Корхона салоҳиятини бошқариш технологияси қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
корхона салоҳиятидан фойдаланиш динамикаси ва самарадорлигининг тузилишини, унинг бозордаги улушини баҳолаш;
корхона салоҳияти рақобатбардошлигини баҳолаш;
корхона салоҳияти резервлари ва йўқотишларини таҳлил қилиш;
корхона салоҳияти рақобатбардошлигини ошириш бўйича стратегия ва тактикани танлаш;
танланган стратегия ва тактикадан келиб чиққан ҳолда корхона салоҳиятининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича тадбирларни ўтказиш.
Бозор шароитида корхона салоҳиятини бошқариш, моҳиятига кўра, унинг рақобатбардошлигини бошқариш (корхона салоҳияти рақобатбардошлигини оширувчи ёки пасайтирувчи омилларни баҳолаш ва таҳлил қилиш, у ёки бу мўлжалланган мақсадга эришиш учун тегишли стратегия ва тактикани танлаш)дан иборат бўлади.
Ҳар қандай корхонанинг иқтисодий салоҳияти – бу корхона ихтиёрида бўлган ресурслар (меҳнат, моддий, номоддий, молиявий ва бошқалар)нинг мажмуаси ва унинг ходимлари ва менежерларининг товарлар, хизматларни яратиш ва каттароқ даромад олиш мақсадида ресурслардан фойдаланиш қобилиятидир.
Корхонанинг иқтисодий салоҳияти тўртта асосий белгилари билан таърифланади.
Биринчи белгиси. Корхонанинг иқтисодий салоҳияти – унинг иқтисодий фаолиятини у ёки бу соҳасидаги ҳақиқий имкониятлари билан белгиланади. Бунда, қандайдир сабаблар бўйича амалга ошмай қолган имкониятлар ҳам ҳисобга олинади.
Иккинчи белгиси. Ҳар қандай корхонанинг имкониятлари унда мавжуд бўлган ресурслар ва ишлаб чиқаришда ишга туширилиши мумкин бўлган иқтисодий ва ижтимоий резервлар(заҳиралар)га боғлиқ. Корхонанинг салоҳияти ишлаб чиқаришга жалб қилинган ва ҳали жалб қилинмаган, аммо фойдаланиш учун тайёрлаб қўйилган қўшимча ресурслар ва резервларнинг ҳажми билан белгиланади.
Учинчи белгиси. Миллий ва хорижий тажрибан маълум бўлишича, ҳар қандай бизнесда муваффақият учун ресурсларга эга бўлиш зарур, аммо бу ҳали етарли эмас. Масалан, биз ресурсларнинг ҳажми бўйича АҚШ билан тенглаша олишимиз ва ҳатто ундан устун келишимиздан қандай маъно бор! Ишлаб чиқариш натижаларичи? Турмуш даражамиздаги фарқчи? Бу қанчалик сийқа бўлиб янграмасин, барибир мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланишни билмоқ керак. Бу эса - ҳар қандай бизнесда биринчи даражали вазифадир.
Корхонанинг салоҳияти нафақат унда мавжуд бўлган имконият ва ресурслар билан, балки улардан рақобатбардош товарлар, хизматларни яратиш ва каттароқ фойда олиш мақсадида фойдаланиш қобилиятлари билан белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |