Ташкилий тузилмани ҳудудларга боғлиқ равишда қуриш корхона географик жиҳатдан турлича бўлган бозорларда фаолият юритаётганида амалга оширилади. Бундай ташкилий тизим кўп миллатли корпорациялар ва умуммиллий даражадаги корхоналар учун хос. Ҳудудий ташкилий тузилиш корхоналарга маҳаллий бозорлардаги ўзгаришларга тезроқ жавоб бериш, бундай бозорлардаги аҳвол ва мавжуд муаммолар тўғрисида кўпроқ маълумотга эга бўлиш ҳамда уларга товар ва хизматларни тарқатишга оид харажатларни камайтириш имкониятини беради. Шу билан бирга бундай тузилма учун ваколатларни “жойларга” топшириш натижасида назоратнинг сезиларли даражада камайиши ва сервис функцияларининг такрорланиши хос. Чунки ҳар бир ҳудудий бўлинма худди шу функцияларни бажаради.
Маҳсулот чиқариш билан боғлиқ органик тузилмани шакллантириш тизимидан ишлаб чиқариладиган маҳсулот ёки ишлаб чиқариш цикли устидан назоратни кучайтириш мақсадида фойдаланаётган кўпгина корхоналар учун кун сайин катта аҳамият касб этиб бормоқда. Ушбу тузилма фойда марказларининг ишлаши учун мақбулдир, чунки алоҳида бўлинма тайёрланган маҳсулотни ҳам ишлаб чиқаришга, ҳам сотишга қодир бўлади. Бундай ташкилий тузилмада активлар ва кўникмаларнинг ихтисослашуви мавжуд бўлиб, алоҳида бўлинмаларнинг фойда келтирувчанлигини ўлчаш анча осон. Шу билан бирга бу тузилма менежерлар кўпроқ бўлишини талаб қилади ва “штат” функциялари алоҳида бўлимлар даражасида такрорланади.
Истеъмолчилар турлари бўйича ташкилий тузилмани қуриш истеъмолчиларга (мижозлар, буюртмачилар) хизмат кўрсатиш сифатини оширишга кўмак беради, лекин бундай тузилмадан муваффақиятли фойдаланиш учун истеъмолчиларнинг кенг базаси бўлиши зарур. Шунинг учун у ёки бу истеъмолчилар гуруҳига таклиф қилинадиган хизматлар мажмуасини мазкур хизматларни тақдим қиладиган бўлинмалар билан мувофиқлаштириш борасида қийинчиликлар юзага келиши мумкин.
Муайян лойиҳалар учун мўлжалланган ташкилий тузилма бир марталик лойиҳаларни амалга ошириш учун тузилиши мумкин (масалан, кема қуриш, ҳарбий буюртмани бажариш ва ҳ.к.з.). Бундай тузилма бўлинмалар ўртасида алоқалар яхшиланишига ёрдам беради, лекин ҳар гал лойиҳа тугалланганида қайта ташкил этилишни талаб қилади, бу эса бир лойиҳадан бошқа лойиҳага киришилганда “ўтиш даври қийинчиликларига” олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |