Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тошкент педиатрия тиббиёт институти


Download 4.91 Mb.
Pdf ko'rish
bet90/285
Sana19.11.2023
Hajmi4.91 Mb.
#1786427
1   ...   86   87   88   89   90   91   92   93   ...   285
Bog'liq
1-mannanom-darslik-pdf

Микроспория дерматофитиялар гуруҳига мансуб бўлиб, 
касаллик билан кўпроқ мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар 
касалланади. Микроспория касаллигида фақат силлиқ тери соҳалари 
ва бошнинг сочли қисми зарарланади, тирноқлар эса зарарланмайди. 
Худди трихофития сингари микроспориянинг ҳам қўзғатувчиси 2 
хил: антрофил ва зоантрофил замбуруғлардан иборат бўлади. 
Антрофил замбуруғлари фақат инсонларда паразитлик қилиб, асосан 
тери ва тери ҳосилаларини зарарлайди, уларга Microsporium 
ferrugineum (зангдор микроспориуми) ва Microsporium Oudouini 
(Одуэн микроспориуми) лар киради. Зоантрофил замбуруғларига эса 
Microsporium lanosum (момиқ ёки мушуксимон) ва Microsporium 
canis (кучуксимон) лар киради. Касаллик соғлом инсонларга 
микроспория касаллиги билан хасталанган беморлар билан 
контактда бўлинганда ёки бемор истеъмолида бўлган буюмлар 
орқали юқади. Ушбу касаллик турлари ичида энг юқумлиси бўлиб 


166 
зангдор микроспориум замбуруғи чақирадиган хили ҳисобланади. 
Касалликнинг зоантрофил (ёки момиқ) хили билан хасталаниш 
асосан уй ҳайвонлари бўлмиш кучук ва мушуклар билан контактда 
бўлинганда кузатилади. Касалликнинг юқишига гиповитаминоз, 
иммун бузилишлар, микротравмалар, юқори намгарчилик ва 
ҳавонинг юқори ҳарорати, сурункали касалликлар (сурункали 
тонзиллит, ЎРК) туфайли организм реактивлигининг пасайиб 
кетиши, шахсий гигиена қоидаларига амал қилмаслик имкон яратиб 
беради. Болаларда кузатиладиган микроспориянинг икки хил клиник 
тури мавжуд. 
Силлиқ тери микроспориясида юз, лунж, қўл, оёқлар, бадан 
силлиқ тери соҳаларида думалоқ овал шаклида, қизғиш кўринишда 
бўлган, яққол ажралиб турадиган ўчоқлар кузатилади. Ўчоғлар сатҳи 
кумушсимон қобиғлар билан қопланган бўлиб, маркази бироз очроқ 
рангда, яссироқ, четлари эса кўтарилиб турадиган ҳалқа шаклига 
ўхшаш бўлади. Зарарланган ўчоқлар чегараларида пуфакчали 
тошмалар кузатилади, улар сатҳлари қобиғ ва қазғоқлар билан 
қопланиб туради, бу манзара силлиқ тери трихофитиясига жуда 
ўхшаб кетади. Зарарланган ўчоқлар доира шаклидаги кўринишга эга 
бўлиб, улар бир доира ичида янгисининг пайдо бўлиши билан, яъни 
ҳалқа ичида ҳалқа кўринишида (ирис шаклида) намоён бўлади. 
Зарарланган ўчоқлардан олинган тери қириндиси текширилганда эса 
замбуруғ мицелияларини ва уларнинг айрим сигментларини 
кузатиш мумкин бўлади. 
Бошнинг сочли қисми микроспориясининг клиник белгилари 
уни пайдо қиладиган замбуруғларнинг турларига боғлиқ. Агар 
касалликнинг клиник белгилари зоофил замбуруғлар томонидан 
юзага келган бўлса, у ҳолда бошнинг сочли қисмида 1 та ёки 2 та 
ўчоқлар ҳосил бўлади. Ўчоқлар айлана ёки овал шаклларида бўлиб, 
улар соҳасидаги барча соч толаларининг тери сатҳидан 5-8 мм 
баландликда синиши ҳолати кузатилади. Касалланган ўчоқлардаги 
сочлар юлинганда осонликча юлинади. Бошнинг сочли қисми 
микроспорияси билан хасталанган ўчоқларда тери қалин унсимон 
қипиқлар билан қопланган бўлади. Агар касалликни антропофил 
замбуруғлари келтириб чиқарган бўлса, у ҳолда микроспориянинг 
клиник манзараси юзаки трихофитияга жуда ҳам ўхшашиб кетади. 
Бироқ ўчоқларида сочларнинг юқори баландликда синиши ҳолати 
кузатилсада, лекин ҳамма сочларнинг зарарланмаганлиги ҳамда 


167 
уларни оқимтир рангда бўлиши касалликни аниқ табиатини 
аниқлашга ёрдам беради. Айниқса, касаллик ўчоқлари Вуд чироғи 
ёрдамида ёғдуланиш усули орқали текширилганда, зарарланган 
ўчоқларнинг яшил ранг кўринишда ёғдуланиши ҳолати касалликка 
тўғри ташхис қўйиш имконини беради. Микроспория касаллигига 
аниқ ташҳис қўйишда ўчоқлардан олинган таркибий қисмларни 
сунъий экиш майдонларида экиб ўстириш (културал текширув) 
усули ҳам муҳим аҳамият касб этади. 
Фавус ёки кал касаллиги терининг замбуруғ касаллиги бўлиб, 
касалликни Achorion Schonleinii замбуруғи чақиради. Касалликда 
асосан бошнинг сочли қисми, силлиқ тери соҳалари ва тирноқлар 
зарарланади. Касаллик бевосита бемор инсонлардан ёки улар 
истеъмолида бўлган буюмлар (ички кийимлар, тароқ ва бошқа 
буюмлар) орқали юқади. Ҳайвонларни ушбу замбуруғ зарарламайди. 
Фавуснинг юқишида организмнинг умумий ҳолати қандай бўлиши 
катта аҳамият касб этади. Касалликнинг ривожланишига эндокрин 
касалликлари, 
иммунтанқислик, 
гиповитаминоз 
ҳолатлари, 
сурункали касалликлар мавжуд бўлиши, интоксикация ҳолатлари, 
микротравмалар имкон яратиб беради. Мактабгача ва мактаб ёшдаги 
болаларда, сурункали ўчоқли инфекциялар билан хасталанган 
инсонларда бу касалликка нисбатан кўпроқ мойиллик ҳолати 
кузатилади. Фавус трихофития ва микроспория касалликларига 
қараганда инсонларга камроқ юқади. 
Касаллик юққандан сўнг 2-3 ҳафта вақт ўтгач беморлар 
бошининг сочли қисмларида, силлиқ тери соҳаларида, тирноқларда 
ва ички аъзоларда фавус касаллиги белгилари кузатилади. Тери 
соҳаларида фавус касаллигига хос бўлган, яъни типик (скутуляр) ва 
нохос, яъни атипик клиник шаллари (сквамоз, импетигиноз, 
йирингли-инфильтралланган, алопеедли, грануламтоз) фарқланади. 
Касалликнинг типик кўринишда кечиши ҳолатларида тери 
соҳаларида замбуруғ тушган жойларда соч толалари атрофида 
эритематоз, енгил қипиқланувчи доғлар пайдо бўлади, кейинчалик 
эса бу доғлар марказида инфильтрат ва сариқ рангли пустулалар 
ҳосил бўлади. Касалланган ўчоқлар диаметри атрофга қараб 
катталаша бошлайди ва улар ўлчами 1-3 см гача ва ундан ҳам катта 
ҳажмларга етади. Шу тариқа бу микозга хос бўлган тошма 
элементлари, яъни скутулалар ҳосил бўлади. Бир-бирига қўшилиб 
бундай скутулалар кир-кулранг, сариқ, баъзида эса яшил ва сарғиш 


168 
тусли пўстлоқларни ҳосил қилади. Скутулалардан «сичқон» ҳиди 
келади.
Бошнинг сочли қисмидаги фавуснинг клиник манзараси ўзига 
хос кўринишда намоён бўлади, яъни фавус қалқончалари ёки 
скутулалари ва ундан кейин қолган чандиқлар (атрофияланган 
жойлар) ҳамда зарарланган сочлар кузатилади. Фавус касаллигининг 
скутуласи бошнинг сочли қисмига тушганидан кейин жараён соч 
халтачаси оғзи қисмида (фолликул) кўпайиб, ликопчасимон сариқ 
рангли, қуруқ қора- қўтир пўст билан қопланади. Скутула 
марказидан соч чиқиб туриши кузатилади. Аввалига скутулалар 
катталиги тўғноғич бошидек келса, кейинчалик эса улар катталашиб 
диаметри 1,5 см гача етади ва ундан ҳам ортиқ бўлиши кузатилади. 
Скутулалар олиб ташлангандан кейин эса уларнинг ўрнида ботиқ, оч 
пушти рангли юза қолади. Агарда скутулалар узоқ вақт турадиган 
бўлса, у ҳолда улар унинг атрофида атрофик чандиқлар пайдо 
бўлади ва бу жойлардан сочлар ўсмай қолиши кузатилади. 
Скутулалар кўпинча тўп-тўп бўлиб жойлашади, улардан ўзига хос 
бўлган қўланса ҳид келиб туради. Скутулалар аста-секин қуриб 
увалана бошлайди ва тўзғиб сочларни қоплаб олади. Замбуруғ билан 
зарарланган сочлар одатдаги рангини, майинлиги ва жилвасини 
йўқотади, хира тортиб, мўрт бўлиб қолади ва уларни тери сатҳидан 
юза кўринишда синиши кузатилади ва улардан ҳам қўланса ҳид 
келиб туради. Фавус касаллигига ўз вақтида даво чоралари 
ўтказилмайдиган бўлса, у ҳолда касаллик йиллаб давом этиши 
мумкин. Атрофик чандиқлар мавжуд бўлган жойларда сочлар 
толалари нобуд бўлиб, улардан сочлар бошқа чиқмайди. Фавус 
касаллиги бошнинг сочли қисмини бутунлай зарарлаши мумкин, 
бундай ҳолларда фақат четларидагина жиякка ўхшаб ўсадиган 
сочлар сақланиб қолади холос. Achorion Schonleinii замбуруғи билан 
зарарланган соч толаларини микроскоп остида кўрилганда уларнинг 
ичида замбуруғ мицелияларининг кўндаланг тўсиқлар билан 
сегментларга бўлинган иплари кўриниб туради, соч толалари 
танасида ҳаво пуфакчалари ва нақшдор шаклдаги кичикроқ бўлган 
споралар тўплами жойлашади. 
Фавус касаллигида силлиқ терининг зарарланиши ҳолати 
бошнинг сочли қисмларини зарарланишига нисбатан бирмунча кам 
учрайди. Силлиқ тери соҳаларининг зарарланиши уларда катталиги 
ясмиқдек келадиган, думалоқ шаклли, кепаксимон пўстчалар билан 


169 
қопланган, қизғиш пушти доғлар ёки ликопсимон кўринишда бўлган 
типик сариқ скутулалар пайдо бўлиши кўринишида кечади. Қўл ва 
оёқ тирноқлари фавуси иккиламчи тартибда вужудга келади ва 
асосан катталарда кузатилади. Болаларда эса фавуснинг асосан 
импетигиноз шакли кўпроқ кузатилади. 
Давоси. Дерматофитияларга мансуб бўлган замбуруғли касал-
ликларни даволаш умумий ва маҳаллий усулларни қўллаш орқали 
олиб борилади. Умумий давода қўлланиладиган дори воситалари 
ичида гризеофульвин препарати кенг қўлланилади. Гризеофульвин 
фунгистатик таъсир этиш қобилиятига эга бўлган антибиотик бўлиб, 
у таблетка кўринишида 0,125 дан ишлаб чиқарилади. Дори 
воситасини овқат вақтида ёки балиқ мойи билан ичиш тавсия 
этилади. Гризеофульвин дори воситаси билан даво қуйидаги 
тартибда олиб борилади: трихофития касаллигида ҳар 1 кг тана 
оғирлигига 15 мг дан, микроспорияда эса 22 мг дан тавсия этилади. 
Бу миқдорда дори моддасининг истеъмол қилиниши беморларда 
лаборатория текширувларидан сўнг олинадиган биринчи манфий 
жавобгача қўлланилади. Сўнгра эса дори воситасини кунора 2 ҳафта 
давомида тавсия этилади. Шундан сўнг гризеофульвин дори 
воситаси ҳафтасига 2 марта берилади. Дори воситаси лаборатория 
текширувларидан олинадиган 3 манфий жавобгача берилади, 
шундан сўнг эса тўхтатилади. 
Маҳаллий даво албатта умумий даво билан биргаликда олиб 
борилади. Дастлаб зарарланган тери соҳалари бактерицид таъсир 
этиш хусусиятига эга бўлган эритмалар ёрдамида тозаланади, 
терининг сочли қисмларидаги сочлар устара ёрдамида олинади. 
Сўнгра ўчоқларга эрталаб 2-5% ли йод димламасининг спиртли 
эритмаси, кечқурун эса 10-20% ли олтингугурт малҳами суртилади. 
Мазкур маҳаллий даво усули 1 ҳафта давом этади, ҳафта охирида эса 
замбуруғли ўчоқлар совунланиб, илиқ сувда ювиб тозаланади ва 
уларда лаборатория текширувлари ўтказилади. Иккинчи ҳафта 
давомида яна йод димламаси ва малҳам суртилиши такрорланади, 
сўнгра ўчоқлардан лаборатория усуллари орқали замбуруғларга 
текширувлар ўтказилади. Бу йўсиндаги маҳаллий даво 3 марта 
манфий жавоб олингунча давом эттирилади ва шундан сўнг 
беморлар касалликдан тузалган ва атрофдагилар учун хавфсиз, деб 
ҳисобланадилар. 

Download 4.91 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   86   87   88   89   90   91   92   93   ...   285




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling