32-боб. Ходим томонидан меҳнат ҳуқуқларини ўзи ҳимоя
қилиши
530-модда. Меҳнат ҳуқуқларини ходим томонидан ҳимоя қилиш
тушунчаси ва ҳимоя қилишни амалга ошириш
Ходим томонидан меҳнат ҳуқуқларини ўзи ҳимоя қилиши деганда
ходимнинг бузилган ҳуқуқини меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка риоя
этилиши устидан назоратни ва текширувни амалга оширувчи органларга
ёхуд якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқувчи органларга
мурожаат этмасдан ёки мурожаат қилган ҳолда тиклашга ва (ёки) ушбу
ҳуқуқни амалга ошириш борасидаги тўсиқларни бартараф этишга
қаратилган мустақил равишдаги қонуний ҳаракатлари тушунилади.
Ходим ўз ҳуқуқи бузилганлиги ҳақида билган ёки билиши керак
бўлган пайтдан эътиборан меҳнат ҳуқуқларини ўзи ҳимоя қилишни (бундан
буён матнда ўзини ўзи ҳимоя қилиш деб юритилади) амалга оширишга
ҳақли.
Ходим ўзини ўзи ҳимоя қилишни тўхтатиш тўғрисида ўз хоҳишига
кўра исталган пайтда қарор қабул қилишга ҳақли.
531-модда. Ўзини ўзи ҳимоя қилиш шакллари
Ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида ходим ўз ҳаётига ва соғлиғига
бевосита таҳдид солувчи ишни бажаришни, шунингдек иш берувчининг
талабига кўра қуйидагиларни:
меҳнат шартномасида назарда тутилмаган ишни;
қонунга хилоф ёки ҳаётини ва соғлиғини хавф остига қўядиган,
ходимнинг ёхуд бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига, ишчанлик
обрўсига путур етказадиган ҳаракатларни бажаришни иш берувчини ёки
ўзининг бевосита раҳбарини ёхуд иш берувчининг бошқа вакилини ёзма
шаклда хабардор қилган ҳолда рад этиши мумкин.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бартараф
этилмагунига қадар ишни ёки ҳаракатларни бажаришни рад этиш вақтида
ходимнинг меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа
ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган барча ҳуқуқлари сақланиб қолади.
Ходим ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ўзга
ҳолларда ҳам ишларни ёки ҳаракатларни бажаришни ўзини ўзи ҳимоя
қилиш мақсадида рад этиш ҳуқуқига эга.
QMMB: 02/22/798/0972-son
29.10.2022-y.
273
Do'stlaringiz bilan baham: |