Ҳозирги вақтда мамлакатимиз шинамлик ва қулайликни таъминловчи мураккаб инженерлик жиҳозлари бор турар-жой, умумжамоат хамда саноат биноларининг жуда катта фондига эга.
Санитария техникаси системалари: иситиш, совуқ ва иссиқ сув таъминоти, канализация, газ таъминоти, вентиляция инженерлик жиҳозларининг таркибий қисми ҳисобланади.
Биноларнинг қулайлик даражаси янги уйлар қураетганда, шунингдек, бор уйларни қайта қуришда замонавий инженерлик жиҳозларини ўрнатиш ҳисобига доим ортиб боради.
Санитария техникаси системалари сонининг тез ошиши билан бир вақтда уларнинг сифати ҳам ортиб бормоқда: иситиш системалари (бир қувурли, конвекторли ва ҳ.к.) ва иссиқ сув таъминоти (секцияси бир узелли, бак-аккумуляторли ва ҳ.к.) нинг янги схемалари жорий қилинмоқда, янги жиҳозлар ўрнатилмоқда, системаларнинг иши автоматлаштирилмоқда
Бу системалардан фойдаланиш жараёнида мамлакатнинг энергетика, ёқилғи ва сув ресурсларининг катта қисми сарфланади. Шунинг учун санитария техникаси системаларини ишлатувчи ташқилотлар иссиқлик, электр энергияси ва сувни энг кам исроф қилган ҳолда уларни ишга яроқлилик, авариясиз ҳолатини сақлашни таъминлашлари зарур.
Ҳозирги вақтда биноларнинг унчалик катта бўлмаган маҳаллий иситиш ва сув таъминоти системалари шохобчаларга бўлинган трубопроводлар тармоғи, трубопроводлар арматураси, қозон, насос ускуналари ва иссиқлик алмашинадиган жиҳозларни ўз ичига олувчи мураккаб техника комплексига айланган. Системаларни бошқариш учун электр, иссиқлик энергияси ва сувни тежашга, системалардан фойдаланиш вақтидаги меҳнат харажатларини камайтиришга имкон берувчи диспетчерлаштириш ҳамда автоматлаштиришдан янада кенгроқ фойдаланилмоқда
Техника жихатдан мураккаб бўлган бундай системалардан фойдаланиш ва уларни тузатиш ички санитария техникаси системаларининг монтажчиларидан яхши техник ҳамда назарий тайёргарликни талаб этади. Улар системалар ва айрим элементларнинг ишлаш принципини, системаларнинг ёмон ишлашига, исрофгарчилик ҳамда аварияга олиб келиши мумкин бўлган сабабларни билишлари зарур; бузуқликларни тез топиш ва уларни бартараф этишни, аварияларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини тугатишни билишлари даркор.
Ҳозирги замондаги техниканинг кескин ривожланиши, ишлатилаётган асбоб ускуналар ва жиҳозларнинг оз фурсат ичида маънавий эскириб қолишига олиб келади. Бу холатни олдиндан кўра билиш ва ўз вақтида замонавий ускуналарга алмаштириш фақатгина ўз ишини мукаммал билган, хамда ўз устида ишлаб бу соҳадаги жахон стандартига мос янгиликлардан хабардор бўлган мутахассиснигина қўлидан келиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |