Iii боб инглиз тилини ўрганиш жараёнида ўқувчиларнинг маънавий
Инглиз тилини ўрганиш жараёнида ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий компетентлигини ривожлантириш бўйича тажриба-синов ишларининг мазмуни
Download 130.77 Kb.
|
III БОБ ФФФФФФФ
3.2. Инглиз тилини ўрганиш жараёнида ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий компетентлигини ривожлантириш бўйича тажриба-синов ишларининг мазмуни
Инглиз тилини ўрганишда ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий компетентлигини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган педагогик тизим моделини экспериментал апробациядан ўтказиш 2018-2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани 14-сонли, Қанликўл тумани 21-сонли, Бўзотов тумани 1-сонли, Нукус шаҳри 20-сонли ва 29-сонли мактабларида ўтказилди. Экспериментнинг тасдиқлаш босқичи (2018-2019 йиллар.) инглиз тилини ўрганиш мотивлари, тил тайёргарлиги даражасига ўзларининг баҳо бериши, афоризмлар, максималар, мақолларда онгнинг намоён бўлиши таҳлили ва ташхисини ўз ичига олди. Тасдиқлаш эксперименти маълумотлари 3.1-бўлимда келтирилган. Тажриба-синовда аввалига кейинги йили 11-синфга ўтган 10-синф ўқувчилари (жами 200 нафар) иштирок этишди. Лойиҳа 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб экспериментга фақат 10-синф ўқувчиларини жалб этган ҳолда амалга оширилди. Шу тариқа, икки йил давомида бир гуруҳ ўқувчилар экспериментда қатнашди. Ўқувчилар ва ўқитувчилар кичик лойиҳалар мазмунини кетма-кет моделлаштирадилар. Концептларнинг семантик (маънавий) соҳасини ўқитувчи томонидан маънавий-ахлоқий соҳалар, ахборот макони, шунингдек, маданиятлараро мулоқот макони феноменологияси нуқтаи назаридан танланади. Тажриба-синов ишида инглиз тилини ўқитиш жараёнига ҳудудий маданият билимларини киритиш, яъни ўқитувчи томонидан лойиҳаланган она тили ва чет тили (инглиз)даги матнларга регионологиянинг семантик соҳасини киритиш билан ўқувчилар тайёргарлигининг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинди. Ўқувчилар ҳудуд географияси, иқтисодиёти, тарихий-маданий ўтмиши ва ҳ.к.лар билан танишадилар, шунингдек, қорақалпоқ маданияти элементларининг ксеноним (грекча “ксенос” – хорижийдан олинган) деб аташ қабул қилинган инглиз тилидаги ифода воситаларидан фойдаланиб миллий маданиятни хорижий тилда тавсифлашни ўрганадилар. Гарчи “ҳудуд” тушунчасига тадқиқотчилар аввал ҳам мурожаат қилишган бўлса-да, эндиликда бу тушунча баъзи муаллифлар томонидан “глобал ҳудудлаштириш” деб аталадиган янги парадигма сифатида миллат пайдо бўлишининг глобал тармоғининг (“янги глобал тартиб”) “элементар бирлиги”ни англашда намоён бўладиган муайян тарихий ижтимоий-табиий яхлитлик сифатидаги муайян ҳудуд сифатида гавдаланмоқда. Тадқиқотимизда мактабда инглиз тилини ўрганишда: ўқув фанлари бўйича матнлар (илмий-оммабоп ва кенг ихтисосликларга доир адабиётлар) билан ишлашда муҳим ўқув ахборотларни қидириш; мамлакатшунослик ва мавзуга хос характерга эга ўқув бирликларни муҳокама қилишда кундалик иш мулоқоти вазиятларида оғзаки фикр алмашиш; муайян коммуникатив мақсадни ифодалайдиган иш ҳужжатлари, жумладан, тезис, аннотация ва реферат ёзишда ёзма равишда ахборот алмашиш; суҳбатдош нутқини эшитиш, англаш ва қабул қилиш; ўз нуқтаи назарини баён қилиш; у ёки бу фикрий далилдан фойдалана билиши зарурлиги аниқланди. 2019-2020 йиллар давомида шакллантирувчи тажриба-синов босқичида қуйидаги кичик ўқув лойиҳалар амалга оширилди: ўқитувчи томонидан она тили ва инглиз тилида таянч тушунча-матнлар ишлаб чиқилди, кейин ўқувчилар уларни савол-жавоб, машқлар, эссе, аннотация, тезис ва ҳоказо шаклда шарҳладилар. Моҳиятан, қуйидагилар амалга оширилди: маданиятлараро мулоқотда ахборий макон, интернет, маънавий-ахлоқий соҳалар концептларини кенгайтириш ва бойитиш; ўқувчиларнинг ахлоқий маданият, коммуникатив ҳамкорлик, талқин, изоҳлар жараёнида она тили ва инглиз тилларида берилган матнлар тил системаларининг образли таҳлили контекстида маданиятлараро коммуникация воситалари ва методларини ўзлаштириши; мулоқот жараёнида коммуникатив амалиёт метатехнологиялари ҳамда ижодий фаолиятнинг турли шаклларидан фойдаланган ҳолда ўқувчиларни ижтимоий ҳамкорликка (реал ва виртуал) жалб этиш. Таянч концептларни аниқлаб олиш ва тегишли семантик майдонни ҳосил қилиш таълим характеридаги яхлитлик таъминлайди. Бунда маънавий-ахлоқий компетентлик асослари сифатида инглиз тилини концептларга таяниб ўрганишга “ўқувчиларнинг тил тайёргарлиги технологияси” сифатида баҳолашимиз мумкин. Айнан, миллий маданиятнинг маънавий қадриятларини ўзлаштириш хорижий тил маданиятини янада чуқур ва тўлиқ англашга кўмаклашади. Қайд этиш жоизки, тадқиқот объектимизга нисбатан олганда “миллий маданият” тушунчаси мураккаб ва кўпмаънолидир, чунки у бир томондан ўзбек халқига хос умумий маданиятни, иккинчи томондан эса, ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси) маданиятни ўз ичига олади. Шахс маданий камолотга эришиши учун ҳар икки халқ миллий маданиятини ўзлаштириши керак. Ҳудудий маданият бўйича инглиз тилида ўқув материаллари тайёрланаётганини таъкидлаб ўтамиз. Бироқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудларининг маиший ва бадиий маданияти таснифи айнан ҳудудий жиҳатига урғу беришга сабаб бўлади, деб ҳисоблаймизки, бундан муайян ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси) ўқувчиларини тайёрлаш учун фойдаланиш мумкин. Бунда ҳар бир ўқувчи учун маданият феноменининг маънавий аҳамияти табақаланмайди. Биз таклиф қилаётган ўқитувчи фаолиятининг педагогик тизими ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий компетентлигини ривожлантиришда турли даражадаги маданиятлараро алоқалариларни амалга оширишнинг зарурий шарти ҳисобланади ва бу шахсий-маъновий дифференциация асоси сифатида тил курсининг креатив таркибини тўлдиради. Таклиф этилаётган фаолият технологияси шахсга йўналтирилган бўлиб, уни инглиз тилини ўқитиш жараёнида ўқувчиларни маънавий-ахлоқий ривожлантиришнинг индивидуал дастури шаклида амалга ошириш имконини беради. Ўқитувчининг вазифаси предмет доирасида белгиланган концептлар асосида матн тузишлари бўйича билим олиш муҳитини яратишдир. Ўқитувчи нафақат “туртки беради”, балки она тили ва инглиз тилида нутқий тафаккур атрибуциялар амалиёти ва ёзиш кўникмаларини такомиллаштиришга йўналтирилган ўқувчиларнинг билим олиш фаолиятини бойитади ва шу орқали уларнинг маънавий-ахлоқий компетентликни ривожлантиришга эришади. 10-11-синфлар инглиз тили ўқув дастуридаги “Таълим”; “Бўш вақт”; “Менинг оилам”; “Менинг уйим”; “Соғлом турмуш тарзи” каби мавзулар билан бир қаторда “Мультимаданият ва мультимаданий таълим”, “Ахборот жамияти”, “Виртуал жамият”, “Интернет хавфсизлиги”, шунингдек, “Маънавият” каби матнлар қўшилади (3-, 4-, 5-, 6-иловалар). Матн шарҳлари она ва инглиз тилларида ёзилган маъруза тезислари ва аннотацияни қамраб олади. Ўқувчиларнинг маданиятлараро мулоқот майдонини ўзлаштириши иккинчи босқичда амалга оширилган иккинчи кичик лойиҳанинг асоси сифатида бўй кўрсатди. Инглиз тилини ўрганиш ўқув дастури таркибига “Менинг дўстларим”, “Маданият”, “Турмуш тарзи”, “Инсон сифати”, “Таълим” каби мавзулари билан бир қаторда маданиятлараро мулоқотга мос “Маданият ва коммуникация”, “Маънавият ва моддий маданият”, “Шахслараро коммуникация”, “Маданиятлараро тўсиқлар”, “Маданий шок нима дегани?”, “Маданиятлараро компетентлик”, “Инсон, маданият ва жамият” каби янги матнлар киритилди (7-, 8-, 9-иловалар). Ўқувчиларга ўқув вазифа сифатида мослашув жараёнидан матнларни ҳикоя қилиш, англаш даражасига “чиқиш” мақсадида шарҳлаш, берилган матнларни лингвистик таҳлил методларидан фойдаланган ҳолда баён қилишдан иборат. Реал ва виртуал режимда ижтимоий ҳамкорликни амалга ошириш учинчи босқичда бажариладиган кичик лойиҳа мазмунини ташкил этади. Ўқувчилар кичик лойиҳани коммуникатив амалиётнинг вариатив моделлари ресурсларидан фойдаланиб амалга оширадилар: диалог, виртуал реалликка кириш, турли-туман ижодий фаолият. Мажбурий матнлар мавзулари (“Замонавий дунёда бизнес-этика”, “Инновациялар”, “Иқтисодиёт”, “Меҳнат бозори”, “Ижтимоий бозор иқтисодиёти”, “Ишсизлик”, “Иш қидириш”, “Ижтимоий соҳа”, “Конституция”, “Глобаллашув”, “Ҳуқуқ ва мажбуриятлар”, “Ёшлар муаммолари”) қуйидаги “Шахснинг мақбул хислатлари”, “Миллий характер”, “Ҳаётда нимани қадрлайман?” мавзулар билан тўлдирилди. Таъкидлаймизки, мавзуларни танлаш вариатив ҳамда тасодифан амалга оширилади. Ўқувчилар кичик лойиҳани коммуникатив амалиётнинг вариатив моделлари ресурсларидан фойдаланиб амалга оширадилар: диалог, виртуал реалликка кириш, турли-туман ижодий фаолият. Интернет коммуникациялари воситасида ўзаро ҳамкорликни ташкил этишга алоҳида эътибор берилган. Тадқиқотимизда маданиятлараро мулоқот салоҳиятини ривожлантириш коммуникатив амалиёт метатехнологиялари мақсадлари сифатида бўй кўрсатиб, энг муҳим масала дея қаралади. Коммуникатив амалиёт метатехнологияси уч таркибий қисмдан иборат: диалог, ичига кириш ва ижодий фаолият. М.М. Бахтин фикрига кўра, “диалогик муносабатлар бу деярли универсал ҳодиса бўлиб, бутун инсон нутқини ҳамда инсон ҳаётининг барча муносабат ва ҳодисаларини, умуман, маъно ва мазмунга эга бўлган барча нарсани ўз ичига олади... Онг бошланган жойда... диалог ҳам бошланади” [24;178-б]. Диалогда шахслар мулоқоти мулоқотнинг таркибий қисми – матн туфайли амалга ошади. Муаллифнинг “Оғзаки ижод эстетикаси” асарида эътирофича, “инсонни фақат у яратган ёки яратадиган матнлар орқали ўрганиш” [24;173-б] мумкин. Бахтин матн инсоннинг жонли нутқи сифатида, қоғозга ёки бошқа ҳар қандай ясси нарсага муҳрланган нутқ сифатида, исталган белгилар системаси сифатида (иконографик, бевосита фаолиятга оид) каби турли шаклларда тақдим этилишини қайд этадики, бу матн шакллари маданият мулоқоти шакли сифатида тушуниш мумкин. Ҳар бир матн олам ва борлиқ ҳақида тасаввури ва ўз фикри ҳамда ўз дунёқарашига эга муаллифлар томонидан яратилган олдинги матнларга таянади ҳамда бу билан матн ўтмиш моҳиятини кейинги маданиятларга ташийди, у доимо тирик, доимо амалда. В.С.Библер “маданият фақат маданиятлар доирасида, бир вақтнинг ўзида бошқа, ўз чегараларидан чиқишдаги “ўзи билан” бир бутун, туташ маданиятлар билан мулоқотда яшаши ва ривожланиши мумкин (маданият сифатида). Ҳар бир маданият қандайдир “иккиюзламачи одам”дай, шу маънодаки, унинг юзи бошқа маданиятга, ўзга дунёлардаги ўз борлиғига, шу қадар ўз ичи, ўз борлиғини ўзгартириш ва тўлдиришга қаттиқ боғланган. Маданий алоқалар, яъни маданий борлиқ – бу доимо (яширин куч-қувватга, моҳиятга эга бўлиш) гарчи биз бир маданият вакиллари бўлсак-да, турли бошқа маданиятлар ўртасидаги мулоқотдир. Диалог қачонки у диалогга киришувчи ҳар бирининг – маданият феномени, маданият образи, маданият асарларининг ҳар бирининг янги маънолари чексиз очилиши ва шаклланиши сифатида амалга оширилсагина диалогдир”, - деб таъкидлайди [29;31-б]. Бунда инсон маданият образи унинг яратувчиси сифатида гавдаланди. Шу аснода маданиятлараро мулоқот шахснинг маънавий-ахлоқий ривожланишига ундовчи янги мақсадларни шакллантиради. Муаммоли вазият муҳокамасида, саволлар берилганда, муаммолар таърифланганда барча иштирокчиларининг биргаликда оммавий фикрлаши диалог методидир. Бу метод иштирокчиларининг ўз нуқтаи назарини ойдинлаштишга, қарорини дадиллашига ёрдам беради, тоқатлилик ва суҳбатдошига ҳурматни тарбиялайди ва ўқувчиларда ушбу лаёқат ва малакаларни ривожлантиради. Эмпатия туйғуси пайдо бўлганида воқеа ва ҳодисалар ҳақидаги бир кишининг фикри бошқа кишиларнинг тушунчаси билан бойитилади, тайёр ҳақиқатлар рад этилади. Диалог муҳитида иштирокчиларнинг муаммоларни муҳокама қилиш малакаси шаклланадики, бу ўз нуқтаи назарининг нисбийлигини англаш, хатоликлардан чекиниш қобилиятини рўёбга чиқаради. Кўрсатиб ўтилган диалог методи ўз қарашларини далиллар билан ҳимоя қилиш ва бошқаларни диққат билан тинглаш малакасини ривожлантиради. М.М.Бахтин диалогик ўзаро ҳамкорликнинг асосий мақсадини шундай изоҳлайди: “биргина инсон калласида туғилмайдиган ва бўлмайдиган, уни биргаликда қидирган инсонларда туғиладиган ҳақиқатга интилиш” [24;423-б]. Шу аснода, диалогик муҳит жараёнида иштирокчилар ўз муносабатини белгилаб олиш даражасига чиқиш имкониятига эга бўладилар ва юқори маънавий-ахлоқий қадриятларга дахлдорлик ҳиссини туядилар. Диалогда инсон бошқа кишиларнинг субъектив олами хилма-хиллигини тушунишни ўрганади. Ва айнан диалогик мулоқот олий маънавий-ахлоқий қадриятларга дахлдорлик даражасига чиқишга ёрдам беришга қодир. Ушбу контекстда шахс ривожланиши нафақат бошқаларни тушуниш ва қабул қилиш малакасига, балки ўз-ўзи билан диалогга киришиб, ўз қадриятларини ҳам топиш, ўз-ўзини ижтимоий белгилашга ҳаракат қилади. Бинобарин, диалог ҳам ўз-ўзи билан ва ҳам ташқи дунё билан мулоқот қобилияти ва заруриятини ўзига сингдирган алоҳида маънога эга категория сифатида гавдаланди. Мулоқотчанлик фикрлаш, ҳис қилиш ва бошқаларга баҳо бериш, ўзингнинг дунё билан яхлитликни англаш тажрибасини шахсан ўзлаштириш имкон қолдиради. Айнан диалогда олам яхлитлигини таъминлайдиган ҳодиса ва қарашларнинг табиий уйғунлиги намоён бўлади. Интернет ҳам хорижга чиқмасдан туриб тил муҳитига кириш имконини беради. Бундай ҳолат модели қуйидаги ҳатти-ҳаракатлар кетма-кетлигидан иборат бўлади: маданий анъаналар, мамлакат, менталитетдаги ўзига хосликлар ҳақидаги ахборотларни қидириш; виртуал режимда маданиятлараро мулоқотни амалга ошириш, маданий ҳодисаларини шарҳлаш, ўз халқи ва бошқа халқларнинг маданий қадриятларини тизимлаштириш масалаларини ҳал этиш; матнларда акс этган ахборотларни таснифлаш ва умумлаштириш; янги тушунчалар, фикрларни шакллантириш, қарашларни қайта кўриб чиқиш; муайян мавзуда мунозара ва баҳс уюштириш. Баҳс-мунозара доирасида ўқувчилар таассуротларини бўлишадилар, юзага келган қийинчиликларни муҳокама қиладилар, муаммоларни ҳал этишнинг танланган йўли ишончлилигига баҳо берадилар. Ижодий фаолият тақдим этган коммуникатив амалиёт компонентларини амалга ошириш фойдаланиладиган методларнинг кўпвариантлилиги билан характерланади. Веб-квест (web quest) методикаси қизиқиш уйғотади. Веб-квест концепцияси ўтган аср 90-йиллари ўрталарида АҚШнинг Сан-Диего университети профессорлари Б. Додж ва Т. Марч томонидан ишлаб чиқилган. Веб-квест – бу фаолият тури бўлиб, унинг жараёнида ўқувчилар вазифа оладилар, шунингдек, уларга қўйилган вазифани бажаришлари учун ёрдам сифатида ресурслар сетига кириш имконияти берилади. Веб-квест мавзулари хилма-хил бўлиши мумкин (гуманитар мавзулардан тортиб илмий мавзуларгача). Веб-квест топшириғи натижалари ўрганилаётган материалга тўлиқ боғлиқ ҳолда оғзаки чиқиш, компьютер тақдимоти, эссе, веб-саҳифалар ва ҳ.к. кўринишда бўлиши мумкин. Коммуникатив машқ сифатида “Ақлий ҳужум”ни индивидуал ёки гуруҳ тарзида бажариш давомида ўқувчилар жамоавий ёки индивидуал тарзда маънавий-ахлоқий компетентлик элементининг семантик майдонини пайдо қиладилар. Ақлий ҳужумнинг афзаллиги асосан гуруҳ бўлиб ишлашда намоён бўладики, бу ўқувчиларнинг инглиз тилини турли даражада ўзлаштиришлари, ғояларни ишлаб чиқишга ўз ҳиссасини қўшиши, ахборот майдонини жамоавий хатти-ҳаракатлар билан кенгайтириш, сўз ва луғавий захирасини фаоллаштиришига имкон беради. “Ақлий ҳужум” виртуал коммуникациялар орқали ҳам амалга оширилади. Таъкидлаймизки, инглиз тили ўқитувчисининг ўқувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш бўйича лойиҳалаштирилаётган фаолият тизими ўқитувчи томонидан деярли ҳар бир машғулотда ўқувчиларнинг реал вақт режимида мустақил иши сифатида у ёки бу ҳажмда бажариладиган тил ўрганиш курсига қўшимча сифатида қаралади. Муаммо биз аниқлаган инсон ҳамжамиятининг маънавий-ахлоқий концепти контекстида аниқланади. Шундай қилиб, биринчи босқичда ўқитувчи ва ўқувчилар ўқувчиларга она ва инглиз тилида берилган матнларга мувофиқ кичик лойиҳани амалга оширдилар. Ҳам оригинал муаллифлик матнларидан, ҳам ўқитувчи томонидан қайта ишланган айрим материаллардан фойдаланишди. Кичик лойиҳа семантикаси ахборот майдони концепти билан белгиланди. Материалларни бирлаштириб турадиган асосий ғоя – билимларни жамиятнинг ахборот ресурси сифатида универсаллаштириш. Матнлар ўзбек ва инглиз тилларида аннотация, маъруза тезислари, эссе ёзилиб, шарҳланди. Бир 10-синф ўқувчисининг “Мен ва Тўр” мавзусидаги эссесидан парча келтирамиз: “Тўр ва мен, қум зарраси ва чоҳ, денгиз ва томчи... зиддият ва бирлик занжири. Тўр мавжудлигининг субъект моҳияти оний лаҳзада бир нуқтага жамланган инсон ва бутун оламнинг “плюс” ва “минус”ларининг бир-бирига яқинлашишидан иборат. Тўр янги ҳаёт, жамият, янги тил, моҳиятан, янги маданият, ўз ҳаётини “яшайдиган” ҳодисаларни яратади. Интернет, Тўр – бу инфосферада жуда кўп нарсаларнинг акс этишидир. Бу ўзлигингни чуқурроқ англаш воситасидир”. Моделни амалга ошириш ўқувчилар билан ҳамкорлик жараёнида ўқитувчининг профессионал ўрнини аниқлаб беради. Педагогнинг вазифаси ҳар бир ўқувчининг ўз ҳаёт йўлини топишга ёрдам бериш, ўз имкониятларини англашига, бўлғуси касбидаги маданий оламга киришга бериш ва ундашдан иборат. Педагог ва мактаб ўқувчилари ҳамкорлигининг модели сифатида қуйидаги позициялар қаралади: ўқитувчи-фасилитатор, ўқитувчи- консультант, ўқитувчи-модератор, ўқитувчи-тьютор ва ўқитувчи-тренер. Ўқитувчи-фасилитатор ўқувчиларни ўз ижодий салоҳиятини кўриб чиқишга ундайди, уларга зарур кўмак беради ва қўллаб-қувватлайди. У ўқувчини муаммоларнинг оптимал ечимини қидиришда ёрдамчи ўрнига қўйиб, бу жараёнда унга эркинлик ҳамда ўз қарорини танлаш ҳуқуқини беради. Бунда ўқитувчи-фасилитаторнинг вазифаси ўқувчиларнинг ўзини англашини ҳамкорлик субъектларининг шахси ўзига хослиги ва яхлитлигини сақлаган ҳолда қадриятли-аҳамиятли алоқалар ўрнатиш асосида педагогик қўллаб-қувватлаш сифатида амалга оширилади. Ўқитувчи-консультантнинг асосий мақсади – ўқувчиларни ўқишга ўргатиш. Бунда таълим бериш функцияси реал ва масофавий режимда консультация бериш воситасида амалга оширилади. Ўқитувчи-консультант ва ўқувчи муайян муаммони ҳал этишга эътиборни қаратадилар. Ўқитувчи бу муаммо ечимини билиши ёки ҳал этиш усулларини ўзлаштирган бўлиши шарт. Ўқитувчи-модератор таълимни ўқувчининг ички салоҳиятидан фойдаланиш асосида ташкил этишни мўлжаллайди. Бунда мақсад ўқувчиларнинг яширин ва бўй кўрсатмаган ички имкониятларини юзага чиқаришдир. Муаммоларни ҳал этиш коммуникация, дискуссия, фикр алмашинув жараёнида, ўқувчини қўйилган вазифаларни ички ижодий имкониятларини ишга солган ҳолда бажаришга ундаш билан амалга оширилади. Ўқитувчи- тьютор ҳар бир ўқувчининг субъектив тажрибасини ҳисобга олиб, уларнинг педагогик ҳамфикрлигини амалга оширади. Тьютор ва ўқувчи ҳамкорлиги тьюториаллар, кунлик семинарлар, компьютер конференциялари орқали амалга оширилади. Ўқитувчи-тренер (coach – ингл. репетитор, инструктор) таълимий фаолият системасини ташкил этиб, ўқувчиларнинг бўлғуси касбини ўзлаштиришига ёрдам беради. Ўқитувчи-тренер ўқувчиларнинг ўқув фанларини ўзлаштириши, оммавий чиқишларга маърузага тайёрланишида зарур ёрдам кўрсатади. Маданиятлараро воситачилик вазифасини таржимон бажариб, у коммуникатив вазият субъектларининг маданий тўсиқ ва зиддиятларини бартараф этишга қодир шахс. Маданиятлараро воситачилик бошқарув ва коммуникатив фаолиятни бирлаштирадиган, маданий реаликнинг маданиятлараро мулоқоти субъектларини бошқариш ҳаракатлари ва операцияларида амалга ошириладиган таржимонлик фаолиятининг базавий кўриниши сифатида қаралади. Маълумки, замонавий дунё доимий трансформацион жараён ва зиддиятларни ҳал этиш воситаси сифатида икки ёққа айрилиш нуқталари пайдо бўлиши билан характерланадиган коммуникатив маконни шакллантирмоқда. Постмодерн жамиятнинг кўпўлчамлилиги, мажмуллиги ва синергетик(мажму)лиги шахсни маданият ва виртуаллик маконларида ижтимоийлаштириш воситасида коммуникатив амалиёт ҳодисаларини кўриб чиқишни таъминлаб, унинг идентификация қобилияти ривожланиши, шахснинг маънавий-ахлоқий яхлитлигини сақланишини долзарблаштиради. Бунда коммуникатив амалиёт кишиларнинг коммуникатив фаолият воситасида муҳим мақсадларини амалга оширишида потенциал имкониятларини очиб беради. Коммуникатив амалиёт инсоний муомала мотивацияси, маданий қадриятларни ўзига сингдириш, ҳамжиҳатликка эришиш, шунингдек, ижтимоийлашиш ва унинг интеграцияга йўналтирилган ва уни амалга ошириш аксиологик ва коммуникатив ёндашувларга асосланган. Қадриятлар методологик йўналтирувчи вазифаси сифатида намоён бўлса, коммуникатив ёндашув эса, коммуникатив фаолият концепциясини татбиқ қилиш усулини тақдим этади. Тадқиқотимиз жараёнида аниқландики, ўқувчилар хорижий тилдан фойдаланиш жараёнида қуйидаги лаёқатга эга бўлишлари шарт: матн билан ишлашда янги ахборотларни топа олиш; минтақавий ва билиш характерга эга масалаларни муҳокама қилишда кундалик иш мулоқоти жараёнида оғзаки ва ёзма ахборот алмаша олиш; коммуникатив мақсадларни акс эттирган идоравий ҳужжатлар (рефератлар, тезислар, аннотациялар, резюмелар) ёза олиш; суҳбатдоши нутқини эшитиш ва уни англай олиш; факт бўйича ўз нуқтаи назарини ҳимоя қила олиш, раддия ёки далилларини ифодалай олиш. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 8 майдаги 124 –сон қарори билан тасдиқланган узлуксиз таълим тизимининг чет тиллар бўйича Давлат таълим стандарти “Хорижий тиллар бўйича таълимнинг барча босқичлари битирувчиларининг тайёргарлик даражасига қўйиладиган талаблар”и доирасида мактабда инглиз тилини ўргатиш нутқий компетентликнинг тўрт тури (ўқиш, гапириш, тинглаш ва ёзиш)да коммуникатив-йўналтирилган ва касбий-йўналтирилган концепцияларнинг ўзаро алоқаси асосидаги таълим орқали амалга оширилди. Лойиҳалаштирилаётган фаолият системасида диагностик модул зарур. Бунда ўқувчилар маънавий-ахлоқий компетентлигини ривожлантириш диагностикаси ўқувчилар берилган саволларга икки тилда (она ва инглиз) жавоб берадилар, яъни билингвал тарзда амалга оширилади. Диагностик блок ўқувчиларнинг она тили ва чет тили (инглиз)да маънавий-ахлоқий компетентлигини ривожлантиришни баҳолаш ва ўз-ўзини баҳолаш методларини ўзлаштириши масаласини ҳал қилади. Диагностик-ташхис аввал умумтаълим мактабларининг 10-, сўнгра 11-синф ўқувчиларнинг ўқув-билиш жараёнида амалга оширилади. Замонавий ҳаёт воқеликларига мос равшида ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий маданияти ва тегишли компетентликни ривожланишининг асоси сифатида намоён бўладиган шахсий концептлар шаклланиши ва ривожланиши аспектлари тажриба-синов натижаси сифатида қаралди. Ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий компетентлиги қадриятли-маънавий компоненти диагностикаси учун қуйидаги методикалар мажмуидан фойдаланилди: ҳаётий қадриятларнинг морфологик тести (В.Ф.Сопов, Л.В.Ҳарпушина), (10-илова) “Л. Колберг дилеммаси” методикаси (11-илова), шунингдек, С. Шварцнинг қадриятлар методикаси (12-илова). “Л. Колберг дилеммаси” методикаси назорат гуруҳи ва экспериментал гуруҳ ўқувчиларида икки йиллик эксперимент якунида ахлоқий муҳокама малакаси ривожланиши даражасини аниқлаш имконини беради. Л.Колберг маънавий тафаккур ривожланиш конвенционалдан олдинги, конвенционал ва конвенционалдан кейинги даражаларга ажратиб кўрсатди. Конвенционалдан олдинги даражадаги маънавий тафаккур эгоцентриклиги билан фарқланиб, ҳатти-ҳаракатлар асосан манфаат принципи ва унинг жисмоний оқибатлари доирасида баҳоланади (қониқиш (масалан, маъқуллаш) яхши; қониқмасликка (масалан, жазо) сабаб бўлса, ёмон). Ўқувчилар маънавий тафаккур ривожланишининг конвенционал даражасига ўзларининг референт гуруҳлари: оила, синф, диний жамоат баҳоларини қабул қилганида намоён бўлади. Бу гуруҳнинг ахлоқий нормалари худди сўнгги инстанция ҳақиқати сингари танқидий кўз билан қаралмаган ҳолда ўзлаштирилади ва риоя қилинади. Гуруҳ томонидан қабул қилинган қоидаларга мос ҳаракатланар экансан, “яхши”га айланасан. Бу эса, инсоннинг ўз ихтиёрига биноан ишлаб чиқилмаган, бироқ инсон ўзи мансуб жамият нормаси сифатида ёки ташқи чеклов сингари қабул қилинади. Аксарият ҳолларда маънавий тафаккур ривожланишининг конвенционалдан кейинги даражаси катта ёшли кишиларда ҳам кузатилади ва унга гипотетик-дедуктив тафаккур (интеллект ривожланишининг олий босқичи - Ж. Пиаже) юзага келгандан эришилади. Бинобарин, ўқувчиларда шахсий ахлоқий принциплар ривожланишининг ушбу даражаси референт гуруҳ нормаларидан фарқ қилиши мумкин, бироқ умуминсоний ва универсалликка молик бўлади. Таъкидлаш жоизки, мазкур босқичда гап маънавиялиликнинг умуминсоний асосларини белгилаш ҳақида кетмоқда (3.6-жадвал). Download 130.77 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling