Франция давлатларига хос бўлиб, ижтимоий ҳимоя даражаси билан меҳнат фаолиятининг давомийлиги ўртасидаги ўзаро боғлиқликни назарда тутади. Ушбу модель кучли мажбурий ижтимоий суғурта ва унинг шакллари: тиббий суғурта, пенция суғуртаси ва ишсизликни суғурталовчига йўналтириладиган хизматларга асосланади. Камбағалликка қарши кураш тизими барча иш берувчилар учун мажбурий бўлган ва ишловчининг зарурий эҳтиёжларини қондириш учун зарур даражада энг кам иш ҳақининг белгиланишига асосланган. Ижтимоий ҳимоянинг либерал модели Буюк Британия, Ирландия, АҚШ ва Японияда амал қилади. Либерал модель доирасида мамлакатга хос бўлган айрим хусусиятлар ёритилади. Жумладан, АҚШ ва Японияда ижтимоий ёрдам дастурлари тарқоқ бўлиб, камбағалларнинг айрим тоифаларига манзилли йўналтирилган. Нафақалар камбағаллашиш жараёнини жиловлаган ҳолда, уни бартараф этмайдиган даражада белгиланади. Бундай сиёсат камбағаллик ҳолати индивиднинг шахсий танлови натижаси ҳисобланади, деган ғояга асосланади. Ижтимоий ҳимоянинг Жанубий Европа модели Италия, Испания, Греция, Португалияда амал қилиб, ижтимоий таъминотнинг нисбатан паст даражаси билан тавсифланади, ижтимоий ҳимоя оила ва қариндошларнинг ҳимояси бир-бирини қўллаб қувватлашга асосланган. Социал-демократик (Скандинавия) модель. Дания, Швеция, Финляндия, Норвегия, Исландия мамлакатларида шаклланган бўлиб, турли ижтимоий хавф-хатарлар ва жамият томонидан қўллаб-қувватланишни талаб қилувчи ҳаётий вазиятларнинг кенг қамровига эга. Ижтимоий ҳимоя ҳуқуқлари давлат томонидан кафолотланган бўлиб, ушбу мамлакатлардаги камбағалликнинг паст даражада бўлишини таъминлайди104. Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ ташкилий, иқтисодий, ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқишда хорижий тажрибани инобатга олиш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, айниқса, бизнинг шароитимизда Хитой тажрибасидан фойдаланиш ўзининг ижобий самарасини бермоқда. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling