Таълимда кўрсатмалилик - бу тамойил ўқувчиларнинг меҳнатга оид ўқув материалларини ўрганилаётган нарса ва ҳодисаларни жонли идрок этиш, ўзлаштиришни назарда тутади. Меҳнат таълими дарсларида ишлаб чиқариш корхоналарига уюштирилган саёҳатлар, меҳнат усуллари, плакатлар, схемалар, жадваллар, буюм намуналарини кўрсатишдан, ўқув кинофилмлари, диафилмларни намойиш қилишдан кўрсатма воситаси сифатида фойдаланиш мумкин. Кўрсатмалилик тушунчасига идрок этишнинг кўриш тури эмас, балки эшитиш, сезиш турлари ҳам киради. Касб таълими дарсларида кўрсатмалиликка катта аҳамият бериш керак, аммо дарсни ҳаддан ташқари кўрсатма қуроллари билан тўлдириб юбориш яхши эмас, бу баъзан фойда ўрнига зарар ҳам келтириши мумкин.
Кўрсатмалиликдан фойдаланишда бир қатор методик талабларга риоя қилиш зарур:
а) кўрсатма қуроллар дарснинг ўқув материалига мос бўлиши керак;
б) барча кўрсатма қуролларни бирданига намойиш қилиб қўйиш ва осиб қўйиш шарт эмас, чунки бу ўқувчилар диққатини тарқатиб юбориши мумкин;
в) касб таълими ўқитувчиси кўрсатма қуролни кўрсатишда уларни ўқувчилар томонидан идрок этиш жараёнига раҳбарлик қилиши зарур.
Билим, кўникма ва малакаларни ўзлаштиришнинг мустаҳкамлиги ва пухталиги
Мазкур томонлари шундай ўқув жараёнини такозо этадики унда ўқувчилар ўзларининг бўлажак фаолиятлари учун зарур бўладиган билим, малака ва кўникмаларни иложи борича асослироқ эгаллайдилар: уларни хотирада қайта тиклай оладилар ҳамда назарий ва амалий вазифаларни ҳал этишда фойдаланадилар.
Билим, малака ва кўникмаларни мустаҳкам эгаллашда ўзлаштирилган малака ва кўникмаларга қайта мурожаат этиш, уларга янги нуқтаи назар билан қараб аниқлик киритиб, янги далиллар билан бойитиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир машғулотда янги материални ўтилган материал билан боғлаш учун такрорлаш ўтказиш, машғулот охирида эсаэгалланган материалнинг асосий масалалар бўйича обзор қилиш мақсадга мувофиқдир. Такрорлаш вақтида далил ва мисоллардан фойдаланиш, ўрганилган материални янада чуқурроқ таҳлил қилиш муҳимдир. Амалда дидактиканинг барча томони бир-бири билан яқин алоқада бўлган ҳолда юзага чиқади. Улар аниқ материал ва таълим шароитини ҳисобга олган ҳолда ижодий қўлланилиши зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |