Мактабларида
§ 1.2. Жисмоний тарбия ўқитувчисининг ўсиб келаётган ёш авлодни
Download 0.52 Mb.
|
Диссертация Адашева М.У.
§ 1.2. Жисмоний тарбия ўқитувчисининг ўсиб келаётган ёш авлоднитарбиялашдаги роли “Жисмоний тарбия” фани ўсиб келаётган замонавий авлодни тарбиялашда энг муҳим роль ўйнайди. У ўқувчилар ҳар томонлама ривожланишининг ажралмас қисми бўлиб, уларни жисмонан соғлом қилиб тарбиялашда катта аҳамият касб этади. Ушбу фан доирасида инсоннинг ривожланиши ўрганилади, ҳаракат кўникмалари ўзлаштирилади ва соғлом турмуш тарзи асосларига пойдевор ўрнатилади, чунки ўқувчи психомотор, когнитив ва эмоционал соҳаларда индивидуал ривожланиши мумкин. Ҳаракат кўникмаларини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзи жисмоний ҳолатини бутун ҳаёти давомида қўллаб туриш зарурати тўғрисидаги билимларни шакллантириш – умумий ўрта таълим тизимидаги жисмоний тарбия бўйича фан дастурининг умумий тан олинган мақсади ҳисобланади [27; 228 б., 39; 237 б. ил.]. Мазкур муаммо Ўзбекистон Республикасида давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, уни ҳал қилиш Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 4 сентябрдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги ЎРҚ-394-сон Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3031-сон Қарори, 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947–сонли фармони, 2018 йил 5 мартдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5368–сон фармони, 2020 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5924-сон қарори асосида ташкил қилинган. Ушбу ҳужжатларда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг зиммасига “Жисмоний тарбия” фанини ўқитишнинг замонавий услублари ва технологияларини таъминлайдиган инновацион дастурларни ишлаб чиқиш ва умумий ўрта таълим тизимига жорий қилиш вазифалари юклатилган. “Жисмоний тарбия” фанининг мақсадлари ҳозирда белгиланганлигига қарамасдан, ўсиб келаётган замонавий ёшларда жисмоний фаолликнинг пастлиги, спорт билан шуғулланишга бўлган моивациясининг йўқлиги, соғлом турмуш тарзини тўғри олиб бориш ҳақидаги билимларнинг етарли эмаслиги ва бунинг оқибатида, турли касалликларга кўпроқ дучор бўлиш каби ҳолатлар учрамоқда. Мамлакатимиздаги мавжуд махсус адабиётлардаги ва илмий нашрлардаги маълумотларга асосланган ҳолда катта ёш гуруҳидаги ўсмирларнинг куч имкониятлари йилдан-йилга пасайиб бораётганлигини таъкидлаш мумкин. Ўн йиллар олдинги тенгдошлариникига нисбатан 15-17 ёшли ўсмир ўғил болаларнинг қўл кафти кучи 10 килограммга, қиз болаларда эса 6 килограммга камлиги қайд қилинган. Ўқувчиларнинг саломатлиги ҳолатидаги бузилишларнинг критик даврлари кичик ёшдаги ўқувчиларда 7, 10 ёшда ва ўсмирларда 12 ёшдан то 17 ёшгача бўлган даврда қайд қилинган. Болалар ва ўсмирлар гигиенаси ва саломатлигини муҳофаза қилиш илмий- текшириш институти охирги йилларда болалар саломатлигидаги салбий ўзгаришларнинг хусусиятларини келтирган. Улар қуйидагилардан иборат: Функционал бузилишлар ва сурункали касалликлар сонининг ортиши. Охирги ўн йилларда барча ёшга оид гуруҳларда функционал бузилишлар частотаси 1,5 мартага, сурункали касалликлар сони – 2 мартага ортган. Сурункали патология тузилмасининг ўзгариши. Овқат ҳазм қилиш аъзоларининг улуши икки марта, таянч-ҳаракат аппаратиники 4 марта (сколиоз, остеохондроз, ясситовонлик асоратининг шакллари), буйраклар ва сийдик чиқариш йўллариники 3 марта ортган. Бир нечта ташхисга эга ўқувчилар сонининг ортиши. 7-8 ёшли ўқувчилар ўртача 2 та ташхисга, 10-11 ёшдагилар – 3 та ташхисга, 16-17 ёшдагилар – 3-4 та ташхисга, катта синфдаги ўсмирларнинг 20% анамнезда 5 та ва ундан ортиқ функционал бузилишларга ва сурункали касалликларга эга. В.Н.Курись ва Л.Н.Слядневанинг фикрига кўра, “Жисмоний тарбия” фани таълим муассасасининг тузилмасидан муҳим роль ўйнайди: у организмнинг оптимал ҳаётий фаолиятини таьминлашга, унинг танаси ва интеллектуал даражасини мустақил такомиллаштириш жисмоний бўйича махсус билим, кўникма ва малака шакллантиришга йўналтирилган ўқув режасидаги ягона фандир. Фақатгина “Жисмоний тарбия” фани мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим мактаблари ва олий таълим муассасасининг дарс жадвалида узлуксиз қолади [112; 13 б.]. “Жисмоний тарбия” фани ўқувчиларнинг ҳаётида бир қатор вазифаларни бажаради. Ушбу фан дастурида мактабдаги жисмоний тарбия дарси таркибида қуйидагилар бўлиши кераклиги қайд қилинган [В.И.Лях. Г.Б Мейксон А.П. Матвеев]: мушак кучи ва эгилувчанликни, замонавий ҳаёт шароитларига мослашиш қобилиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш ҳамда стрессларга чидамли бўлиш; чидамлиликни тарбиялаш, руҳият ва феъл атворини чиниқтириш; жисмоний тарбия ва спорт тарихини ва одамларнинг ҳар хил авлодлари ҳаётидаги аҳамиятини ўрганиш билан боғлиқ бўлган таълим вазифасига эга бўлиш; бўш вақтни жамиятга мослашишни юзага келтирадиган фойдали машғулотлар билан тўлдиришни назарда тутадиган умумий маданият вазифасига эга бўлиш. Жисмоний тарбия ўқитувчисининг касбий фаолиятига тегишли адабиётлар манбаларини (А.Н.Блеер) ўрганиш ва таҳлил қилиш орқали биз қуйидаги фикрга келдик: “Жисмоний тарбия” фани – бу энг муҳим инструмент бўлиб, у орқали педагоглар ўсиб келаётган авлодни соғлом турмуш тарзига ўргатишади, спорт билан шуғулланишни ва ҳаракат фаоллигини оммалаштиришади [79; 540 б.]. Жисмоний тарбия ўқитувчиси умумий ўрта таълим тизими тузилмасида нафақат дарсларни хавфсиз ва тўғри ўтказишга масъулдир, балки қуйидаги вазифаларни ҳам бажаради: спорт билан шуғулланишни оммалаштириш; ўқувчиларни дарсдан ташқари вақтда ҳам ҳаракат фаоллигига жалб қилиш; соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва кун тартиби тўғрисида ахборот тарқатиш; - ўқувчиларнинг жисмоний ҳолатини назорат қилиш; спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланиш учун мотивация ҳосил қилиш. Замонавий жисмоний тарбия ўқитувчиси юқори даражада маданиятли, хилма-хил қизиқишларга ва бой ҳаётий тажрибага эга, ҳар томонлама ривожланган шахс бўлиши керак. В.Б.Верешагин жисмоний тарбия ўқитувчисининг профессиограммасида 5 та блокни ажратган . У жисмоний тарбия ўқитувчисининг асосий педагогик функцияларини, ушбу функцияларни амалга оширишни таъминлайдиган умумий педагогик ва касбий-услубий малакалар тавсифларидан иборат, деб таъкидлаган, яъни: психологик-педагогик малакалар; касбий-шахсий сифатлар; хусусий-услубий малакалар; коммуникатив-ташкилотчилик малакалари; И.А.Зимняя [45; 384 б.], ўз тадқиқотларида касбий-педагогик компетенцияларнинг учта гуруҳини ажратган: ўзига-ўзи шахс сифатида, ҳаёт фаолиятининг субъекти сифатида муносабатда бўладиган компетенциялар; инсоннинг бошқа одамлар билан ҳамкорлигига тааллуқли компетенциялар; инсоннинг барча фаолияти турлари ва шаклларида намоён бўладиган компетенциялар. Т.А.Маркина томонидан бўлажак педагог учун зарур бўлган қуйидаги коммуникатив кўникмалар ажратилган: таълим беришда вербал усулларни қўллаш кўникмаси; ота-оналар билан муносабат ўрнатиш кўникмаси; ўқувчилар билан зиддиятли ҳолатларни олдиндан кўра билиш ва унинг олдини олиш кўникмаси. Ушбу кўникмалардан ташқари ахборот кўникмалари гуруҳини ажратишган – оғзаки нутқни ахборот узатиш воситаси сифатида эгаллаш кўникмаси (аниқ тушунтира олиш, оддий ва тушунарли тилда гапириш, илмий далиллар ва услубий кўрсатмаларни оммабоп тарзда етказиш) [63; 128 б.]. Билим ва дидактик кўникмага тааллуқли касбий педагогик компетенциялар, умуман олганда, ҳар қандай -профилдаги ўқитувчилар учун бир хилдир. Лекин жисмоний тарбия ва спорт соҳасида шахснинг ҳаракат тажрибаси, ҳаракатларни содда ва қисқа тушунтириш ва вақтнинг чегараланган оралиғида хатоларни тўғрилаш малакаси алоҳида аҳамиятга эга бўлади. Хорижий манбаларни таҳлил қилиш мактаб жисмоний тарбияси ва ўқувчилар мусобақалари тизими юқори даражада ривожланган АҚШдаги жисмоний тарбия ўқитувчисининг аҳамияти тўғрисида хулоса чиқариш имконини берди. Америкадаги жисмоний тарбия ўқитувчиси олдига қўйилган вазифаларнинг устуворлиги тартибига эътибор қаратамиз. Улар қуйидагилардан иборат: дарс давомида жисмоний машқлар билан максимал машғул бўлишни таъминлаш; дарсдан ташқари вақтда мустақил бажариш тамойилларига тасниф машқларга ўргатиш; соғлом турмуш тарзини тарғибот қилиш; ўқувчиларнинг кундалик ҳаётида ўқитувчилар ва ота-оналарнинг иштироки, соғлом турмуш тарзини олиб боришни назорат қилиш; ҳар бир ўқувчининг шахс сифатида натижага йўналтирилганлиги (ўқувчининг соғлом турмуш тарзи ўқитувчи фаолиятининг натижаси сифатида). Америкалик ва россиялик педагоглар олдига қўйилган вазифаларни таққослаш орқали Россия ва Америка учун натижаларга эришиш ва мониторинг қилишнинг аҳамиятидаги фарқларни кўриш мумкин. А.Д.Новиков, Л.П.Матвеев, В.И.Лях; Н.В.Гуреев каби олимлар ўқувчиларнинг спорт натижаларини педагогик назорат қилишга ва мониторинг қилишга катта эътибор қаратишади [59; 10-14 б., 61; 237 б.]. Таълим стандартлари ва умумтаълим мактабларининг ўқув режасига жисмоний тарбия бўйича қўшимча соатларнинг киритилиши ХХI аср ўқитувчисининг масъулиятини оширади, ўқув жараёнини ташкил қилиш ва педагог меҳнатининг натижаларига қўшимча талаблар қўяди [103; 430 б.]. Таълимни, айниқса жисмоний тарбия бўйича таълимни индвидуаллаштириш замонавий таълимнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатмиз педагогикаси олдида турган вазифалар, инсонпарвар шахсга йўналтирилган таълим парадигмасига, уни индивидуаллаштириш концепциясига, ўсиб келаётган инсоннинг ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилишга, педагоглар ва ўқувчиларнинг толерантли муносабатларига асосланган педагогик жараённи ташкил қилиш воситасида ҳал қилиниши мумкин [48; 56-65 б. ]. Индивидуал натижа олишга йўналтирилган таълим замонавий назарияда шахсга йўналтирилган таълим, деб айтилади. И.С.Якиманскаянинг фикрига кўра [122; 96-б.], ўқувчини бутун таълим жараёнининг асосий фигураси сифатида тан олиш бу шахсга йўналтирилган таълимдир. Шахсга йўналтирилган таълимнинг асосий хусусияти - субъектнинг тажрибасига, ўқувчининг қобилиятларига ва хусусиятларининг ривожланшига таяниш ҳисобланади. Жисмоний тарбия педагогикасида шахсга йўналтирилган таълимнинг қўлланилиши бошланғич таълим босқичида жисмоний тарбия дасрларида ҳаракат вазифаларининг пойдеворига асос солиниши туфайли айниқса долзарб бўлмоқда. Ўрта ва юқори синфларда, аввалам бор, ўқувчилар шахсининг ҳусусиятига, жисмоний фаоллик ва замонавий спорт турларига бўлган қизиқишга, ажойиб жиҳозларни (роликли конькилар, скейтбордлар, велосипедлар, жисмоний фаолликни мониторинг қилиш учун махсус фитнес- иловаларни) қўллашга таяниш зарур. Ўқитувчи номлари қайд қилинган барча янги жиҳозларни муваффақият билан жорий қилиши учун ўқувчиларнинг ҳаракат фаоллигининг ҳар хил турларига бўлган қизиқишлари ва замонавий эҳтиёжларини билиши керак [16; 13-20б., 113; 12-14 б. ]. Download 0.52 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling