Солиқ мажбуриятини бажариш тартиби. Солиқ мажбурияти бевосита солиқ тўловчи томонидан бажарилади, ушбу Кодексга ва бошқа қонунларга мувофиқ бу иш бошқа шахс зиммасига юклатилган ҳолатлар бундан мустасно.
Юридик шахснинг алоҳида бўлинмаларига доир солиқ мажбурияти ушбу бўлинмалар томонидан мустақил бажарилиши лозим (агар улар алоҳида мулкка ва мустақил балансга эга бўлса).
Мулк ишончли бошқарувга топширилганда бошқарув таъсисчиси ҳисобланган солиқ тўловчининг солиқ мажбурияти ишонч билдирилган бошқарув томонидан бажарилиши зарур (агар мазкур мажбурият унга таъсисчи томонидан юклатилган бўлса).
Солиқ мажбуриятини бажариш муддатлари. Солиқ мажбурияти солиқ тўловчи томонидан Солиқ кодексида белгиланган муддатларда бажарилиши зарур.
Солиқ тўловчи ўзининг солиқ мажбуриятини муддатидан илгари бажаришга ҳақли.
Солиқ мажбуриятини бажариш учун муддатлар календарь санаси ёки вақт даври (йил, чорак, ой, ўн кунлик ва кун) ўтишига қараб белгиланади.
Муддатнинг кечиши календарь санасидан кейинги кун ёки муддатнинг бошланишини билдирувчи ҳодиса юз беришидан бошланади. Солиқ мажбурияти солиқ мажбуриятининг бажарилиш муддатининг охирги куни йигирма тўрт соатигача бажарилиши лозим.
Агар солиқ мажбуриятининг бажарилиш муддатининг охирги куни дам олиш (ишланмайдиган) кунига тўғри келса, муддатнинг тугаш куни дам олиш кунидан кейинги иш куни деб ҳисобланади.
Солиқ мажбуриятининг тўхтатилиши. Жисмоний шахснинг солиқ мажбурияти қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:
- унинг ўлими;
- суднинг уни ўлган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирганда.
Юридик шахснинг солиқ мажбурияти қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:
- тугатилгандан кейин;
- қўшиб олиниш (қўшиб олинган юридик шахсга нисбатан), қўшилиш, ажралиш ва ўзгартириш йўли билан қайта ташкил этилгандан кейин.
Солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати. Давлат солиқ хизмати органи солиқ даври тугагандан кейин беш йил ичида ҳисоблаб ёзилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини қайта кўриб чиқиши мумкин.
Солиқ тўловчи солиқ даври тугагандан кейин беш йил ичида ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини бошқа тўловлар ҳисобига ўтказиш ва қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли.
Солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатининг кечиши фуқаролик қонунчилигига мувофиқ вақтинча тўхтатиб турилади, тўхтатилади ва тикланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |