Тезислар
|
Бугунги кунда ҳаётимизни Интернетсиз тасаввур этиш мушкул. Телевидениедан кўра, ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳам асосан ушбу тармоқ орқали кўпроқ амалга ошмоқда. Инсонга сув ва ҳаво қанчалик керак бўлса, Интернет ҳам шундай заруратга айланди. Қисқа вақт Интернетга кирмаган шахс кўп воқеликдан бехабар қолиб кетмоқда. Оқибатда, ҳаттоки мулкий, моддий зарар кўрмоқда. Бугунги кунда ер юзида Интернет тармоғидан фойдаланувчилар сони 5 млрдга яқинлашди. Бу дунё аҳолисининг 60%дан кўпроғини ташкил этади. Мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар эса, 30 млндан ошди.
Давлат томонидан ҳар бир шахсга Интернет тармоғига уланиш имкони яратилмаса, давлат ва жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатади. Хусусан, онлайн таълим олиш, давлат хизматлари, бизнес ва бошқа соҳалар имкониятларини чекланади. Бу эса, ортиқча вақт, куч, ресурс ва маблағ сарфланишига олиб келади. Айниқса, ОАВ вакиллари ва блогерлар томонидан жамоатчилик назорати амалга ошмай қолади.
Конституцияда давлат Интернет тармоғига киришни таъминлаш учун шарт-шароит яратиши ҳар бир шахснинг Интернет орқали ахборот излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини амалга ошириш кафолатларини янада кучайтиради. Чекка ҳудудларда яшовчи аҳолини Интернет тармоғи билан таъминланишига хизмат қилади. Давлат шундай улкан вазифани ўз зиммасига олмоқда.
Агар давлат Интернет тармоғига киришни таъминлаш учун шарт-шароит яратишини истасак янги таҳрирдаги Конституцияга овоз беришимиз керак.
|