Марказий ва периферик нерв тизими. Вегетатив нерв тизими тузилиши. Сезги ва ҳаракат ўтказув йўллари соат
Download 1.51 Mb. Pdf ko'rish
|
5.-Markazij-va-periferik-nerv-tizimi.-Vegetativ-nerv-tizimi-tuzilishi.-Sezgi-va-arakat-utkazuv-jullari.-4-soat.
Симпатик қисм (pars symphatica). Вегетатив нерв тизими симпатик
қисмининг (pars symphatica) маркази орқа миянинг биринчи кўкрак сегменти билан учинчи бел сегменти (Тh I –L III ) орасидаги кулранг модданинг ёнбош шохларида жойлашган (substantia intermedia lateralis). Ёнбош шохларида жойлашган ўзак nucleus intermediolateralis ҳужайраларидан бошланган симпатик нерв толалари симпатик поя – truncus symphaticus га боради. Симпатик поя (truncus symphaticus) умуртқа поғонасининг икки ёнбошида жойлашиб, 20–25 та алоҳида нерв тугунларининг ўзаро калта нерв толалари – rami interganglionaris ёрдамида қўшилган тугунлар занжири – ganglia trunci symphatici дан иборат. Симпатик пояга фақат оқ қўшувчи толалар (rami communicantes albi) келса, ундан кулранг қўшувчи толалар (rami communicantes gricei) ва ички аъзоларга борувчи нервлар чиқади. Оқ қўшувчи толалар биринчи кўкрак сегменти билан иккинчи бел сегменти оралиғида орқа миянинг ён шохларидан бошланиб, орқа мия нервининг олд илдизчаси таркибида чиқади. Ундан орқа мия нерви олд илдизчасининг орқа илдизи билан қўшилиш жойида ажралиб, симпатик поя тугунига бориб тугайди. Баъзилари бу ерда узилмасдан ўтиб кетиб, периферик тугунларнинг бирида тугайди. Оқ қўшувчи толалар фақат VIII бўйин, кўкрак ва юқори иккита бел орқа мия нервларида бўлиб, барча кўкрак тугунлари ва юқорида иккита бел тугунларига йўналади. Симпатик поянинг бўйин, пастки бел, думғаза ва дум тугунларига бу толалар келмайди. Мана шу тугунларга борувчи preganglionаr толалар симпатик поянинг rami interganglionaris орқали йўналади. Кулранг қўшувчи толалар (rami communicantes gricei) симпатик поя тугунларидан постганглионар толалар сифатида чиқиб, орқа мия нервига қўшилиб кетади ва ишчи аъзолар (томир, без ва мушаклар)га тарқалади. Симпатик поя (truncus symphaticus) жойлашган ўрнига қараб бўйин, кўкрак, бел ва чаноқ қисмларига бўлинади. Бўйин қисми умуртқа поғонасининг икки ёнбошида жойлашган учта тугундан иборат, улар тугунлараро толалар – rami interganglionares билан қўшилган бўлиб, бўйин фасцияси умуртқа олди пластинкасининг орқа томонида, бўйиннинг чуқур мушакларида жойлашади. Юқори бўйин тугуни (ganglion cervicale superius) симпатик поянинг энг катта тугуни бўлиб, 20 мм дан узунроқ, кенглиги 5–6 мм. Бу тугун II ва III бўйин умуртқалари кўндаланг ўсиқчаларининг олд томонида жойлашган. Тугуннинг олд томонида уйқу артерияси, ён томонида адашган нерв, орқасида эса бўйиннинг узун мушаги туради. Юқори бўйин тугунидан қуйидаги тармоқлар чиқади: 1. N. communicantes gricei – юқори бўйин тугунини юқоридаги 3 ва баъзан 4 та бўйин орқа мия нервлари билан қўшади. 2. Ички уйқу артериясига борувчи нерв – n. caroticus internus тугуннинг устки учидан бошланиб, шу номли артерияга томон йўналади, сўнгра артерия девори бўйлаб юқорига кўтарилиб, чигал – plexus caroticus internus ни ҳосил қилади. Plexus caroticus internus ички уйқу артерияси билан уйқу канали (canalis caroticus)га, сўнгра калла бўшлиғига йўналади. Canalis caroticus да, чигалдан ўрта қулоқ бўшлиғининг шиллиқ пардасига тармоқ чиқади. Ички уйқу артерияси уйқу каналидан чиққандан сўнг чигалдан n. petrosus profundus ажралади. N. petrosus profundus понасимон суякнинг қанотсимон тешигига (canalis ptherygoideus) катта тошсимон нерв билан қўшилиб, қанотсимон канал нерви (n. canalis ptherygoidei)ни ҳосил қилади. Бу нерв қанот-танглай чуқурида қанот-танглай тугуни (ganglion pterygopalatinum) билан қўшилади. Plexus caroticus internus plexus cavernosus га давом этиб, sinus cavernosus дан ўтиш ерида ички уйқу артериясини ўраб олади. Чигал тармоқлари фақат ички уйқу артерияси бўйлаб эмас, балки унинг тармоқлари бўйлаб ҳам тарқалади. 3. Ташқи уйқу нервлари (nn. carotici externi) ташқи уйқу артериясига бориб улар деворида plexus caroticus externus ни ҳосил қилади ва шу артерия тармоқлари бўйлаб бош соҳасига тарқалади. 4. Бўйинтуруқ нерви (n. jugularis) ички бўйинтуруқ венасининг девори бўйлаб бўйинтуруқ тешиги (foramen jugularis)га давом этади ва унинг атрофида адашган нервнинг устки ва пастки тугунларига, тил ости нервига шохчалар беради. 5. Rami laryngopharyngei – шу номли чигални ҳосил қилиб, ҳиқилдоқ ва ҳалқумнинг шиллиқ қаватини иннервация қилади. 6. N. cardiacus cervicalis superior бўйин фасцияси умуртқа олди пластинкасининг олдинги томонида, симпатик пояга параллел равишда йўналиб, чап томонда умумий уйқу артерияси бўйлаб, ўнг томонда эса елка- бош пояси бўйлаб пастга тушади ва юракка бориб чигал ҳосил қилади. Ўрта бўйин тугуни (ganglion cervicale medium) кичикроқ бўлиб, катталиги 5 мм дан ошмайди. У V бўйин умуртқасининг кўндаланг ўсиғи олдида а. thyroidea inferior нинг орқа томонида жойлашади. Бу тугун кўпинча бўлмайди ёки икки тугунга ажраган ҳолда учрайди. Ўрта бўйин тугунидан қуйидаги тармоқлар чиқади: 1. Кулранг қўшувчи толалар – V ва VI, баъзан IV бўйин-орқа мия нервларига боради. 2. Nervus cardiacus cervicalis media умумий уйқу артерияси бўйлаб пастга йўналади ва юрак устидаги чигални ҳосил қилишда қатнашади. 3. Rami interganglionares юқори ва пастки бўйин тугунига боради. Ўрта бўйин тугунидан чиқувчи бир неча майда толалар умумий уйқу артерияси, қалқонсимон безнинг пастки артерияси деворида чигаллар ҳосил қилади ва қалқонсимон, қалқонсимон без орқа безларини иннервация қилади. Бўйин-кўкрак (юлдузсимон) тугуни – ganglion cervicothoracicum (stellatum) биринчи қовурғанинг бўйин соҳасида, ўмров ости артериясининг орқасида жойлашган. Бу тугун пастки бўйин тугуни билан биринчи кўкрак тугунининг қўшилишидан ҳосил бўлади, сертармоқ бўлгани учун юлдузчага ўхшаб кетади. Унинг кенглиги ўртача 8 мм га тенг. Бўйин-кўкрак тугунидан қуйидаги нервлар чиқади: 1. Rami communicanteс gricei VI–VII ва VIII бўйин-орқа мия нервларига бориб қўшилади. 2. Алоҳида чиқувчи майда тармоқлар ўмров ости артерияси атрофида шу артерия номидаги чигал (plexus subclavius)ни ҳосил қилади. Чигалнинг симпатик толалари ўмров ости артериясининг тармоқлари билан бирга қалқонсимон без, қалқонсимон без орқа безларига, кўкс оралиғининг олд қисмида жойлашган аъзолар ва а. subclavia тармоқларига тарқалади. 3. Адашган ва диафрагма (кўкрак-қорин тўсиғи) нервларига борувчи бир неча тармоқлар. 4. N. vertebralis умуртқа артерияси атрофида умуртқа чигали (plexus vertebralis)ни ҳосил қилади. Бу чигалдан чиқувчи тармоқлар бош-орқа мия тармоқлари ва пардаларини иннервация қилади. 5. N. cardiacus cervicalis inferior ўнг томонда truncus brachiocephalicus орқасидан, чап томонда эса аорта орқасидан ўтиб юракка боради ва юрак устида чигал ҳосил қилишда қатнашади. Кўкрак қисмида симпатик тугунларнинг (gangliothoracica) 10–12 таси тафовут қилинади. Кўкрак соҳасида қўшувчи толаларнинг бўлиши билан у бошқа қисмлардан ажралиб туради. Бу толалар орқа мия нервининг олд илдизчасини симпатик поянинг тугунлари билан қўшиб туради. Тугунларнинг ўртача катталиги 3–5 мм бўлиб, улар умуртқа танасининг ён томонида қовурға бошчаларининг олдида, кўкрак ичи фасцияси ва pleura costalis орқасида жойлашади. Кўкрак соҳасидаги тугунлардан қуйидаги нервлар чиқади: 1. Rami communicanteс gricei орқа мия нервларига қўшилиб кетади; 2. Nn. cardiaci thoracici юқори кўкрак тугунларидан бошланиб юрак чигалини ҳосил қилишда қатнашади; 3. Rami aortici кўкрак аортаси атрофида чигал – plexus aorticus thoracicus ҳосил қилади; 4. Ўпка чигали (plexus pulmonalis)ни ҳосил қилади; 5. Rami oesophagea plexus oesophageus ни ҳосил қилади. Юқоридаги барча чигалларнинг ҳосил бўлишида адашган нерв қатнашади. 6. Ички аъзоларга борувчи катта нерв – n. splanchnicus major 5–9 кўкрак тугунларидан чиқувчи бир неча толалардан ҳосил бўлади. Бу толалар IХ кўкрак умуртқаси соҳасида бир-бири билан қўшилиб катта пояни ҳосил қилади. Бу поя кўкрак-қорин тўсиғи (диафрагма)нинг бел қисмидан қорин бўшлиғига ўтади ва plexus coeliacus га қўшилиб кетади. 7. Ички аъзоларга борувчи кичик нерв – n. splanchnicus minor, Х–ХI кўкрак тугунларидан катта нерв билан бирга чиқиб, қорин бўшлиғига ўтади, бу нерв ҳам plexus coeliacus да тугайди. Симпатик поянинг бел ёки қорин қисми 3–5 та бел умуртқалари (ganglia lumbalia)дан иборат, улар бел умуртқаларининг олд ён томонида, m. psoas major нинг медиал чеккасида жойлашади. Бел қисмининг ўнг ва чап томондаги тугунлари бир-бирига яқин турганлиги билан кўкрак тугунларидан фарқ қилади. Бел қисмининг яна бир хусусияти шундаки, тугунлар фақат узунасига жойлашган толалар (rami interganglionare) воситасида бир-бири билан қўшилиб қолмасдан, балки кўндаланг толалар ёрдамида қарама-қарши томондаги бел тугунлари билан ҳам қўшилади. Юқоридаги 2 та бел тугунларига оқ қўшувчи толалар келади. Қолган бел тугунларида улар бўлмайди. Симпатик поянинг қорин қисмидан чиқувчи бир неча толалар ички аъзоларга борувчи катта ва кичик нервлар (nn. splanchnici major et minor), адашган нервнинг қорин қисмидаги тармоқлари билан қўшилиб энг катта тоқ қорин чигали (plexus coeliacus)ни ҳосил қилади. Қорин чигали (plexus coeliacus) қорин бўшлиғида, меъда ости безининг орқасида, қорин аортаси атрофида truncus coeliacus нинг бошланғич қисмини ўраган ҳолда жойлашади. Ўз таркибига тугун – ganglion coeliacum ни ва устки тутқич тугун (ganglion mesentericum superior)ни олади. Қорин чигалидан диафрагмага, буйрак усти безига, буйракка борувчи тармоқлар чиқади. Улар қорин аортасидан чиқувчи артерия деворлари бўйлаб кетади ва йирик артериялар атрофида шу артерия номи билан аталувчи чигалларни ҳосил қилади. Масалан, буйрак чигали – plexus renalis ва ҳоказо. Шунингдек, алоҳида аъзоларга борувчи артериялар девори ва шу артериялар номи билан аталувчи тоқ чигаллар тафовут қилинади. Жумладан, устки тутқич чигаллари – plexus mesentericus superior. У меъда ости бези, ингичка ичак, кўричак, юқорига кўтарилувчи чамбар ичак ва кўндаланг чамбар ичакнинг ярмини иннервация қилади. Қорин чигалидан чиқувчи бир неча толалар бел қисмидаги тугунлардан чиқувчи толалар билан бирга қорин аортаси чигали (plexus aorticus abdominalis)ни ҳосил қилади. Бу чигалдан пастки тутқич чигали (plexus mesentericus inferior) чиқади. Plexus mesentericus inferior кўндаланг чамбар ичакни, тушувчи чамбар ичакни, “S” симон ичак ва тўғри ичакнинг юқори қисмини иннервация қилади. Plexus aorticus abdominalis қорин аортасининг икки артерияга бўлинган ерида қорин устки чигали (plexus hypogastricus superior)га давом этади. Бу чигалдан чиқувчи толалар ўнг ва чап умумий ёнбош артериялар бўйлаб пастки қорин ости чигали (plexus hypogastricus inferior)га ёки чаноқ чигали (plexus pelvinus)га давом этади. Чаноқ қисми думғаза ва дум соҳаларини ўз ичига олади. Бу соҳада 9 та тугун тафовут қилинади, улар думғаза суягининг олд юзасида foramina sacralia pelvina нинг медиал чеккасида жойлашган. Бу икки томонда жойлашган тугунлар пастга давом этиб бир-бирига яқинлашади ва тоқ тугун (ganglion impar)да тугунлараро шох ёрдамида қўшилади. Демак, чаноқ қисмининг тугунлари бел қисмининг тугунларига ўхшаб фақат бўйлама жойлашган толалар эмас, балки кўндаланг толалар ёрдамида қўшилади. Симпатик поянинг чаноқ қисмидаги тугунлардан бир нечта тармоқлар чиқиб, пастки чигалининг тармоқлари билан қўшилиб, plexus hypogastricus inferior ёки plexus pelvinus ни ҳосил қилади. Бу чигалдан чиқувчи толалар чаноқ бўшлиғидаги аъзоларни қон билан таъминловчи артериялар билан бирга бориб, улар деворида чигаллар ҳосил қилади. Масалан, тўғри ичак чигаллари (plexus rectales medii et inferiores), қов чигали (plexus vesicalis), простата бези чигали (plexus prostaticus), уруғ найи чигали (plexus deferentialis) ва ҳоказо. Чаноқ қисми тугунларидан орқа мия нервлари билан қўшилувчи кулранг толалар (rami communicanteс gricei) чиқади. Бу толалар вегетатив нерв тизими симпатик бўлимининг соматик қисмини ташкил қилади. Download 1.51 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling