Microsoft Word chingiz aytmatov somon yoli ziyouz com doc
Download 0.58 Mb. Pdf ko'rish
|
dokumen.tips chingiz-aytmatov-somon-yoli-ziyouz-comn-aytmatov-somon-yo-2013-11-23
www.ziyouz.com кутубхонаси
5 учала ўғлим бир-бирини маҳкам ушлашиб, трактор ҳайдаётган отасининг ёнида келишарди. Турқларини кўрсанг, ёвни енгиб келаётгандек, кўзлари чироқдек чақнаб, юзларидан нур ёғиларди. Ўзларида йўқ хурсанд бўлиб, гердайиб, мақтанишиб келишаётган экан. Улар ўша куни эрталабоқ кўприк томонга чопиб кетишган экан, менга айтишмабди ҳам, юбормай қўяди, дейишган бўлса керак. Болаларга эсим оғиб, бирон нима бўлиб қолмасин, деб: – Қосим, Майсалбек, Жайноқ, ҳа сенларними! Тушинглар! - деб қичқирсам, тракторнинг гуриллашидан ўз товушимии ўзим ҳам эшитмай қолдим. Сувонқул менинг нима деганимни тушунди шекилли, қўрқма, дегандек кулимсираб қўли билан ишора қилиб қўйди. Унинг ҳам қувончи кўксига сиғмай суюниб келарди. Сувонқул ўшанда ёшгина, қора мурт йигит эди. Э, Худоё, болаларнинг отасига шунчалик ўхшаш эканлигини ўшанда сезсам бўладими. Тўртталаси ҳам бирга туғишгандек. Айниқса, Қосим билан Майсалбек худди Сувонқулнинг ўзгинаси – қуйиб қўйгандек эди. Кенжам, Жайноғим бўлса, менга ўхшашроқ, оқ сариқдан келганди. Трактор шу бўйи овулда тўхтамасдан тўғри далага чиқиб кетди. Ҳаммамиз бирдек – отлиқ ҳам, пиёда ҳам унинг кетидан қолмай эргашиб келяпмиз, энг қизиқтирган нарса – тракторнинг ер ҳайдаши эди. Тракторнинг уч қатор тиши ер бағрини ёриб, чимларни кесиб-қўпориб юриб кетганда одамларнинг бари чувиллаб, «Балли-балли!» дейишиб, хуркиб тисарилган отларига қамчи босиб, унинг кетидан бирга юра бошлади. Нима бўлиб кўпчиликдан айрилиб қолганимни билмайман, бир вақт қарасам, ёлғиз ўзим қолибман. Трактор борган сари узоқлашиб боряпти мен бўлсам жимгина орқадан жавдираб қараб турибман. Бироқ, ўшанда ер юзида менчалик бахтли киши бўлмагандир, хурсандчилигим чексиз эди. Сувонқулнинг овулга биринчи марта трактор ҳайдаб келганигами, ё фарзандларимни шундай кўзга кўриниб, дастёр бўлиб қолишганигами – қайси бирига кўпроқ суюнишимни билмай, ёлвордим: «Қаторлашиб ўтирган бўй-бастиларингдан айланайларим! Илоҳим отангиздек одам бўлсангизлар розиман, ўшанда розиман тақдиримга!» дея такрорлардим. – Ҳа, Тўлғаной. Она бўлиб, оналик лаззатининг энг ширин дамларини ўшанда тотган эдинг. Сен унда тўлиб тошган, куч-қувватли аёл эдинг. Ишда ҳам ёшлардан қолишмас эдинг. – Тани-жонинг соғ бўлса, ишлаганга нима етсин. Қолаверса, чиндан ҳам бахтли бўлган эканман. Бирга ўсган тераклардек ўғилларим эр етиб, ҳар бири ўз йўлларини топиб қолишганди. Қосим отасига тортдими, трактор ҳайдайман деб юриб, трактор ҳайдаб, кейин комбайнчиликни ҳам ўрганиб олди. Бир ёз комбайнда штурвалчи бўлиб, сувнинг нариги бетидаги «Қайинди» колхозида ишлаб юрди. Кейинги йили яна ўзимизнинг овулга комбайнчи бўлиб келди. Она бечорага болаларнинг бари бирдек азиз, албатта. Шундай бўлса ҳам ўртанча ўғлим Майсалбек билан кўпроқ фахрланардим. Эҳтимол, соғиниб юрганимдандир, уясидан эрта учган палопондек, Майсалбегим уйдан эрта кетмадими. У ёшлигиданоқ мактабда яхши ўқимасмиди. Китобга жуда ўч эди, китоб деганда муккасидан кетарди. Шундай қилиб юриб, мактабни битирган заҳоти, муаллимликка ўқиш учун шаҳарга кетмовмиди. Кенжатойим, Жайноқ эса, ўта кетган қизиқчи, очиқ-сочиқ йигит бўлиб ўсди. Уйда туриш йўқ эди унда. Комсомолнинг секретариман, деб, ёшлар қаерда бўлса: мажлисдами, ўйиндами, тўгаракдами, деворий газета чиқаришяптими – бу ҳам ўшалар билан бирга ўша ерда бўларди. Гоҳ жиним қўзиб: «Ҳай, санқи, гармонингни ҳам, тўшагингни ҳам олиб, бир йўла колхоз идорасига кўчиб бора қолсангчи. Сенга уй-жойнинг ҳам кераги йўққа ўхшайди!–десам, Сувонқул ўғлининг тарафини оларди. «Уришма, онаси, кўпчиликнинг юмуши. Бекор юрган бўлса, ўзим ҳам тизгинини тортиб қўярдим» - дер эди. Сувонқул ўша кезларда тағин бригадирлик қилаётган эди. Чунки тракторни энди ёшлар ҳайдай бошламаганмиди. Кўп ўтмай келинлик ҳам бўлдик. Қосим «Қайинди»да ишлаб юрганда бир-бирига кўнгил қўйиб қолган бўлса керак, Алиманни ўша ёқдан олиб келмадими. Кўҳликкина, хипча белли, ёшгина қиз экан, энг аввал бошдан унга меҳр қўйиб, ўз боламдек кўриб қолдим. Келин ақлли бўлса, ўз болангдек бўлмай нима бўларди. Ростини айтиш керак, келиним ёмон чиқмади. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling