XVIасрнинг иккинчи ярми ва XVIIасрнинг биринчи ярмида Франция маданияти. XVI асрнинг иккинчи ярми ва XVII асрнинг биринчи ярмидаги Франция тарихининг жўшқин сиёсий даврига француз маданиятининг анча жонланиши ва таракқий этиши, мос бўлиб тушган эди. Бу даврдаги Франция маданияти тарихида икки -жиҳат: 1) француз тилининг бадиий жихатдан шакл- ланиши ҳамда классик француз адабиёти деб аталадиган адабиётнинг вужудга келиши ва 2) француз рационалистик фалсафасининг ривожланиши айниқса эътиборни жалб қилади.
Француз тили XVI асрнинг биринчи ярми ва ўрталаридаёқ француз шоир-гуманистлари томонидан адабий жиҳатдан пухта ишланган эди. Рабленинг ўзиёқ «Гаргантюа ва Пантагрюэль» романини нашр этиш орқали француз адабий тилини халқтилига яқинлаштириш йўли билан бу тилни демократлаштириш учун кўпгина иш қилди. 1549 йилда «Француз тилини ҳимоя қилиш ва улуғлаш» адабий памфлетининг нашр этилиши француз адабий тили масалаларини ҳамда уни ривожлантириш ва такомиллаштириш методларини ишлаб чиқишда айниқса катта-аҳамиятга эга бўлди. Бу асар машҳур шоирлар Пьер Р о н с а р (1524—1585)ва Жоакен дю Белле (1522—1566) бошчилик қилган «Плеяда» адабий группаси томонидан босиб чиқарилган зди. «Француз тилини ҳимоя қилиш ва улуғлаш» асарида француз тилининг олижаноб фазилатлари ҳақидаги фикр зўр дабдаба билан баён этилган эди; иккинчи томондан памфлетда классик антик лотин тилининг луғат-грамматик материалидан фойдаланиш йўли билан, шунингдек, халқ лахжаларидан фойдаланиш, хусусан «ҳар хил ҳунарларнинг лахжа тилидан» фойдаланиш йўли билан тилни ривожлантириш ва бойитиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
«Плеяданинг» француз тилини ислоҳ қилиш соҳасидаги ишини XVI асрнинг 90- йилларида ва XVII асрнинг биринчи чорагида адабиётчи Франсуа де Малерб (1555—1628) давом эттирди. У ҳам адабиётчилар, филологлар ва шоирларнинг алохида гуруҳига бошчилик қилар эди. Малерб ва унинг дўстлари тилнинг луғат асосида, грамматика асосида, шунингдек, шеър тузилиши, радифлар ва шу сингарилар асосида француз тилининг бир хил ва барча ёзувчилар, учун мажбурий бўлган қоидаларини ишлаб чиқишга интилдилар. Малерб равшан, «оқилона» услуб учун, Париж тилининг софлиги учун курашиб, адабий услубнинг провинциализм билан ортиқча булғанишига қарши чиқди. Малербнинг фаолияти шундай бир классик француз адабий тилининг шаклланишига кўп жиҳатдан ёрдам бердики, кейинчалик француз адабиётининг машҳур классик ёзувчилари шу тилда ёздилар. Бу ёзувчиларнинг ижодий фаолияти қисман XVII асрнинг биринчи ярмидаёқ бошланди, аммо ўша асрнинг иккинчи ярмида жуда авж олиб кетди: Корнель (1606—1684), Мольер (1622—1673), Лафонтен (1621—1695), Расин (1639—1699) ва бошқалар.
XVI асрнинг иккинчи ярмида, Францияда рационалистик фалсафанинг дастлабки вакили — сўнгги француз гуманисти Мишель Монтэнь (1533—1592) эди. Монтэнь ўзининг асосий асари «Тажрибалар»да (1588 йил) ақл-идрокнинг устун-лиги ҳақидаги ғояни асосий фикр сифатида келтиради. Бу асар устида Монтэнь 20 йилдан кўпроқ иш олиб борган бўлиб, жуда катта философик энциклопедия характерига эгадир. Ақл-идрок, Монтэннинг фикрича, табиий воқеаларни ва ижтимоий ҳаёт воқеаларини баҳолашга энг юксак мезондир. Монтэнь ўз замонасидаги воқеликнинг «ақлга тўғри келмаслигини» зўр ақл ва кулги билан фош қилиб, гражданлар (гугенотлар) урушлари даврида ҳар иккала диний партиялар фанатизмини қоралади, одатда сиёсий арбоблар амал қиладиган ваҳшийлик, зўравонлик ва бойишга интилишни фош этди. Айни вақтда Монтэнь Америкадаги индеецларнинг Европа «ваҳшийлари» томонидан таланишига қарши қизғин норозилик билдирган замондошлардан бири эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |