Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқА Қимматликларни инкассация қилишга доир йўРИҚномани
-боб. Нақд пулларни экспертиза қилиш тартиби
Download 1.14 Mb. Pdf ko'rish
|
Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқнома
15-боб. Нақд пулларни экспертиза қилиш тартиби
287. Ўзбекистон Республикасида нақд пулларнинг тўловга яроқли эканлиги мазкур Йўриқноманинг 25-иловасида келтирилган мезонларга асосан аниқланади. 288. Банк кассирлари нақд пулларни қайта санаб қабул қилиш ишларини пул санаш машинкаларида бажарганликлари ёки мижозлар томонидан сараланган пулларни қабул қилганликлари кассирларни нақд пулларнинг ҳақиқийлигини ва тўловга яроқлилигини аниқлаш масъулиятидан озод этмайди. 289. Тўлов қобилиятига эга бўлмаган, «қалбаки» ва «тўловга яроқсиз» нақд пуллар банк томонидан тўловга қабул қилинмайди ёки алмаштириб берилмайди. Банк кассасига «қалбаки» ёки «тўловга яроқсиз» тоифасига мансуб бўлган пулларни «тўловга яроқли» пул деб қабул қилган кассирлар, ўзлари қабул қилган «қалбаки» ёки «тўловга яроқсиз» пулларнинг умумий суммаси бўйича моддий жавобгар ҳисобланадилар. 290. Банк кассаларига қабул қилиб олинаётган нақд пулларни тўловга яроқсиз эканлиги аниқланса, бу тўғрисида мижозга маълум қилиниши ва унинг сабаблари асосли тарзда тушунтириб берилиши шарт. Мижоз касса ходимларининг тушунтиришларини асосли эканлигига ва топшираётган нақд пулини тўловга яроқсиз эканлигига ишонч ҳосил қилса, унда тўловга яроқсиз банкнотга «Алмаштириб бериш рад этилди» деган банк номи туширилган тўртбурчак муҳр босилади ҳамда сана ва ушбу қарорни қабул қилган касса ходимининг имзоси қўйилади. Бундай пулларнинг номинал қиймати ва умумий суммаси қанчалигидан қатъи назар, уларнинг ҳар бир донаси «1 сўм» бўлган шартли баҳода 90145 — «Тўловга яроқсиз банкнот ва тангалар» кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳисобварағига кирим қилиниши шарт. Агарда, пулнинг «қалбаки» эканлиги аниқланса, унда мазкур Йўриқноманинг 81-банди талабларига биноан тегишли чоралар кўрилиши лозим. 291. Банк касса ходимлари қабул қилиб олинаётган нақд пулнинг жуда ҳам сийқаланганлиги, жиддий шикастланган ёки турли сабабларга кўра ранги кескин ўзгариб, айрим ҳимоя белгилари мавжудлигини аниқлаш қийин бўлган ҳолларда, яъни банкнотни «тўловга яроқли» эканлигига тўла ишонч ҳосил қила олишмаса ёки мижозга у топшираётган нақд пулни «тўловга яроқсиз» эканлигини асослаб бериш қийин бўлган вазиятларда, мижознинг аризасига мувофиқ, ушбу пул экспертизага қабул қилиниши мумкин. Банк бухгалтерия бўлимининг масъул ходими шубҳали банкнот ёки тангани экспертизага қабул қилиш тўғрисидаги мижознинг аризасига асосан 90141 — «Экспертизага қабул қилинган банкнотлар, тангалар ва бошқа бойликлар» кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳисобварағи бўйича кирим касса ордерини расмийлаштириб, шубҳали банкнотлар ва тангалар номинал қиймати бўйича (бошқа қимматликлар эса ҳар бир донаси «1 сўм» бўлган шартли баҳода) ҳисобга олиниши лозим. Бунда, нақд пулларни экспертизага қабул қилинганлиги ҳақида мижозга 004-шаклдаги квитанция расмийлаштириб берилади. 292. Банкда 90141 — «Экспертизага қабул қилинган банкнотлар, тангалар ва бошқа бойликлар» кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳисобварағи бўйича кирим касса ордери уч нусхада расмийлаштирилади. Унинг биринчи нусхаси кунлик касса ҳужжатларига, иккинчи нусхаси бухгалтериянинг кунлик ҳужжатлари йиғмажилдига тикиш учун, учинчи нусхаси эса экспертизага қабул қилинган пуллар билан бирга кассада сақланади. Инкассация қилинган нақд пулларни қайта санашда ёки тафтиш, текширув ва бошқа ҳолларда нақд пулларнинг тўловга яроқли эканлиги шубҳа туғдирса ҳамда уларни экспертизадан ўтказиш зарурат деган хулосага келинса, бундай банкнот ва тангалар ҳам 90141 — «Экспертизага қабул қилинган банкнотлар, тангалар ва бошқа бойликлар» кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳисобварағига кирим қилиниши лозим. 293. Нақд пуллар экспертизага қабул қилинган кундан бошлаб, 10 кундан кечиктирилмаган ҳолда, банкнинг ёзма мурожаати ва мижоз аризасининг нусхаси билан бирга, инкассаторлар гуруҳининг навбатдаги ташрифида Марказий банк ҳудудий Бош бошқармасининг Ҳисоб-китоб касса марказига (кейинги ўринларда ҲККМ деб юритилади) жўнатилиши керак. 294. Экспертизага жўнатилаётган нақд пуллар сумкага (қопга) жойлангач, унинг оғзи банк раҳбари, бош бухгалтери ва касса мудирининг сурғучли муҳрлари билан муҳрланади. Банк томонидан экспертизага жўнатиладиган нақд пуллар 90143 — «Экспертизага қабул қилинган йўлдаги банкнотлар, тангалар ва бошқа бойликлар» кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳисобварағида, шубҳали банкнотлар ва тангалар номинал қиймати бўйича (бошқа қимматликлар эса ҳар бир донаси «1 сўм» бўлган шартли баҳода) ҳисобга олинади. 295. Экспертизага қабул қилинган нақд пул ва бошқа қимматликлар Марказий банк Бош бошқармасининг ҲККМ томонидан қабул қилиб олинганлиги тўғрисидаги тасдиқномага асосан ушбу жўнатилган шубҳали нақд пуллар 90143 — «Экспертизага қабул қилинган йўлдаги банкнотлар, тангалар ва бошқа бойликлар» кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳисобварағидан ҳисобдан чиқарилади. 296. Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармалари томонидан экспертизага қабул қилинган нақд пулларнинг тўловга яроқли эканлигини аниқлашда ва асосланган қарор қабул қилишда қийинчилик туғилса, у ҳолда ушбу шубҳали нақд пуллар Марказий банкнинг нақд пул муомаласини ташкил этиш департаментига экспертизага юборилади. 297. Экспертиза натижасига кўра: нақд пулларни «тўловга яроқсиз» ёки «қалбаки» эканлиги аниқланса, уларни алмаштириб бериш рад этилади. Бундай банкнот ва тангалар Марказий банк ҳудудий Бош бошқармасининг ҲККМдаги 90146 — «Тўловга яроқсиз банкнот ва тангалар» кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳисобварағига, уларнинг ҳар бир донаси «1 сўм» бўлган шартли баҳода кирим қилинади. Ушбу «тўловга яроқсиз» ёки «қалбаки» пуллар уларни экспертизага жўнатган банкка, уни экспертизага топширган мижозга қайтариб берилмайди; нақд пуллар «тўловга яроқли» деб топилса, улар Марказий банк ҳудудий Бош бошқармасининг ҲККМда «эскирган» пуллар тоифасига ўтказилади. Ушбу шикастланган, лекин «тўловга яроқли» деб топилган пуллар суммаси, уларни экспертизага жўнатган банкка нақд пулсиз ҳисоб-китоб орқали ўтказиб берилади ҳамда ушбу маблағлар уни топширган мижоз ҳисобварағига кирим қилиб берилади. 298. Марказий банкнинг тегишли ҳудудий Бош бошқармаси тегишли тижорат банки филиалига экспертиза натижасини ёзма равишда маълум қилади. Марказий банк ёки унинг ҳудудий Бош бошқармаси томонидан чиқарилган экспертиза хулосаси тегишли банк учун якуний хулоса ҳисобланади. Экспертиза натижалари шубҳали нақд пулларни экспертизага топширган шахсга (мижозга) унга хизмат кўрсатувчи банк томонидан ёзма равишда маълум қилинади. Download 1.14 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling